Юрак соғлом бўлиши керак

Дунё олимларининг фикрича, юрак-қон томир тизими яхши ишлаши учун профилактик чора-тадбирлар қўллаш билан бирга кундалик таомномага ҳам жиддий эътибор қаратиш зарур экан. Масалан, ҳўл мевалар, айниқса ўрик, қулупнай, цитруслар витамин С га бойлиги туфайли қон томирлар деворини мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Таркибида витамин Е сероб бўлган писта ва ёнғоқ қоннинг ёпишқоқлигини камайтиришга ёрдам беради. Қонни суюлтиришга кўмаклашувчи наъматак ва турли шифобахш гиёҳлар дамламалари эса янада фойдали. Шуни ҳам айтиш жоизки, юрак иши тўсатдан ёмонлашганда, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни ҳар бир киши билиши зарур.

Аритмияда тез ёрдам

Аритмия (юрак уриши маромининг бузилиши) рўй берганда аввало беморни ётқизиб, тоза ҳаво келишини таъминланг. Одам ҳушини йўқотмаган бўлса, чуқур нафас олиши зарурлигини айтинг, бу аритмия хуружини тўхтатади. Одам аритмия туфайли ҳушидан кетса, уйқу артерияси соҳасини уқаланг, бунинг учун пастки жағнинг ўнг бурчагидан 5 см орқароқдан бўйинни 1-2 сония босинг. Бу усул ёрдам бермай, одам ҳушидан кетса ва қон айланиши бузилиши аломатлари (лаб кўкариши ва баданнинг оқариши) кузатилса, кўкрак қафаси ўртасига кучли зарб билан уриб, тахикардияни тўхтатишга уриниб кўринг. Бу усулни қўллашга фақат инсон ҳаёти хавф остида қолгандагина рухсат этилади.

Стенокардия рўй берганда

Стенокардия (кўкрак қисиши, юрак соҳасида оғриқ туриши) кишини безовта қилса, уни ётқизиб, тоза ҳаводан нафас олишини таъминланг. Тил остига нитроглицерин ҳаб дорисини қўйинг. Бу ёрдам беравермаса, ҳар 3-5 дақиқада биттадан ҳаб дорини тил остига қўйиши керак. Бордию 4-5 та нитроглицерин ҳаб дорисини бергандан кейин ҳам оғриқ тўхтамаса, оғриқсизлантирувчи дори бериб, зудлик билан “Тез ёрдам” чақиринг. Миокард инфаркти бошланаётган бўлиши мумкин!

Тиббий текширувдан ўтинг

Юраги безовта қилиб турадиган бемор ҳар 3-4 ой ичида турли таҳлилларни топшириб, жиддий текширувдан ўтиши лозим. Шифокор маслаҳатига кўра, қунт билан даволаниши шарт. Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиши янада муҳим. Айниқса тунда мириқиб ухланг. Чунки соғлом уйқу саломатлик гарови бўлиб, юрак ва қон томирлари фаолияти учун жуда муҳим. Тўшак қаттиқ, ёстиқ паст бўлгани маъқул. Ҳар куни ўз вақтида овқатланиш ва дам олишга ҳам ҳаракат қилинг. Шунингдек, турли касалликларда буюриладиган дори-дармонларни қабул қилишдан аввал албатта кардиолог шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Камҳаракат бўлманг

Жисмоний машқлар бажаришга вақт ажратинг. Негаки, қўлда телевизор пульти билан диванда чўзилиб ётиб, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаб бўлмайди. Демак, ўзингизга эътибор қаратиб, мушаклар ишини яхшиланг. Тизимли равишда шуғулланишга вақт тополмасангиз, шунчаки ҳар куни ярим соат очиқ ҳавода сайр қилинг.

Тўғри овқатланинг

Таомномага мевалардан ташқари, балиқ, гўшт, ўсимлик ёғи, сабзавотларни киритинг. Ёғли, ширин ва дудланган егуликларни чекланг. Туз ва қанд истеъмолини камайтиринг, уларнинг ортиқча миқдори организм учун зарар келтиради. Тамаки чекманг. Кашандалик ҳам худди ичкилик каби юракка зиён етказади. Тана вазнингизни назорат қилинг. Ортиқча вазн туфайли юрак-қон томир тизими зўриқиб ишлашини унутманг.

Ғам-қайғудан узоқлашинг

Стресс гормони ҳисобланган адреналин кўп ажралса, аввало юрак иши қийинлашади. Шундай экан, ғам-қайғуларни сабр билан енгиб ўтинг, арзимас дилхираликларни деб юрагингизга озор етказманг. Тез-тез табассум қилиб туринг. Тоза ҳаво танга даво эканини ёдда тутинг, кўпроқ пиёда юринг. Дам олиш, меҳнат қилиш ва уйқу тартибига риоя этинг. Ана шунда нафақат юрак ва қон томирлари фаолиятини яхшилаган бўласиз, балки бутун танангизга куч-қувват қуйилиб келаётганини ҳис қиласиз, турмушингиз сифати ҳам яхшиланади.

Нигора ТЎЛАГАНОВА,
мутахассис.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x