Ян ПАРАНДОВСКИЙ (1895–1978) СЎЗ КИМЁСИ

УСЛУБИЁТ

Нутқ, бу – белгилар тизимидир. Биз сўзлар орқали бошқаларга онгимизда нималар содир бўлаётгани ҳақида хабар берамиз. Бундай тил билишни бегона станциянинг эшиттиришини қабул қилиш учун зарур бўлган шифр­ли калитга эга бўлиш билан қиёслаш мумкин. Шифр орқали берилган хабар қандайдир далил ҳақида маълумот беради, уни қабул қилувчи тафсилотларни ўз тасаввури билан тўлдиради, икки суҳбатдош ўртоқлашган энг оддий жумла ҳам тушунтиришни талаб қилувчи ва тушунмасликдан суғурта қилинмаган қисқача сигналдан бошқа нарса эмас.
Кимдир: “Бу – баҳайбат махлуқ”, дейди. Олти бўғиндан иборат қисқа, лўнда ахборот, рамз, иероглиф. Ушбу жумла истиора сифатида унда ифодаланган маънавий-ахлоқий баҳо билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган образларни боғлайди. Айтилган заҳоти у бизда бир талай тасаввур, ассоциация, кучли ҳаяжон уйғотади ва уларни муфассал баён қилиш учун бир неча саҳифа керак бўлади. Ҳатто Пруст ҳам бундай оғир вазифани бажаришдан бош тортган бўлар эди. Ҳаёт эса буни кўз очиб-юмгунча ҳал қилиб қўяди. Икки суҳбатдош бир-бирига минглаб шарадаларни ёғдиради-да, сўнг бир-бирини тушунганига ишонч билан мамнун тарқалишади. Кимки бу ҳақда обдан ўйлаб кўрса ва бунинг устига табиатан пессимист бўлса агар, сўзлардан фойдаланиш ўрнига, файласуф Кратил каби, имо-ишоралар билан кифояланган бўларди. Эҳтимол, Панургнинг очиқ мунозара саҳнасини ёзган пайтида Рабленинг қувноқ фантазиясида ҳам шунга ўхшаш нимадир намоён бўлган бўлса ажаб эмас.
Сўзнинг белги, рамз эканлиги шоирларни хижолат қилмайди, аксинча, поэзиянинг қоронғи тунни ҳар хил рангли сигналлари билан ёритиб турадиган семафор сингари образи улар учун ўта жозибали туюлади. Фақат бизни ўз орзулар оламига олиб кириш учун саъй-ҳаракатларида шоирларга йўлдош бўладиган сигналларнинг ҳаммага ва энг оддий, жўн мақсадларга хизмат қилиши ёқимсиз, бунинг устига ўта рангсиз, сийқа ҳам. Воқеа, ҳодисаларнинг сирти остига тушишинг билан ё сукут сақлашга ёки энг ёмони, тушуниб бўлмайдиган минғирлашга маҳкум бўласан. Бундан ташқари, воқеа, ҳодисаларнинг ўзи ҳам гапга кирмайдиган, хийла ўжар. Мана, ҳатто Бальзакнинг қалами ҳам қоқингани кўриниб турибди, қани, бир ўқиб кўрайлик-чи: “… хонада тунги ғира-шира, нимқоронғилик ҳукмрон. Уни тасвирлаш учун сўзларни қайси бир луғатдан излаш лозим? Бу ерда рассомнинг мўйқалами зарур. Шамол тебратаётган пардаларнинг фантас­тик тарзда титрашини, осилиб турган сояларнинг даҳшатли ўйинини, тунда ёқиб қўйиладиган хира чироқнинг қизил мато узра сирғалаётган рангсиз нурини, стулдаги осиғлиқ кўйлакнинг ташқи кўринишини ифодалаш учун сўзларни қаердан олмоқ керак?..” Ҳақиқатан ҳам, қаердан? Руҳий  ҳолатимизни ифодалаш ва моддий воқеликни тасвирлашдаги ҳар қандай нафислик, энг оддий нарсалар ҳақида имкони борича аниқ ва ёзма маълумот беришга бўлган ҳар қандай уриниш сўз томонидан муқаррар равишда улкан, баъзан эса мутлақо енгиб бўлмайдиган тўсиқларга дуч келади, кўплаб асрлар муқаддам пайдо бўлган мазкур сўзлар бу қадар юксак мақсадлар учун мўлжалланмаган. Ана энди ёзувчи олдида дилемма  кўндаланг туради: ё ўз фикрини охиригача айтмаслик ёки рамзий сўзлардан фойдаланиб, уни ноаниқ ва тушунарсиз қилиб айтиш.
Баъзи бировлар бунга фавқулодда чора сифатида янги сўзларни ўйлаб топадилар. Адабиёт тарихида гўё мерос қолган табиий сўзлар етишмагандай, бутун бир даврларни неологизмларнинг шиддатли васвасаси қамраб олган пайтлар бўлган. Ва ўзини ана шундай номуносиб, меҳнат зое кетадиган беҳуда машғулотга бағишлаган қанчадан-қанча ёзувчилар ҳалокатга учраган! Бронислав Трентовский ўзича ишониб бўлмайдиган сўзларни жорий этган ва мутафаккир сифатидаги ҳалол ишини бекорга сарф қилиб, кулги бўлган. Неологизмлар Красиньский поэзиясининг, айниқса, прозасининг бевақт сўниб, хазон бўлишига сабаб бўлди. Норвидга ўз даврининг “сўз сумбати” етарли бўлмади, чунки у буюк поляк шоирларимиз Мицкевич, Словацкий, Красиньский ифодалаган фикрлар бу ёқда қолиб, бутунлай бошқа нарсалар ҳақида гапирди. Агар Норвид ўз замондошлари орасидан сезгир, зийрак ўқувчиларни топиб, улар билан алоқа ўрнатгандами, эҳтимол, одамови ёзувчиларга осонгина “ёпишиб” оладиган тилга оид кўпгина ғалатиликлардан холи бўлиб, поляк тилининг ундан бошқа ҳеч кимнинг хаёлига келмаган имкониятларини кашф қилган бўлур эди.
Тил нафақат шеърият, балки кундалик ҳаётда ҳам қўлланиш учун янгидан-янги сўзларга эҳтиёж сезади. Уларни сиёсий ва ижтимоий ҳаётда, турмушда содир бўлаётган ўзгаришлар талаб қилади, уларни ҳар бир янги кашфиёт, ҳар бир ихтиро юзага келтиради. Касб-кор, майда ҳунармандчилик, турли касб-ҳунарлар ўз луғатларини доимий равишда янгилаб боради, бу жараён тусмол ва муаллифи номаълум бир тарзда рўй  беради. Унда чет тиллардан олинган ўзлаштирма сўз ёки иборалар, тақлид қилиш ва ўхшашликлар кучга кириб, муомалада бўлади. Баъзи бир сўзлар эса, масалан, локомотив, автомобиль, телеграф, радио ва ҳ. к. аллақачон бутун маданий дунё тилларининг маънавий мулкига айланган, ҳозирда уларнинг муаллифларини ҳеч ким эсламайди, улар эса ушбу сўзларни лотин ва юнон тиллари луғатларидан олишган. Фақат халқ тил соҳасида соғлом ижодий инстинктга эга, холос, маълумотли кишилар ҳам кўпинча хатога йўл қўядиган ҳоллар учраб туради.
“Дурустгина янги сўз яратиш учун, – деган эди Ян Снядецкий, – янги фикр яратишга қанча иқтидор зарур бўлса, деярли шунча истеъдод керак”. Соғлом тафаккур эмас, балки ғалати жинниликлар яратиш учун яралганлар унинг тоқатини тоқ қилар, шу боис у неологизмларга қарши жон-жаҳди билан курашарди. Ўшанда поляк тили илм-фан, маъмурий аппарат, саноат ҳамда XIX асрнинг барча янги эҳтиёжлари учун минглаб янги сўзлар етказиб бериши лозим бўлган ва ҳар томондан талаблар кучайган бир давр эди. Ян Снядецкийнинг укаси Енджей Снядецкий навқирон поляк кимёсига ўз атамашунослигини тақдим этди. У худди бошқаларга ўхшаб, лотинча ва грекча номларни сўзма-сўз таржима қилиб, “Oxygenium“ни айнан “kwasorod“ тарзида берган. Майли, поляк тилидаги ушбу сўз тарихи сўз яратишда ижодкорлик нима эканини англатадиган мисол бўлиб хизмат қилақолсин. Негаки, сал кейинроқ кимё мутахассиси Очаповский оғир, дағал “kwasorod”ни енгил ва чиройли янги сўз – “tlen” билан алмаштирди. Аслида бутунлай янги сўзлар йўқ, барчаси тилда аллақачон мавжуд бўлган туб илдизлардан келиб чиқади ва фақат истисноли ҳоллардагина “ўйлаб топилган” товуш расмий генеалогияга эга сўзлар оиласида фуқаролик ҳуқуқини олади. Масалан, “газ” сўзи билан худди шундай бўлган, уни физик ван Гельмонт ўйлаб топган. Батамом ўйлаб топилган сўзлар эса ҳангома, ҳазил чегарасидан ташқарига чиқмай, кичикроқ ижтимоий гуруҳ ёки ҳатто биргина оила даврасида қолиб кетган.
Снядецкий “кераксиз”, яъни ҳеч қандай янгилик олиб келмайдиган неологизмларга қарши кураш олиб борган. “Одатдагидан бошқача ва янги тўқиб-бичилган барча ушбу сўзлар тафаккуримизни тиниқлик, шаффофликдан маҳрум қиладиган ахлатдан бошқа нарса эмас”. Лелевель ҳам ғашини келтирарди, унинг кўпсонли неологизмларидан сўзма-сўз “мамлакат сурати”, яъни пейзаж, ландшафтни англатадиган фақат биргина “krajobraz” омон қолган, Лелевелда ушбу сўз бошқа маънони билдирарди, ундаги “dziejba” (тарих) эса шоир Лесьмян томонидан узоқ унутишдан сўнг топилган эди. Барча пуризм тарафдорлари каби, Снядецкий ҳам тоқат қилиб бўлмайдиган даражада майдакаш эди, у ўзининг рационализмига  қаттиқ ёпишиб олган ва романтизм олиб келган, тил ҳамда услубга жон бахш этган янги ҳаёт нафасини ҳис қилолмас эди. Лекин умуман олганда файласуфнинг истеъмолдаги кундалик нутқни ҳимоя қилиб чиқиши (яна тағин немис фалсафасининг танҳо ҳукмронлиги даврида!) ҳарҳолда ёмон эмас эди.
