Сирларинг кўп, зилол сув…

Сув нима? Мазасиз, рангсиз, ҳидсиз суюқлик. Аслида шу суюқлик гавҳардек қиммат ва азиздир. Агар сув тоза ва мусаффо бўлса умрга умр қўшади. Бордию у ифлосланса, турли хасталиклар келиб чиқади. Биламизки, тирикликни сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўсимликлар,  ҳатто ҳайвонлар очликка узоқ вақт бардош беришлари мумкин, лекин сув ичмаса, бир ҳафтадан кўп яшай олмайди. Чунки организмдаги кўпгина физиологик функциялар (қон айланиши, нафас олиш, нерв ва эндокрин тизимлари иши, моддалар ва энергия алмашинуви) сувсиз бир неча кундан кейин ўз фаолиятини тўхтатади.

Абу Али ибн Сино “Сув тўрт унсурнинг бири бўлиб, ичга қабул қилинадиган бутун нарсаларга қўшилган бўлиши билан бошқа ҳамма унсурлардан ажралади; у озиқлантирмайди, балки овқатли моддаларни ўтказади ва уларнинг қуюқ-суюқлигини ҳазмга мослаштириб беради”, деб ёзган. Замонавий гастроэнтерология ҳам бу фикрни тасдиқлаб,  ҳар қандай озиқ модда сувда эриган ҳолдагина ҳазм йўлида тегишли ферментлар таъсирида гидролизланиб (парчаланиб), сўнг ичак деворларидан махсус ташувчи оқсиллар ёрдамида қон ва лимфага ўтказилишини баён этади.

ТОЗА БУЛОҚЛАР ҚАНИ?

Ибн Сино истеъмолга ярамайдиган сув касалликлар келтириб чиқариши мумкинлигини уқтириб, булоқ сувини энг яхши деб ҳисоблайди ва тоза тупроқли, қумли ердан оққан сув сифати яхши бўлишини айтади. Ер остидан чиқадиган шўр ёки денгиз ҳамда океан сувлари ва лойқа сувларнинг зарарли ҳислатларини Ибн Сино шундай тушунтиради: “Шўр сувга келсак, у олдин сўлитади [суюқликларни] шимади ва ўзидаги ҳайдовчи куч туфайли ични суради, кейин охирида ўз табиатидаги қуритиш билан ични боғлайди; ундай  [сув] қонни ҳам бузади, қичима ва қўтирни келтириб чиқаради. Лойқа сув тош ва тиқилмалар пайдо қилади”.

Ичимлик сувининг тоза ёки ҳар хил кераксиз моддалар билан қай даражада ифлосланганлигини аниқлашнинг энг осон ва ишонарли усули илк бор Ибн Сино томонидан таклиф этилган. Бунинг учун бир хил идишдаги сувларга алоҳида-алоҳида тоза пахта бўлаги ташланади. Кейин улардаги сув бир хил меъёрдаги куч таъсирида сиқиб ташланиб яна ўлчанади. Қайси идишдан олинган пахта оғирлашганлигига қараб айнан шу сув таркибида ёт моддалар кўплиги ва унинг иккинчисига нисбатан истеъмолга яроқсизлиги аниқланади.

Аллома сув истеъмол қилишда унинг ҳароратига эътибор қилишни ҳам алоҳида таъкидлаб шундай ёзади: “Мўътадил мижозли [одамлар] га энг ёқадиган сув совуқлиги ўртача ёки ташқаридан муз билан совитилган сувдир, айниқса муз ёмон бўлганида [уни сувнинг ичига солинмасин], муз яхши бўлса ҳам барибир чунки сувда эриган [муз] асабларга, нафас аъзоларига ва умуман ички аъзоларга зарар қилади. Бундай сув дарҳол зарар қилмаса ҳам вақт ўтиб  ёш улғайиши билан зарар қилади”.

Иссиқ кунларда музлатиб сув ичишга ружу қўйган ёш-яланглар билишлари зарурки, музли сув ва бошқа ҳарорати ноль атрофида бўлган ичимликлар меъда-ичак тизимидаги ҳазм жараёнларига салбий таъсир қилади, натижада меъда, меъда ости бези ва ингичка ичакларнинг шамоллаб қолишига ҳам олиб келади.

