Анатолий ДОМБРОВСКИЙ (1934–2001) АФЛОТУН ВА АРАСТУ

 

Қисса[1]

 

Рус тилидан

Амир Файзулла ва

Маҳкам Маҳмуд

таржимаси

 

 

Милоддан аввалги 349-346 йилларда Мақдуния (Македония) подшоҳи Филипп II (Александр Мақдунийнинг отаси) Афина иттифоқи давлатларини бирин-кетин босиб ола бошлади. Ўша вақтда, хусусан, Перикл ва Суқрот, ҳайкалтарош Фидий даврида Афина ҳар соҳада қудратли давлат эди. Аммо Артаксеркс (Кайхусрав), Афросиёб даврида Эрон салтанати билан юз йилча давом этган қуруқлик ва денгиздаги жангларда Греция гоҳ енгилиб, гоҳ енгиб ҳолдан тойган эди. Мақдуния подшоҳи Филипп бундан усталик билан фойдаланди.

Ёш Арастунинг отаси, шифокор Никомах ҳали Греция ва Мақдуния уруши бошланмаган вақтларда Филиппнинг отаси Аминта саройида хизматда эди. Никомахнинг ўғли Арастунинг Афлотун академиясида буюк донишманд бўлиб етишаётганини билган Мақдуния подшоҳи Филипп II ўз ўғли Александрни унга шогирдликка берди. Арасту бу вақтда Мақдуния пойтахти Пеллада яшар эди.

Арасту шогирди Искандарни адолат ва ҳақиқат учун курашувчи, турли илм-фан ва санъатларни қадрловчи, мард ва олийжаноб подшоҳ бўлиши учун куч-ғайрат сарфлади. Филипп II суиқасдда ўлиб, Александр Мақдуния подшоҳи бўлганида Арасту Афинага қайтди ва устози Афлотун вафотидан сўнг Академияга 20 йил раҳбарлик қилди. Барча илм-фанларни саралаш, тавсифлаш, асосларини, қонуниятларини кашф этиш билан шуғулланди. Арасту Шарқда порлоқ ғалабаларга эришаётган Александр билан доимо хат ёзишиб турди, у мактубларида шогирдига олий инсоний идеалларга, олижаноблик, бағрикенглик, яхшилик, эзгуликка содиқ қолиш ҳақида маслаҳатлар берар эди. Арастунинг Александрга насиҳатлари чет элларда, шу қаторда Эронда ҳам нашр этилган. Аммо чексиз ҳокимият кўпинча инсонни олимликдан золимга айлантиради. Александр 5-6 йил аввал, Шарққа энди юриш бошлаётганида уни ўлимдан қутқариб қолган сафдоши саркарда Клитни, устози Арастунинг жияни, тарихнавис, воиз Каллисфенни ваҳшийларча қатл этади. Бундай воқеалардан сўнг бошқа саркардалар ҳам ҳадиксираб қолади. Охири яширин йўл билан эндигина 33 ёшга тўлган жаҳон фотиҳи Александрни Бобилда заҳарлаб ўлдирадилар. Қадимги тарихчилар бу заҳарни Арасту топиб, саркарда Антипатр орқали юборган деб ёзадилар. Аммо бу муаммо минг йиллар давомида турли баҳсларни келтириб чиқармоқда. Антик давр фалсафасини чуқур билувчи арастушунослардан А.Ф.Лосев ва А.А.Тахо-Годи “Аристотель” монографиясида Перикл, Суқрот, Афлотун замонида золим ҳукмдорларни, мустабидларни ўлдирганларни халқ миллий қаҳрамон даражасига кўтарганлигини эслатиб, Александр Мақдунийнинг бевақт ўлимида Арастунинг қўли ҳам бўлиши мумкинлигини айтади. Охир-оқибат буюк донишманд афиналикларнинг ҳам, Мақдуния босқинчиларининг ҳам тазйиқига учраб, қариган чоғида Афинадан бош олиб кетади.

Василий Ян каби ярим поляк, ярим рус адиби Анатолий Домбровский қадимги Греция тарихини, маданиятини, умумхалқ байрамларини, таълим тизимини, Афина Академияси ва Ликей фаолиятини чуқур ўрганиб, ҳозирги авлод ўқувчиларига бундан 2500 йил аввалги ҳаёт манзараларини жонлантириб, тасвирлаб беради. Ёзувчи Афлотунга нисбатан Арасту ноҳақ, такаббурона муносабатда бўлган деган қарашларни рад этади. У Арастунинг устози Афлотунга буюк иззат-ҳурматини, меҳрини, миннатдорлигини кўрсатади.

 

Таржимонлардан  

 

 

Биринчи боб

 

Арастунинг ёшлиги

 

Тақдирига кўра ёш Арасту Академияга еттинчи таргелионда[2] борган куни шогирдлар устозлари, донолар доноси, Афлотун лақабли Аристокл­нинг туғилган кунини, барча афиналиклар эса Дельфа Аполлони болалари бир вақтлар Гметт тоғи гулларидан тўплаган асал билан бола Аристоклнинг оғзини тўлдириб, шу тариқа уни ширин-шакар сухандонлик неъмати билан сарафроз этган кунни нишонламоқда.

Афлотуннинг ўзи Академияда йўқ эди.

– У яна Сиракузада, – деди Арастуга дарбон. – Айни вақтда мустабид Дионисий билан суҳбат қурмоқда. Афлотунни кўрмоқчи бўлсанг, Сицилияга йўл ол.

– Унда мени Афлотун ўрнига қолдирган одам ҳузурига олиб бор, – ўтинди Арасту. – Мен ажнабийман. Стагирадан келганман. Модомики, Афлотун йўқ экан, унинг шогирди қўлида ўқишга розиман.

– Сўзларингни Эвдоксга етказаман, сен эса кутиб тур, – деди бадқовоқ дарбон ва эшикни ёпиб, дарахтлар ортидан ҳовлининг тўридаги Афлотун уйининг деворлари оқариб турган томонга шошмай юриб кетди.

Арасту аввалига Мақдуния проксени[3] Никанорни қидириб топиши керак эди, албатта, ёнида опаси Аримнестадан мактуб бор эди.

– Никанорнинг уйи Ички Керамикада, Тимолитнинг емакхонаси ёнида, ўнг томонда жойлашган, – деган эди Аримнеста укасига хайрлаша туриб, – эсингдан чиқмасин, турар жой топишда у сенга ёрдам беради, пулларингни Афина пулларига алмаштиради.

