Лев ТОЛСТОЙ (1828–1910) БИРИНЧИ БЎЗАГАР

ёхуд
Иблисча нима қилиб нон бурдасига
эришгани ҳақида

Драматик комедия

Ер ҳайдаётган чамаси 40-45 ёшли деҳқон ёмғир илинжида бот-бот осмонга кўз ташлаб қўярди. У пешин бўлиб қолганини хаёлидан ўтказди-да, отини абзалдан бўшататуриб уни эркалади:
– Чу-чу, жонивор, чиқақол, роса чарчадинг-а, бироз дамингни ол, кўм-кўк майсаларни мазза қилиб чимдиб е, – деди, кейин ўзича шивирлади, – мен эса охирги жўякни тортиб олай, сўнг тамадди қиларман.
Деҳқон юз-қўлини чайиб, салқин жойда бирпасгина мизғиб олишни дилига тугди, қудуқ томон кетатуриб, уйдан бироз суви қочганроқ бурда нонни ўзи билан олволганини ўйлаб севинди. Чунки шуни еб тўйса, уйга боришнинг ҳожати бўлмайди. Демак, Худонинг мадади билан кучга тўлиб, ерни барвақтроқ ҳайдаб тугатади. Бугунга режалаган иш битади.
Шу дам дала четида ўсиб турган қуюқ бута орқасидан сакраганча иблисча чиқиб, вайсай кетди:
– Ҳа, мунчалар бу мўмин, хокисор бўлмаса… Худони оғзидан қўймай эслагани-эслаган-а! Шошмай тур, деҳқон, ҳали сен тилингга шайтонни олишингни бир мажбурлай… – деди-ю, аста бориб деҳқоннинг нонини ўғирлаб, яна бута орқасига яширинди, нима содир бўлишини кузатди.
Деҳқон отини сиртмоқдан бўшатиб, ўтлоққа қўйиб юборди-да:
– Парвардигорим, марҳаматингни аяма, – деди шукроналик билан ва четроқда қолдирган камзулини олиб чўнтагига қўл солаётиб, егуликни бериб юборган хотинини дуо қилди. Лекин чўнтагидан нонни тополмай, бошқа чўнтакларини текширди. Нон йўқ эди. Ҳайрон бўлиб, у ёқ, бу ёқни титкилади. Тополмагач атрофга назар солди. Кун бўйи ҳеч бир зот кўринмаганлиги, агар қуш-пуш олган бўлса ноннинг увоқлари бўлиши кераклиги ҳақида ўйлади. Бирпас ажабланиб жойида туриб қолди. Деҳқоннинг аҳволини нонни тагига босиб олиб кузатаётган иблисча бута ортидан бошини кўтариб: “Ана, энди мени тилига олади-ёв!” дея қувонди. Завқланиб кетди. Аммо деҳқон пинагини ҳам бузмай: “Ҳа, майли, нима бўлса бўлди. Очликдан ўлмасман. Биронта очқаб зориққан олгандир-да. Розиман, еб тўйса ош бўлсин, саломат бўлсин…” деб тўшагини текислаб дуо ўқиди-да, ётиб зумда уйқуга кетди. Буни кўрган иблиснинг жазаваси тутди. Аламидан елка оша бир тупуриб, сўкинди:
– Вой, сен лаънати деҳқон-эй! Ғазабланиш ўрнига “майли, ош бўлсин!” дегани ортиқча… Йўқ, буни мен ўзим томон ағдаролмасман, – деганича бута орқасидан йиғлагудек бўлиб чиқди. У Бош шайтон ёнига нима деб боришини билмай ер тепинди. Ахир уни бошлиғи ҳар гал жаҳл билан сўкади, бошқа иблислардан ибрат ололмаётганини юзига солади. Ҳақиқатдан ҳам, бошқа иблислар савдогару муллаларни, тўралару бойваччаларни ўзларининг комларига тушира олишган. Бу эса шунча тиришса ҳам шу ишни эплай олмаётганидан фиғони ошиб кетди. Турган жойида жарга қулагандек ғойиб бўлди-ю, қўрқа-писа дўзахга йўл олди.
Манзилига етиб келганида, Бош шайтон тўрдаги тахтида, унинг пойи­да эса олдидаги супачасига ёзув-чизув анжомларини ёйиб хаттот котиб ўтирганини кўрди. Икки томонда соқчилар терилган. Ўнг тарафда турқи-ю сирти бир-биридан фарқли бешта иблисча, сўл томондаги эшик ёнида дарбон тик турарди. Битта пўрим турқли иблис Бош шайтоннинг қаршисида ҳисобот берарди:
– Уч йил мобайнида мен 263753 та одамни ўзимнинг йўлимга тушира олдим. Энди улар мутлақо менинг ихтиёримда.
