Қаҳрамоннинг руҳий туғёни

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбековнинг “Севгим, севгилим”, “Уруш фарзанди” сингари асарларида маънавий азоблардан юрак-бағри аламга тўлиб кетган инсонлар образи тасвирланади. Бундай характерлар инсонни чуқур, нозик англамоқни тақозо этади. Одамни билмоқ оламни англамоқдир. Шу маънода Ўлмас Умарбеков турли бадиий воситалардан моҳирона фойдалана оладиган катта ижодкор эди.

Адиб моҳир қиссанавис сифатида ҳам китобхонлар орасида кенг танилган. Унинг ўндан ортиқ қиссалари замонавий, тарихий, ишқий-саргузашт ва ҳарбий мавзуларда ёзилган. “Кимнинг ташвиши йўқ”, “Уруш фарзанди”, “Севгим, севгилим”, “Ёз ёмғири”, “Чўли ироқ” каби қиссалари шакл ва мазмунига кўра эътиборлидир. Хусусан, унинг “Севгим, севгилим” қиссаси ўтган аср олтмишинчи йиллар адабий танқидчилигида жуда кўп баҳсларга сабаб бўлган. Бунинг боиси, қиссада тасвирланган воқеа ва тақдирларнинг фожиавийлигида эди. Бу давргача ёзилган замонавий қисса, ҳатто романларда воқеа ва характерлар тасвири, уларнинг ечими ўзгача кечган. Яъни, асарда тасвирланган воқеа ва қаҳрамонлар тақдири ҳар қанча фожиавий ҳолатда бўлмасин, охир оқибатда, катта мағлубиятлар, қийинчиликлардан сўнг “бахтли” келажак “инъом” этиларди. “Севгим, севгилим”да эса ана шу “қоида” бузилиб, ўзгача тасвир усули қўлланди.

“Севгим, севгилим” қиссаси муҳаббат мавзуида битилган энг яхши асарлар жумласига киради. Муҳаббат, шафқат, меҳрибонлик, саховат, эътиқод, дин, одоб-аҳлоқ, иззат-икром, тавозе, мурувват, жасорат, ғайрат-шижоат, бағрикенглик, хилм ва нафсни ўлдириш – ҳаммаси одам боласининг зийнати, кўнгил безаги, бойлиги. Айтиш мумкинки, саналган хислат-фазилатларнинг барчаси ўз зиддига эга. Масалан, қайдаки муҳаббат бор экан, ўша жойда нафрат ҳам мавжуд. Қолаверса, биз кўпинча муҳаббат деб ўйлайдиган туйғу оний, ўткинчи, нафсоний-ҳирсий бўлиши мумкин. Чин муҳаббатсиз тирикликни тасаввур этиш қийин. Муҳаббат бўлмаса, инсонга мол-дунё, обрў-эътибор татимайди. Ёш ўтиб муҳаббат ўлади, ўрнига иззат-икром келади, дейишади. Шундай бўлиши мумкинми? Муҳаббат ўрнини иззат-икром боса оладими? Йўқ! Муҳаббат замирида маънавият тургандагина, у ўлмасдир. Эътиқод замирида маънавият тургандагина, у олижанобдир. Саховат, меҳр-шафқат замирида маънавият тургандагина, улар одамийликнинг улуғвор фазилатларига айланади. Муҳаббат инсоннинг энг қудратли руҳоний, жисмоний дунёларини ҳар томонлама қамраб, чулғаб олгучи, ўзига бўйсундирувчи ҳиссиёт.

Ўлмас Умарбековнинг “Севгим, севгилим” қиссаси бош қаҳрамони Ўктам эндигина институтни битириб, ёш агроном сифатида узоқ қишлоқлардан бирига ишга юборилган. У ерда ўша жамоа раиси Усмон аканинг қизи Ойпопук билан танишиб, чин ишқ-муҳаббат изҳоридан маст бўлишади. Қисса қуйидаги самимий, ҳароратли сатрлар билан бошланади:

“Ёшлик эндигина қанот чиқарган учирма қушга ўхшайди. Ҳеч нарсадан тап тортмайди, ҳеч нарсадан чўчимайди. Бутун борлиқ унга янгича, сирли бўлиб туюлади. Ҳамма нарсани кўргиси, билгиси, ҳамма нарсада ўзидан қандайдир из қолдиргиси келади. Лекин бу изнинг қандай бўлишини, унга севинч бахш этадими, ё ғам келтирадими, тўғрироғи, билишни истамайди. Агар шу истак унда ҳамма нарсадан кучли бўлганда эди, ўзини бунчалик тутмасмиди?! Ким билади, балки мен хато қилаётгандирман. Ростини айтганда, бунинг ҳозир мендан бошқа ҳеч кимга аҳамияти йўқ. Бироқ мен ўзимни учирма қушдек ҳис қилиб, ўша пайтлар нотаниш жойларга кетиб қолганимдан сира афсусланмайман.”[1]