Арасту опасини жонидан ортиқ яхши кўрарди. Энди эса уни эслаб, жилмайди. Кўп йиллар у Эвбеяда дафн этилган марҳум онасининг ўрнини билдирмади. Арасту Стагирадан Пирейга сузиб келган кема Эвбея соҳиллари ёқалаб сузиб борар экан, у онасини ўйлаб, йиғлаб юборди. Ўшанда бу кўз ёшлари фақат онасининг қабри билан эмас, балки ватани, ёшлиги – бутун ўтган ҳаёти-ю, уни тўлдириб турган ҳамма нарса билан видолашув ёшлари экани унинг хаёлига келувди.

Аримнеста унга ҳамроҳликка педагог[4] Нелейни ва ошпаз Тиманфни тайин қилиб берганди. Педагогга ўз хожасини бир зум ҳам ёлғиз қолдирмасликни, ошпазга эса ўз ўғлидай ош-овқатидан бохабар бўлиб туришини қаттиқ уқтирганди.

Арасту дарбон билан гаплашиб турганида, Нелей ва Тиманф елкаларидаги юкни ерга қўйишди, кийим-кечак ва керакли лаш-лушлар солинган сандиқчалар эди булар; сўнг бугун эрталабдан, улар Аттика ерига қадам қўйган чоғдан қийнаб келаётган жазирамадан яшириниб, дарахт тагига чўзилишди. Таргелион ойи – Стагирада ям-яшил кўкатлар, тонгги туманлар, илиқ ёмғирни бетиним тўкадиган серсув булутлар ойи, муздек денгиз шамоллари ойи. Пирей эса уларни жазирама ва чанг-тўзон билан кутиб олди. Пирейдан Афинагача чўзилган йўл эса аслидагидан уч баравар узундек туюлди: ер тандирдай қизиган, тошларга оёқ қўйиб бўлмасди – жазиллатиб куйдирарди, пашшалар терли баданга ёпишиб қоларди. Гарчи Арасту аравакашга икки обол[5] тўлаб, улов ёллаган бўлса-да, бу уларнинг жонларига оро кирмаганди: арава тошлоқ йўлда қаттиқ-қаттиқ силкинар ва бу силкинишлардан Арастунинг бел ва кўкраклари ҳамон қақшаб оғримоқда эди; ҳўкизлар думлари билан ҳайдаган чивинлар одамларга қўниб, азбаройи қаттиқ чаққанидан йўловчиларнинг қўл-оёқлари чидаб бўлмас даражада қичишарди.

– Бир чўмилиб, баданга мой суриб олсак бўлармиди, – хўрсинди Нелей чивинлар чақишидан зада бўлиб. – Дарҳол проксенга боришимиз зарур эди. Унинг ҳаммоми бўлиши керак. Ёки дарёга бориш керак эди. Бу жаҳаннамда ўзи дарё бормикан? Кўзим етмаяпти…

Фракиялик Нелей қирқ ёшлардаги йирик гавдали киши бўлиб, овози паст ва чийиллаб чиқарди; унга кўзи тушиши ва овози қулоғига чалиниши ҳамоноқ одамлар ҳар доим четга чиқиб, унга йўл бўшатар эдилар. Бола-бақралар эса Нелей борлигида Арастуга ҳеч қачон хиралик қилиб, жонига тегишмасди. Катталар ҳам ундан чўчирди. Унинг мана шу савлати ва важоҳатли кўринишини ҳисобга олиб, Аримнеста Нелейни укаси билан Афинага жўнатганди. Гарчи Нелей – Арасту буни яхши биларди – аслида очиқкўнгил ва ҳатто беозор одам бўлса-да, аммо ўзгариб қолиш ҳам қўлидан келарди.

Ошпаз Тиманф ичимдагини топ дейдиганлар хилидан эди. Уни камдан-кам кўрадиган одамлар ҳатто Тиманфни гунг дер эдилар. Кейин эса бирдан унинг оғзидан чиққан сўзни эшитиб, аввалига мўъжизадан ҳайрон қолар эдилар – “Гунг Тиманф тилга кирди!” – сўнгра Тиманфнинг ғалатилиги, уларни чалғитган камгаплигидан баттар ажабланишарди.

Кема Пирей бандаргоҳига кириб келиб, Конфарнинг шарқий соҳили, турли мамлакатлардан келган кемаларга тўла, гавжум ва шовқинли бош савдо бандаргоҳида лангар ташланганида Нелей Арастуга кўрганлари ҳақида тинимсиз жаврар эди. Ростдан ҳам бандаргоҳда кўрганлари ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга соларди. Арасту ҳатто овозини сал баландлатиб, “Кўзим ҳали кўради, Нелей! Тилингни тийсанг-чи!” дейишга мажбур бўлди.

Арасту бунчалик кўп дон-дунли қопларни ҳали бирор марта кўрмаганди – улар тоғ-тоғ бўлиб ётарди. Катта майдонга тузлама балиқли пифослар[6] тахлаб ташланганди. Эвбеядан улар билан изма-из етиб келган кема сурув-сурув қўйларни келтирганди, бандаргоҳга йўлаклардан ҳайдаб туширилаётган қўйлар тинимсиз маърарди. Ҳаммоллар бошқа кемалардан ҳўкиз нимталарини, парус матоси тойларини, Карфаген гиламларини, шароб ва ёғли пифосларни туширмоқда эдилар. Шу ерда қирғоқдан сал нарида Сицилия пишлоғи, Родос майизи, хурмо ва туршаклари, Миср ва Мидия ширинликлари, Финикия буғдой уни ва Суриянинг хушбўй сақичлари савдоси қизиб кетганди.

– Финикиядан нима олиб келишаркан-а? – дея Тиманфни ҳол-жонига қўймасди Нелей. – Пирейга Фракиядан нималар олиб келишларини биласанми?

– Қашлағич, – жавоб берди Тиманф. Бугун унинг оғзидан чиққан ягона сўз шу эди.

Дарбон қайтиб келди. Эшикни очиб, деди:

– Схоларх[7] Эвдокс ухлаб ётибди. Уни уйғотишга ҳаддим сиғмади, у тун бўйи юлдузларни кузатибди. Мени уйғотманглар, деган эмиш.

– Ахир мен ким биландир кўришмасам бўлмайди. Наҳотки мени ҳеч ким қабул қилолмаса?

– Кимсан ўзинг? – сўради дарбон. – Сенинг кимлигингни сўрашяпти.

– Мен Арастуман. Мақдуния шоҳи Аминтанинг табиби Асклепиад Никомахнинг ўғлиман. Отам Никомах ўлиб кетган. Онам Фестида Эвбеядаги Халкидадан. У ҳам оламдан ўтган. Ёшим ўн саккизда. Ватаним Стагирадан сузиб келдим. Афлотунга шогирд тушмоқчиман…

– Сўзларингни Спевсипга етказаман, – деди дарбон, – кутиб тур.

– Спевсип ким бўлди? – дарбонни тўхтатди Арасту. – Ўзим ҳақимда унга ўзим гапирсам бўлмайдими?