Бош шайтоннинг мамнунлиги сезилди:
– Жуда яхши. Ўтавер, – деб буюрди унга.
Пўримсифат иблис ўнг томонга ўтиб сафга қўшилди. Бош шайтон хаттотга қаради:
– Толиқдим, – деди-да, савол ташлади, – Ҳали иш кўпми? Кимдан ҳисобот олинди, кимдан олинмади?
Котиб бармоқлари билан санаб, ўнг томонда турган иблисларга ишора қилди. Улар бирма-бир таъзим қилишди. Котиб ҳисоботларни ўқий бошлади:
– Боёнлар билан шуғулланган мана бу иблис 1836 тасини ўзига қаратиб олибди. Савдогарлар билан шуғулланган мана бу иблис эса 9643 тасини боплаб йўлдан урибди. Энди буниси руҳонийлардан 1517 тасини авраб олишга эришибди. Роҳибалар орасида тарғибот қилган бу иблис 112 тасини ўзига қаратиб қайтди. Мана бу иблис эса қози калонлардан 3423 тасини ўзининг йўлига солишга улгурибди. Хотин-халажлардан 263753 тасини ҳозирги иблис овлаб қайтибди. Яъни, жувонлардан 186315 та, қизлардан 17438 та. Одамларнинг фақат икки тоифасининг қалбларини ўзимизга қаратиб олишимиз қолди. Бу ҳалол, виждонли саркорлару, меҳнаткаш деҳқонлар. Улар билан шуғулланган иблисларни чақирайми?
Ҳисоботни диққат билан тинглаган Бош шайтон бош чайқади:
– Ишини эплай олмаган икки иблисни, демак, йўқ қилиш вақти келибди-да, – деб дарбонга қаради. – Қани, бу иккиси кирсин-чи!
Эшикдан бошини эгиб амалдорлару мансабдорлар орасида ташвиқот олиб борувчи иблис хахолаб, қўлларини ишқалаб кириб келди-да, Бош шайтоннинг қаршисида туриб ҳисобот бера кетди:
– Менинг ишларим зўрдан зўр, яъни михдек! Шундай ўлжага эришдимки, дунё яралганидан бери бундай муваффақиятни кўрмаган. Гап ҳисобда эмас, – у Бош шайтон гапини қизиқиб тинглаётганидан руҳланиб сўзида давом этди. – Уларнинг сони унчалик кўп эмаску-я, атиги 1350 та одам, аммо зўр йигитлар. Улар шундайки, ҳатто биз иблисларга дарс беришга қодир. Фирибгарлик, қаллобликлари билан бизлардек фитначи, айёр, шум мавжудотларни хижолатда қолдириб кетишлари ҳеч гап эмас. Уларга янги усулни ўргатдим.
– Хўш, қандай экан у усул? – қизиқди Бош шайтон.
– Зўр усул, – завқланиб гапира кетди иблисча. – Авваллари амалдорлару мансабдорлар қозиларга қарамликда одамларни алдаб-сулдаб тирикчилик қилар эдилар. Мен энди қозиларга боғланмай, мустақил иш юритиш усулини ўргатдим. Яъни, ким кўпроқ пул, маблағ берса, у ҳақми, ноҳақми, бундан қатъи назар, ўшанинг ишини бажариш кераклигини уқтирдим, йўлини кўрсатиб бердим. Энди улар ҳар бир ишни ноҳақлик, адолатсизликдан фойдаланиб айёрлик билан шундай амалга оширадиларки, тагига ҳеч бир зот етолмайди. Ҳатто биз, иблислар улардан дарс олишимизга имкон яратилади.
Бош шайтоннинг бу жавобдан ҳам мамнунлиги сезилди:
– Дуруст! Жойингга ўт… – деб дарбонга иккинчи иблисни олиб киришни буюрди.
Қўлида бурда нон тутган иблисча Бошлиқнинг қаршисига келди-да, унинг оёғига йиқилиб ҳиққилай бошлади:
– Энди бундай яшолмайман, мени бошқа ишга ўтказ…
– Қайси ишга?! – вағиллади Бошлиқ. – Нималар деб валдираяпсан? Тур, аниқроқ гапир. Ҳисобот бер-чи, шу ҳафта ичида нечта деҳқонни ўзингга қаратдинг?
Иблисча йиғлаб юборди, биронтасини ҳам аврай олмаганини айтди. Унинг жавобини эшитган Бош шайтон ҳайқириб юборди:
– Нима?! Қаерларда санғиб юрдинг, наҳот биронта ишни бажаролмадинг?