Ойпопукнинг отаси Усмон ака уруш қатнашчиси. Шу ёлғиз қизини деб уйланмаган. Усмон ака бошлиқ хўжалик эса унинг саъй-ҳаракати ва ташкилотчилиги туфайли бой-бадавлат жамоалар қаторига кўтарилган. Шундай бахтиёр ва фаровон онларда бахтсиз тасодиф рўй беради. Усмон ака билан дўсти Қосим ака ҳибсга олинади, сабабини ҳеч ким билмайди. Шунда Ўктам озгина эҳтиётсизликка йўл қўяди, бу эҳтиётсизлик унга жуда қимматга тушади.

Биргина эҳтиётсизлик билан айтилган гап икки севишганларнигина эмас, бутун икки оилани бахтсизликка бошлайди. Ойпопукнинг тақдири фожиавий тус олгач, ҳамма нарса барбод бўлади, орзу-армонлар пучга чиқади. Ўктам қанча афсус-надоматлар чекмасин, ҳаётини аввалги ҳолатга қайтара олмайди.

Оддий ҳаёт синовидан ўтолмаслик оқибатида ҳар икки ёш ўртасидаги ишонч йўқолади ва фожиа юз беради. Шунда Ўктам: “Инсон ишонч билан тирик. Унга ишониш керак. Агар инсонга ишонмаса, фалокат юз беради, афсуски, мен буни кейин тушундим. Мендақалар эса озми? Мен уларга ачинаман. Инсонга ишонаман, улар нима фойда кўришади? Нима орттиришади. Фақат ғам ва изтироб. Мен-чи? Мен ғам ва изтиробдан ташқари ёлғизлик орттирдим. Ғамим бир умрга етади, ёлғизлигим эса мен билан доим эш”, дейди. Бу хулоса, бу сабоқ фақат асар қаҳрамонининг севги ва унга садоқати ҳақидаги изтироблари эмас, балки ёзувчи олға сурган ғоянинг қаҳрамон руҳий туғёни орқали ифодаланиши ҳам эди. Айни чоғда шахсга сиғиниш даври фожиаларининг оддий қишлоқ аҳлига келтирган кулфати умумлашмаси дейиш ҳам мумкин. Қиссада ёзувчи одатдагидек тасвир йўналишидан чиқиб, фожиавий тақдирлар тасвири орқали севги, имон, садоқат, бурч, масъулият, одамийлик каби ноёб туйғуларни ҳар қандай ҳолатда омон сақлаб қолиш, парваришлашга даъват этади. Бу ҳаёт ҳақиқатига мос эди.

Ўлмас Умарбеков бир қатор ажойиб қиссаларида жанрнинг янги қирраларини кашф этади. Бунга “Ёз ёмғири” қиссасини мисол қилиб келтириш мумкин. Ўзбек адабиётида бу вақтда детектив жанр деярли шаклланмаган эди. Ўлмас Умарбековнинг “Ёз ёмғири” қиссаси сюжет тўқимасининг мураккаблиги, фавқулодда воқеаларнинг кескинлиги, саргузашт характери билан эътиборни ўзига тортади. Қисса қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

“Ёз ёмғири” қиссасидаги воқеалар трамвай ҳайдовчиси билан бир йўловчининг буталар орасида оёғи кўриниб ётган ўликни тасодифан кўриб қолишидан бошланади. Ана шу сирли жиноят сабабларини очиш, фожиа манбаларини ўрганиш ва уни китобхон муҳокамаси воситасида умумийлаштириш қиссадан ҳисса чиқаришга етаклайди. Ҳам асар жанрини, ҳам унда ёзувчи томонидан илгари сурилган маънавий-ахлоқий муаммолар ечимини топишга чорлайди. Қизиқарли сюжет ва деталлар асосида воқеалар ривожини очиб беради.

Асарда жиноят ишини очиш жараёнидаги изланишлар, милиция ходимлари ва изқуварлар олиб борган машаққатли қидирувлар жуда ишонарли ва қизиқарли қилиб тасвирланган. Асар сўнгида жиноятчиларнинг асл башаралари ўта моҳирлик билан очиб берилади.