Кундалик нутқ – баённинг аниқ бўлиши талаб қилинадиган прозанинг барча турлари қўлидаги бебаҳо қуролдир. Файласуф учун у гоҳида ҳақиқий нажот бўлиши ҳам мумкин. Юнон фалсафасидан бошқа барча фалсафаларни илмий атамашунослик жаргони “еб” ташлаган. Юнон файласуфларида сўзлашув тили деярли эшитилиб туради, уларнинг ҳар бир ҳолати барчага тушунарли тилда ўз ифодасини топади. Бунинг боиси, юнон фалсафасининг туғма соф, табиийлигидадир. Унинг энг яқин вориси бўлмиш Рим фалсафаси юнон манбаларининг таъсири остида кўплаб атамаларни ундан олиб ўзлаштирган. Ушбу далилнинг интеллектуал ҳаётдаги аҳамиятини камдан-кам одам тушунади. Чет сўзни ёки она тилига тўла қўшилиб, аралашиб кетмаган сўзни англаш ушбу сўз орқали ифодаланган маънони қандай тушунишга қарамасдан, қўшимча куч, ғайрат талаб қилади. Улар билан доимий равишда иш кўрадиган мутахассислардан ташқари қолган барча одамлар учун фалсафий атамалар ҳар доим бир қадар қийин туюлади ва ҳар гал уларни ҳамма тушунадиган тилга таржима қилишга тўғри келади. Чет атамалар қанчалик кўп жорий этилса, чалкашликлар хавфи шунчалик кучаяди. Кўпгина муаллифлар ўз фикрларини ифодалаш учун оддий сўзларни қидириб топишга эринади ёки баъзи бирлари эса илм-фан сир-синоатларига оид сўзларни ишлатиб, бу билан ўқувчилар олдида гўёки кўпроқ обрў-эътибор қозонмоқчи бўлишади, деган фикрдан қутулиш қийин.
Мураккаблашган луғатлар воситасида ўз шахсий обрўсини оширишга бўлган уриниш – қовоқбошлар, қалами “тез” ва шунчаки билимсизларнинг эски усулидир. Тақдир ҳам уларга худди ўгай она каби муносабатда бўлади: ажнабий сўзларни ажойиб ва ғаройиб бир тарзда суиистеъмол қилганликлари учун кулги бўлганлари етмагандай, уларга ўзлари тузук-қуруқ тушунмайдиган сўз ва атамалардан иборат доимий тузоқ ҳам қўйилади. Бундай чет сўз ишқибозлари – ўша даврдаги интеллектуал маданият умумий таназзулининг хабарчиларидир. Польшада XVII – XVIII асрларда, Саксония сулоласи замонларида худди шундай вазият ҳукм сурган. XVI асрда шунчаки ҳазил тариқасида “макарон ҳақида шеър” ёзган Кохановский орадан юз йил ўтгандан кейин, макаронизмлар урф бўлиб, услубнинг мажбурий безагига айланишига ишонмаган бўларди. Лотин ва поляк тилларида бирдай яхши ёза олган Гурницкий, Ожеховский ва Скарга ўзларининг полякча матнларида лотинча иборалардан воз кечишган (Гурницкий “Сарой амалдори”нинг бир неча саҳифасини ўзини зўр билимдон қилиб кўрсатиш учун тилни чет сўзлар билан “яхшилаш”га ёки безашга бағишлаган). Шундай қилиб, XVII асрда лотин тилини фақат мактаб дастури бўйича билган одамлар ҳар бир жумлада лотинча сўзларни қўллашга ҳаракат қилишган. Уларнинг назарида, айниқса, тантанали вазиятларда бундан бошқача бўлиши мумкин эмасдек туюлган. Ўша даврдаги барча бемаъниликлар, тутуриқсизликларнинг “қонун чиқарувчиси” Бенедикт Хмелевский қатор чоғиштиришлар қилиб, лотинча номларнинг оддий полякча сўзларга қараганда нақадар ифодали ва чиройли эканини исботлашга ҳаракат қилган.
Адабий тилдан чет сўзларни батамом чиқариб ташлаш мақсадга номувофиқ ва бунинг иложи ҳам йўқ, улар мамлакат тилига бошқача тус, оҳанг, ўзгача жўшқинлик, ҳис-ҳаяжон бахш этади ёки ҳеч бўлмаганда, товуш сифатини яхшилайди, бу эса бадиий наср учун  муҳимдир. Ашаддий пуризм тарафдорлари   одатда  ўртамиёна  ёзувчилар  бўлиб, улар орасида  улуғ  сўз санъаткорлари учрамайди. Тўғри, ҳалол, бироқ зерикарли Каетан Козьмян Мицкевичнинг “Қрим сонетлари”даги туркча ва татарча сўзлар қандай услубий функцияни бажаришларини тушуниб етмаган.
Францишек Моравский ҳам “Конрад Валленрод”га муқаддима (“Литва соҳилларининг ёлғиз қулмоғи…”)даги “хмель” сўзи учун Мицкевичдан ранжиган ва мазкур сўз “икки ҳисса пиво”ни эслатишини айтиб, унинг устидан кулишга уринган. Аслида у корчмага шама, ишора эди, холос. Корчма билан классиклар романтикларни қўрқитган бўлса, кейинги авлод ёзувчилари башарти улардан кимдир вульгаризмларни қўллашда меъёрни бузса, у билан бир-бирларига таъна қилишган. Адабиёт ўзини жуда ҳурмат қилади. Баъзи бир сўзлар кўплаб асрлар давомида унга кириш ҳуқуқига эга бўлмаган. Юнон, лотин ва француз тилларида ҳаттоки хиатус – икки унлининг ёнма-ён келиши қулоққа ҳақорат каби эшитилган. Икки юз йил мобайнида биронта ҳам фаранг шоири, гарчи кундалик нутқда доимо ишлатиб юрган бўлса ҳам, лекин ҳеч қачон tu as ёки tu es деб ёзмаган. Бундай қоидалар охир-оқибат жонга теккан шекилли, адабиёт тилига ҳар кунги доимий тил ҳаётбахш сел каби қуйилиб келган. Одатда бундай ҳолларда кимдир маданиятсизлик дея қичқиришга тушади, аммо маданиятсизлик ўз ҳосилини берадиган пайтлар ҳам бўлади.
Адабиёт баъзан буткул, гоҳида эса айрим жанрларда ўзини кундалик нутқдан ҳимоя қилиб туради. Агар комедия билан сатира бўлмаганда эди, қадимги кундалик нутқнинг қандай янграганини тинглай олмаган бўлардик. Ҳораций ўз суҳбатларида кундалик ва ҳатто кўча ибораларидан ҳам фойдаланар, аммо уларни ҳеч қачон ўз қасидаларига  киритмаган эди. Ҳеч бўлмаса, sodes – “марҳамат” деган хушмуомала сўзни эшитиш одамга қандай ҳузур бағишлайди. Ушбу сўз бизни антик даврни яшириб турган ғира-шира туман орасидан тўғри қадимги Рим кўчасига олиб чиқиб,  жонли  тил  садосини тинглашимизга имкон беради. Вергилийнинг бутун поэтик меросида биронта ҳам қўпол сўз учрамайди, эҳтимол, ҳаётда қандай янграган бўлса, худди шундай ёзилган биронта жумла ҳам топилмаса керак. “Tityre, tu potulae recubans sub tegmine fagi…” – “O Титир, қорақайин сояси остида мангу ором олаётган сен…” – Вергилийнинг илк эклогасидаги ушбу дастлабки сатрларни поэзия тарихига, ҳа,  сўз ва жумлалар қурилиши одатдаги жонли инсон нутқидан фарқли ўлароқ, бутунлай бошқача қонун-қоидаларга бўйсунувчи поэзия тарихига бемалол эпиграф қилиб олиш мумкин эди. Кейингиси реванш олса, одамлар ёмон кўриниб қолган сўзлар, иборалар ва сўз тузилишларининг эндиликда поэзияга эмин-эркин киритилаётгани ҳамда луғат ва синтаксисга қараганда ёмон хизмат қилмаётганини кўриб туриб, зўр завқ-шавқ ҳиссини туядилар. Шу қадар тантанавор ва жўшқин Клодель ўз қасидаларига шундай бир образларни киритса ҳам, ҳеч нима йўқотмайди, бундан Боссюэ тушкунликка тушиб, қўлларини букиб синдирган бўларди, ва у бу образларни шундай сўзлар билан ифодалайдики, улардан Ронсар юз ўгирган бўлар эди.
Адабиётдаги ўзгаришлардан олдин сиёсий ва ижтимоий ҳаётда ўзгаришлар бўлиб ўтади – янги ижтимоий қатламлар куч ва аҳамият касб этиб, ўз тилини жорий қилади (учинчи табақа томонидан зодагонлар салонининг одат-қилиқлари ахлатхонага равона қилинган), – баъзан эса диний ҳаракатлар, жумладан, насронийлик анъанавий лотин шеърияти билан икки юз йил бирга яшаб келгандан сўнг, охирида унга ўзининг силлабик (бўғин вазнидаги) ва қофияли шеъри билан қақшатқич зарба берди. “Билимсиз” ёш халқлардан чиққан шоирлар бўлса, грамматик нафисликни сақлаб қололмаган ва сўз танлашда ҳам эҳтиёткор бўлишмаган. Мавзу бўйича энг юксак саналган асарларда ҳам қўпол, ғализ ва нотўғри иборалар учрар, улардан хирмон, устахона, кўчалар ва турар жойларнинг ҳиди келиб турар, уларни классик тилдаги каби domus эмас, балки оддий тилдаги сингари casa деб атардилар. Буларнинг барчаси авлодлар кўз ўнгида шундай “номукаммал” асарларнинг жозибасини оширади, холос.
Таъб-дид тўғрисида тўхталмабман. Бугунги кунда бу ҳақда гап кетгудай бўлса, эски урфдаги қандайдир кулгили бир нарса ҳақида гапираётгандек бўламиз. Аммо таъб-дид қачонлардир буюк рағбатлантирувчи омил бўлиб, ҳамма нарсани бошқарган: XIX асрнинг бошларидаёқ, трагедияда дастрўмолча ҳақида эслатиш ман этилган эди. Романтизм кириб  келиши билан таъб-дид ўз эркини йўқотди ва айнан ўша даврдан бошлаб, адабий тилда ҳеч қандай чекланмаган эркинликнинг катта тарихий даври бошланди. Ҳеч қандай нотўғри тушунчалар, ҳеч қандай сохта фикрлар, ҳеч қандай хурофот, бидъатлар сўз танлашда ёзувчига ортиқ монелик қилмайди, бугун ҳатто Рабле ҳам бундан хижолат тортмаган бўларди. Бюффоннинг: “Nommez les choses par les termes generaux” – “Нарсаларни умумий номлар билан атанг” деган, предметни буткул ва тўппа-тўғри аниқлаб берувчи бирдан-бир, ягона ва ҳақиқий сўзни излашдан иборат бўлган бизнинг принципларимизга зид, қарама-қарши ўгити узил-кесил унут бўлган эди. Шева, лаҳжаларни адабий тилга олиб кириш ҳуқуқи тўғрисида Дигасинскийнинг Конопницкая билан қачонлардир қилган баҳс-тортишувлари эндиликда тушунарсиз туюлса, Тарновскийнинг Тетмайер қаламига мансуб “Серқоя Подгальеда” асари муносабати билан билдирган қаҳр-ғазаби эса мактабда ўқиб юрган пайтларимиздаёқ кулгимизни қистатар эди.
XVIII асрнинг қилични “ҳалокатли пўлат”, ғозни эса “Капитолий халос­кори” деб аташни буюрган ғалатиликлари мана, неча-неча адабиёт авлодларига қанчадан-қанча қувноқ дақиқаларни бахш этиб келмаяпти, дейсиз. Ўша замонларда итни тўғридан-тўғри ит деб атагани учун Ҳомернинг айбсизлигини исботлашга тўғри келган экан. Романтизм даврларидаёқ “оловли трубка”дан ўқ узишган, йўлларда эса “яшил либос кийган кентаврлар”, яъни драгунлар от ўйнатиб юришган. Делиль ипак қуртини “Тисба баргларининг ошиғи” деган сўзлар остига яширган ва унинг “L ‘homme des champs” – “Қишлоқда яшовчи” поэмаси бошдан-оёқ шунга ўхшаш шарада (топишмоқнинг бир тури – тарж.)лардан ташкил топган. Бироқ Мицкевичнинг “Шаҳарда қиш” асари айқаш-уйқаш чалкаш ва чигал киноя, қочиримлардан бошқа нарса эмас.