Иблисча дағ-дағ титраб жавоб қилди:
– Санғиганим йўқ. Куйиб-пишиб уриндим, – дея, бўлган воқеани сўзлаб, қўлидаги бурда нонни кўрсатди-да, надомат билан қўшиб қўйди. – Ҳамма деҳқонлар бир гўр. Барчасининг оғзида Худонинг номи, юраги эса меҳру эзгуликка тўла.
Бошлиқнинг кўзларида нафрат чақнади:
– Бундай хабару бўш қўл билан менга рўпара бўлишга қандай журъат қилдинг? Қаердаги бурда нонни важ қиляпсан? Устимдан куляпсанми? А?! Дўзахда текинхўр бўлиб яшамоқчимисан? Бошқа сафдошларинг югуриб-елиб ҳаракат қилмоқда. Улар 10000, 20000, ҳатто 200000 та ўлжа билан келишяпти. Сен эса бурда нонни менга пеш қиласан! Текинхўр! Шошмай тур, адабингни бермасамми?!
Иблисча зириллаганча унга ялина кетди:
– Мени қатл этма, бир оғизгина гапиришга рухсат бер! Бойвачча боёнлару савдогарлар, хотин-халажу қизлар, ҳаттоки диндор роҳибалар билан ишлаётганларга осон. Чунки бойвачча боёнларга сувсар телпагу қимматроқ мулк ваъда қилиниб кўрсатилса кифоя, шу ондаёқ худди оға-иниларга айланиб, барча истагингга кўнишади. Савдогарлар-ку пул, сармояни кўрди дегунча бўйнига арқон солингандек йўлингга тушади, қўяди. Хотин-халажга кийим-кечак, латта-путта, зебу зар ваъда қилинса кетингдан эргашмай қолмайди. Деҳқон аҳли эса батамом бошқа тоифадаги одамлар… Эрта тонгдан то кеч тунгача меҳнат қилиш билан овора. Эслагани, ҳамиша дилида туйгани Парвардигор! Қани, шундай шароитда уларнинг ёнига яқинлашиб кўр-чи! Булардан мени озод қил, азобланиб кетдим. Сенинг ғазабингга ҳам чидаш қийин…
– Алдама! – қичқирди Бош шайтон, – ялқовсан, дангасасан. Шерик­ларингни менга рўкач қилма! Улар хилма-хил найрангларнинг устаси. Айёрликни улардан ўрганолмадингми? Бурда нонни ўғирлашдан нарига ўтолмабсан, ҳайф сенга… Деҳқон зоти сенга қолса, умуман қўлимиздан чиқиб кетади-ку! – у қошини чимириб бироз ўйланди-да. – Майли, бу гал сенга имкон бераман. Яхшилаб миянгни ишлатиб, нима қилишнинг йўлини топ, – деди.
Иблисча кўзларини ғилтиллатиб Бошлиғига ялинди, ҳеч қандай йўл тополмаслигини, ғафлатга тушиб, энди азобга чидай олмаслигини айтган эди, Бошлиғининг баттар ғазабига учради. У иблисчани дарра билан савалашни буюрди. Соқчилар уни аямай ура кетишди, дод-войига, чинқиришларига парво қилмай калтаклашди. Бошлиқ эса жаҳл билан қаттиқроқ азоб беришни буюриб ўтирарди. Иблисча бирдан бор овозда бақириб юборди:
– Бўлди, бўлди, урманглар… Ўйлаб топдим… Топдим…
Бош шайтон соқчиларни тўхтатди:
– Хўш, нимани ўйлаб топдинг?
Иблисча рамақижон аҳволда базўр ўрнидан турди-да:
– Менга рухсат бер, деҳқонга хизматкор бўлиб ёлланай, лекин нима ишни ўйлаб топганимни ҳозир айтолмайман, – деди.
Бошлиқ унга синчковлик билан тикилди:
– Рухсат! Аммо ёдингда тут, агар уч йил мобайнида шу бурда нонга лойиқ бўлолмасанг, сенга энг олий жазони қўллайман, яъни илоҳий чўқинтириш сувига ташлашни буюраман.
Иблисча сесканиб тушди ва уч йил мобайнида деҳқонларни ўз йўлига солиб олишга ваъда берди. Уни ишонқирамай тинглар экан Бошлиқ уч йил ичида ўзи доим назоратига олишини айтиб, иш бошлаши кераклигини буюриб, чиқариб юборди.
Шундай қилиб, Иблисча одам турқига кириб олди. Ўзи билган ўша деҳқонга учраб, унга хизматкорликка ёлланди. Кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ўтарди. Меҳнати билан иблис хўжайини деҳқоннинг олқишига сазовор бўлиб, хизматкор номи билан ёнида юрди.
Бир куни буғдой ҳосили йиғилиб, хизматкор аравадан кураб бераётган донни деҳқон ўлчов қопига солиб, омборга олиб кириб тўкаркан, сўради:
– Неча чирпит бўлди?