Қисса қаҳрамонларининг руҳияти, уларнинг ички кечинмалари ёзувчи ниятини амалга ошириш учун хизмат қилади. Мунисхоннинг эри Раҳим Саидовнинг ўзи ҳам дастлаб хотинидан шубҳаланади: “Раҳим Саидов қўлига ўз авторучкасини олди. Нимадан бошлаш керак? У ўйланиб қолди. У ҳеч маҳал бундай ноқулай аҳволга тушиб қолишин хаёлига келтирмаган эди. Фалокат, мотам, алданиш… Наҳотки Мунисхон, севикли хотини уни ёш боладек ўйнатиб келган. Ўзининг ундан бўлак, фақат ўзи биладиган ўзга ҳаёти бўлган? Наҳотки, унинг ҳамма кулиб боқишлари, ишдан келганда югуриб бориб қучоғига отилишлари, ҳамма илиқ фақат севимли одамга айтадиган гаплари бўҳтон, кўзбўямачилик бўлса!?

Раҳим Саидовнинг хўрлиги келиб кетди, олдидаги оппоқ қоғозга “тақ” этиб ёш томчилади”.[2]

Бу сатрлар қаҳрамон руҳиятини очиб берувчи чизгилардир. Дарҳақиқат, асар қаҳрамонларидан бири Раҳим Саидов ўта мушкул аҳволда қолган. Унинг севимли ёстиқдоши, суянган тоғи, наҳот ўзга билан бўлган? Одамга, айниқса, эркак кишига бундан оғир кулфат йўқ, унинг ор-номуси бир пул энди. Аёлининг хиёнати эркак учун ўлим билан тенг. Бундай яшагандан кўра ўлгани минг марта яхши. Қиссада мана шундай инсон руҳияти билан боғлиқ тасвирлар лавҳалар, оғриқли ҳолатни очиб беришлар ниҳоятда таъсирчан чиққан. Бу парчаларни китобхон беэътибор ва лоқайд ўқий олмайди. Адиб, ҳатто Раҳим ич-ичидан куйиб-ёнаётганлигини унинг оппоқ қоғозга “тақ” этиб кўзёши томганини шундай жонли тасвирлаганки, буни ўқиган китобхон ларзага тушади. Ахир, эркак кишининг йиғлаши осон эмас.

Мана Раҳим Саидов руҳиятида кечган бўронлар тасвирланган яна бир лавҳа: “У нима дейишини билмади. Милиция идорасидан чиққандан бери у хотинига ачинмасди ҳам, ундан нафратланмасди ҳам. Лекин кўз олдидан капитан кўрсатган буюмлар кетмасди, қулоғи остида унинг гаплари жарангларди.

“Хотинингизни ҳамма танишларини билармидингиз? Ҳеч кимдан гумонингиз йўқми? Наҳотки, ҳеч нарса сезмагансиз?..

Қандай уят! Қандай даҳшат!.. Ҳеч кимга айтиб ҳам бўлмайди буни! Балки булар ҳаммаси тахминдир? Милиция масалани ҳар томонлама текширади. Яхшими, ёмонми ажратиб ўтирмайди. Улар ҳамма нарсани тахмин қилишга, ҳаммадан гумон қилишга мажбур. Бу ҳам шундай бўлса-чи? Капитаннинг саволларидан унинг ўзидан ҳам гумон қилишаётгани маълум бўлиб қолдику? Раҳим Саидов ўз хотинининг қотили. Тавба, ақл бовар қилмайди. Шундай экан, Мунисни ҳам ҳар нарсада гумон қилишлари мумкин. Лекин тақинчоқлар кимники?

Мунисни кўмиб келишган куни ҳамма таниш-билишлар анчагача ўтиришди. Ҳеч ким ҳеч нарса сўрагани йўқ. Уялишдимикин? Шундай қимматбаҳо нарсаларни сўрашга ким уяларди?”[3]

Раҳим Саидов ўзи сўраб-суриштиришларни бошлайди. Ательедаги ва сартарошхонадаги танишларидан Мунис ҳақида маълумот йиғишга киришади. Раҳим Саидовнинг бу ҳаракатлари оила обрўси, эркаклик шаъни учун курашнинг, ўзи севган аёлнинг ор-номуси учун курашнинг бир кўриниши эди.