– Спевсип кимлигини билмайсанми ҳали?! – дарбон Арастуга изтеҳзоли жилмайиб қаради. – Эфеб[8], нодонлар ҳақида Афлотун нима деганини биласанми: “Нодон – ер юзидаги барча мавжудотларнинг энг ёввойиси”.

Шунда Нелей дик этиб ўрнидан турди-да, эшик олдига келди ва дарбонга деди:

– Меҳмонни ўз уйида ҳақорат қилган одам – чўчқа. Уни уйининг остонасида ҳақорат қилган эса – чўчқа баданида яшаётган қурт. Қўйиб юбор ичкарига менинг хожамни! – таҳдид билан ўшқирди у, овозини эшитиб йўловчилар ўзларини четга олдилар.

Аммо дарбон ўзига етганча юракли эди. У эшикни қарсиллатиб ёпди-да, лўкидонни суриб қўйди.

– Ана шунақа, – деди у бир кўзи билан тирқишдан қараб. – Қўполларга донишманднинг уйида жой йўқ.

Нелей болғани олди-да, бор кучи билан эшикка ура бошлади.

– Мендан бошқа ҳеч ким сизларга эшик очмайди, – деди дарбон узоқлашаркан.

– Ҳаммасини расво қилдинг, – Нелейни койиди Арасту.

– Сенинг олдингда дарбон ким бўлибди ўзи, – Нелей ўзини оқлай бошлади. – Сени нодон деб атаб, ҳақорат қилди, менга шунақа туюлди, ҳарқалай.

– Фақат доно одам ўзининг нодонлигини тан олади, Нелей. Аҳмоқ эса ўзини ҳаммадан ақлли деб билади. Аммо иложимиз қанча – шаҳарга кирамиз, проксен Никанорнинг уйини қидириб топайлик.

Буюк Афина дарвозалари – Дипилонга учта йўл олиб борарди. Йўллар Пирейдан, Беотиядан ва мана шу Академия хиёбонидан ўтганди. Қонун чиқарувчилар, доҳийлар, халқ оталари Солон, Клисфен, Эфиальт, Перикл­лар ётган қадимги қабристон, Ташқи Керамикани ҳам шу уч йўл кесиб ўтарди. Сал олдин Пирейдан чиқиб келганларида, Арасту аравакашдан унга Суқрот ва Еврипиднинг қабрларини кўрсатишни илтимос қилди. Аравакаш унинг илтимосини бажо келтирди ва Арасту буюк устозларнинг қабрларини зиёрат қилди.

Энди улар хиёбоннинг серсоя томонидан яёв борар эдилар. Ўнг ва сўл томондаги дарахтлар ортидан оппоқ мармарлари ялтираб, дам-бадам табаррук афиналикларнинг даҳмалари кўриниб қоларди.

“Бу ерда мен ётибман, алвидо, йўловчи!” – тош тахталарга ўйиб ёзилган бу сўзлар муттасил Арастунинг диққатини ўзига тортар эди. Мана шу “Алвидо!” сўзини талаффуз этган жўр овозлар унинг қулоғи остида янграган мўъжизали онлар ҳам бўларди. Тугмагулнинг беш қиррали япроқлари инсон кафтига шунақанги ўхшаб кетардики…

Дипилон дарвозалари нарёғида барча лаззатлар, қувонч, умид, шовқин-сурон, ғала-ғовурли ҳаёт ташвишлари ҳукм сурарди.

Бу ерда қоида бор эди: бу шаҳарга қадам қўйганингда Ташқи Керамика арвоҳлари жамоаси ичига кириб қолганингни унутма. Ўшанда тирикларга мурожаат қилишинг мумкин бўлган барча сўзлардан фақат мана бу сўзлар: “Бу ерда мен ётибман, алвидо, йўловчи!” – юз йил, икки юз йил, минг йил ўтар – фақат шу сўзлар қолади. Ҳа, ачинарли, албатта…

“Дарвоқе, Тиманфга бунинг даҳли йўқ, – ўйлади Арасту ва жилмайиб қўйди, – унга бу сўзлар ҳам кўплик қилади”.

– Дам олсанг бўлармиди, хожам, – деди Нелей, унинг юзидан тер қуйиларди.

– Ҳеч қанақа дам-пам йўқ! – қувноқ оҳангда жавоб берди Арасту. – Ҳаёт, Нелей, бу йўқлик ва мангу дам олиш ўртасидаги қисқа меҳнатдир. Шундай эмасми?

– Дам олмасдан меҳнат қилган одам тезда мана бу буталар илдизи тагига тушади, – жавранди Нелей. – Сенга осон: бошингдан бошқа юкинг йўқ, хожам.

– Хоҳласанг, сенинг ҳам каллангни кўтариб оламан, – қаҳ-қаҳ уриб кулди Арасту.

– Мендаги энг енгил нарса – бу бошим, – жавоб берди оқкўнгил Нелей.

Улар Дипилон минораларидан бирининг соясига кириб келишди.

– Даҳшат, – деди Нелей. – Бу катта шаҳарда, албатта, ҳамма нарса бор: қароқчилар ҳам, муттаҳамлар ҳам, қизиқчилар ҳам…

– …буюк адолатпешалар, ҳақиқатпарастлар, ҳомийлар ва донишмандлар ҳам, – қўшиб қўйди Арасту.

– Бой баққоллар ҳам, – деди Тиманф. – Шаҳарга бунчалик кўп мол-дунё олиб келишганини сира кўрмаганман.

Дарвозага кириб келаётган сўнгсиз аравалар сафига ҳалақит бермаслик учун улар деворга яқин жойдан юриб борар эдилар.

– Ҳатто анавини ҳам эритиб юборди, – деди Нелей Тиманфни назарда тутиб. – Тиманф тилга кирибдими, демак ҳайратланадиган нарса бор экан.

Арасту одимлаб Дипилон йўлагини ўлчади.

– Чорак стадий[9], – деди у Нелейга.

– Яна шунча қолган бўлса, мен қулайман… Ўшанда абжағи чиққан баданимдан қон оқади, сизнинг сандиқчангиздан эса, хожам, сиёҳ…

– Чапга қара, – деди Арасту.

Чапда, устунли баланд айвоннинг салқин соясида фаввора шовулларди.

Сув бўйида ўзларига жой топиш осон бўлмади – атрофида одам дегани ғужғон ўйнарди: иссиқ кундарда сув йўловчиларни шундай ўзига тортардики, оҳанрабонинг темирни тортиши ҳеч нима бўлмай қоларди. Одамлар сув ичар, ювинар, эшак ва ҳўкизларини суғорар, жазирама қуёшдан қочиб шилдираган сув бўйидаги сояда шунчаки ёнбошлар эдилар.