Биз ўзимиз булардан холимиз, демаймиз. Мана, Каспровичнинг шеърлар китобини очиб, уни ўқийман: “Қуёш энг қисқа соя ташлаганда” – бу демак, туш, қиём пайти. Ўқишда давом этаман: “У пўлатни силташ учун ўрнидан турди”. Гапнинг маъносини тушуниш учун озгина тўхтаб, ўйлашга тўғри келади, “пўлатни силташ”, бу – бор-йўғи ўлим ўроғи, демак. Қўлимга замонавий шоир шеърлари босилган қайсидир журнал тушиб қолди, у шундай деб ёзибди: “Мен унинг юмалоқ меваларини кафтимда чамалардим”, унинг фаранг ҳамкасби эса “Un lendemain de chenille en tenue de bal” – “Бал либосидаги капалак қуртининг эртанги куни” ҳақида эслатади. Шу қадар жимжимадор ном берилган капалакни Делиль қувонч билан ўзининг поэтик боғларига чорлаган бўларди. Ниҳоят, яқинда шоирнинг эмас, бир носирнинг, бунинг устига тағин келиб-келиб сипо Англияда денг, қуйидаги жумласига дуч келдим: “Раҳм-шафқат сталактити афсус-тавба сталагмити  узра осилиб турибди”.
Хоҳ шоир бўлсин, хоҳ носир бўлсин, ҳеч ким метонимиядан ҳам, перифразадан ҳам бош тортмаган ва бундай адабий усуллар орасида жуда қадимдан маълумлари то ҳозиргача ҳам учраб туради, улар Август даври (XVII аср охири – XVIII аср ўрталари)даёқ шоирларга оддий ва сийқа туюлган. Улар билан бир қаторда эса яна янгилари ҳам юзага келади ва улар келажакда давримизнинг адабий ғалатиликлари ҳақидаги асарларнинг саҳифаларини безаши, шубҳасиз. Лили, Гонгора, Марини ўз арабескалари  услубини замонавий адабиётнинг биргина иборасидан билиб ололмаган бўлардилар, бундан йигирма йил муқаддам ўқувчиларни олис ўтмиш муаллифи томонидан топилган адабий усуллар билан қойил қолдирган  Лотреамон прозаси ҳақида эса нима ҳам дейиш мумкин!
Метонимия, перифраза, худди истиора сингари, барча асрлар поэзиясига хос, у билан бирга туғилган, эҳтимол, ундан олдин бўлган бўлса ҳам ажабмас. Охирги гипотезанинг тасдиғи сифатида эвфемизмларни кўрсатиш мумкин. Улар ибтидоий халқлар маданиятида етук тамаддунлардагига қараганда ҳам кўпроқ тарқалган эди. Алмаштирадиган сўзлар, истиоралар, киноя, қочиримлар панасида тилга олиш лозим бўлмаган сўзлар яширинган бўлиб, улар ифодалаган тушунчалар эса парда остига олинган ва таниб бўлмас даражада ниқобланган. Одамлар ёввойи ҳайвонларнинг, табиатдаги даҳшатли ҳодисаларнинг, касалликлар ва ўлимнинг номини тилга олишдан сақланишган. Баъзи бир қабилаларда шунга ўхшаш урф-одатлар то ҳозирга қадар сақланиб қолган, жумладан, қабила бошлиғига тааллуқли бўлган барча нарсаларни очиқ-ойдин айтиш мумкин эмас ва шама, ишоралардаги топқирлик, ижодкорлик гоҳо браунингча чигаллик даражасигача етиб боради, масалан, Полинезия оролларидан бирида битилган жумла қуйидагича:  “Осмондаги қора булутлар орасида чақмоқ чақнади”, маъноси: “Шоҳнинг истиқоматгоҳида машъалалар ёқилди”.
Эҳтимол, истиораларни нафақат шеърият сарчашмаларидан, балки илм-фан манбаларидан ҳам қидириш лозимдир, чунки у турли хил ҳодисалар ўртасидаги ўзаро алоқалар, яқинлик, ўхшашлик ва муқоясалардан ташкил топган илмий тадқиқотнинг дастлабки, энг қадимий методининг бир тури ҳисобланади. У муайян бир нарсани аниқлаш асносида бир қарашда унга ўхшаш бўлган бошқасига ҳам назар солиб, шу тариқа билиш жараёнининг тобора чуқурлашиб, кенгайиб боришига имкон берарди. Бироқ истиоралар, метонимия ва перифразалар учун энг муҳими ижоднинг айни негизида ётадиган кутилмаган воқеа, ҳодиса, тасодиф ва ҳайрат лаҳзасидир. Поэтик фигуралар ўзининг мана шу функциясида инсонга кўплаб мингйилликлар мобайнида ҳамроҳлик қилиб келаётган бошқотирмалар, жумбоқлар, пичинг, киноя, қочиримлар ва маталларга ўхшаб кетади.
Одатдаги, кундалик нарсалар янгича ва нотаниш қиёфада гавдаланган пайтда инсон ақли зўр лаззат ҳиссини туяди. Воқеликни рўйирост очиб ташлаб, фош қилувчи ва тубдан ўзгартирувчи сўз худди бўш шляпа ичидан каптарни чиқариб олаётган фокусчининг  сезилмас ҳаракатлари каби ўзига бутунлай маҳлиё қилиб қўяди. Барча нарсаларни маълум бир маънода идрок этишга одатланган одамлар оддий предмет ўхшашликлардан ҳайратга тушиб, ўзларини бахтиёр ҳис қиладилар. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ нарсаларга устаси фаранглар эса ўз шон-шуҳратини ана шу асосда қурадилар – шунда улар кўпроқ фокусчига ўхшаб кетади, – мияларида ассоциациялар фавқулодда кўпириб ётган сўз, фикр ва образ жонглёрларига, суҳбатлар, импровизациялар, мунозаралар чоғида “ярқ” этиб кўзга ташланадиган, ҳикматлару парадоксларни тўкиб ташлайдиган, ёлғиз қолди дегунча эса “ўчиб” қоладиган саҳна, театр ва эстрада ходимларига гоҳо тасаннолар айтгинг келади. Айнан ўша ёлғизлик ва сукунат бағрида энг буюк кутилмаган воқеа, ҳодиса, тасодифларни олиб келадиган, нарсаларнинг туб моҳият-манбаига разм солишга имкон берадиган, бир-биридан жуда узоқ ҳодисалар ўртасидаги сир-синоатли алоқаларни очиб берадиган, оддийликдан улуғворликни кашф этадиган ваҳий сўзлар дунёга келади. Ҳеч бир улуғ ёзувчи йўқки, ўз сўзи воситасида нарсалар моҳиятига, ҳодисаларнинг сир тутилган маъно-мазмунига, поэтик natura rerum – нарса, воқеалар табиати сари етиб боришга интилмаган бўлсин. Бири фантазиялар дунёси бўйлаб қилган саёҳатидан рамзлар ва аллегориялар билан бойиб қайтса, бошқа бирови эса бутун илм-билимларимиз таянган барча расм-русумлар, конвенциялар, битим ва келишувларнинг дабдаласини чиқариб, ушбу харобалар узра ўз фантазиясининг сирли ва мустаҳкам бошкентини барпо қилади.
Роберт Браунинг худди шундай эди. Унинг “Сорделло”си босилиб чиққандан сўнг, Теннисон поэмани ўқиб бўлгач, ниҳоятда таажжубланган, чунки айтишича, унда бор-йўғи икки сатрнигина тушунган, холос, бунинг устига икковиям ёлғондакам, сохта туюлган – биринчиси: “Мен сизларга Сорделло тарихини сўйлаб бераман” ва охиргиси: “Мен сизларга Сорделло тарихини сўйлаб бердим”. Тиниқ-шаффоф ёзилган “Эноха Арден”нинг муаллифи Теннисон учун бунақанги поэзия мутолааси тўғри келмас эди. Аммо ноаниқ ва тушунарсиз нарсаларга кўникиб қолган Карлейль Браунингга хат йўллаб (Карлейль қалтис, нозик вазиятларда хотини панасига яширинишни яхши кўрарди), аёли “Сорделло” поэмаси инсон, шаҳар ёки ой ҳақидами, шуни билишни хоҳлаётгани ҳақида ёзади… Шоир ҳаётлигидаёқ  Browning Society – ўз ижоди шарҳловчиларининг жамияти тузилган бўлиб, Браунинг тушунтириб беришини сўраб мурожаат қилган кишиларни ўша ерга жўнатар ва ўз ижодининг шарҳловчилари уни ўзидан ҳам кўра яхшироқ тушунишларини ярим ҳазил-ярим чин эътироф этарди.
Шоир мухлислари неча ўн йиллар давомида, баъзи бирлари йўл бошловчилар билан, бошқалари худди Уильям Блейкнинг булутли ўлкасига йўл олгани сингари, Браунинг истиқоматгоҳини зиёрат қилиб келишган. Сайёҳ зиёратчилар Малларме ҳузурига илгаригидан ҳам кўра ҳозир кўпроқ боришади. Ҳар бир адабиётда шу хилдаги шоирларнинг қизғин ихлосмандлари ҳам, ашаддий душманлари ҳам кўп бўлади. Кимки уларни тушунмаса, тўғрироғи, тушуниш учун ўзини уринтиришни истамаса, “тушунарсиз шеърият”ни рад этиб, уни адабий ҳаётда қавсдан ташқарига чиқариб қўяди. Тўғри, бу шоирларда бадиий ва оддий тил ўртасидаги тафовут ўзининг охирги нуқтасига етиб борган бўлади. Ва Браунингга ўхшаган шоир нозик, нафис, гўзал ва фавқулодда нодир сўзлар ўрнига сўзлашув тилидан, газеталардан олинган ва кўча-кўйда қулоққа чалинган энг оддий сўзларни қўллай бошласа ҳам, ҳеч нима ўзгармайди, аммо улардан қандай фойдаланиши ва қай тарзда жойлаштиришининг ўзиёқ уларни кундалик истеъмол доирасидан олиб чиқишга етарли бўлади. Малларме қайсидир сўзга ўзига хос куч-қудрат ва ифодалилик, маънодорлик бахш этиши учунгина жумлалар тузилишини бузиб, авра-астарини ағдариб юборар, шу мақсадда ҳатто салкам бемаъниликкача ҳам бориб етарди. Малларме Верленнинг дафн маросимида қатнашиб, фақат сўзнинг мазмун-моҳияти ҳақидагина ўйлаб ирод этган нутқининг тарихи ўта ибратлидир. Репорт­ёр маросимдан сўнг унинг олдига келиб, нутқ матнини бериб туришини сўрайди, шоир эса уни қаҳвахонага таклиф қилиб, у ерда матндаги ўта аниқ ва тиниқ ёзилган жумлалар тузилишини шоша-пиша чалкаштиришга киришади. Ушбу манзарани – ғижимланган варақлар узра энгашиб, сўзларнинг енгил оқимига хўмрайиб боқаётган шоирни кўз олдимга келтиришга уринар эканман, – қулоқларимга  Квинтилиан иқтибос келтирадиган қадимий Юнон нотиғининг овози узоқ-узоқлардан эшитилаётгандек туюлади, – ўз ўқувчиларига мурожаат қиларкан, шундай дер экан: “Skotison!” – “Чалкаштир!”