“Капитан қанча ўйланмасин, бу саволга жавоб тополмади. Унинг тахминлари кўп эди. Биринчи тахмин – муҳаббат. Оллоёров Саидовани яхши кўриб қолади. Уни қўлга олишга ҳаракат қилади. Саидова кўнмайди, эри бор. Буни Оллоёров ҳам билади. Нима қилиш керак? Саидованинг молга ўчлигини пайқаган Оллоёров қимматбаҳо совғалар қила бошлайди. Афтидан, Саидова шунга кўникади, кейинчалик эса ўрганиб қолади. Нега эридан ажрамайди? Шундай қилиш осон эди. Эр-хотинни боғлайдиган болалар йўқ ўртада. Бунинг устига Оллоёров ёлғиз. Балки унга уйланишни Оллоёров истамагандир? Шундай яшаш унга қулай туюлгандир?

Капитан олдидаги қоғозга ниманидир ёзмоқчи бўлади, лекин унинг бўш ери қолмаган эди. Тортмасидан янги қоғоз олиб, битта белги қўйди. Диққат билан қараганда бу белги ўқ-ёй тешиб ўтган юракни эслатарди.

Иккинчи тахмин – Саидованинг ўзи. Оллёров билан ишқий алоқада бўлмаган. Саидова ундан қарзга мол ола бошлаган. Ниҳоят, қарз кўпайиб кетган. Оллоёров унга ишонмай қўйган. Фожиа шунда юз берган. Капитан яна бир белги қўйди. Бироздан сўнг унга савол қўйди.

Капитанни чуқур ўйлантириб қўйган учинчи бир тахмин ҳам бор эди. Улар ишқий муносабатда бўлишлари ҳам мумкин. Оллоёров ўзи шу нарсаларни совға қилган. Саидова олган. Лекин эвазига нима берган? Ўзиними? Наҳотки, у шунчалик қиммат турса? Оллоёровнинг атрофида чиройли аёллар кўп бўлган, ҳозир ҳам кўп. Нега у Саидовани танлайди? Пулга ўч одам бекордан-бекорга серхаражат бўлмайди.

Капитан қоғозга “ш” ҳарфидек учинчи белги қўйди-да, уни доирага олди…”. 3

Муаллиф шу тариқа асар қаҳрамонларининг ички дунёси, руҳий кечинмалари, ўйлари орқали воқеалар ривожи қандай кечаётганлиги ҳақида фикр юритади.

Қиссанинг “Ёз ёмғири” деб номланишида ҳам катта рамзий маъно бор. Зеро, ёзда ёққан ёмғир бехосият, зарарли бўлади. Экин-тикин, боғ-роғларга шира тушади, катта маънавий-иқтисодий зарар келтиради. Асарда эса жамиятда юз бериб турадиган ва бойлик, зебу зийнатга интилиш орқали турли фожиаларга мубтало бўладиган шахслар-тақдирлар кечмиши китобхон учун сабоқ тариқасида кўндаланг қўйилади.

Умуман олганда, Ўлмас Умарбеков асарларида тасвирланган ҳар бир қаҳрамон ўзгача бир олам. Фарзанди учун жонини фидо қилишга тайёр она, илк севги можароларини бошдан кечираётган ошиқ, ўқитувчи, савдогар ва яна бошқа ким бўлишидан қатъи назар, улар онгу шуурида, юриш-туришида Ўлмас Умарбеков қалами билан чизилган бошқача бир руҳ манаман деб кўзга ташланиб туради. Булар адибнинг қаҳрамонлар руҳиятини чуқур англаб, уларнинг сиймосини тўлақонли акс эттира олганлигини кўрсатувчи жонли манзаралар, инсон сувратларидир.

 

Резюме

 

Мақолада “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” Ўлмас Умарбековнинг қаҳрамон руҳиятини очишдаги ўзига хос услуби ҳақида сўз боради.

 

Тhe article sheds light on the peculiar style of the “Peaople’s writer of Uzbekistan” Olmas Umarbekov in depicting the spirit of the protagonist.

 

Данная статья посвящена анализу своеобразного стиля Народного писателя Узбекистана Ульмаса Умарбекова в раскрытии духовного мира главного героя.

 

Назокат СОТТИБОЕВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–5

 


[1] Ў.Умарбеков. Танланган  асарлар. Т., “Шарқ”, 2009, 5-бет.

[2] Ў. Умарбеков. Танланган асарлар. Т., 2009, 190-бет.

[3] Ў. Умарбеков. Танланган асарлар. Т., 2009, 197-бет.

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/qahramonning-ruhiy-tugyoni/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x