“Қаддингни баланд тут”

Ойнинг ўн беши қоронғу

«Умрини ошиқ ҳамиша
Ўтказур орзу билан».
Ойнинг ўн беши қоронғу,
Ўн беши ёғду билан.

Севгида кўксингга томган
Кўз ёшингдан фойда йўқ,
Ишқ ахир шундай оловки,
Ўчмагай у сув билан.

Заҳмати ишқ дард эрурса,
Заҳмати шеърдур даво,
Чунки оғунинг шифоси,
Дейдилар, оғу билан.

Барча заҳмат менга бўлсин,
Майли, доим мен яшай
Бу ажиб тотли азобу
Бу ширин қайғу билан.

Ёшлигим — умрим наҳори,
Ишқу шеърсиз не ҳаёт?
Тонгни ёлғиз ғафлат аҳли
Ўтказур уйқу билан.

Ёрни мен жоним деб айтсам,
Илтифот деб ўйлама,
У яшар менсиз ва лекин
Мен тирикман у билан.

1968

 

Гўзаллик

Мулки борлиқ ичра бир маҳал
Кўрксизгина олам яралган.
Бермоқ учун дунёга сайқал
Олам аро одам яралган.

Шундан бери инсон тинмайин
Шу ер узра тер тўкар ҳамон.
Ерни гўзал қилгани сайин
Гўзал бўлар ўзи ҳам инсон.

1962

 

Камтарлик ҳақида

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.

1956

 

Севги

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор.
Сен ҳақингда ёзиб тўрт сатр,
Сирдошига аста кўрсатиб,
Қўшни қизга бермаган ким бор.

Дастлаб ҳар ким қалам олган он
Ёниб сени куйлар бегумон.
Маскан қуриб ҳар бир кўнгилдан,
Ошиқларни қолдириб тилдан,
Шоирларни қилурсан бийрон.

Тушдим чоғи мен ҳам домингга,
Эзгу ҳислар бахш этдинг менга,
Ҳаётимга зар лавҳа бўлдинг,
Илк шеъримга сарлавҳа бўлдинг,
Хаёлларим улфатдир сенга.

Юрагимда ҳис этдим қанот,
Тилсим каби очилур ҳаёт.
Висолдаги дамларим ширин,
Ҳижрондаги ғамларим ширин,
Кулиб боқар менга коинот…

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор…

1959

 

* * *

Қуллуқ қил демасман.
Юрт тупроғин ўп,
Унга қуллар эмас, фидолар керак.
Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак.

Қаддингни баланд тут,
Бўлма сертаъзим,
Чўққи бўлолмасанг, маҳкам қоя бўл.
Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл.

1984

 

Бир томчи ёш

Чўққидан бир кичик тош юмаласа,
Тоғни қулатгудек сурон қилади.
Кўзингдан бир томчи ёш юмаласа,
Тоғдай юрагимни вайрон қилади.

Агар кўксим узра қуласа бирдан,
Тутмоққа қодирман тоғлар тошини.
Ҳайҳот, кўтаролмам киприкларингдан
Узилган бир қатра қайғу ёшини…

1964

 

Юлдуз

Сарлавҳасин топмай гоҳида
Шеърим узра қўяман юлдуз.
Посбон бўлсин шеърим бошида
Ўша юлдуз кечаю кундуз.

Зуҳро каби ярақлаб турсин
Тунлар ўзим юмганда кўзим.
Ҳеч сўнмасин, чарақлаб турсин,
Сўнганда ҳам менинг юлдузим.

1964

 

Эркин Воҳидов

 

uzas.uz

https://saviya.uz/ijod/nazm/qaddingni-baland-tut/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x