Барча даврлар адабиётида икки хил оқим оқади. Бири равон, текис, бир маромда оқиб, сувлари тубида олтин қум, бетида эса кўм-кўк осмон акси жилва қилса, унисининг қирғоқлари ҳувиллаган, ваҳимали бўлиб, шиддат билан лойқаланиб оққани етмагандай, маккорона гирдоблари ҳам хавф солиб туради. Бироқ шуниси ҳам борки, биринчиси равон, енгил ва мўл-кўл оқиши учун, иккинчиси қояларни ювиб, оқизиб, унга йўл очиб бериши керак. Қалами қийин сўзларни битадиган ёзувчилар адабий тилга янги куч ва жасорат бахш этадилар. Аммо бир савол ҳар доим очиқлигича қолади: фақат ҳамкасблар ва зийрак, сезгир шарҳловчилар учунгина қалам тебратиб, қолган бошқа барча ўқувчиларни ҳисобга олмай ёзишда маъни бормикин? Бутун-бутун поэтик мактаблар, янги юзага келган бутун адабиёт даврлари бундай саволга менсимай қўл силтаб, “profanum vulgus”, яъни “жирканч авом”дан узоқлашган ва ўз нафис санъати билан халқ ўртасидаги барча кўприкларни бузиб ташлаган. Бундай даврларда шеърхонлик, худди бугунги кундаги олий математика бўйича ёзилган асарларга ўхшаб, фақат тор билимдонлар даврасидагина урф бўлган, холос.
Ёзувчиларнинг умумий истеъмолдаги сўзларни “янгилаб туриш” устида иш олиб боришлари адабий тил учун зарурдир. Кунда кўз-кўзга тушадиган чеҳралар каби таниш, энг оддий сўзлар ҳам бирданига янги, кутилмаган маъно касб этиб, уларда яширинган ҳаёт шукуҳи “ярқ” этиб кўзни қамаштиради. Тилда ҳозирга қадар ўз ифодасини топишга муваффақ бўлмаган тушунчалар чуқур қатламлар қаъридан юзага қалқиб чиқиб қолади. Бу қандай амалга ошади, буни яхши шеър таҳлили ёки дурустгина наср мисолида кўриш мумкин. Ёзувчи қалами остида ўша пайтгача бир-бири билан кўришмаган сўзлар “учрашув” белгилайдилар, феъллар ўша вақтгача номаълум бўлган ҳаракатларни бошқариб, отлар эса ўз мулкларини кенгайтирадилар. Бу орада истеъмолдаги кундалик тилга, сифатсиз адабиётга, арзон-гаров публицистикага оид сўзлар худди ўша, доимий тарзда бир хил такрорланадиган бирикмалар ичида “зерикиб” қийналади. Худди ўша-ўша сифатларнинг барчаси одатдаги отлар ортидан соядек эргашади. Тошқотган иборалар, айниган, бузилган истиоралар. Моғор, пўпанак, ботқоқлик, кўлмак сув. Қотиб қолган бу дунё, баайни фариштанинг қаноти тегишига маҳтал Силоэ ҳавзаси каби, ҳақиқий, чинакам ёзувчининг лабларидан майин шаббода эсишига мунтазирдир.
Аммо Силоэ узра мўъжиза рўй беришининг зарурий шарти шу эдики, фариштани ҳеч ким кузатмаслиги лозим эди. Шоирнинг аҳволи эса жуда ёмон: кимдир унинг бармоқларига қарагани-қараган. Адам Мицкевич: “О аёл, илоҳий шайтон!” дея ёзган, Ян Чечот эса уни: “О аёл, арзимас нарса!” тарзида ўзгартирган. Эзгу ниятли Ян Чечот билан Адам Мицкевич ўртасида қандай бўлса, илоҳий шайтон билан арзимас нарса ўртасида ҳам худди шундай тафовут бор. Бодлер қиз болани тасвирлаётиб, “les seins aigus” – “чўққи сийна” иборасини қўллаган, уятчан муҳаррир бўлса уни “les formes de son corps” – “қиз баданининг шакли” сўзлари билан алмаштирган. Поэтик образларнинг расвосини чиқарадиган бунақанги муҳаррирлар дунёда қанча!
Ёзувчи билан сўз ўртасидаги муносабатлар турлича шаклланади: К.Ростворовский таъбири билан айтганда, бири “у билан худди йўлбарс-ла олишгандай курашади”, бошқаси эса уни худди Анатоль Франс каби суйиб эркалайди, зеро, унинг севимли шиори “caressez la phrase” – “жумлани эркаланг” бўлган. Эмпедокл жуфтлиги – Муҳаббат билан Нафрат дунёмизни бошқаради. Сўз билан доимий адоватда бўладиган ёзувчилар ва мутафаккирлар ҳам бор: сўз уларни ҳар доим алдайди, ҳамиша беўхшов, ғализ, қўпол, дағал, муваффақиятсиз чиқади, уларнинг талабларига қулоқ солмайди. Улар ўз фикр ва образларига зарур бўлган бирикмага эга бўлиш учун сўзни ўзгартиришга, керак бўлса, расвосини чиқариб, дабдала қилишга ҳам тайёр. Бирларида бу нарсага фикр, тушунчаларнинг сероблиги сабаб бўлса, бошқаларида эса сўз бойлигининг етишмаслиги, ночорлиги туфайлидир. Биринчилар имконсиз, чунки ўз фикрларидаги қутурган, асов бўронни ҳеч қачон енголмайди, иккинчиларни эса фақат сўзлар билан дўстлашишгина қутқариши мумкин, улар сўзлар билан дўстлашишлари лозим, шундагина сўзлар уларга ўз хазинасини очадилар. Кимки шундай қилмас экан, ўз-ўзини адоқсиз ночорликка маҳкум этиб, борган сайин қашшоқ, ғариб тилдан фойдаланишга мажбур бўлади ва сийқаси чиққан ёки кулгили, чалкаш-чигал ибораларга кўникиб қолади.
Ҳорацийнинг фикрини ишонувчанлик билан қабул қилган Буало тантанавор тарзда шундай хитоб қилади:
… Ният, мақсад миянгизда шай бўлса агар,
Илк чорлов ила барча зарур сўзлар кириб келар.
Ҳеч қайси бир ҳақиқий шоир ёки носир ушбу юзаки шеър остига имзо чекмаган бўларди. Улуғ шоирлардан бири айтган эдики, “тил фикрларни алдайди”, зотан, фикр билан сўз бир-биридан ўзаро жарлик билан ажралган ҳоллар тез-тез учраб туради!  Албатта, биз сўзлар билан фикрлаймиз, бироқ улар орқали ифодаланган нарса, бу – фикрнинг сирти ёки унинг умумий сиртқи кўриниши, шакли холос. Энг қийини эса биз фикрни бутунлай, бутунлигича, бутун ҳолда ифодалашга уринган лаҳзадан бошланади.
“Фикримизни ифодалаши лозим бўлган барча жоиз иборалардан, –  дейди Лабрюйер, – фақат биттаси ҳақиқийдир. Уни нутқ ёки хат ичидан ҳар доим ҳам топиб бўлмайди. Аммо у доим мавжуд ва ундан бошқа қолган барчаси саёз ва сийқа бўлиб, ўзини тушунишларини истаган зўр ақл эгасини қониқтирмайди”. Худди мана шу “зўр ақл эгаси” замирида яхши ёзувчи мужассам, “ўзини тушунишларини истаган”лиги учун эса шоир файласуф билан, фикр эса образ билан якдил ва ҳамоҳангдир.
Образ – поэзиянинг энг муҳим, эҳтимол, ҳеч нарса – на вақт, на поэтик мода таҳдид қилолмайдиган бирдан-бир, ягона унсуридир. Оқимлар ва йўналишлар, мавзулар ва сюжетлар, мотив ва кайфиятлар ўзгараверади, сўз танлови ва шеър ёзиш ёки шеър тузилишини аниқлайдиган шарт-шароитлар, расм-русумлар ўзгаради, аммо образ, хоҳ бевосита бўлсин, хоҳ истиора, хоҳ муқояса шаклида бўлсин, ҳамиша сақланиб қолажак. Образ – шеъриятнинг қони-жонидир.
Фақат мавҳум тушунчалар билангина яшашни истаган поэзияни шунчаки тасаввур қилиб бўлмайди, у образлардан ташқарида мавжуд эмас ва унинг сифатини образлар сифати олдиндан белгилаб беради. Образ кутилмаган янгилик бўлмоғи лозим, янги сўзлар билан ифодаланган бўлиб, ҳозиргача ҳеч кимнинг кўзи илғамаган нарсани кўрсата олиши, камгина сўз билан имкони борича кўпроқ ранглар ва қиёфалардан иборат, тўла, мукаммал, бой бўлмоғи лозим. Сувга ирғитилган тош кенг айланалар ҳосил қилгани каби, поэтик образ ҳам ассоциацияларнинг каттароқ ҳудудини  қамраб олиб, фикрларимиз доирасини янада кенгайтирмоғи лозим. Поэтик образ, ранглар воситасида чизилган ҳақиқий, чинакам тасвир сингари визуалдир, бироқ поэтик образ учун хизмат қиладиган бирдан-бир, ягона материал, бу – Сўз ва ҳамма нарса унинг куч-қудрати, бехатолиги, ўткирлиги, ифодалилиги, жонлилиги, маънодорлиги ва гўзаллигига боғлиқ.
Сўзга бўлган муҳаббат – оғир, қийин муҳаббатдир. Кўпинча сўз унга мафтун бўлган ижодкорнинг энг оташин эҳтиросига-да, таслим бўлавермайди. Аммо-лекин сабр-тоқат, чидам ҳамиша ундан ғолиб келади. “Битта жумлага икки ярим кун вақт сарфлабман, унда менга зарур бўлган атиги биттагина сўз бўлиб, уни тополмай роса қийналдим. Ўзимга намоён бўлиб турган образнинг ўқувчига ҳам “кўриниши” учун жумлага керакли шаклни бериш мақсадида уни ҳар мақомга солиб кўрдим, бунақа пайтларда ut nosci (билиб олмоқ учун – тарж.) биргина чизги, ҳатто энг арзимас туюлган тус, ранг, оҳанг кифоя қилади…” – деб ёзган эди Виланд Мёрку. Поэзия тарихи илҳом, умидсизликлар, руҳий тушкунликларга тўла бир неча йиллар мобайнида муаллифларнинг ўй-хаёлларида пишиб етилган, жуда кўп марталаб қайта ишланган сонетлар ҳақидаги хотираларни ардоқлаб сақлаб келади ва ушбу ўн тўрт сатрли шеърларда сўзга бўлган енгиб бўлмайдиган ва қизғин, эҳтиросли муҳаббат тўғрисидаги узундан-узун драматик афсоналар тараннум этилган. Жозе Мария де Эредиа “Ўлжалар” деб номланган сонетлар тўплами устида 30 йил меҳнат қилган. Арвер биргина сонет билан машҳур бўлиб кетган ва француз адабиёти тарихига оид биронта китоб йўқки, унинг номи тилга олинмаган бўлса, ҳаттоки қомусий маълумотномаларда ҳам унинг исми-шарифи остида келтирилган мазкур шеърни ҳар бир киши ёддан билади: “Ma vie a son secret, mon ame a son mystere… – “Ҳаётимнинг бордир ўз сири, сир-синоат бор қалбимда ҳам…”
Ҳорацийнинг гувоҳлик беришича, бутун бир соат давомида бир оёқда туриб, икки юз сатрни айтиб ёздирган беғам Луцилий ёки сермаҳсул қалам соҳиби (буни асарларидан сезиш мумкин) Ламартин каби оз сонли ижодкорлардан ташқари, деярли барча шоирлар ўз ҳайкалларига мутлақо ўхшашмаган. Словацкий мистицизм даврида гўё унга фаришталар айтиб ёздирганини эътироф этган, бироқ “Руҳ қироли”нинг қўлёзмаси шоирнинг мукаммал сўз шаклини топиш учун қанчалик сабот-матонат ва эҳтирос билан излангани, гоҳо қайсар сўз билан қандай кураш олиб боргани ҳақида гувоҳлик беради, сўз эса унга кўп ҳолларда хийла итоаткор бўлган.