Арасту ва ҳамроҳлари юз-қўлларини ювиб, сув ичишди, кейин ҳайвонларни суғорадиган тарновда оёқларини ювиб, устунлар ёнидаги сояга ўтиришди.

– Тамадди қилиб олиш керак, – деди Тиманф. – Мен мусаллас билан нон олиб келаман.

– Қаердан оласан? – сўради Арасту.

– Шу атрофдан мусаллас ва нон ҳиди келяпти, – жавоб қилди Тиманф. – Демак, қаердадир ошхона бўлиши керак.

Тиманф қип-қизил мусаллас чайқалиб турган хумча ва иссиқ буғдой нон билан қайтиб келди. Нонни уч бўлакка бўлиб, сандиқчасидан олган пиёлаларга мусаллас қуйди. Нонни қуюқ мусалласга ботириб, йўловчиларга қараб-қараб учовлон овқатлангани тутинди.

– Тимолитнинг ошхонаси қаердалигини билолмадингми? – сўради Арасту Тиманфдан.

– Билдим.

– Қаерда экан?

– Анави ёқда, – Тиманф қўли билан нақ дарвозадан бошланадиган кўча томонни кўрсатди. – Агоранинг[10] олдида.

– Сени танимаяпман, Тиманф, – деди Нелей. – Бугун жуда сергап бўлиб кетдинг.

Тиманф хумчадаги қолган мусалласга сув қўшди ва улар уни ичишди.

– Қурбақалар ичимлиги, – афтини буриштирди Нелей. – Бу суюқ зардобдан кўра, қуруқ сувни ичганим яхши эди.

– Сен фракиялик эмассан, искифсан, – деди Тиманф. – Сен сув қўшилмаган мусаллас ичишинг керак эди, ёввойи.

– Бас қилинглар, – тўхтатди уларни Арасту. – Бегона шаҳарда жанжаллашиб бўлмайди. Мусофирликда ҳатто душманлар ҳам дўстга айланади… Қани, кетдик.

Проксен Никанорнинг уйини топгунча улар тор ва қинғир-қийшиқ кўчаларда узоқ саргардон бўлишди. Бутунлай ҳолдан тойиб, бир этикдўз дўкони олдида тўхташмаганида, ўша уйнинг топилиши ҳам амримаҳол эди. Сергапгина этикдўзнинг ўзи улардан кимнинг уйини қидиришаётганини сўради-да, кейин Никанорнинг маконигача олиб бориб қўйди.

Никанор уларни хушчақчақлик билан кутиб олди. Тинмай чапак чалар, жилмаяр, безовта чағалайга ўхшаб: “Хайрэ! Хайрэ!”[11] дея такрорлаганча ўзини қўйгани жой тополмасди. Бир чўрисига киксон[12] тайёрлашни, меҳмонлар чўмилиб олишлари учун учоёқ ўчоққа сувли қозон осиб, ўт ёқишни, бошқасига меҳмонлар мириқиб дам олишлари учун боғда янги кўрпачалар тўшаб, жой ҳозирлашни буюрди…

“Токи меҳмонлар… Токи меҳмонлар… ” шу сўзлар унинг лабаларидан учиб чиқар эди. Ҳаммага буйруқлар бериб, пакана ва семиз бу одам ҳовлида коптокдай у ёқдан-бу ёққа йўрғалар, қип-қизил, дўмбоқ юзлари диркилларди. Меҳмонларга юзини буриб, у жилмаяр, учмоққа чоғланган жўжадай калта қўлларини тинимсиз силкитарди.

Арасту унга опаси Аримнестанинг мактубини топширди. Мактубни ўқишдан олдин Никанор севинчдан яшнаб хатни ўпди, кейин тилини чақиллатиб, тезгина ўқиб чиқди – Аримнеста унга чўчқа ёғи солинган пифос юборишни ваъда қилганди.

– Оҳ! – қўлларини сермаб қўйди у ва ошкора меҳр билан Арастуга қарай бошлади: у Аримнеста мактубининг сўнгги сўзларини ўқиди, унда Арастунинг Пеллада[13] Филипп билан бирга катта бўлгани ва унинг болалик ва ўсмирлик йилларидаги ўртоғи экани, гарчи у Стагирада туғилган бўлса-да, уни зодагон мақдунияликдай кутиб олиш даркорлиги ёзилган эди.

Никанор ёш меҳмонни ҳаммомда ўзи чўмилтириб қўймоқчи бўлди, аммо Нелей хожасига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлдан бой бермади, ҳолбуки, Арасту билганидек, Нелей бу сохта ҳуқуқдан кўра, ўзи ҳам чўмилиб, банадига мой суртишни кўпроқ қадрламоқда эди.

Кемада ҳаммом бўларканми? Шўр сувда чўмилиб олинади холос. Бу ерда эса кенг ва чуқур арча тоғора, тилладай ярақлатиб тозаланган, учоёқда биқирлаб қайнаётган қозонлар, юмшоқ, ёғли лой ва нафис совун, лаванда ёғи ва часирлаган тарашалар ҳиди, буғга тўйинган ҳаво, оппоқ деворларда оловнинг ўйноқи акслари – одамзодга муносиб қулайликлар ва хотиржамлик ҳукмрон эди.

Нелей шошмаётганди. Хожасини совун билан узоқ ишқалади ва иссиқ сувни устидан қуйди. Кейин ёғоч сўрида дам олдирди, тоғорани чайди, унга қайноқ сув солди, аралаштирди, қўллари билан сувни текшириб, “ўҳ-ўҳ” ва “оҳ-оҳ”лар қилди, сувдан хушбўй ҳид келиб туриши учун озроқ исириқ ёғи қўшди ва яна хожасини чўмилгани чақирди. Энди Арасту хушбўй илиқ сувда шунчаки чўзилиб ётар экан, қўлларини боши остига қўйганча роҳатланарди. Вақти-вақти билан Нелей тоғорага иссиқ сув қуйиб турса-да, энди ўзи билан ўзи овора эди. У тик турганча ювинар, кўзадан сувни ўзи қуяр, пишқирар, кафтлари билан қорнига шапатилар, маза қилганидан қаҳ-қаҳ уриб кулар эди.

Кейин у хожасига лой суртди ва обдан ювинтирди.

– Сен ўзингни эриб кетгандай ҳис қилмаяпсанми, мабодо? – сўради у Арастудан.

– Сенга гап йўқ, – жавоб берди Арасту, яна сўрига чўзиларкан.