Хизматкор эшикка чизилган белгига қараб:
– Йигирма олти чирпит, йигирма еттинчи чирпит ҳам сиғиб қолади, – деб қўшиб қўйди.
Деҳқон омбор тўлиб, энди барча ҳосил сиғмай қолишини кўриб, хизматкорга буғдойни ёйиб қўйишни буюрди-да, ўзи ўлчов қопни елкасига ташлаб кетди. Хизматкор хўжайини ҳали-бери келмаслигини билиб, бошидаги телпакчасини ечган эди, шохлари диккайиб кўринди. Кейин этигини ечиб оёқларига дам бераркан, туёқларига кўз ташлаб қўйди ва бориб остонага ўтириб ўйлай кетди. “Мана, учинчи йил ҳам поёнига етиб, ҳисоб-китоб қилиш вақти яқинлашяпти. Буғдойнинг кўплигидан эплаш қийинроққа ўхшайди. Энди деҳқонга ўйлаб қўйган ишимни ўргатишим шарт. Ана ўшанда Бош шайтон муғомбирликка уста эканлигимни кўриб қўяди. Бурда ноннинг ҳақини шунақа қилиб тўлаб қўядики ҳали…” Шу дамда бирдан ёнига яқинлашиб келаётган қўшнига кўзи тушди-ю, шоша-пиша телпагини кийиб, этигини оёқларига илди. Кириб келган қўшни деҳқонни сўради. Хизматкор хўжайини хирмонда буғдой ёяётгани, ҳосил эса омборга сиғмаётганини айтди. Қўшни ҳавас билан гапира кетди:
– Хўжайинингни омади бор экан. Ҳосил мўллигидан омборга сиғ­маяпти дейсанми? Биз, барча деҳқонлар, ҳайратдамиз. Кимдир унга бу ишларни роса ўргатяптимикин деб ҳам ўйлаяпмиз. Ўтган йилининг жазирама ёзида у ботқоқ ерларда экин-тикин қилиб, ҳосил йиғди. Қолган деҳқонларнинг буғдойи иссиқдан куйиб-қуриб нобуд бўлди. Бу йили эса ёғингарчиликда эккан уруғларимиз нишини кўрсатишга улгурмай ерда чириб кетди. Хўжайининг шунчалар билимдон, фаросатли эканки, буғдойини тоғда етиштирди-я?.. Яна ғарам-ғарам ҳосил олди. – У бир ҳовуч донни олди-да, бир-иккитасини тишлаб кўриб, ҳайратдан бош чайқади.
Шунинг устига қўлида қоп билан деҳқон уларнинг ёнига келди:
– Ийе, ҳамсоя, хуш келибсан, – деб сўрашди.
– Хизматкоринг билан у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб тургандик, – деди завқ билан қўшни. – Қандай қилиб сен бир йилда ўн йил ётволиб есанг ҳам тугамайдиган ҳосил оласан деб ҳайрон бўлаётганимиз, лол қолаётганимизни айтаётгандим.
Деҳқон хахолаб кулиб юборди-да, хизматкорига ишора қилди:
– Мана шу хизматкорим Потап бало экан. Ўтган йили ер ҳайдашга жўнатсам, у ботқоқликда жўяклар очиб, буғдой уруғларини ўша ерга сочиб қайтибди. Роса уришгандим ўшанда. Ҳали натижасини кўрасиз деб, мени тинчитишга уринди. Чиндан ҳам натижаси зўр чиқди. Ҳамма ерлар қурғоқчиликдан азият чекканида, мен мўл ҳосил олдим. Бу йили деҳқонлар кўп ёғингарчилик бўлгани учун далаларда ишлай олмадилар. Потап эса тоғни мўлжаллаб, ўша ерларга уруғ сочди. Мана, яна мўл ҳосил олдим… – кейин қўшиб қўйди, – бундай билим, фаросатга қандай эришгансан деб сўрасам, кўп юрт кезишга тўғри келган-да, хўжайин, деб жавоб қилди. Бор гап шу…
Қўшни уни ҳайратга тўлиб тинглади-да, бироз жим туриб:
– Қанийди, ҳаммамизга шундай маслаҳатлар берувчи вафодор хизматкор берса эди Парвардигор, – деди.
Хизматкор унинг Худони эслаганини эшитиб, дир-дир титраб кетди, кўзлари нафратдан чақнаб, ўзини чеккага олди. Қўшни яна ўйланиб турди, хижолат чекаётгани сезилди-ю, журъат қилиб каловланиб деҳқонга қаради:
– Хурсандман, дўстим, сенинг ёнингга бир илтимос билан келгандим, – деди.
– Айт, дўстим, қандай илтимос экан? – сўради деҳқон меҳрга тўлган нигоҳини ундан узмай.