Ёз кунлари севиб истеъмол қилинадиган барча салқин ичимликлар таркибида шакар мўл бўлади. Шу боис улардан чанқоқни қондириш учун кун давомида 2-3 литр ичиб қўйилса қарийб 300 г шакар истеъмол қилинади. Бу эса қон, жигар ва мушакларда шакар ҳамда  гликоген миқдорининг ошиб кетишига сабабчи бўлади. Бунинг оқибатида углеводлар алмашинуви издан чиқиб танада ошиқча ёғ тўпланиши мумкин.

Қайнатиб ичилиши шарт

Ҳар қандай истеъмолга яроқсиз сув қайнатиб ичилса зарари камаяди. Қайнатилмасдан ичиладиган сувлардан истеъмолда фойдаланишнинг ўта хавфлилиги азалдан бот-бот эслатиб келинади. Ҳозирги пайтда экологик номутаносибликлар боис табиий манбалардаги сув таркибида касаллик қўзғатувчи  микроблар, бактериялар кўп бўлади. Шуни инобатга олиб, ичимлик сувини фақат қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш организмни турли касалликлардан ҳимоя қилувчи содда ва самарали усул эканлигини англаш қийин эмас.

Ичимлик сувлари таркибида айрим саноат корхоналари чиқиндилари ва  зовурларда оқадиган заҳ сувларининг тўғридан-тўғри кўл ва дарёларга оқизилиши сабабли баъзи бир элементларнинг (темир, марганец бирикмалари, сульфитлар, фторидлар, калций, магний тузлари ва бошқалар) миқдори кўпайиб саломатлик учун катта хавф туғдирмоқда. Метал қувурларининг вақт ўтиб занглаб қолиши ҳам ичимлик сувини яроқсиз ҳолга келтиради.

Темир ва унинг гидрокарбонатлари, сулфатлар, хлоридлар ҳамда органик комплексли бирикмаларнинг ичимлик сувида кўпайиб кетиши унга қизил-сарғиш ранг беради, таъмини ёмонлаштиради, айрим бактериялар кўпайиб чўкма ҳосил қилади. Уни ванналар, сув сақланадиган идишлар ва ошхона жиҳозларида кўриш мумкин. Бу ҳақда ҳам Ибн Сино жуда керакли фикрлар билдириб ўтган: “Қўрғошин [қувурлардан] ўтувчи сув энг ёмон ҳисобланади, чунки у [қўрғошин] қувватини ўзига олиб, кўпинча ичак яраларини келтириб чиқаради”.

Ҳаёт берар тўқималарга…

Атроф-муҳитга эътибор берилса, нафақат одам, балки, ҳайвонлар ва хатто ўсимликлар ҳам вақт ўтиб бориши билан танасидаги сувини йўқотиб сўлий бошлайди. Энди узилганида бодринг, қовун, тарвуз, узум, олма, анор ва бошқа мева-чевалар дастлаб уринмаган ҳолда  диркиллаб турса бора-бора суви қочиб сўлий бошлайди.

Ҳозирги замон физиологияси ва биокимёсида шу нарса аниқ бўлдики, ҳар бир тирик ҳужайра унинг ҳаёти давомида бўлиб турадиган моддалар алмашинуви натижасида бир қатор чиқиндилар ҳосил қилади. Улар ўз вақтида ҳосил бўлган жойидан чиқариб юборилса ҳужайралар бемалол ишлайверади, тўлиқ ажралиб кетмаса тўқималарнинг яшаш шароити ёмонлашади, бориб-бориб заҳарланиш содир бўлади, аъзо, тизим ва бир бутун организмнинг фаолият кўрсатиши қийинлашади. Унутмангки, кераксиз моддаларнинг чиқиб кетиши ҳам организмда сув етарли бўлгандагина тўлиқ амалга оширилади.