Нелей уни оқ чойшаб билан артди, зайтун мойли шиша идишча олиб келди, унда хўжайин ёқтирган хушбўй мойлар қоришмаси бор эди, шундан кенг кафтига қуйиб олиб, Арастунинг қўллари, кўкраги, бели, оёқларига суртиб чиқди. Кейин хўжасининг елкасига осилиб тушган ва хўжайинларга хос салобат бағишлаб турган қалин, жингалак сочларини таради. Тоза хитон[14] ва мовий гиматий[15] келтирди. Пойабзалини кийдиришдан олдин оёқларини атир аралаштирилган илиқ сув билан чайди. Кейин хожасини айланиб томоша қилди-да, мамнунлик билан тилини чапиллатиб қўйди.

– Аполлон, – деди Нелей, – ёки Аполоннинг ўғлисан.

Арасту истеҳзо билан жилмайди. Нелей унга ошкора тилёғламалик қилмоқда эди, чунки Арасту баланд бўйли ва хушқад бўлса-да – палестра[16] ва гимнасий унинг жуссасини улғайтиб қўйган, – чеҳраси Аполлоннинг юзидан анча-мунча қўпол кўринарди. У йирик бошли, жағдор, гарчи насли улуғ ва қадимий бўлса-да, бурун катаклари кенг эди – бу насл Троя уруши вақтида шуҳрат қозонган Асклепиадларга бориб тақаларди. Асклепиад Махаон душман пайконини Менелай баданидан суғуриб олган ва унинг жароҳатини маъбуд Кроннинг ўғли кентавр Хирон очиб берган малҳам ёрдамида даволанганди. Бу ҳақда ҳар ким буюк Ҳомернинг “Илиада”сида ўқиши мумкин.

Никанорнинг гномони[17] саккизинчи ёзги соатни кўрсатиб турарди, бу вақтда Арасту буюк Афинанинг марказини томоша қилиш, у ердан Акрополнинг Пропилейига[18] кўтарилиш ва ботаётган қуёш нурларида эллинлар дунёси марказини кўриш учун Нелей ва Никанор ҳамроҳлигида агорага йўл олган эди. Мақдуния подшоҳи Филипп унга: “Ботаётган қуёш нурларидан Афинани кўрдим”, деганида, коса тагида нимкоса қабилида асил маънодан ташқари яна Афинани Мақдуния қиличи ёки даҳоси кучи билан забт этиш мумкинлиги ҳақидаги фикрга ҳам шама қилганди.

Нелейнинг жағи тинмасди: ҳаммом ва тўйимли овқатдан кейин у Афина кўчалари ва майдонларидаги чўғдай қизиган тошлар узра сайр қилишни эмас, тўйиб ухлашни истаётганди. Никанор бўлса олдинга интилгани-интилган ва севинчдан юраги ҳапқириб кетмоқда эди: гўё ўзи барпо этгандек ғурурланадиган Афинани ўз меҳмонларига кўз-кўз қилиш унга ҳар доим ҳам насиб этавермаслиги аён эди-да. У ҳар бир бино, ҳар бир ибодатхона олдида тўхтар, маъбудлар ва қаҳрамонларнинг ҳайкаллари қаршисида ҳаяжондан тош қотар, меҳмонининг қўлидан тутиб айланма зиналардан янги Булевтерий[19] ва Дионис театри томон судраб кетар эди, бироз олдинга чопиб ва қўлларини ёйиб, у ҳатто этикдўз Симоннинг дўкони олдида ҳам тўхтади.

– Бу ерда нима бор экан? – сўради Нелей. – Уч соатгина бурун биз хожам билан шу ерда бўлган эдик-ку. Ўшанда ҳам бу дўкон этикдўзга қарарди.

– Ҳа, ҳа, ҳа, – ҳозиржавоблик билан унинг гапини маъқуллади Никанор. – Энди эса у сизларни ҳузуримга олиб келган этикдўзга қарайди. Илгари эса бу ерда Симон ишларди. Суқрот суҳбатлашишни жонидан яхши кўрадиган ўша Симон-да. Мен турган мана шу жойда бекорхўжалар айланиб юрар ва буюк донишманднинг нутқини тинглар эдилар…

Агоранинг ғарб томонида, Зевснинг устунли пешайвони ёнида Никанор яна Суқрот ҳақида гапирди. Шу ерда ишларини битирган архонт-басилевс[20] ҳақида ҳам гапирди. Бироқ асосан Суқрот ҳақида сўзлади, чунки файласуф бу ерда бўлишни ва бекорчи афиналиклар билан масала тортишишни яхши кўрарди. Шу ерда, хоналардан бирида мункирликда айбланган Суқротни сўроқ қилишган.

– Кейин у зиндонда заҳар ичган, – қичқирарди Никанор. – Мана ўша зиндон, эски Булевтерий остида жойлашган, – шундай дея у бармоғи билан зиндон томонни кўрсатди, иккинчи қўли билан эса ёшларини артарди. – Мана бу эса суд биноси, уни ўлимга ҳукм қилишган жой… ўшанда ҳамма йиғлаган… Афлотун ҳам… этикдўз Симон эса…

Пешайвон олдида Никанор яна Суқротни эслади. Аммо Арасту энди унга қулоқ солмаётганди: у Троянинг олиниши, Тесейнинг амазонкалар билан жангини тасвирловчи Полигнот суратларини томоша қилар, бир суратдан бошқасига ўтар ва шоир Пиндарнинг нимада ҳақлиги ҳақида ўйларди: ёлғиз одамларгина эмас, балки бутун-бутун авлодлар кутилмаган тушлар орасидаги ноаниқ кўланкалар сингари ўтиб кетардилар.

Мана маъбудлар, мана қаҳрамонлар, мана баққоллар, мана қуллар. Мана ибодатхоналар, мана судхоналар, мана ошхона, мана қиморхона ва қашшоқ ажнабийлар учун тунги қўналғалар. Ҳаммаси ёнма-ён, ҳаммаси аралаш-қуралаш, худди кулолнинг вайрон этилган устахонасидаги парчаларсимон. Солон қонунлари, Пасистрат қонунлари, Перикл қонунлари… Кирбаларга[21] минглаб қонунлар ўйиб ёзилган. Улар ҳаммаси қанча экан? Қанча маъбудлар бўлса, ибодатхоналар ҳам шунча; қонун чиқарувчилар қанча бўлса, қонунлар ҳам ўшанча; одамлар қанча бўлса, фикрлар ҳам шунча; файласуфлар нечта бўлса, ҳақиқатлар ҳам ўшанча… Битта тангри, битта қонун, битта ҳақиқат қачон бўлади?

Кейин улар Акрополга кўтарилишди ва Парфеноннинг муқаддас зиналари олдида узоқ туриб қолишди.

– Мана буни тартиб деса бўлади, соф ақл ижоди, – деди Арасту ўй суришда давом этаркан.

– Бу ерда шаҳарнинг барча хазиналари сақланади, – тинимсиз гапирарди Никанор, – анави ерда эса, – у Эрехтейонни кўрсатди, – Афинанинг муқаддас зайтуни ўсади, тошдан униб чиққан барча зайтунларнинг аждоди.