Ҳамсоя бошини қуйи солиб:
– Ҳосилингдан нимчораккина бера оласанми, шуни сўрагани чиққан эдим. Бола-чақам егуликка қийналиб қолди, – деди-да, шу зумдаёқ шошиб қўшиб қўйди. – Қарзга… Янаги йилги ҳосилимдан албатта қайтараман…
– Вой, ҳамсоя, шу ҳам муаммо бўлдими? Нега ийманиб сўрайсан-а?! Дангал “бер” демайсанми-я?! Қанча керак бўлса ол, – хурсанд бўлди деҳқон ва қўшиб қўйди, – қарз-парз деган гапни оғзингга олма…
Хизматкор эгасининг биқинини туртди:
– Берма…
Деҳқон унга парво қилмади, қўшнисига юзланди:
– Олавер, истаганингча ол, дўстим, – деди очиқ кўнгил билан.
Қўшни қоп олгани уйига шошиб чиқиб кетди. Хизматкор четга ўгирилиб тўнғиллаб қолди: “Бу деҳқон аввалги феъл-атворидан қайтмади-қайтмади-ей. Кимга нима керак бўлса бераверади, бераверади. Яна “мен бировларга берсам, менга Яратган Эгам беради”, дегани ортиқча. Бундай гапларини эшитсам бор вужудим қақшаб кетади”. Қўшни қайтиб келди, деҳқон унинг қопини хурсанд бўлиб тўлдираётганини кўриб, хизматкор ўрнида тик тура олмади, ғаши келганидан чеккага ўтиб депсина бошлади. Деҳқон эса қилган яхшилигидан кўнгли тўлибми, кайфияти кўтарилиб, остонага жойлашиб олиб, хизматкорини чақирди:
– Сен нега ғижиняпсан? Нега муҳтож, яхши одамга сўраган нарсасини бериш керак эмас? Вақти келиб Парвардигор унга ҳам кароматини кўрсатар, насибасини, ризқини албатта икки қўллаб берар, – деди.
Хизматкорни яна титроқ босди:
– Беришга берасан, қайтариб ололмайсан-да… Қарз бериш – бу тоғ этагига сочиб ташлаш, қайтариб олмоқ эса тоғ чўққисига чирмашиб чиқишдек заҳмат. Қариялар шундай дейишади.
Деҳқон қовоғини уйди:
– Ҳеч қачон, ҳеч кимга донни қарзга бера кўрма. Мурувват, хайр-саховат билиб, қайтариб олмайдиган қилиб холисанлиллоҳ беришни одат қил. Уқдингми?! Бизда дон кўп, ҳеч қаерга сиғдира олмаяпмиз…
– Кўп бўлса нима қилибди? Бу сенинг бойлигинг, даромадинг, замирида бетиним меҳнатинг ётибди, – норозилик билдирди хизматкор.
Деҳқон унга тушунтиришга уринди:
– Янаги йилнинг ҳосилигача эмас, бизга ҳатто икки-уч йилга етадиган захира бор-а… Қаерга ва нимага ишлатамиз ҳаммасини? Зориққан, ночорларга бериш савоб-ку, ахир!
Хизматкорнинг овози титради:
– Қаерга бўларди, бу буғдой кетидан мен сенга шундай давлат, бойлик топиш йўлини ўргатайки, ўзинггина эмас, олам ҳайратга тушиши мумкин.
Деҳқон унга ҳайрон бўлиб қаради:
– Бу нима деганинг? Яна қандай иш қилмоқчисан?
Хизматкор кўзини айёрона қисиб гап бошлади:
– Бир ичимлик тайёрлайман. Бу шундай ичимликки, мадори қуриганга куч ато этади, қорни очганни тўйдиради, уйқусизликдан қийналадиганни ухлатади. Дилгир ҳолатга тушганнинг кайфиятини кўтариб, қувноқ қилиб қўяди. Журъати йўқроқ кишини жасур паҳлавонга айлантиради. Ана шундай ичимлик қилиш қўлимдан келади.
– Йўғ-э! Лоф ҳам эви билан-да! – деҳқон унга ишонқирамай қараб қўйди.
– Лоф деганинг нимаси? Ботқоқлигу тоғларда экин қиламиз деганимда ҳам менга худди ҳозиргидек ишонмагансан. Энди қойил қолиб ўтирибсан! Ичимлик тайёр бўлганида гапим қанчалар ҳақиқат эканлигини тушуниб етасан.
– Хўп, у айтганингни нимадан тайёрламоқчисан? – сўради деҳқон кулимсираб.
– Мана шу буғдойдан-да! – бидирлай кетди хизматкор, режаси амалга ошаётганини сезиб.
– Бу сен таклиф қилаётганинг мабодо гуноҳ иш эмасми? – деҳқоннинг гап оҳангида хавотир пайдо бўлди.
