УЛАР ҲАМ ШУ ОЙДА ТУҒИЛГАНЛАР…

1 ИЮЛЬ

1804-1876 йиллар. Жорж САНД (асл исми Аврора ДЮПЕН), атоқли француз адибаси. “Индиана”,  “Валентина”, “Ёш қизнинг эътирофи”,  “Сўнгги муҳаббат”, “Жак”,  “Саёқ шогирд”,  “Лелия”, “Консуэло”  сингари романларида ижтимоий адолат ва шахс эркинлиги,  аёллар ҳуқуқи масалалари қаламга олинган.

1961-1997 йиллар. Малика ДИАНА, инглиз маликаси, жаҳондаги энг машҳур ва мафтункор аёллардан бири.  Диананинг ижтимоий-сиёсий фаолияти диққатга сазовор, у ер юзида тинчликни тарғиб қилувчи лойиҳалар ва хайрия ишларида фаол қатнашган. 1998 йил  йил Time журналининг cўровномасига кўра, малика Диана ХХ аср инсоният тарихидаги энг муҳим сиймолардан бири деб топилган. Журналимизнинг кейинги сонида унинг ҳаёт йўллари акс эттирилган “31 август” (Лоранс Коссе) романи билан танишасиз.

6 ИЮЛЬ

1935-йил. Далай-ЛАМА ХIV (асл исми Тэнцзин ГЬЯМЦХО), Тибет буддавийларининг маънавий раҳнамоси, миллат озодлиги йўлидаги курашлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган (1989). У 1987 йил “Тинчлик ҳудуди” номли сиёсий дастурини яратади. Шунингдек, Нобель қўмитаси унинг халқаро зиддиятларни ҳал этишдаги узоққа мўлжалланган, конструктив таклифлари, инсон ҳуқуқлари ва глобал муаммоларга доир қарашларини юксак баҳолаган.

1946-йил. Сильвестр СТАЛЛОНЕ, америкалик таниқли актёр, кинорежиссёр, сценарийнавис.  “Италия айғирлари”,  “Ўлим пойгаси 2000”,  “Алвидо, менинг севгилим”,  “Рокки”,  “Рэмбо”,  “Тўхта! Йўқса, онам ўқ узади”,  “Тоғ биллури”, “Қора одам”,  “Тунги қирғийлар”, “Рокки Бальбао” сингари фильмларда суратга тушган.

7 ИЮЛЬ

1882-1942 йиллар. Янка КУПАЛА, белорусь адабиётининг мумтоз намояндаси, таржимон, драматург, публицист, халқ шоири (1925). “Навқирон Беларусь”,  “Лаънат қафаси”,  “Бизнинг Нива” каби шеърлари, “Мерос”,  “Бунёдкорлик қўшиғи”,  “Юракдан” номли шеърий тўпламлари,  “Оресса дарёси бўйида”,  “Яна ва мен”,  “Умрбоқий қўшиқ” ва бошқа поэмалари лирик таровати, адабий-бадиий қиммати билан ажралиб туради.

12 ИЮЛЬ

1904-1973 йиллар. Пабло НЕРУДА (асл исми Нефтали Рикардо Рейес БАСУАЛЬТО), атоқли чилилик шоир, давлат ва жамоат арбоби, Нобель мукофоти лауреати (1971). Шоирнинг “Ўлмайдиган одамнинг хатарли қадами” шеърий тўпламида инсон руҳияти ноодатий шакл ва образларда ифодаланади. Шунингдек,  “Яшаш жойи – Ер”,  “Юракдаги Испания”,  “Севги ҳақида 100 сонет”,  “Чили тошлари”, “Қиёмат” шеърий тўпламлари, “Қора орол мемориали” автобиографик достони ижодкор тафаккури ва поэтик оламининг нақадар кенглигидан далолат беради.

14 ИЮЛЬ

1918-2017 йиллар.  Ингмар БЕРГМАН, швециялик машҳур кино ва театр режиссёри, сценарийнавис, муаллифлик киносининг ёрқин вакилларидан бири. 1961 йил “Қизбулоқ”,  1962 йил “Хира ойна ортидан”, 1984 йилда эса “Фанни ва Александр” фильмлари учун “Оскар” мукофоти билан тақдирланган. “Севгимиз узра ёмғир”,  “Порт шаҳар”,  “Зиндон”,  “Аёллар кутмоқда”,  “Илон тухуми”,  “Кузги соната” ва бошқа фильмларида ҳам жиддий мавзулар илгари сурилган.

15 ИЮЛЬ

1947 йил. Дилбар ИКРОМОВА, таниқли ўзбек театр ва кино актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти (2001). Театрда Мастон (“Бой ила хизматчи”), Зубаржат (“Ой тутилган тунда”),  Фекла Ивановна (“Уйланиш”),  Дилором (“Олтин девор”),  Нигора (“Келинлар қўзғолони”),  Момо (“Чимилдиқ”); кинода Сотти (“Келинлар қўзғолони”),  Она (“Ёлғиз ёдгорим”),  Она (“Чаёнгул”),  Момо (“Чимилдиқ”) ва бошқа образларни гавдалантирган.