– Фидий қаерда ўлган? – сўради Арасту Никанордан.

– Оҳ, Фидий! – ҳасрат билан деди Никанор. – Сен ҳузурига келган Афлотун Фидийни демиург, яъни яратгувчи ва ҳолиқ деб атаганди.

– Фидий қаерда ўлган? – саволни такрорлади Арасту.

– Бу ердан Афина Парфеноси – илҳомбахш Фидий яратган ҳайкал кўриниб туради, аммо у судга ҳам етмай ўлган зиндон бу ердан кўринмайди. Уни маъбуда ҳайкалини ясаш учун олтин ва фил суякларини ўғирлашда айблашган… У Афинага ўлмас шон-шуҳрат келтирди, Афина эса уни абадий бадном қилмоқчи бўлди. Фидий билан Суқротнинг ўлими афиналикларнинг кўзидан шармандалик кўз ёшларини оқизади ҳали.

– Сенга нима бўлди? – сўради Арасту

У Никанорга қараб, таниёлмади: проксеннинг юзи ғазабнок, кўзлари қисилган, лаблари эса қаттиқ қимтилган эди, доим ҳушчақчақ ва оқкўнгил бу одамни Арасту бундай алпозда биринчи бор кўриб туриши эди.

– Вақт келар, – жавоб қилди Никанор Арастуга қарамай, – Афинанинг ботаётган қуёш нурларини кўриш учун кўплар Акрополга кўтарилар ҳам, – у кинояли табассум қилиб қўйди ва чеҳраси аввалги ҳолатига қайтди.

Кенг мармар зинадан Пропилей томонга ҳамон одамлар ўрлаб чиқиб борар эдилар. Қуёш пастга иниб тушгани сайин Юқори шаҳардаги одамлар тобора кўпайиб бормоқда эди, улар сукут сақлаб турган кўйи пастда ястанган Афина майдон ва кўчаларини томоша қилар эдилар. Бу ердан агора, пастдаги ибодатхона ва пешайвонларнинг қизил ва нафармон тусдаги устунлари, Одеон[22], агоранинг дўконлар тизмалари, уйларнинг кун ботарда деярли қорайган томлари кўриниб турарди. Нофармон ғубор орасидан Дипилон ва Муқаддас дарвоза миноралари элас-элас кўзга ташланарди. Уйларнинг кунботишга қараган деворлари ҳуркитилган чағалайлар каби ердан узила кетиб, қора ва кўк кўланкалар узра парвоз қилаётганга ўхшаб кўринарди.

Стагирадаги шон-шуҳрат – қуруқ сўз, Пелладаги шон – шоннинг сояси, холос. Афинадаги шон-шараф эса – чинакам шон. Арасту ана шу охиргисини истарди ва шунга интиларди.

– Афиналиклар мағрур, – ҳикоя қиларди проксен Арастуга. – Ўтакетган мақтанчоқ деса ҳам бўлади. Бизда барча ажнабийларни бир хил ном билан аташарди – метеклар, бизни маъбудлар билан ёнма-ён қўядиган исмларни ўзимиз танлаймиз. Бутун ер юзи биз учун ато этилган деб биламиз. Бошқалар қилган ишлар Афинага етгандагина қадрини топади. Олтини бор мамлакатлар уни Афинага олиб келганларида бойийдилар. Мис, темир, ёғочи борлар ҳам шундай. Ер юзидаги барча ҳикматлар Афинага оқиб келади – бу ерда донолик хазинаси бўлиб, ундан муносибларгина баҳраманд бўладилар.

Ола пешайвон олдидан ўтишаётганида қош қорая бошлаган эди. Қоронғи чўккунича уйга етиб олишга шошилишарди. Ҳаммадан ҳам Нелей кўпроқ шошмоқда эди. Арасту унга монелик қилмаётганди, Никанор эса Нелейнинг нимадан қўрқаётганини фаҳмлаб, – Нелейга ҳар бир йўловчи тунги қароқчи бўлиб кўринаётганди, – мийиғида кулганча жўртага оқсоқланиб, орқада судралиб келаётганди.

– Қулоқ солинг-а, – деди Никанор, улар баҳслашаётганларнинг овози келаётган Ола пешайвонга етганларида. – Бу ерда ҳозирги замон файласуфлари йиғилишади… Афлотун Академиясидагилар эмас, аммо булар ҳам жуда ақлли одамлар.

– Эртага келамиз, – эътироз билдирмоқчи бўлган эди Нелей, бироқ Арасту уни тўхтатиб деди:

– Эшитайлик.

Тош скамейкаларда ўтирган ёки ётган маърузачиларга жуда яқин боришганида ҳам улар баҳс маъносини ҳадеганда илғай олмадилар.

– Ҳамма нарса онгга мувофиқ бўлади – мана шу ҳақиқатдир, – дер эди Арастуга орқа ўгириб турган биттаси. Елкадор бу одам баланд бўйли афиналик эди. – Назаримда, барчангиз бу фикримга қўшилдингиз. Хўш, шу ҳақиқатга таянилар экан, олти панжа хусусида нима дейиш мумкин? Фараз қилайликки, панжалар олтита, шунда ҳар бир томондан учтадан деган фикр туғилади. Шундайми?

– Шундай, – жавоб берди бир қанча овоз.

– Агар шундай бўлса, мана бундай бўлади: бир томонга ағдарилиб тушмаслик учун пашша ҳар гал ҳар томондан иккита панжасига суянади. У фақат битта панжасига суянади деб айта олмаймиз-ку?

– Айта олмаймиз, – маъқуллади бошқалар.

– Демак, – файласуфнинг овози тантанавор янгради, – демак, пашша ҳар томондан бир вақтнинг ўзида иккита панжасига суянади. Шундай бўлгач… Менинг фикримга эътибор беринг! Шундай бўлгач, у бир вақтнинг ўзида ё биринчиси ва сўнггисига, ё биринчиси ва ўртадагисига, ё сўнггиси ва ўртадагисига суянади. Эътибор қилинг: ўрта панжа икки марта ишлади. Икки марта! Биринчиси ва сўнггиси эса – фақат бир мартадан ишлади. Бу ақлга тўғри келмайди, чунки ўрта панжа тез чарчайди! Агар бу ўртасидаги бўлмаса, ё биринчиси ё сўнггиси бўлади.

– Улар нима тўғрисида баҳслашишяпти? – шивирлаб сўради Арастудан Нелей.

– Жим тур, – илтимос қилди Арасту

– Хулоса бундай! Гиппарх бу ерда айтганидек, пашшанинг панжаси олтита эмас, балки саккизта! Сакккизта! Ҳар томонда учтадан эмас, балки тўрттадан оёғи бор! Шунда пашша ҳар томондан навбатма-навбат иккитадан панжасига суянади!