– Ана холос! – қийқириб юборди хизматкор. – Қанақа гуноҳ? Ахир бу одамларни қувонтириб хурсанд қиладиган оддий ичимлик-ку!
Деҳқон унга синчков қараш қилди:
– Сен, Потап, бундай ақл-заковатга қандай эришгансан? Оддийгина, нодонгина бировларнинг қўлида меҳнат қилиб юрадиган хизматкор бўлсанг. Мана, қўлимда икки йилдан ортиқ ишладинг, тинимсиз ишладинг, билдим, кўп нарсадан хабардорсан. Яна бир нарсага ҳайронман, шунчалар ишга, меҳнатга берилганингданми, шу пайтгача бирон марта на этигингни, на қалпоғингни ечганингни кўрдим. Ё вақтингни шунчалар тежайсанми? Ишбилармонлигингга қойил қоламан, кимлар ўргатган сенга?
– Э-э! Озмунча юртлар кездимми, озмунча ҳаётни кўрдимми, нимасини айтай? – кўзини олиб қочиб жавоб қилди хизматкор.
Деҳқон бирпас хаёл суриб ўтирди-да, ҳалиги гапга қайтди:
– Бу сен айтаётган ичимлик чиндан ҳам куч-қувват берадими?
– Ийе, кўрасан, унинг зўрлигига ҳали ўзинг тан берасан, – деди хизматкор завқи тошиб.
Деҳқон қизиқаётгани билинди:
– Буни нима қилиб амалга ошириш мумкин?
Хизматкор хўжайини унинг кирдикорини сезиб қолмаслиги учун ўзини бепарво кўрсатишга уринди:
– Оддий… Қийин жойи йўқ. Битта қозон, икки дона чўян мўри топилса бас. Иш юришди деявер.
Деҳқон яна савол берди:
– У ичимлигинг мазаликкинами ўзи?
– Бе! Мазасига гап йўқ! Бир марта татиб кўрсанг, умрбод унга боғланасан, қоласан.
Деҳқоннинг кўзлари ҳайратданми, қизиқаётганиданми олазарак бўлиб қолганини кўрган Потап қувонганидан ичига сиғмай сакрай бошлади. Унга аҳамият ҳам бермай, деҳқон қўшниникига қозон сўрагани чиқиб кетганида у севинганидан турган жойида шайтонлаб қолди.
Шундай қилиб, бир неча кун ўтгач, омборнинг ўртасига қозон ўрнатилди, атрофи шувалди, унга жумракли чўян мўрилар пайвандланиб ёпиштирилди. Хизматкор қозондаги суюқликни аралаштириш билан овора бўла туриб, нияти амалга ошаётганидан ўзида йўқ қувониб, сак­раб-сакраб, эшилиб ўйнарди. У жўмракдан сизилиб томчилаб оқаётган суюқликка жомча тутиб мириқиб ҳўплади-да, деҳқонга қаради:
– Ана, хўжайин, тайёр бўлибди, – деди мақтаниб.
Чўккалаб ўтириб унинг ишларини диққат билан назорат қилаётган деҳқон худди ажабланарли мўъжизанинг гувоҳи бўлгандек ҳайратга тушаркан:
– Бу қандай мосламаки, хамирдан сув, суюқлик оқизиб чиқарса-я?! Тағин тиниқ, тоза сув оляпсан бундан… – дерди.
– Бу сув эмас, – иршайди хизматкор. – Хўжайин, бу ўша, мен айтган ичимлик.
– Жуда тиниқ-ку, – хўжайиннинг ҳайрати ҳамон босилмас эди. – Мен бунинг ранги қизғиш ёки сарғиш бўлади деб ўйлагандим, – деди жомчага тикилиб.
– Сен буни бир ҳидлаб кўр, – дея, Потап жомчани деҳқоннинг бурнига тутди.
Деҳқон чўчиброқ уни ҳидлади-да, бир сесканди:
– Бўйи мунча ўткир бўлмаса бунинг! Татиб кўрай-чи, – деди-да, хизматкорининг қўлидан жомчани олиб, яна искади.
– Шошма-шошма, – тўхтатди уни хизматкор ва қўлидан жомчани олди-да, жўмракнинг оғзига тутиб, суюқликдан қўшди. Аста ҳўплаб тамшанди, кейин хўжайинига тутди, – ма, энди ич.
Деҳқон эҳтиёткорлик билан ичимликка тилини теккизиб кўрди, кичикроқ қултум қилди, аста ҳўплай бошлади ва бирдан жомчани кўтариб борини ичди-ю, хизматкорига жомчани тутаркан:
– Яна қуй-чи, камлигидан таъмини унчалик аниқлай олмадим, – деди кулимсираб.