Польшада ёзувчилар ўзларининг ва бошқаларнинг услубиёт соҳасидаги изланишлари ва ютуқлари ҳақида гапиришни кўпам хуш кўрмайдилар. Тўғри ва нотўғри гап тузилишлари ҳақида бир-бири билан баҳс юритган Расин ва Буалога ўхшаб хат ёзишишлар, Флобер, Доде, Золя, Тургенев, Гонкурлар ўзаро дўстона зиёфатлар чоғида айрим сўз ва ибораларнинг авра-астарини ағдариб, уюштирган баҳс-мунозаралар бизларда (агар бўлганда ҳам, балки устидан кулишармиди) қаёқда дейсиз. Бундай масалаларда сергаклик, ҳушёрлик ҳаттоки “сўз олдидаги бутпарастлик”дан нафрат билан юз ўгирган Клоделга ўхшаган француз ёзувчиларига ҳам хос, аммо унинг яқинда эълон қилинган хат ёзишмаларида қуйидаги сатрларни ўқишимиз мумкин:
“Сизнинг услубингиз  қандай ажойиб!  Синтаксисдан фойдаланишингиз эса нақадар ҳайратланарли! Бир жумладаги истак майлида ўтган замон феълининг икки тугалланмаган тури битилган саҳифа ҳамон ёдимда, бу мени қойил қолдирган”. Гонкурнинг ўзи ҳам бунга муносабат билдирган, у “Ҳис-туйғулар тарбияси”нинг икки қалин жилдини ўқиб чиққач, хурсандлигини атиги икки сўз билан ифодалаган: “les cris suaves“ – “ширин нолалар”. Ана шундай ўзаро назорат ёзувчилардан интизомни талаб қилган ва бусиз француз тили ўзининг ажойиб сифат хусусиятларига эга бўлолмаган бўларди.
Агар антик даврга мурожаат қиладиган бўлсак, унда ҳам худди шундай тил ҳақидаги ғамхўрликка дуч келамиз. Бу борада эса юнонларга тенг келадигани йўқ. Уларда поэтик лабораторияларга ўхшаш нарсалар мавжуд бўлган ва агарда уларнинг адабиёти тўлиқ сақланган ҳолда бизгача етиб келганда эди, улар билан батафсилроқ танишган бўлардик. Шунда биз юзлаб ва минглаб мисоллар ёрдамида қадимги юнон маданиятининг кўплаб авлод вакиллари тил устида тинмай меҳнат қилиб, мавзулар, мотивлар, образлар, истиоралар, ҳатто энг янги иборалар, янги сўз бирикмалари, янгича поэтик жумлалар, янгича оҳанг, талқинлар топиш йўлида ҳормай-толмай изланишлар олиб борганига гувоҳ бўлар эдик. Улар фрагментларга бамисоли олмос каби сайқал беришган, бунинг учун энг нозик тафовутларни ҳам фарқлаш, зўр диққат билан синчиклаб қараш, кузатиш талаб этиларди. Гоҳо авлодлар олиб борган ана шундай сермашаққат меҳнат самараси ўлароқ шеър яратилган ва қайсидир омилкор уни ўзининг поэтик хазинасига киритиб, унга боқийлик, абадийлик бахш этган.
Бу – эшитиш, тинглаш, фарқлаш ва ёдда сақлаш даври эди. Ҳар бир шеър ва насрнинг ҳар бир жумласи энг аввало, нутқ органлари ёрдамида ишлаб чиқилган. Поэзия китоб шаклида эмас, балки кўпроқ жонли сўз воситасида дунё бўйлаб айланиб юрган. Севимли шоирлар ижодидан танлаб олинган доимий кутубхона эса ёдда сақланган. Шеърни ифодали ўқиб берувчилар ва актёрларнинг аъло сифатли дикцияси (талаффуз даражаси) шеърий асарнинг ютуқ ва камчиликларини, ундаги оҳангсизликлар, шеър тузилишидаги қусур ва нуқсонларни бир хилда аниқлаб берган ва муваффақиятсиз чиққан иборалар, худди мусиқадаги сохта ноталар каби, қулоққа ёқимсиз эшитилган. Лекин шунга қарамай, ўша даврда китоблар ҳам овоз чиқариб ўқилган. Авлиё Августин авлиё Амвросийнинг “саҳифаларга фақат кўз югуртириб, фикрни фақат қалбан қўллаб-қувватлагани, тили эса ҳаракатсиз, овози чиқмагани”га жуда ҳайрон бўлган. Авлиё Августин ҳам епископнинг бундайин ғалати хатти-ҳаракатларини ўз ошналари билан муҳокама қилиб, китоб билан бу қадар ғайриоддий мулоқотга оид ҳар хил гумон, хаёлларини изҳор қилган.
Китоб босиш ихтиро қилиниши билан мазкур давр ҳам ўз ниҳоясига етган. Шеъриятни идрок қилишда, унинг яратилишида бўлгани каби, оптик шакл ва графика муҳим аҳамият касб этган. Ўқувчи саҳифалар узра паришон  ҳолда кўз югуртираркан, ҳарфий шаклдаги қофиялар ва оҳангдошликларни ажрата олади.
Китоб босиш санъати бадиий адабиётни унинг қадимий қўлёзмалар қатида яшириниб ётган жозибадорликларидан маҳрум этибгина қолмади. Бутунлай бир-бирига ўхшаш ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлмаган минглаб нусхаларда тарқаладиган китобчага ҳам ҳар қандай оммабоп маҳсулотдаги сингари оддийлик, ўртамиёналик хос бўлиши аниқ. Бироқ шоирлар ўз асарларининг график шаклда босилишига аллақачонлар бефарқ бўлиб қолишган. Кўплаб муаллифлар ўз ёзганларининг босилиб чиқишига шунақанги муштоқки, улар ўз шеърларининг ҳеч бўлмаса газета саҳифаларида хроника ёки эълонлар ўртасида бўладими, ёмон шрифт билан эртага ахлат ўрага ирғитиладиган арзон-гаров қоғозда бўлсаям, чоп этилишини орзу қиладилар. Қадимий ва гўзал шеър маданиятини кўраман деган одам Хитойга бориши лозим, у ерда наинки сўзлар, балки пухта танланган белгилар ҳам  нақшлар билан зийнатланган сифатли қоғозга обдан ўйланган ҳуснихат шаклида тасвир этилган. Европада эса муаллифларнинг ўзлари томонидан уй-рўзғор буюмларига битилган, Маринетти ёки Малларме шеърлари босилган алюминийдан ясалган ажиб, ғалати китобчалар жуда оз сақланиб қолган.
Тиниш белгиларидан воз кечиш фикри Аполлинерга бориб тақалади. Эмишки, унинг нуқта ва вергулларни қўйиш тартиби билан боғлиқ инжиқликларига кўнмаган муҳаррир ва мусаҳҳиҳларнинг норозиликлари ниҳоят, жонига тегиб, улардан умуман фойдаланмай қўяқолган. Бу эса шеърни идрок қилишни хийла қийинлаштирган, лекин шунга қарамасдан, Аполлинернинг кўплаб издошлари пайдо бўлган ва айримлари ўз шеър­ларида нуқта ва вергулларнинг йўқлигини уларни псалом каби бир хил овозда ўқиш мумкинлиги билан изоҳлашган, бу эса эҳтимол, дунёвий шеъриятнинг ўз диний сарчашмаларига билвосита, яъни ғайриихтиёрий равишда қилинган қайтиши бўлгандир, балки.
Бироқ насрда ҳам тиниш белгилари билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келган. Пунктуация – тиниш белгиларини қўйиш тартиби ҳақидаги қонун-қоидалар яхши асосланган  азалий анъаналарга эга эмас, шунинг учун ҳам уни қўпол равишда бузиш ҳоллари учраб туради. Бу борада тоқати тоқ бўлган Бой-Жиленьскийнинг ёзувчилар учун “вергулга оид муқаддас ҳуқуқ” йўлида жонбозлик кўрсатганини яхши биламиз. Аммо бу ҳуқуқ пунктуациянинг бемаъни қоидалари ҳисобига ҳар қадамда бузилиб туради. Мисол учун, айтайлик, муаллиф воз кечган вергулли нуқта айрим ношуд, нўноқ мусаҳҳиҳлар томонидан қўйилиб, китобнинг қиёфасига путур етса, ҳеч бир жумлани кўп нуқта ёки сўроқ белгисисиз тугатолмайдиган, фикр-хаёли тарқоқ, паришонхотир ёзувчиларга яхши мусаҳҳиҳнинг фойдаси тегиши мумкин. Тўғри, ёзувчиларга мавжуд тиниш белгилари ҳар доим ҳам кифоя қилавермайди, чунки ушбу белгилар кўпинча жумла маромини ифодалаб беролмайди. Албатта, бу соҳага қўшимчалар киритиш борасида уринишлар бўлган, аммо уларнинг барчаси жуда тез орада имлога оид ғалатиликлар  сақланаётган қазноқдан жой олди.
Ёзилган сўз ўз табиий муҳитидан “юлиб” олинади, унда овоз, мимика, имо-ишоралар бўлмайди. У ҳар доим катта ё кичик – эллипс ёки гипербола шаклида бўлиб, маънони чеклайди ёки тўплайди ёхуд уни кенгайтиради, умумлаштиради. Босма белгиларнинг бир хиллиги сўз динамикасига ёмон таъсир кўрсатади. Ўзгармас, бир хил шаклда текис қилиб терилган қатор ҳарфлар сўзнинг эгилувчанлигини йўқотиб, уни интонация, урғу, имо-ишоралар бажарадиган ифодавий имкониятлардан маҳрум этади. Баъзи бировлар кам самара берадиган усуллардан фойдаланиб, ё ҳарфлар орасини очиб теради ёки сўзларни курсив билан беради. Бу борада айниқса, Поль Валери жуда кўплаб суиистеъмолликларга йўл қўйган. Саҳифанинг ташқи кўриниши одатдаги бир хилликни йўқотиб, айрим сўз ёки жумлалар алоҳида сатрларга ажралиб турган пайтдан бошлаб, бу нарса наср услуби, мароми ва йўналишига таъсир қилмай қолмайди, ёзувчининг фаоллиги, серғайратлиги эса абзацлар сонига қараб билинади.
