Ишқ ювсин кўнглимнинг қирғоқларини

КЕЛДИМ

 

Келдим, чиқиб кутиб ол мени,

Камалакман тутиб ол мени,

Айрилиқдан сотиб ол мени,

Сени жуда соғиниб келдим!

 

Ҳижронингда қонлар ютдим, мен,

Денгизлардан сакраб ўтдим, мен,

Бахтдан кўпроқ сени кутдим, мен,

Дийдорингга сиғиниб келдим!

 

Дардимни ол, толиқтирди ғам,

Шамъ мисоли ёниқ турди ғам,

Менга бунча содиқ турди ғам,

Бир ўзингга юкиниб келдим!

 

Бахт топмадим сендан йироқда,

Жону кўнглим ёнди фироқда,

Эй қудратлим, қутқар қийноқдан,

Ёш боладек ўкиниб келдим!

 

Жим турмагил азобинг чексам,

Жим туриб ҳам кўзёшлар тўксам,

Ҳайрон бўлма пойингга чўксам,

Эски уйдай тўкилиб келдим!

 

Ишқ руҳимни бемакон қилди,

Битта эдим, бир жаҳон қилди,

Ҳижрон мени имтиҳон қилди,

Бу синовдан йиқилиб келдим!

 

Сени жуда соғиниб келдим!..

 

 

ҚАФАСДАГИ ҚУШ

 

Эй сен қафасига ўрганган қушим,

Ёлғиз қолганида ўртанган қушим.

 

Мен сенинг уйингни бузмасман ҳаргиз

Ва сендан кўнглимни узмасман ҳаргиз.

 

Сен ишқнинг овозин унутгандирсан

Ва руҳнинг парвозин унутгандирсан.

 

Эҳ, яшаб юрибсан ноламни билмай,

Қафасингдан бошқа оламни билмай.

 

Ҳушинг йўқ, кел, озод этайин десам,

Ҳаётингни обод этайин десам.

 

Полапонларингга жонинг тутасан,

Биламан, сен шундай яшаб ўтасан.

 

(Баъзида мен томон кетса хаёлинг,

Ёнингда хўрсиниб қўяр аёлинг.)

 

Иложсизим менинг, бечора қушим,

Ҳаммамиз тутқунмиз, начора қушим.

 

Ҳалқалар, занжирлар узилмас, билдим,

Бу олтин қафаслар бузилмас, билдим.

 

Начора, жонга – жон тўларсан қушим,

Шу олтин қафасда ўларсан, қушим.

 

 

ИШҚ ЎТИ

 

Тангрим оч руҳимнинг булоқларини,

Ишқ ювсин кўнглимнинг қирғоқларини,

Ҳис этай тафаккур тўлғоқларини,

Уйғонай!

 

Завқ олай муҳаббат қаҳридан,

Бол топай илонлар заҳридан,

Энг тоза туйғулар бағрида

Тўлғонай!

Қўл бериб малаклар, ҳурларга,

Дунёлар очмаган сирларга,

Ҳеч завол билмаган нурларга

Чўлғонай!

 

Қутқудан қонимни қутқарма,

Кўнглимни-хонимни қутқарма,

Бу ўтдан жонимни қутқарма,

Бир ёнай!

 

 

* * *

Вақтлар ўтди. Кетди қадрим ҳам,

Сен зор бўлиб келмассан энди.

Ўтган дамлар, о, ўтган дамлар,

Нақ жаннатнинг лаззати эди.

 

Келар эдинг соғиниб интиқ,

Келар эдинг қумсаб сочимни.

Айт, ким олиб қўйди билдирмай,

Бошимдаги олтин тожимни?

 

Ёзар эдим сенга мактублар,

Ёқар эдим жисму жонингни.

Уйғунлашиб гўзал қутблар

Тўлқинлатар эди қонимни.

 

Эй… севганлар кўпам суюнманг,

Севилганлар қувонманг ортиқ.

Билмайсизки, бугун ишқ берган

Эрта ғамни қилади тортиқ.

 

Керак эмас лаҳзалик висол,

Ҳеч керакмас ўтар севгилар.

Ошиқларнинг оний ҳислари

Юрагимга ёмон тегдилар.

 

Мен-ку, сен деб ўтдаман ҳамон,

Исминг айтиб жоним узилар.

Кеча кўриб кўзинг қувнарди,

Бугун кўриб кўнглинг бузилар.

 

Билдим, ишқдан алам қолгувси

Ва беомон ҳисларнинг қаҳри.

Ошиқларни ўлдирар азал,

Ўтган тотли кунларнинг заҳри.

 

 

МЎЪЖИЗА

 

Кўрдим,

оппоқ гулларнинг

қизил олчаларга айланганини…

 

 

ЭСЛАДИМ

 

Кўзларингга термулиб,

Кўзларимни эсладим.

Ишқингда сармаст юрган,

Кезларимни эсладим.

 

Адашсанг, гар адашган,

Чўққиларни талашган,

Изларингга эргашган,

Изларимни эсладим.

 

Ким маржон тизиб кетган,

Ким уни узиб кетган,

Оловдек қизиб кетган,

Юзларимни эсладим.

 

Севги олов, севги ўқ,

Вужудга текканда чўғ,

Боши йўқ, охири йўқ,

Сўзларимни эсладим.

 

Ким у кўнглимда юрган,

Руҳимда лола терган,

Ишқинг азоби берган,

Бўзларимни эсладим.

 

Бермам оҳорларимни,

Осмондек орларимни,

Ўтган баҳорларимни,

Кузларимни эсладим.

 

Кўзларингга термулиб,

Кўзларимни эсладим.

 

Гулжамол АСҚАРОВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–4

https://saviya.uz/ijod/nazm/ishq-yuvsin-konglimning-qirgoqlarini/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x