Хизматкор қувончининг чеки йўқ эди. Ўзини тутолмай хахолаб кулишдан тўхтамасди:
– Ҳа, хўжайин, ёқдими? – дея жомчани тўлдирди.
Деҳқон ичди-да, ён-верига аланглаб, қийқириб юборди:
– Ажойиб нарса-ку бу, а?! Қани, хотинимни тез чақир бу ёққа, – деб бақира кетди. – Ҳой, Мария, шошил, тезроқ кел ёнимга!
Хотини: “Бунча бақирмасанг, нима бўлди?” деб ичкаридан югуриб келди. Деҳқон унга жомчани узатди:
– Ма, мана буни ичиб кўргин-а! Ахир бу биз кашф этган, ўзимиз яратган янгилик!
Аёл эрининг кўнглига қараб, истаб-истамай суюқликни ҳидлади-ю, бир сесканиб тушди ва қўрқа-писа сўради:
– Бирон кор-ҳол бўлмайдими?
Деҳқон ғазаб билан: “Ич!” деб бақирди. Эридан ҳеч қачон бундай муомалани кўрмаган хотин саросимага тушди, лекин унинг буйруғини бажариб, жомчани ичиб бўшатди ва бирдан: “Мунча яхши! Мунча мазали бу!” деб қийқириб юборди. Хизматкор унга ҳийлакорона кўз ташлади, ширакайф бўлиб қолган деҳқон эса завқланиб, мақтана кетди:
– Хўш, ёқдими? Бироз сабр қилгин, нима бўлишини сезасан, – дея Потапга ишора қилди, – бунинг айтишича, ичганинг бутун танангдан бор чарчоқни чиқариб юборармиш… Ёшларни қаритиб… Йўғ-эй! Қарияларни ёшартириб, куч берармиш! Мана, мен атиги икки жомча ичдиму, ҳамма суякларимга жон киргандай бўлди. Ҳали шошмай тур, иккаламиз ҳар куни бундан ичиб турсак, роса ёшариб кетамиз. Қани, ёнимга кел-чи, Машажоним, – деди хотинини бағрига босиб.
– Бор-эй, буни ичиб, қип-қизил жинни бўлдинг, – жеркиб берди аёл.
Деҳқон хотинининг гапига аҳамият бермай, валақлашдан тўхтамасди:
– Ҳа? Маза қилиб ичиб олдинг-ку! Потап иккимизни буғдойни исроф қиляпсизлар деб роса олиб бориб келгандинг-а? Гапир энди, ёқибдики ичяпсан…
Хотин эрига маккорона қараш қилди:
– Ёшартирар экану, ёқмайдими? Сен ҳам жуда қувноқ бўлиб қолдинг. Менга шу ёқяпти. Ўта меҳрибон бўлсанг ҳам жиддийлигинг менга унчалар ёқмасди. Ана, хушчақчақ бўлиш мумкин экан-ку! Қани, менга қўшил-чи… – деб қўшиқ айта бошлади.
Деҳқон хотинининг гапини тасдиқлади:
– Ана, ҳаммамиз ёшаряпмиз-эй!
Аёл бирдан куйлашдан тўхтади:
– Ҳой, эр, қайнонамни чақириш керак, охирги пайтда кўп нарсадан норози бўлиб, уришгани уришган. Ёшарса меҳрли бўлиб қолса қанийди, – деди.
Деҳқон анчагина маст бўлиб қолганди. У қизини имлади:
– Машенкам менинг, тезгина уйга кириб, онажонимни, ўзингнинг суюкли бувижонингни бу ерга етаклаб кел. Ҳадеб печкасида ётавермасин. Уни бир ёшартирворай, – деди-да, хотинига жомчани тутди. – Қани, яна биттадан кўтарайлик-чи!
Хизматкорнинг хурсандлиги ичига сиғмасди. Кетма-кет жомларни тўлдириб, маза қилиб тарқатарди. Деҳқон ичган сари тили ечилиб борар, вайсашдан тўхтамасди:
– Юқоридан бошлаб ёшартиряпти-ку бу, а? Тилимга таъсир қилди, энди эса қўлларимга оқиб боряпти, оёқларим ҳам жимирлаб ёшаряпти. Қара-я, хотин, ўзидан-ўзи рақсга тушишга шайланяпти, – деди-да, ўрнидан сапчиб туриб депсиниб-депсиниб рақсга туша кетди.
Эрининг ҳамиша камтар, сипо, камсуқум бўлиб яшаганига ўрганган аёл бироз ҳайрат оғушида турди-да, ўзи ҳам ширакайф бўлгани учун хизматкорни чақирди:
– Ҳай, Потапжон, бизнинг омилкоримиз, балалайкангни қўлга олиб бир чал-чи! – деб қийқирганича эрининг ёнига тушиб ўйнай кетди.