Шеърда насрга қараганда кўпроқ овоз чиқариб талаффуз этилишига умид боғлаш мумкин. Драмадан ташқари, наср камдан-кам ҳолларда эшитилади, у соф оптик ҳодисага айланган. Оддий китобхон прозанинг мазмун-моҳиятига лоқайд муносабатда бўлади. Қийин талаффуз қилинадиган ундош товушларнинг тўпланиши натижасида чўзилиб кетадиган чалкаш гаплардаги камчиликлар саҳифалар узра тезгина кўз югуртираётган ўқувчига ҳадеганда сезилавермайди. Ҳали кўплаб адабиётлардаги бадиий наср, ўз қалами остида туғилаётган ҳар бир жумлани овоз чиқариб такрорлайдиган ўз Флоберларини кутиб ётибди. Флобер ҳар бир жумла тузилишига, унинг жаранги ва маъно-моҳиятига алоҳида эътибор берган. У бу ҳақда шундай деган эди: “Ҳали яна ўн бет ёзишим керак, бу ёқда эса жумлаларим заҳираси аллақачон тугаб бўлган”.
Прозанинг шеърий нутқдан фарқланадиган ўзига хос мароми, сўзларни товуш, маъно ва таъсирчанлигига қараб танлаш, ёйиқ ва содда гапларнинг ўзаро муносабатлари, уларни алоҳида абзацларга жойлаштириш – буларнинг барчаси наср техникаси сифатида ўқувчига сирлигича қолади ва одатда, у бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди. Шу аснода шеърлардаги ғайриоддий сўз бирикмалари, ажойиб истиоралар ва ўткир иборалар ҳамиша ўқувчи эътиборини ўзига жалб қилади, лекин ҳаттоки энг мукаммал даражада ёзилган насрий асар ҳам унчалик таассурот қолдирмаслиги мумкин. Эндиликда Юлий Цезарни ҳеч ким буюк услубчи деб ҳисобламайди ва унинг ҳақида антик адабиёт дарсликларида ёзилган гапларга кўпчилик ишончсизлик билан қарайди. Оддийликдаги гўзалликни дарҳол пайқаб олиш қийин, чунки у яшириниб турган бўлади. Уни ҳаммабоп, барчага баравар дейишади, аслида эса у жуда оз одамларгагина тушунарлидир. У хира, туссиз кўринса-да, аммо оддий, содда услубга эришиш учун trompe-l’oeil, яъни сохта кўриш қобилиятига, чалкаш нақшли барокко усулига қараганда кўпроқ куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади. Хшановский Бретанда бўлган чоғида, у ерда “Салбчилар” асарини ёзаётган Сенкевич билан учрашган. Ёзувчи эрта тонгдан то тушга қадар иш кабинетига қамалиб олган, сўнг ранги оқариб, тер босган ҳолда пляжга чиққан. Уни бунчалик нима қийнаётгани ҳақидаги саволга у: “Содда услуб устидаги иш”,  – дея жавоб қайтарган экан.
Мағрур ва ҳаммадан ҳам кўра ўзига ишонган XVIII aср яхши наср, бу – яхши одатларнинг худди ўзи, деб ҳисоблаган. Ўша давр учун бу қандайдир даражада табиий ҳол эди, нафис маданиятли, назокатли инсонлар ҳақиқатан ҳам санъаткорона наср сингари қадриятларни яратишга қодир эдилар ва бунинг учун ғоят қулай муҳит ва шароит ҳам  мавжуд эди. Бироқ адабиёт ҳаддан ташқари узоқ давом этадиган бир хилликни ёқтирмайди. XVIII аср прозасига хос бўлган аниқлик романтизм бўронларида эриб, ғойиб бўлди. Силлиқ, хушоҳанг наср товуш уйғунсизлигининг ғичирлашини келтириб чиқаргани каби, шеърнинг сокин йўналиши ҳам пировардида уни лойқалатиб, кўпиртиришларини талаб қилади. Телбаваш истиоралар ва шиддатли жумлалардан сўнг, ниҳоят, ҳушёр тортиб, вазминликка, сиполикка интилиш сезилади. Оқибатда нафақат истиоралардан, балки сифатлашлардан ҳам воз кечадиган ёзувчилар, precieux – “аниқ, нафис, нозик”лардан кейин Расин, Лабрюйер, Польшада эса XVII aср бароккосидан сўнг, Красицкий ва Трембецкий пайдо бўлди. Бунақа пайтларда ҳар доим янгича услубда ёзиладиган китоблар ўқувчини ёқимли тарзда ҳайрон қолдиради, уларда одатдаги қизил юзли муаллиф ўрнига оддий инсон қиёфаси акс этган бўлади.
Поляк адабиёти ўзининг Декартига эга бўлмаган, бундан айримлар афсусланса, бошқалар – Худога шукур, дейди. Чунки Декарт ҳам фойдали, ҳам зарарли ҳодиса бўлган. Французлар ўзларининг аниқ услуб мактаби билан фахрланишади ва бунда мазкур файласуфнинг ҳам ҳиссаси бор. Шубҳасиз, французлар ўзларининг ҳамма нарсадан ҳам кўра кўпроқ мантиқ ҳукмрон бўлган адабий тилидаги ўзига хос фазилат ва афзалликлар учун  айнан унинг билими ва таълими олдида қарздордирлар. Поляк тилида гапларни унинг таркибига кирадиган ҳар қандай сўздан бошлаш мумкин ва буни бўшлик, беқарорлик, ноаниқлик ва хомхаёлликнинг исботи сифатида далил қилиб келтириш ўрнига, яхшиси, биздаги грамматик родларнинг қатъийлиги, турланиш ва тусланишлар тизими билан мақтанганимиз маъқулроқ, чунки айнан мана шулар туфайли шама, ишора, пичинг, қочиримлар ва тушунмовчиликлардан холи бўлган тил эркинлигига эга бўлдик. Бунда нафақат шубҳали “таъсирчанлик”, бунинг учун бизларни кўпинча уялтиришади, балки стихиялардан холи барча тўғрилик ва самимиятлар ҳам ғолиб бўлди.
Жеймс Жойс ўзининг “Финнеган маъракаси”ни яратган даврда Гюгонинг мазкур шиорини болаларча журъатсизлик ёки шунчаки қўрқоқсизлик деб атаган бўларди. Жойснинг ушбу ажойиб асари шуҳрат қозонмади ва унинг ҳеч қачон донғи чиқмайди, дейиш учун барча асослар бор. Агар ундан олдин Жойсни машҳур қилган “Улисс” ва бошқа бир неча китоблар ёзилмаганида, унга содиқ қолишга энг оташин мухлисларининг ҳам жасорати етмай қолармиди, деб ўйлайман. “Финнеган маъракаси”нинг мутолааси, агар шарҳловчининг эҳтиросларига берилиб кетмаса, китобхондан фидокорлик, жонбозлик талаб қилади.
Жойс бу асарда ўзининг ўзига хос тилини яратибгина қолмай, нафақат синтаксис, балки флексия, фонетика ва сўзнинг анъанавий шакли билан тўқнашади. У – менга бу ҳақда ўзи айтганидек – ўз олдига: унгача бўлган инсон нутқида ўз ифодасини топмаган нарсаларни тасвирлаш учун янги тил яратишдек улкан, буюк ва дадил мақсадни вазифа қилиб қўйган. Бунинг учун нафақат инглиз тилининг барча вариантларидан, балки бошқа тиллардан ҳам материаллар олиб, тўплаган. Барча коктейллар сингари, бу ҳам ўз навбатида фавқулодда кучли, ўткир ичимликка айланган: бир неча саҳифани ўқигандан сўнг, ўқувчининг боши айлана бошлайди. Жойс ўзининг эксперименти билан бу борада биринчи ва ягона эмасди, бундай тажрибаларни эса ҳаммаёқда учратиш мумкин эди, Польшада бу нарса билан Виткаций шуғулланган, аммо унинг уринишлари жиддий бўлмаган. Жойс эса бунақа нарсалар билан ҳазиллашишни ўзига раво кўрмас ва ўзининг асарини бизнинг даврда яратилган асарлар ичида энг муҳими деб ҳисоблар эди. У албатта, адашган ва лекин бу хато кўлами жиҳатидан улуғвор эди.
Ўзаро келишиш, муроса қилиш зарурати, буни ўз қонунлари билан тўла қуролланган тил ёзувчидан талаб қилгани каби, биргина Жойснинг ўзини қийнамасди. Бўйинбоғда безовта тўлғаниб, ўзини ҳар томонга ураётган биргина у эмас эди.
“Ўз ҳиссиётларини ифодалаш учун зарур бўлган сўз кетидан қувиш” (Конрад) китоб устида олиб борилаётган бутун ишнинг ярмини, баъзан эса ҳатто каттагина қисмини ҳам “ютиб” юборади. Образлар тўлақонлиги, персонажларнинг ифодалилиги, жонлилиги, фикр ёрқинлиги кўп жиҳатдан изланишлар самарасига боғлиқ, бу эса баъзи бировларга ҳақиқатнинг ўзидан ҳам кўра у ифода этилган шакл ва усул муҳимроқ, деб ҳисоблаш учун баҳона бўла олади. Бундай фикрни мен муболаға деб ҳисобламаган бўлардим, зеро, тил ва услубнинг қашшоқлиги сабабли қанчадан-қанча ажойиб фикрларнинг нобуд бўлганини эслашнинг ўзи кифоя. Кучсиз, заиф ва ўта бесабр муаллифлар   қўлида   расвоси   чиқиб,  дабдала   бўлган  ғоялар  билан  бир қаторда,  улар ўзларига ҳаёт бахш эта оладиган ўз ишининг усталарини кутиб ётибди.
Замонавий ёзувчиларнинг шуҳратпарастлигидаги айрим ўта нозик нуқталардан бирига мисол: ҳеч ким ҳеч кимдан қарздор бўлиб қолишни хоҳламайди, ҳаттоки биргина сўз учун ҳам. Худо кўрсатмасин – ғирт тасодиф туфайлими ёки эътиборсизлик биланми, башарти шунақа бўлиб қоладиган бўлса,  – ёзувчининг бир умр обрўсига путур етиши мумкин. Бошқа бировнинг китобидан бирор фикр, жумла ёки биронта шеърий сатрни ўзлаштириб олиш, бу – адибликдан киссавурга айланиш демакдир. Бизнинг ота-боболаримиз бунақанги “нозик” ишларга қўл уришмаган. Мольер ўзини “озуқасини қидириб топадиган асаларича” деб атаган экан. Дарҳақиқат, унинг замонида бундай муқояса урф бўлган. Ёзувчилар ўша даврларда асалари ва чумолиларга бўлинишган – бири гулларга зиён-заҳмат етказмай, ўз озуқасини қидириб топган бўлса, иккинчиси тўла ва бутун донни олиб қочган. Бироқ чумолиларнинг талончилигини ҳам кечиришган.
Олимлар Шекспир томонидан ўз ўтмишдошлари ёки замондошларининг асарларидан ўзлаштириб, ўзиники қилиб олинган узундан-узун рўйхатлардаги минглаб шеърий сатрларни санаб чиқишган: бу жиҳатдан унинг баъзи бир драмалари мозаикага ўхшаб кетади. Шекспир ўз навбатида шоирларнинг улкан бир гуруҳига ўзи яратган нарсалар билан бирга, бошқалардан ўзлаштириб олганларини ҳам ҳадя қилган. Гёте Эккерманга Фауст учун бинойидек мос келадиган қўшиқчани улуғ драматургдан ўғирлаб олганини, бундан яхшироғини эса тасаввур ҳам қилолмаслигини айтиб, ўзи иқрор бўлган экан. Ўша суҳбат чоғида у адабий ўғриларни топиб, уларни аниқлаб, исботлашга интилган майдакашлар устидан кулган (бу воқеа “Literaturgeschichten” – “Немис адабиёти тарихи”нинг илк нашри босилиши арафасида бўлиб ўтган). Гёте ҳар бир асарда шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган ҳақиқий мулкимизнинг қанчалик кам эканлигини яхши биларди. Мерос мулкимиз – тил, ўқиган китобларимиз, давр, замонлар томонидан  материал етказиб берилади, бизлар эса ундан, оригиналликнинг ўша камгина дозасини қўшган ҳолда, нимадир яратамиз ва бу албатта, орамиздаги энг яхши инсонларга насиб этади. Фақат аҳмоқ одамгина ўзига номаълум бўлган, шак-шубҳасиз, аллақачонлар кўпгина муаллифлар томонидан фойдаланилган нарсаларга менинг мулким деб даъвогарлик қилиши мумкин. Мицкевич айтганидек:
Қандай ўрганолдинг она тилни сен,
Ҳусн, куч-қудратин қайлардан олдинг?