18 ИЮЛЬ

1821-1910 йиллар. Полино ВИАРДО, машҳур француз опера хонандаси, вокал педагоги ва композитор. Европанинг кўплаб театрларида саҳналаштирилган опера спектаклларида асосий партияларни ижро этган. Фидес (Мейербер “Авлиё”), Орфей (Глюк “Орфей ва Эвридика”), Розина (Россини “Севилья сартароши”) сингари ижролари шулар жумласидан.

1912-1983 йиллар.  Махсум ЮСУПОВ, таниқли ўзбек театр ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти (1964). Театр саҳнасида Полоний (“Ҳамлет”),  Родриго (“Отелло”),  Ғофир (“Бой ила хизматчи”),  Йўлчи (“Қутлуғ қон”),  Ориф (“Имон”),  Келдиев (“Комиссия”), кино ва телефильмларда эса Олимжон (“Фарғона қизи”),  Соқи Соқиевич (“Нур борки, соя бор”),  Низомулмулк (“Навоий”),  кекса (“Гирдор”) каби турфа образларни яратган.

19 ИЮЛЬ

1834-1917 йиллар. Эдгар ДЕГА, француз рассоми, импрессионизм оқимининг атоқли намояндаларидан бири. “Балет томошаси”,  “Мисс Лала циркда”,  “Кир ювувчи аёллар”, “Дазмол босувчилар”, “Ёш спарталиклар”,  “Балет юлдузи”,  “Дам олаётган икки раққоса” каби картиналари машҳур.

20 ИЮЛЬ

1917-1975 йиллар.  Комилжон ОТАНИЁЗОВ, буюк ўзбек хонандаси, созанда, бастакор, Ўзбекистон халқ артисти (1949),  Туркманистон халқ артисти (1961), Қорақалпоғистон халқ артисти (1968), “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби (2000).  Санъаткор ўз ижоди билан ўзбек қўшиқчилик санъатида мактаб яратди ва кўплаб истеъдодли шогирдларни етиштирди. “Доғман”,  “Ўйнар”,  “Ўлтурғуси”,  “Айрилмасун нигориндан”,  “Раънони кўрдим”,  “Салом сенга Хоразмдан”,  “Азиз Ватаним”,  “Ўзбекистон”,  “Хоразм”, “Салом ҳинд халқига” каби машҳур қўшиқлари санъатсевар халқимиз қалбини забт этган. Бу йил улуғ санъаткор таваллудининг 100 йиллиги бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди.

21 ИЮЛЬ

810-870 йиллар.  Имом Исмоил ал-БУХОРИЙ,  буюк ўзбек муҳаддиси, ҳадис илмининг султони. Аллома Ислом мамлакатларини кезиб 600 мингдан зиёд ҳадисни ёд олган ва шуларнинг 7397 тасини “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”) китобига киритган. Мазкур китоб ислом оламида Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Шунингдек, алломанинг  “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одоб дурдоналари”),  “Китоб асмоъ ус-саҳоба” (“Саҳобалар ҳаёти ҳақида китоб”),  “Ал-тарих ал-кабир” (“Буюк тарих”),  “Тарихи Бухоро” (“Бухоро тарихи”) ва бошқа асарлари машҳур.

25 ИЮЛЬ

1912-1990 йиллар. Манас ЛЕВИЕВ, ўзбек мусиқаси ривожига катта ҳисса қўшган атоқли композитор, Ўзбекистон халқ артисти (1972). Композитор асарлари ҳаётбахш, кўтаринки руҳ билан суғорилгани, самимияти ва ширадорлиги билан ажралиб туради. “Дилистоним, сен менинг”,  “Гўзал тонг”,  “Садои булбул” каби романслари,  “Ўрик гуллаганда”,  “Ўзбек қизи овози” сингари қўшиқлари,  “Олтин кўл” (Уйғун), “Тошболта ошиқ” (Ҳ.Ғулом) мусиқали драмалари ҳамда “Маҳаллада дув-дув гап”,  “Ўткан кунлар” фильмларига ёзган мусиқалари халқимиз маънавий меросига айланган.

30 ИЮЛЬ

1511-1574 йиллар. Жоржо ВАЗАРИ, улуғ итальян мусаввири, архитектор, ёзувчи. Унинг “Машҳур рассом, ҳайкалтарош ва меъморлар таржимаи ҳоли” асари тасвирий санъат тарихи ва назариясида муҳим ўрин тутади. “Персей ва Андромеда”,  “Исонинг дафн этилиши”,  “Палатцо Векко деворига ишланган суратлар”,  “Уффици меъморий ансамбли” ва бошқа асарлари санъат ихлосмандларини ҳамон ҳайратга солмоқда.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ
тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/06/%d1%83%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d1%88%d1%83-%d0%be%d0%b9%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd%d0%bb%d0%b0%d1%80-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x