Болада бўй ўсиши секинлашса

Боланинг бўйи ўсиши ўз тенгқурлариникига нисбатан секинлашаётган ҳолларда ҳеч бир дори воситаларисиз уй шароитида унга ёрдам бериш ҳам мумкин. Хўш, бунинг учун нима қилиш зарур?

Биринчи ўринда – тўғри овқатланиш. Бола организми меъёрда ўсиб ривожланишида унга узун найсимон суяклар, мушаклар, тишлар, тери, тўқималар ва бошқа зарурий аъзолар учун  “қурилиш хомашёси” ҳисобланувчи аминокислоталар етарлича керак бўлади. Зарур аминокислоталарни фақат тўлақонли оқсилдан олиш мумкин. Шу сабабли, бола истеъмол қилаётган оқсилли овқатнинг 60 фоизини сут маҳсулотлари, тухум, балиқ, парранда гўшти, гўшт, хуллас ҳайвон маҳсулотлари ташкил этиши лозим. Ушбу маҳсулотлар ўта ёғли бўлмаслигига эътибор қаратинг, чунки ортиқча ёғ ўсиш гормони ишлаб чиқарилишини секинлаштиради.

Фастфуд, яримфабрикатлар, сосиска ва колбасаларни истеъмол қилиш  бола организмига унчалик фойда келтирмайди. Шунинг учун ҳам бундай маҳсулотларни чекланган миқдорда ейиш лозим.

Ўсимлик маҳсулотлари. Умумий овқат рационининг 40 фоизини ўсимлик маҳсулотлари ташкил этиши керак. Бунда бошоқлиларга эътибор қаратиш лозим. Дуккакли маҳсулотлар ҳам зарур, лекин улар кўпинча ҳазм билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

Ширинликлар ўрнида – мева ва сабзавотлар. Таркибида клетчаткаси йўқ ширинликлар ўсиш гормони ишлаб чиқарилишини секинлаштиради. Шу сабабли, бола организми учун конфетлардан кўра етилиб пишган мева-сабзавотларни ейиш фойдалироқ. Майдаланмаган бошоқлар (гречиха, тариқ, сули ва бошқалар) керакли миқдордаги ўсиш гормони (СТГ)ни ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

Витаминлар, минерал моддалар. Ўсиш учун биринчи навбатда болага  D витамини зарур. Шифокорлар бу витаминни ҳамма болаларга профилактик миқдорда (суткасига 10 микрограммдан) бериш лозим дея таъкидлашади. Чунки D витамини етишмаганда рахит касаллиги келиб чиқади.

Кальций ва йод. Кальций суякларнинг ҳажми ҳамда мустаҳкамлигини оширади. Йод эса қалқонсимон без гормонлари таркибига киради. Организмда йод етишмаганда қалқонсимон без гормонлари танқислиги сезилади. Шу сабабли, 6-10 ёшдаги болалар суткасига 800-1200 миллиграмм кальций ва 150 микрограмм йод қабул қилишлари лозим. Ўсмирларга эса кунига 1200-1500 миллиграмм кальций ва 200 микрограмм йод керак. Кальций сут маҳсулотлари, айниқса творогда кўп бўлади. Лекин бўйи яхши ўсмаётган бола кальцийга бой таомлар (масалан творог) истеъмол қилиш баробарида кальций препаратларини ҳам қабул қилгани маъқул.

Йодни керакли миқдорда олиш учун йодланган ош тузидан фойдаланишнинг ўзи камлик қилади. Қўшимча равишда йод препаратларини қабул қилиш лозим. Ана шундагина бола организм керакли миқдордаги йодни тўлақонли қабул қилиб олади.

Уйқу. Ўсиш гормонининг 70 фоизи соат кечки 10 дан то ярим тун, яъни 12 гача бўлган вақт оралиғида ва фақат чуқур уйқу вақтида ишлаб чиқарилади. Бу вақтда болалар ҳам, ўсмирлар ҳам қаттиқ уйқуга кетган бўлишлари лозим. Кечқурунлари смартфон, планшет ва компьютерлар экранига тикилиб ўтириш уйқу “чуқурлиги” ни камайтиради. Натижада СТГ гормони мўлжалдагидан камроқ ишлаб чиқарилади. 12-14 ёшгача бўлган болаларнинг тунги уйқуси 10 соатдан, ўсмирларники 8 соатдан кам бўлмаслиги лозим.

Спорт. Болага ёқадиган ва уни зўриқтирмайдиган ҳар қандай жисмоний фаоллик ўсишга ижобий таъсир этади. Одатда, сакраш ҳамда тепага ва олдинга чўзилиш ҳаракатларига бой спорт турлари (баскетбол, волейбол, сузиш, бадминтон, баландликка ва узунликка сакраш) бўй ўсишини рағбатлантиради деб ҳисобланади.

Оила муҳити. Бола соғлом ўсиши ва ривожланишида моддий омиллардан ташқари, оиладаги соғлом муҳит ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки, муаммолари кўп оилада одатда бола билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди, унинг нима еб, нима ичаётганига ҳеч ким қизиқмайди. Муаммоларини ечишда ҳам бола кимдан ёрдам сўрашни билмайди.

Ўсиш дастури ҳар бир одам учун индивидуал бўлиб, ўз хусусиятларга эга. Йигитлар 18-22 ёшгача, қизлар 15-19 ёшгача ўсадилар. 25 ёшдан сўнг баъзи эркакларнинг бўйи яна 2 сантиметргача узайиши мумкин. Умуман бўйнинг ёш катта бўлиб қолганидан сўнг ўсиши кўпроқ жинсий етилиши кечикаётганлар учун хос.

Анвар ОРАЛОВ,
олий тоифали эндокринолог шифокор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x