Ахир онанг-ку, уни сен гўдакка,
Сут билан бериб, тарбия қилган.
Лекин мутлақ оригиналлик васвасасига мубтало бўлган шундай шоирлар ҳам борки, сўз бирикмаларини уларгача ҳали ҳеч ким қўллаб улгурмаганига ишонч ҳосил қилмагунларига қадар, истифода этмайдилар. Ҳаттоки “усуллар” бирор адабий мактабга тегишли бўлса, ундан фойдаланиб бўлмайди, деб ҳисоблашади, мабодо сатрлар устига қайси поэтик қонун-қоидалар асосида яратилгани ёзиб қўйилган бўлса, бундай асарни бутунлай қадрсизланган деб санашган. Яхшиямки, бундай шоирларни билим етишмаслиги қутқариб қолади: шубҳали ва ножиддий ўхшашликлар кетидан қувиб, уларни фош қилишга интилишаркан, шундоқ ёнгиналарида турган адабий ўғриларни сезишмайди, чунки улар аслиятдан бехабардирлар. Уларнинг бошқаларга қарамлигига келсак, буни шунчаки англаб етмайдилар ёки бўлмасам, онгли равишда яширишга ҳаракат қилишади.
Адабий асар, энг аввало, “гўзал тил ҳодисаси” бўлмоғи лозим. Китснинг ушбу фикрига қўшилмайдиган ёзувчи бўлмаса керак: “Мен чиройли жумлага ҳамиша маҳбубамга қарагандай қарайман”. Кимки агар услуб сифатига етарлича баҳо бермас экан, у адабиётда ҳеч қачон узоқ қололмайди. Фақат яхши услубгина муаллифларга ундан муносиб ўрин эгаллаш имконини беради. Француз ва поляк адабиётларида агар ўзига хос давр яратолмаганида, Боссюэ ёки Скарга прозаси билан бугунги кунда ким ҳам қизиқарди дейсиз? Асарлари йирик кутубхоналарда лутфан ёки шунчаки библиографияни тўлдириш учунгина сақланаётган юзлаб ваъзхонларнинг қисмати уларнинг ҳам бошига тушган бўларди. Агар Тацит Катта Плиний сингари ёзганида, унинг асарлари фақат тарихий манба сифатидагина аҳамиятга эга бўлган ва лекин арвоҳларнинг антик салтанатидаги дафнсиз марҳумларнинг мунгли, ғамгин ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи адабий версиядан фарқ қилмаган бўлар эди. Муаррих сермаҳсуллиги ёзганларининг бадиийлиги учун тўловдир. Агар Тацит ўз услубининг мукаммаллиги ҳақида камроқ қайғуриб, битта жумлага бутун бир драмани жо қилиш устида бош қотирмай, биргина сифат билан инсон қалбининг ич-ичига кириб боришга интилганда эди, у ўзининг бутун умри давомида нафақат “Тарих” асарини тугаллашга, балки янги лотин насрининг улуғвор, зўр ғалабаси ва тантанаси учун курашга бағишланган бир қанча асарлар ёзишга эришган ва бу унинг учун ўз асри тарихини яратишдек муҳим аҳамиятга эга бўлган бўларди. Тацит Теодор Моммзендан кам яшамаган ва таъбир жоиз бўлса, меҳнатсеварликда ҳам ундан қолишмаган, аммо Тацит библиографияси атиги бешта асардан иборат бўлса, немис тарихчиси минглаб асарлар ёзишга муваффақ бўлган. Зотан, бадиий проза яратиш далиллар ва маълумотлар тўплашдан кўра қийинроқ ва хийла кўпроқ вақт сарфлашни талаб қилади.
Флобер битта роман ёзиш учун ҳар куни бир неча соатлаб ишлаб, бунга беш йилдан то олти йилгача вақт сарфлаган; Ибсенга ҳар бир драма тахминан икки йилга тўғри келган; Бернарден де Сен-Пьер “Поль ва Виржиния”нинг биринчи бетини ўн тўрт марта ўзгартиб, қайта ишлаган; Мопассан ўзининг баъзи бир новеллаларини саккиз мартагача кўчириб, қайтадан ишлаган; Бальзакнинг бир новелласида жами йигирма еттита корректура бўлган экан. Энди унинг корректуралари қанақа бўлганини билсангиз эди!  Босма матн узра аввало, арк-равоқлар қад ростлай бошлайди, сўнг баайни мушакбозликни эслатувчи юлдузча-ҳаволалар ҳар томонга “ялт-юлт” қилиб сочилиб кетади, турли хил чизиқ ва чизиқчалар эса ҳар тарафдан саҳифанинг кенг ҳошияларига қараб интилади, у ерда янги саҳналар юзага келади, иштирок этувчи янги персонажлар пайдо бўлади ва биргина сифатнинг ўзидан мутлақо кутилмаган тарзда бирданига ўзгариб кетадиган қаҳрамон характерини белгиловчи янги бир хусусият келиб чиқади. Поляк ёзувчиси учун буларнинг барчаси эришиб бўлмайдиган ва ақл бовар қилмайдиган гўзал ҳодиса ҳисобланади. Ким унга шунча корректура қилсин дебди?  Агар уларнинг ҳақини ўз чўнтагидан тўлагандами, китоби чиқмай туриб, аллақачон тиланчилик қилган бўлур эди. Бизда эса бутун иш қўлёзманинг ўзидаёқ тугалланмоғи лозим.
Мана, бир парча, у Жан Жак Руссонинг “Иқрорнома”сидан олинган:
“Миямда фикрлар ғужғон ўйнаб, аранг сиғишиб турибди. Улар тинмай айланади, мавж уриб, қайнаб-тошади – ўзим эса буткул асабийлашиб, ёниб кетяпман, юрагим дук-дук уради… Мана, нима учун ёзолмай, қийналаётганим сабаби. Қўлёзмаларим – улар ўчириб ташланган, ўқиб бўлмайдиган даражада бўялиб, чалкашиб кетган – тортган азоб-уқубатларимга гувоҳ. Уларни босмахонага топширишдан олдин, ҳар бирини тўрт ё беш мартадан қайта кўчириб чиқишга мажбур эдим. Ёзув столимда, қўлда қалам билан бир варақ қоғоз узра мук тушиб ўтирган ҳолда, ҳеч қачон, ҳеч нима яратолмаганман. Фақатгина кенг далалар бўйлаб ёки қоялар ва ўрмонлар орасида сайр қилиб юрган пайтларимда, фақат кечалари ўринда уйқум келмай, бедор ётган чоғларимдагина, хаёлан гўё бир нималарни ёзиб-чизаётгандек бўламан… Аксарият фикр, ғоя, режаларимни қоғозга туширишдан аввал, беш ёки олти тун мобайнида ўйлаб, миямда обдан пишитиб олар эдим”.
Ўчириб-чизилмаган, тузатишларсиз топ-тоза қўлёзмаларга дуч келганимизда, беихтиёр ўйланиб қоламиз: чиндан ҳам бу асарнинг биринчи ва охирги вариантимикин? Жуда оз қўлёзмаларни истисно қилганда (Вольтер Фонтенелнинг топ-тоза қўлёзмаларида атиги ўнтача ўчириб, тузатилган жойни кўргач, ҳайрон бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билолмай, ақли шошиб қолган), бунақаси ҳеч қачон бўлмайди, муаллиф жумлани ярим кун ўйлаб юриб, унинг ҳар хил вариантларини бир неча маротаба так­рорлаган ва шундан кейингина қоғозга туширган бўлмаса агар. Қоғозга битилган топ-тоза, пухта ва силлиқ жумлага қараб туриб, унга қанча куч, меҳнат сарф этилганини ҳеч қандай билиб бўлмайди. Худди шунга ўхшаб, шеърий сатрларини ойлар давомида “миясида” ўйлаб, пишитиб юрган шоирнинг қўлёзмаси ёки машинкада ёзилган матни бизни чалғитиб, хато фикр уйғотиши мумкин. Гоголь  шундай ажойиб услубга қандай эришгани, ўзининг тил, сўз бойлигини қаердан олиши ҳақидаги саволга: “Тутундан. Ёзаман ва ёзганларимни ёқаман. Ва яна ёзаман”, деб жавоб берган экан.
Санъат енгиб ўтиши керак бўлган материал қаршилигидан туғилади. Биронта ҳам дурдона, шоҳ асар қийинчиликсиз, куч-ғайрат сарфламасдан, бемалол яратилмаган. Ўз ишининг ҳақиқий, чинакам устаси бўлган ёзувчи ҳеч қачон шошма-шошарлик билан қалам тебратмайди. Башарти қалам ўз-ўзидан ошиқаверса, ўртамиёна муаллифнинг ҳеч қандай хаёлига ҳам келмайдиган қўшимча “қийинчиликлар”ни ўйлаб топиб, уни тўхтатади. Бундай қийинчиликларни ўйлаб топиш эса нақадар осон! Бунинг учун  аллақачон қоғозга тушиб бўлган биргина сўз устида ўйланиб, хаёл суришнинг ўзи кифоя ва ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада аниқ, равшан ушбу сўз бирданига туман билан қопланиб, ўзининг асл қиёфасини йўқотади, шубҳа уйғотиб, ташвиш, хавотирга сола бошлайди. Қарабсизки, яна ўчириб, чизишлар авж олади, янги саҳифалар юзага келади, эскилари эса ташлаб юборилади.
Мана шундай меҳнатлар, ҳаракат ва интилишлар эвазига ёзувчи ўзининг сўз бойлигига доир характерли хусусиятлар мажмуи, гапларнинг тузилиши ва уларнинг ўзаро муносабатлари, истиоралар, муқоясаларни қўллаш, нутққа оид ўзига хос хусусиятлар ва ҳ. к. лардан иборат бўлган ўз индивидуал услубини шакллантиришга эришади. Яхши ёзувчини асаридан бир бет ўқигандаёқ, баъзан эса ҳатто биргина жумласиданоқ,  бошқалардан осонгина ажрата олиш мумкин. Қадимги муаллифларнинг асарларидан “увоқ” териб юрадиган филологлар ўзларини шу ишга бағишлаган. Мисол учун, қандайдир танқидий ёки публицистик мақолалардан бирида Жеромс­кийдан келтирилган кичик бир иқтибос, таъбир жоиз бўлса, дағал холстга тушган тўқ-қизил ямоқ сингари “ярқ” этиб турибди!