Ҳозир бўлганлар ғовур кўтарди, бирлари – гапираётган файласуфни қўллашса, бошқалари унга эътироз билдирарди.

– Менга пашшанинг панжаси олтитадек кўринади, – деди Нелей, Арас­тунинг панжасини туртиб. – Афсуски, қоронғи тушиб қолди-да: пашшани тутиб, санаб кўрсак бўларди…

– Онг инсонга бўлмағур нарсалар билан шуғулланмасдан, энг қисқа йўл билан ҳақиқатни англаш учун берилган, – жавоб берди Арасту. – Нодон пашшанинг оёқларини санаш учун уларни битталаб суғуради, доно эса ақл кучи билан кўз очиб-юмгунча ҳақиқий сонни топади…

Улар ҳали-вери кетишмасди, бироқ бу ердагилардан кимдир:

– Диафонт бизларни анчадан бери Трифера ёнида кутиб ўтирибди! Ажойиб Трифера ёнида! Барча Диафонтлар ичида энг сахийси! – деб эълон қилди-ю, файласуфлар баҳсга чек қўйдилар.

Ҳамма ўрнидан сапчиб-сапчиб турди ва ғовур-ғувур билан яқиндаги кўчадан қоронғилик ичига шўнғиди.

– Трифера – энг қиммат найчи аёл, – тушунтирди Никанор. – Унинг чиптаси нархи икки драҳма. У ерда ҳар доим хиос мусалласи беришади. – хўрсинди Никанор. – Астиномлар[23] гўзал Трифера бой афиналиклардан ким билан бўлишин аниқлаш учун ҳар куни қуръа ташлайдилар.

– Ўша соҳибжамолнинг олдига биз ҳам кирсак бўладими? – сўради Арасту. – Қулларинг унинг олдига олиб келадиган мусалласу таом пули менинг ҳисобимдан, Никанор.

– Хўжайин, – қўрқиб кетди Нелей. – Нималар деяпсан, хожам? Ҳатто ҳамма бир-бирини танийдиган бизнинг Стагирамизда ҳам параситларни[24] ёқтиришмайди. Ҳеч ким сени танимайдиган бу шаҳарда…

– Унақа эмас… – эътироз билдирди Никанор. – Ҳозир Трифера ҳузурига йўл олганлар орасида ёш дўстим Эсхин бор. Модомики, Эсхиннинг дўсти бўлиб мен Трифера ҳузурига кира олар эканман, Арасту ҳам менинг дўстим бўлиб, машшоқ қиз ҳузурига кира олади. Дейлик, уни ҳеч ким парасит деб айтолмайди.

– Унда кетдик Триферанинг олдига! – суюниб деди Арасту.

– Ҳа, – деди Никанор, – аммо биз билан борадиган қулларга фармо­йишлар бериш учун аввал уйга борайлик, ёш дўстим. Пул ҳам, ҳойнаҳой, ёнингда бўлмаса керак…

– Сенга оқ йўл тилаётиб, опанг Аримнеста фоҳишалар зиёфатига борма деб тайинлагани эсингдан чиқдими? – Арастуга эслатиб деди Нелей. – Пулни бунақа совурадиган бўлсанг, кунимиз қандай ўтади, хожам?

– Ташвиш қилма, – деди Арасту. – Аримнестанинг гапларини эсингдан чиқар. Энди сен фақат менинг айтганимни қилишинг керак! – овозини баландлатди у.

– Ҳа, – бошини эгди хафа бўлиб Нелей. – Худди шундай.

Мусалласли хум ва мевали сават кўтарган қуллар ҳамроҳлигида Арасту ва Никанор найчи Триферанинг машъалалар ёниб турган дарвозасини тақиллатишганида Диафонт дўстлари учун унинг ҳузурида уюштирган базму жамшид ҳали бошланмаган эди.

– Мақдуния проксени Никанор, дўсти стагиралик Арасту билан, – ўзини таништирди Никанор, қул дарбонлар пайдо бўлганда. – Диафонтнинг дўсти Эсхин таклиф этган.

Уларни дарҳол учоёқлар тагида қаланган оловдан ёришиб турган ҳовлига қўйишди, учоёқларга осилган қозон ва товалардан димоғни қитиқловчи хушбўй ҳид тараларди. Бостирма тагида, ўнг ва сўл томонда, ошхона столлари олдида пичоқ ва идишларни шарақ-шуруқ қилиб хизматкорлар югуриб-елар эди. Арастунинг кўзи столлардан бири устидаги катта қобоннинг нимталанмаган гўштига тушди, бошқа столларда мева-сабзавотлар тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётарди. Уйга кираверишда деворларга суяб қуритилган хумлар саф тортган. Геркейлик Зевс меҳроби олдида қизлар меҳмонлар учун бинафша, кашнич, гул ва чечаклардан гулчамбар ясар эдилар.

Қуллар ҳовлида қолишди. Никанор ва Арасту уйга кирдилар, унинг эшигига яшил, сариқ ва қизил кашталар тикилган, карфаген матосидан парда осиб қўйилганди.

Базму жамшид танобийсини тўлдирган мой ва атирларнинг қуюқ хушбўй ҳидидан Арастунинг димоғи бўғилди. Ҳид фақат меҳмонлардан эмас, балки деворлардан ҳам, оёқостидан ҳам тараларди, ҳид ҳамма нарсага уриб кетган, ҳамма нарса шу ҳиддан нафас олар, бошни айлантириб ҳузур берар эди.

Девор ёқалаб баланд чироқдонларда шамлар ёниб турарди. Ёнидан одам ўтганида аланга тили чайқалар ва бундан фақат соялар эмас, балки бутун уй деворлари, шифт, ерлар ҳам чайқалгандек бўлар эди.

Никанор ва Арасту бўсағада оёқ кийимларини ечишди ва мутасадди оёқларни ювиб олиш учун қаёққа ўтиш кераклигини кўрсатди.

Ювиниш хонасида улардан бошқалар ҳам бор эди: яна уч меҳмон чакмонлари барини тиззаларигача кўтариб олганча скамейкада ўтирарди ва ёш чўри қизлар ҳозиргина олиб кирилган мис қозондан чўмичда илиқ сув олиб, уларнинг оёқларини ювар эдилар. Меҳмонлардан иккитасини Никанор танирди: булар Исократнинг шогирди Андротион ва Никанорнинг дўсти Эсхин эди.

– Хайрэ! – салом берди Никанор. – Хайрэ, Андротион! Хайрэ, Эсхин! Мен стагиралик Арастуни, Филипп Мақдунийнинг болаликдаги дўстини олиб келдим!

– Хайрэ! – саломга алик олдилар Андротион ва Эсхин.

