Тўғри овқатланинг, узоқ умр кўринг

Киши кексайгани сайин ҳазм аъзоларининг таомларни қайта ишлаш (гидролизлаш ёки ферментлар ёрдамида парчалаш) ҳамда сўриш қобилияти пасайиб боради. Организмнинг оқсилларга бўлган эҳтиёжини қондиришда қийин ҳазм бўладиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, нўхат, ловия, мош ўрнига балиқ ва сут, қатиқ, сметана, пишлоқ каби бир мунча осон ҳазм бўладиган маҳсулотларни истеъмол қилган маъқул. Боз устига балиқ ва сут маҳсулотларидаги ёғ ҳам унчалик хавфли эмас.

Кексаларнинг ҳар хил консервалар билан таомланишини иложи борича камайтириш мақсадга мувофиқ. Чунки маҳсулотларни (балиқ, гўшт, полиз ва сабзавот, мева-чевалар ва бошқалар) консерваланган ҳолига ўтказиш кўпинча кислотали муҳитда (ph кўрсатгичи 7 дан паст бўлганда) амалга оширилади. Бундай овқатларни сурункали истеъмол қилиш эса охир-оқибат қон реакциясини кислотали томонга буради. Бу ҳол кекса кишиларда қатор нохуш ҳолатлар (қон қуюқлашиши, қон шаклли элементларининг бир –бирига ёпишиб капилляр қон томирларидан қийин оқиб ўтиши ва бошқалар)га олиб келади. Бордию консервалар билан таомланишга тўғри келганда улар кўкатлар (кўк пиёз, шивит, кашнич ва бошқалар) билан истеъмол қилинса айтилган кислотали муҳитнинг зарари камайтирилади.

Организмнинг барча озиқ моддаларга бўлган талабини қондириш учун кундалик таомларнинг хилма-хил бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Масалан доим бир хил нон ейишдан кўра арпа, маккажўхори, тариқ, сўли қўшиб тегирмондан ўтказилган ундан тайёрланган нон истеъмол қилиш организм учун макро- ва микро элементлар билан таъминланишда анча фойдали. Худди шунингдек турли-туман кўкатлардан, сабзавот ва полиз маҳсулотларидан салатлар тайёрлаб истеъмол қилишда уларнинг барги ва поясидан ҳам фойдаланиш (масалан, сабзи, лавлаги ва бошқалар) аҳамиятли. Лавлаги баргларида инсон учун керакли маданли моддалар, витаминлар унинг поясига нисбатан кўп бўлади.

Ҳар куни истеъмол қилинадиган мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг умумий миқдори 800-900 г етказилиши кекса ва қариялар овқатланишининг рационаллашган бўлишида муҳим ўрин тутади. Ушбу маҳсулотларга бўлган кунлик талаб ўртача 500-600 г қилиб белгиланган бўлсада организмнинг кексая бориши билан кўп ҳолларда витаминлар, минерал ва бошқа биологик фаол моддаларнинг ошқозон-ичакларда кам сўрилиши мева-чева, полиз ва сабзавотлар миқдорини қайд қилинган миқдоргача кўпайтиришни тақоза қилади.

Айтиш жоизки, ёз ва куз фаслларида айтилган маҳсулотлардан кунига кераклигидан кўпроқ ҳам истеъмол қилинади (тарвуз, қовун, узум, олма ва бошқалар). Лекин айтиб ўтилган кўрсатгичга йил давомида эришиш керак. Айниқса қиш ва баҳор фаслларида қатор объектив ва субъектив сабабларга кўра ушбу маҳсулотлар миқдори кескин камайиб кетади. Бунга йўл қўймаслик учун ошқовоқ, карам, сабзи, шолғом заҳира қилиш улардан кундалик овқатланишда кенг кўламда фойдаланиш лозим.

Пала–партиш, шоша-пиша тўғри келган пайтда таомланавериш кекса ва қарияларда ҳазм аъзолари фаолиятига салбий таъсир қилади. Гап шундаки ошқозонга тушган овқат тўлиқ ичакларга ўтиб, яна овқатланиш иштиёқи пайдо бўлганида таомланиш керак. Акс ҳолда, ошқозонда овқат борлигида ёки таомланишга иштаҳа бўлмаси туриб овқатланилса ҳазм аъзоларининг одатдаги фаолияти бузилади (ҳазм қилувчи ширалар тегишли таркиб ва миқдорда ажралмайди ва бошқалар).

Доимо белгиланган муддатда (нонушта, тушлик, кечки овқат) овқатланиш вақтга нисбатан шартли рефлекс ҳосил қилади ва шу пайтга келиб овқат қабул қилинмасада ҳазм ширалари ажралиши бошланади. Овқатни сузиш учун қилинган ҳаракатлар, товушлар (қошиқ, товоқ, чўмич, шовқини) бу жараённи кучайтиради ва ейилган овқат бенуқсон яхши ҳазм бўлади. Бу борада буюк Абу Али ибн Синонинг “Вужуд учун энг зарарли нарса меъдада овқат етилмасдан ва ҳазм бўлмасдан туриб яна овқатланишдир”, деганларида катта ҳикмат бор.

Ҳар бир кекса ва қария сиҳат-саломатлиги, узоқ умр кўришини таъминлаши учун ёшлик даврида таомланишга нисбатан бўлган айрим одат ва ўрганишларидан (шоша-пиша, вақти-бевақт тўғри келган таомларни оз-кўп истеъмол қилиш ва бошқалар) воз кечиб таомлар таркибида сут, қатиқ, пишлоқ, балиқ, гўшт, кепаги олинмаган қора ёки жайдари нон, кўкатлар, мева-чева, резавор мевалар, полиз ва сабзавот маҳсулотлари, ўсимлик ёғларининг етарли бўлишига эришиши ва бир вақтнинг ўзида тухум, балиқ икраси, ширинликлар, оқ ун қўшиб тайёрланган пишириқлар, торт, аччиқ чой, қуюқ кофе каби озиқ моддаларни эса чекланган миқдорда истеъмол қилишга ўтиши керак.

Қўй, мол чарвиси, мияси, ёғли гўшт, дудланган ва тузланган балиқ, консерваларни ниҳоятда кам миқдорда истеъмол қилиш ёки бутунлай емаслик, юқори қувватли спиртли ичимликлардан тамоман воз кечиш лозим. Таомланиш тартибига (овқатланиш вақти, миқдори, суюқликлар истеъмол қилиш қоидалари ва бошқаларга) риоя қилиш ҳам кексалар ва қариялар таомланишининг рационал бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Шониёз ҚУРБОНОВ,
биология фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x