Ёзувчининг индивидуал услуби қай тариқа туғилади ва етилади, бу масала ижод психологияси соҳасидаги энг қийин, мураккаб муаммолар сирасига киради. Ёзувчи шубҳасиз, доим муайян мойиллик, интилиш, қизиқишлар билан машғул бўладики, бу келгусида ўз услубини шакллантиришнинг шарти ҳисобланади. Чунки ифода усули, жумлалар тузиш ва уларни жойлаштириш тартиби борасида ҳар бир киши ўзига хос хусусиятларга эга. Романнавислар ва драматурглар бу ҳолатдан унумли фойдаланиб, персонажлар тилини индивидуаллаштиради. Оддий инсоний нутқ орқали одамларнинг мижози, жўшқинлиги, қизиққонлиги, қусур ва фазилатлари, қолаверса, ўзига хос ғалатиликлари ҳам намоён бўлади. Ва буларнинг барчаси ёзувчи бўлишни ният қилган кишида ҳам мужассамдир. Қолган ҳамма одамларга ўхшаб, унга ҳам баъзи бир сўзлар ёқса, бошқаси ёқмайди, грамматик шакллар ва синтаксис қоидаларига нисбатан ҳам худди шу фикрни билдириш мумкин. Ёзувчи мана шундай қизиқиш, интилишлар билан йўлга отланади. Йўлда у ўз муҳитига хос бўлган тил билан, мактабда ўқиган ёки ўзи мустақил равишда мутолаа қилган муаллифлар билан муомала қилади, у ёки бу чет тили билан яқин алоқада бўлади ва бу ташқи материал ёзувчига ҳар томондан таъсир ўтказади ва у аввалига савқи табиий равишда, сўнг эса онгли тарзда ўзига кераклигини танлаб олади.
Пруст услуби – юксак интеллектуал маданиятли инсоннинг қойил қолган тингловчилар олдида олиб борган  суҳбати ёки тўғрироғи, ирод этган нутқидир. Адабиёт салонларида ва Риц ресторанидаги зиёфатлар чоғида Пруст шундай тарзда суҳбатлашар, имо-ишора ва маъноли ҳаракатларига қошиқ, санчқи, пичоқ халал бермаслиги учун ўзи ҳеч нарса емасди (бунақа пайтларда бир соат олдин тамадди қилиб оларди). Узундан-узоқ, давомли тарзда сўзлар, ўз нутқини кириш гаплар билан мураккаблаштирар, уни шиддатли бир йўсинда, тез ўзгартирар, чекинишлар қилар, айтилмай чала қолган гапларини табассум ёки имо-ишоралар билан тўлдирар, баъзида эса атайлаб тўғри ва бир хил оҳангда сўзлай бошлардики, хира, туссиз туюлаётган суҳбат асносида бирданига кутилмаган фикр-мулоҳаза ёки танбеҳ, парадокс ёки афоризм “ялт” этиб, тингловчиларни ўзига жалб этарди. Кимки уни эсласа, гўё овозини эшитгандай, китоб матнида унинг чеҳрасини кўриб тургандай бўлади. Пруст ўзининг шу қадар ғайриоддий, бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хос оҳангдор услубига адабиётдаги кучли бир шахс ижоди билан яқиндан танишиш туфайли эришган эди. Рес­кинни мутолаа ва таржима қиларкан, у кутилмаган янгиликни ҳис этади: наҳотки шундай ёзиш мумкин бўлса, дея маҳлиё бўлиб қолади. Анатоль Франс олдида бош эгиб, ижодига тан берган одам учун бу нажотбахш янгилик бўлди. Рескин унинг йўлидаги тўсиқларни олиб ташлади ва унга ўз йўлини ўзи белгилаш имконини берди. Бинобарин, ҳар бир ёзувчининг ўз Рескини бўлади.
Тадқиқотчилар ёзувчиларнинг шахсий кутубхоналарини титкилаб, уларнинг севимли муаллифи кимлар бўлганини аниқлашга, уларнинг “livres de chevet” – “энг зарур, энг керакли китоблари”ни билишга уринишлари бежиз эмас, чунки шу тариқа уларнинг шахсий эътирофлари, ёзишмаларидан, атрофдагиларнинг эсдаликлари ёрдамида ана шу “махфий маслаҳатчи”ларни ва ниҳоят, баъзан асарнинг ўзига қараб, у айнан кимнинг таъсири остида дунёга келганини ҳам аниқлаб, билиб олиш мумкин бўлади. Ёзувчи мутолаа учун одатда минглаб турли хил асарлар орасидан айни ўзига қандайдир руҳан яқин бўлган муаллифларнинг китобларини танлайди ва ана шу ёзувчилардан маънавий кўмак, рағбат ҳамда ўз қизиқишларини ривожлантириш юзасидан йўл-йўриқ, кўрсатмалар ҳам олади. Аммо ёзувчи аксинча, ўзига руҳан қарама-қарши бўлган адиблардан ўрнак олмоғи мақсадга мувофиқроқ бўларди, негаки кўпгина ёзувчилар ўз қолоқлигига ботиб қолмаслик учун худди мана шу қоидага риоя қиладилар. Кўпинча шунақаси ҳам бўлиб туради, яъни эътибор қозонган, кекса ёзувчи ўзига яқин бўлган бир-иккита классикнинг асаридан бошқа деярли ҳеч нарса ўқимайди.
Ўтган асрларнинг адиблари ўзларининг йўл бошловчи ва мураббийлари кимлар бўлгани ҳақида ўртоқлашишни бажонидил ёқтиришган, ҳозир эса бундайин очиқ-ойдин эътирофларга камдан-кам дуч келасан, киши. Эндиликда бу нарса астойдил сир тутилади, қолаверса, баъзан анкеталардаги ёлғондакам, сохта жавобларни ўқишга тўғри келади, уларда ёзувчилар кўпинча, ўзлари ҳеч қандай қарздор, бурчли бўлмаган муаллифларнинг номларини тилга олган бўлади. Сомерсет Моэм ўзининг адабий кундалигида ёзувчилик маҳорати сирларини ўқиб-ўрганган барча китобларини кўнгилни эритадиган самимият билан номма-ном санаб ўтади. Фақат ўзига бино қўйган аҳмоқларгина гўё бошқа ёзувчилардан ҳеч қандай қарздор эмасликларини айтишдан уялмай, қўпол хатога йўл қўядилар.
Замонавий адабий ҳаётда ёзувчини тақлидчилик қилишда айблаш – уни ҳақоратлаш билан баравардир. Лекин шундай бўлса ҳам, ёзувчиларнинг ўзлари кимнингдир қиёфасида ўз тақлидчисини кўришни ёқтиришади. Масалан, Байрон ҳам бошқаларни ўзига тақлид қилишда ўпкалаган, ўзи эса ғоят миннатдор бўлиши лозим бўлган Шатобриан номини бутун умр бўйи ақалли бир марта бўлса-да, эслаб, тилга олишга фурсат топмаган. Уйғониш даври ёзувчилари, гарчи уларда ижод қилиш учун материал тақчиллиги деган гап бўлмаган бўлса-да, бутунлай бошқача йўл тутишган. Антик асар намуналарига тақлид қилиш ўз аҳамияти жиҳатидан оригинал ижоддан қолишмаган. Муаллиф ҳатто лотин ёки юнон тилларидан қилган таржималарини ўз асарлари билан ёнма-ён қўйган, замондошлари ҳам таржимага катта эътибор билан қараган. Бу бежиз эмасди. Зеро, қайси бир асардан нусха кўчираётганда, яъни таржима қилаётганда, унинг “ичига” кириб кетишинг ва уни қандайдир даражада янгитдан яратишинг лозим бўлади. Тақлидчининг намуна, тимсол даражасига кўтарилган, баъзан эса  ундан ҳатто ўтиб ҳам кетгани ҳақида қанчадан-қанча мисоллар мавжуд! Мицкевич “Герман ва Доротеа”ни намуна сифатида назарда тутган ва “Пан Тадеуш”ни ёзган. Лабрюйер ўз китобини Теофрастники каби “Характерлар” деб атаган, бу билан тўғридан-тўғри ўз устозига ишора қилган ва, асарининг ҳар бир саҳифаси кузатувлар, фикрлар ва услубнинг оригиналлиги билан ажралиб туришига қарамасдан, камтар шогирд сифатида ўзи панада қолган. Лафонтеннинг “Масаллар” титул варағидаги фамилияси ўқувчида гўё у Эзоп эртакларини фақат шеър қилиб айтиб бергандек таассурот қолдиради.
Антик адабиётнинг нафис, гўзал намуналаридан бири бўлмиш “Буюклик ҳақида” деб номланган асарда номаълум муаллиф шундай ёзади: “Тасаввур қилайлик:  агар ҳозир Ҳомер ёки Демосфен шу ерда бўлиб, мен қўллаган иборани эшитганларида, уни қандай баҳолаган бўлардилар?” Кўпгина ижодкорлар, мукаммаллик сари интиларкан, ўтиб кетган устозларнинг пинҳоний нигоҳларини доим ана шундай ҳис қилиб турадилар. Бу ерда гап уларнинг таъсири ёки тақлидчиликда эмас, балки буни худди синов тошига менгзаш мумкин. Уларга, ўтмишнинг юксак намуналарига қараб, ёзувчи ўзининг насрий ёки шеърий асарларини қайта тафтиш қилиб, уларнинг асл металлдан “эритилиб” қуйилганми-йўқми, юқори пробами-йўқми, буни текшириб, синовдан ўтказиб оладилар. Улуғ ўтмишдошлар ўз даврида эришган юксак марраларга етиш, тил устида ишлашни давом эттириб, унинг янгича оҳанг, теран маъно-мазмун касб этишига эришиш, флексия ва синтаксиснинг эскирган балласт (ортиқча нарса, даҳмаза)ларидан халос бўлишга интилиш – сўз санъаткорининг ўтмишдошларга нисбатан бугунги кунда ўз олдига қўядиган вазифалари мана шулардан иборат.
Мазкур боб якунида ёзувчилик санъатига ақл бовар қилмайдиган даражада завқ-шавқ билан қараган кишилардан бири, гуманист Пьетро Бембонинг ушбу сўзларини келтириб ўтмоқчиман. У ўз дўсти, машҳур, ажойиб инсон Пико делла Мирандолага йўллаган мактубларидан бирида ўз фикр-мулоҳазаларини шундай баён этган: “Бутун борлиқ, мавжудотнинг яратувчиси бўлмиш Тангрида наинки адолат, мўътадиллик ва бошқа кўплаб яхши фазилатлар, эзгу ишларнинг илоҳий шакли мавжуд, балки гўзал адабиётнинг илоҳий шакл-шамойили, мукаммал шакли ҳам мужассам ва уни тафаккур ила қанчалик кўра олиш бахти – Ксенофонтга, Демосфенга, айниқса Платонга ва энг аввало, Цицеронга насиб этган, деб ўйлайман. Улар ўз фикр ва услубларини мана шу шаклга мувофиқлаштиришга эришганлар. Бизлар ҳам шундай йўл тутмоғимиз, гўзалликнинг ушбу тимсолига имкон қадар яқин боришга ҳаракат қилмоғимиз лозим, деб ҳисоблайман”.

(Давоми келгуси сонда)

Рус тилидан
Мирзаали АКБАРОВ
таржимаси

2017/10

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/02/01/%d1%8f%d0%bd-%d0%bf%d0%b0%d1%80%d0%b0%d0%bd%d0%b4%d0%be%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1895-1978-%d1%81%d1%9e%d0%b7-%d0%ba%d0%b8%d0%bc%d1%91%d1%81%d0%b8-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x