Хизматкор қувониб, унинг айтганини қилди, кейин негадир бирдан куй чалишдан тўхтади ва ҳамон ўйинга тушаётган эр-хотинга кулимсираб қаради-да, ўзича минғиллади:
– Сен, Бош шайтон, шошмай тургин-а… Бурда нон учун менга ҳали шундай ҳақ тўлайсанки! Мана, содда, ҳалол, паҳлавондек деҳқон қай аҳволга тушганини кўриб қўй…
Шу дамда деҳқоннинг ота-онаси келиб, фарзандларининг аҳволини кўриб, жойларида қотиб қолишди. Ота бирдан бор овозда бақирди:
– Нима бало, ҳаммангни жин урдими?! Одамлар меҳнат қилиш билан овора-ю, бу ерда не сабабдан ўйин-кулги бўляпти?
Чолнинг гапига парво қилмай, келини чапак чалиб, “Худонинг олдида қилдим мен гуноҳ, фақат Худонинг ўзи бегуноҳ…” деб қўшиқ айтишдан тинмасдан, даврада рақсга тушиб айланарди. Қари қайнона ҳам жаҳлини тия олмай, келинини уриша кетди:
– Вой, ярамас-эй! Уй йиғиштирилмаган, ҳамма ер бир аҳволу, бу эса бунда…
Деҳқон ўзини меҳрибон кўрсатиб, онасига жом тутди:
– Онажон, тинчланинг. Бизда бир нарса содир бўлди! Ажойиб нарса! Қариб қолганларни ёшартиряпмиз. Ишонмайсизми? Мана буни ичиб кўринг-а?..
– Ичгим келса қудуқ тўла сув, – ўғлини жеркиб берди кампир. Деҳқон тихирлик билан унга жомни ҳидлатишга уринганди, она: – Нима балонинг ҳиди келяпти, жин-пин аралаштирилдими бунга? – деб бурнини жийирди.
Ўғлининг ёнига келини қўшилиб, уни қистай бошлашди:
– Сиз буни битта ҳўплаб кўринг! Жуда ёқади… Ғаройиб дори бу, ахир. Сизга ёмон нарсани раво кўрмаймиз-ку…
Кампир жомдан кўзини узмай, бироз ўйланди-да, ичимликка тил теккизди. Бир сесканди ва болаларига ишонқирамай қаради:
– Ўлдириб қўймайдими?
Келин бидирлай кетди:
– Онажон, бу сизни ҳам соғлом қилади, ҳам куч беради, яна ёшартириб юборади.
Кампир иккиланаётгани сезилди, аммо келинининг гапи ростлигини туйдими, нима бўлса бўлар дегандек, шартта ичимликни нўш қилди. Аста атрофга кўз югуртирди. Ғалати ҳолга тушаётганини англади, юзига қон югурганини сезди ва бирдан: “Мунча ёқимли, тотли нарса экан бу!” деб қийқириб юборди-да, чоли томон ўгирилди:
– Қани, отаси, сиз ҳам ичиб кўринг, маза қиласиз, тирилиб кетгандек бўласиз.
Чол “йўқ” дегандек бош чайқади. Кампир хизматкорнинг мажбурлаши билан кетма-кет бир неча жомни бўшатди ва илжайиб ҳаммага бир-бир қараб қўйди:
– Барча томирларимни, оёқ-қўлимни, кўксимни, вужудимни қиздир­япти. Осмонларга парвоз қилдираётгандек мени! Бу қандай мўъжиза? Чиндан ҳам ёшараётгандекман, – деб ғулдиради қаҳ-қаҳ уриб ва сармастлигидан қийқира бошлади. – Эҳ, чолим шу пайтда ёнимдан қаерга кетди-я! Кўрганида ҳозир ёшлигим қайтиб, аввал қандай бўлганимни бир томоша қиларди! – кейин ўғли билан келинига танбеҳ берди. – Шунақа ҳам рақсга тушадими, нодонлар. Мана, ўйин бунақа бўлади, – деб сакрай кетди.
Бир чеккада буларга қараб ўтирган чол аста ўрнидан турди. Қозон ёнига бориб, жўмракни очиб юборди. Ичимлик шариллаб ерга тўкилиб ҳамма ёқни шилпиллатиб юборди. Деҳқон отасининг ёнига отилиб келиб бақирди:
– Нима қилиб қўйдингиз, бадкор?! Шундай бойликни яксон қилдингиз-а?! Алжираган чол! – деб, жўмракдан томчилаётган ичимликка жом тутиб, ҳиқиллади, – ҳаммасини тўкиб юборибди-ю, ярамас…

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Рус тилидан Нодира Рашидова таржимаси

2020/1

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x