Биолог ва тиббиётчи олимларнинг таъкидлашича сув истеъмол қилиш қонун-қоидаларига тўлиқ амал қилинса кўплаб касалликлар, масалан инфаркт, инсулт, артериал гипертония, саратон, атеросклероз ҳамда бўғимлар, буйрак, ошқозон-ичак хасталиклари анча камаяр экан. Организмга сув етарли миқдорда қабул қилиб турилса, барча аъзо-тизимлар ўзаро уйғунлашган ҳолда бенуқсон ишлайди. Ҳар ким етарли миқдорда тоза сув ичиши лозим. Чой, қаҳва, шарбатлар, пиво ва бошқа суюқликлар сув ўрнини босиши қийин, чунки уларнинг аксарият қисми сийдик ҳайдовчи моддаларга бой бўлиб, улар ичилганидан кейин пешоб ажралишини кучайтиради ва оқибатда тананинг яна сувсизланиши юзага келади.

Ўртача бир сутка давомида 2 литр тоза сув ичилса организмнинг ушбу суюқликка эҳтиёжи қонади. Албатта ҳаво ҳарорати юқори бўлган ёз кунлари бу миқдор анчагина кўпайтирилади, чунки бундай пайтлари тананинг ошиқча қизиб кетмаслиги учун унинг юзасидан доимий ҳолда сув буғланиб туриши керак, бу ҳолат эса ўз ўрнида қўшимча сув сарфланишига олиб келади.

Аввал кислород, кейин сув!

Артериал гипертониянинг олдини олиш олиш учун қабул қилинадиган дори-дармонларнинг аксарият қисми сийдик ҳайдовчилардир. Шу боис қон босимининг кўтарилишига қарши қўлланиладиган дорилар танани сувсизлантириб бошқа хасталиклар учун йўл очиб беради. Агар танадаги умумий сув миқдори 1-3 фоизга камайса одам анчагина чанқоқлик сезади. Бу кўрсаткич 7-8 фоизга чиқса қисқа муддатли ҳушдан кетиш содир бўлиши мумкин. Йўқотилган сув миқдори 10 фоизга етса галлюцинация (айни вақтда йўқ нарсаларни бордек идрок қилиш) ҳолати кузатилади.

Кексаларда сувсизланиш анча хавфли бўлиб, улар  бор-йўғи 36 соатдан кейин сув қабул қилмаса қайтарилмайдиган ноҳуш холатлар пайдо бўлади.  Асосий сабаб бундай ҳолда қон қуюқлашиб капилляр томирлардан унинг ўтиши жуда қийинлашади, қон босими ошиб кетади. Сувсизланиш туфайли капиллярлардан қон оқиши ёмонлашиб бош мияга зарарли моддалар ўтиб кетади. Оқибатда склероз, Паркинсон, Альцгеймер касалликлари ривожланиши учун шароит яратилади.

Аввал кислород, кейин эса сув! Айниқса мия фаолияти учун сув кислороддан кейинги иккинчи энг муҳим модда ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мия таркибида 85 фоизгача сув бўлиши бежиз эмас. Сувсизлик иммун тизимининг кучсизланишига, овқат ҳазм бўлиш жараёнларининг барча босқичларини бузиб юборади. Хусусан, депрессия, сурункали чарчаш, организмдаги бошқа функционал ва патологик функцияларнинг бузилиши организм сувсизланганда анча кучаяди. Шунинг учун организмнинг сувсизланишига йўл қўймаслик муҳим физиологик чора ҳисобланади.

Ҳар хил  ўсимлик маҳсулотлари билан қабул қилинадиган сув оддий ичимлик сувидан шуниси билан фарқ қиладики, у тирик ҳужайра таркибидан бевосита ажратиб (янчиб, сиқиб, эзиб ва бошқа йўллар билан) олинади. Бундай сув таркибидаги витаминлар ва бошқа  биологик фаол моддалар миқдори ва уларнинг бир-бирига нисбати айнан тирик ҳужайра учун кераклигича нисбатда бўлади. Ота боболаримиз иссиқ ёз кунлари нордонроқ мева-чевалардан (масалан ширин бўлмаган узум ва бошқалар)ни тез-тез еб туришни тавсия қилишгани бежиз эмас. Чунки, бундай пайтлари танадан кўп миқдорда ажралган тер билан анча-мунча  тузлар (ош тузи ва бошқалар) чиқиб кетади.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор.

Гулноза ҚУРБОНОВА, педагог,

Қарши давлат университети.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x