Нос чекиш — зарарли иллат

Нос чекадиган ўсмирлар оз бўлсада учраб туради. Айримлари кашандаликка одатланиб қолишган. Улар носнинг соғлиқ учун ўта зарарли эканини албатта билиб қўйишлари лозим. Чунки, нос қўлбола усулда тайёрланадиган заҳарли кимёвий аралашма бўлиб, таркибининг асосий қисмини туйилмаган тамаки ташкил этади.

Носда сўндирилган оҳак, кул, елим ва ўсимлик ёғи мавжуд. Ранг бериш учун тут ёки бошқа дарахтнинг баргини қуритиб, янчиб қўшилади. Ўсимлик ёғидан ташқари, носга қўшилган моддаларнинг ҳаммаси заҳарли таъсирга эга. Нос таркибидаги тамаки, оҳак ва кулнинг заҳарли моддалари сўлакка аралашгач, қизилўнгач орқали ошқозонга тушиб, шиллиқ пардасини яллиғлантиради. Натижада сурункали гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси касалликлари пайдо бўлади.

Тил остидан қонга сўрилган нос кукуни аввало бош мия, юрак, жигар, буйрак каби ҳаётий муҳим аъзоларни зарарлайди. Носдаги тамаки, оҳак ва кулнинг кўп йиллар давомидаги заҳарли таъсири натижасида чекувчилар баъзан оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва меъда саратони касаллигига дучор бўлишади.

Биринчи марта нос чекканда, таркибидаги заҳарли моддалар таъсирига нисбатан одам организмида ҳимоя реакцияси пайдо бўлади. Чекувчининг кўнгли айнийди, қусади, боши айланади, юрак уриши тезлашади, совуқ тер босади, маст одамдек гандираклайди. Бундай ёқимсиз ҳолат туфайли кўпчилик ўсмирлар нос чекиш одатидан воз кечадилар.

Айрим ўсмирлар носга ўрганиб қоладилар. Натижада аста-секин носнинг заҳарли таъсирига нисбатан организмнинг ҳимоя реакцияси сусайиб, кўнгил айниши, қусиш, бош айланиши каби ноҳуш белгилар йўқолади. Шундан сўнг одам ҳар гал нос чекканда кайфияти кўтарилади, чеҳраси очилади, кўп гапиради, юзлари қизаради.

Ўсмир носни аввалига 1-2, кейинчалик 10-20 дақиқа тили остига ташлайди. Бошланишида кунига 1-2 марта, аста-секин 10-20 мартагача чекадиган бўлади. Оқибатда нос таркибидаги заҳарли моддалардан энг аввало, мия нерв ҳужайралари зарарланади. Шу туфайли кашанданинг кайфияти бузилади, айниқса, нос хумор қилган пайтларда сал нарсага жаҳли чиқади.

Чекувчиларда фикрлаш, ақлий меҳнат қобилияти, хотира ҳам ёмонлашади, ўқиган, кўрган, эшитган нарсалар эсда қолмайди, ўзлаштириш пасаяди. Ойлар, йиллар ўтиши билан руҳий бузилишларга жисмоний хасталик белгилари қўшилади. Кашанданинг юраги, ўпкаси, жигари, буйраклари зарарланиши туфайли ҳаракат қилганда нафаси қисади, юраги ўйнайди, артериал қон босими кўтарилади, томир уриши тезлашади, ранги оқаради, лаблари кўкаради. Жигар соҳасида (ўнг қовурға остида ҳам) оғриқ пайдо бўлади. Буйраклари касалланиши сабабли ўсмир эрталаб уйқудан турганда кўзларининг ости, кечқурун эса оёқлари шишади.

Кўп йиллар нос чекиш натижасида одам аста-секин ақлий ва жисмоний жиҳатдан заифлашади, иш қобилиятини йўқотади, вақтидан илгари кексаяди, ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шундай экан, нос чекишдек зарарли иллатдан юз ўгириш саломатлик сари қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.

Зайнаб ВАЛИЕВА,
мутахассис шифокор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x