Никанор ва Арасту уларнинг ёнига, скамейкага ўтиришди ва Триферанинг чўрилари ерга похол гиламча ташлаб, уларнинг оёқларини чая бошлашди.

– Филипп қалай? – сўради Андротион Арастудан. – Яқин орада кўрдингми уни?

– Анча бўлди кўрмаганимга. У ҳали ҳам фиваликлар қўлида, аммо ҳозир айни кучга тўлиб-тошган пайти, узоқни кўзлайди. У Мақедония тахтини қайтиб олади…

– Ҳа! – руҳланиб кетди Андротион. – Афина Филиппга ёрдам бериши керак! Ҳаммамиз ҳам унинг барча эллинларни бирлаштириб, азоб-уқубату шармандаликларимиз учун форслардан ўч олишига умидвормиз. Иония лаънати даштликлар ҳокимияти олдида хароб бўлмоқда. Афина эса дабдаба ва фаҳш ботқоғига ботган. Сибарис[25] халқидан сира фарқимиз қолмади. Биз Филиппга ёрдам берамиз!

Андротион билан Арасту ўртасида проксен ўтирарди, бироқ Андротионнинг юзини кўриши учун Арастунинг эгилишига ҳожат йўқ эди. Нотиқ Андротион проксендан бир калла баланд эди. Қоракўз, қирғий бурун ва қотма бу одам калтабақай, думалоқбош Никанорга қараганда зуваласи бошқа наслдан олинганди. Ҳар гал афиналикларнинг иллатлари ҳақида гапира бошлаганида, унинг юпқа лаблари нафрат билан бир бурилиб оларди. Андротионнинг дўсти Эсхин эса унга ҳар кимнинг олдида ва ҳар қандай ҳолатда оғзидан чиққан сўзини ҳимоя қилиш учун ҳеч нарсадан қайтмайдигандек қараб турарди ва Арастуга синовчан, эҳтиёткорона нигоҳ ташлар эди.

Бу орада Триферанинг чўрилари ўз ишларини қилиб бўлишди ва энди сал нарида янги меҳмонларни кутиб туришарди.

– Нега индамайсан? – сўради Андротион Арастудан. – Гапимга қўшиласанми? Сен Филиппнинг дўсти эканингга ишонса бўладими?

– Узумни пишганда сиқишади, – деди Арасту жилмайиб. – Дарёни кечиб ўтишдан олдин кечув қидириб топилади. Бу Филипп гапиришни яхши кўрадиган сўзлардир.

– Бу Пиндар ирод қилган сўзлар, – ёнма-ён ўтирган Эсхин қўлини Арас­тунинг елкасига қўйди. – Битта тўшакка иккимиз кўплик қилмаймизми? – сўради у.

– Кўплик қилмаймиз, – жавоб берди Арасту

Ёш савдогар Диафонт Карфагендан қайтиб келганди. Денгиз сафари унга омадли келди, сандиқлари олтинга тўлганда, энди эса соҳибжамол Триферанинг уйида дўстларини очиққўллик билан меҳмон қилмоқда эди; улар бу ерга энди келишлари эмасди: Андротион ҳам, Эсхин ҳам, Афлотуннинг жияни Спевсип ҳам, Никанор ҳам ва ўнлаб бошқа афиналиклар ҳам савдогар Диафонт таклифига рози бўлиб, дўстларини бошлаб келган эди.

Таомлар мўл эди – дастурхонларга парранда гўштидан тортиб, мол гўштигача тортилган, ҳасиплар сиғмай кетганди. Мусаллас бобида ҳам Диафонт хасислик қилмаганди. Триферанинг қароллари ҳам, афтидан, унга сув қўшишга ҳаракат қилишмаётганди – ёки Диафонтнинг буйруғи шундай бўлгандир? – меҳмонлар тезда ширакайф бўлиб қолишди, танобий худди бозордагидай ғала-ғовурга тўлди. Қандолатли шўр бўғирсоқлар, саримсоқпиёз ва пиёзлар дастурхондан тез ғойиб бўлар, хизматкор соқийлар эса кратерларни[26] тўлдиргани-тўлдирган эдилар. Бир неча йигит ҳатто коттаб[27] ўйинини бошлаб юборди – Триферанинг исмини айтиб, улар кратерда қизил мусалласни деворга сепар эдилар. Бошқалари эса курсиларини мармар столга суриб, ошиқ ирғитарди. Ўша ёқдан дам-бадам “Хиослик! Ит! Кос одами!” деган қичқириқлар қулоққа чалинарди. Ора-сира: “Афродита зарбаси!” деган ҳайқириқлар янграрди.

– Нима дейишяпти улар? – сўради Арасту Эсхиндан. – Ғалати-ғалати сўзларни айтишяптими?

– Сен афиналик эмаслигинг билинди-қолди, – жавоб берди Эсхин курсига чўкаркан. – Искирафияда бирон марта ҳам бўлмаганинг билинди-қолди.

– Искирафияда? – Арасту ҳам ўтирди.

– Ҳа. Қиморхоналарни бизда шундай аташади. Қиморхоналар эса қонун тақиқлаганига қарамай, ҳамма жойда бор. Ҳатто Афинанинг Искирада ибодатхонасида ҳам ўйнашади. Искирафия шундан келиб чиққан. Сен эшитган сўзлар эса ошиқлардаги очколар миқдорини билдиради. Бир очколи томон – “ит” ёки “хиослик” дегани. Олти очколик томони – “Кос одами” дегани. Барча тўрт томонга турли сонлар тушганига – бу “Афродита зарбаси” бўлади. Энг ёмон зарба – тўрт “ит”. Қалай, бир қўл ўйнаб кўрасанми? Янгиларга доим омад кулиб боқади…

– Йўқ, – жавоб берди Арасту. – Янгиларга омад кулиб боқсин деган қонун йўқ. Буни сен биласан. Ўйинда доим ё омад кулади, ё омад кулмайди – у ерда тасодиф маъбудаси Тихе сўзини айтади.

– Тихе – дунёни бошқариб турадиган ягона маъбуда, – деди Эсхин. – Афсусуки, бу ўз-ўзидан маълум. Ҳамма нарса тасодифий, ҳамма нарса мўрт, ҳамма нарса ўзгарувчан. Энг яхши ҳам, энг ёмон ҳам, ҳақиқий ҳам, сохта ҳам йўқ – ҳаммаси тасодифий. Биз ҳатто ўзимизни бошқара олмаймиз.

– Дунёда ўзгармайдиган, абадий нарса ҳам бор, – эътироз билдирди Арасту. – Ўзгармайдиган ва абадий нарса зарурият юзасидан содир бўлади. Қуёш, масалан, абадийдир. Эртага унинг чиқиши эса – ҳақиқат, Эсхин.

– Сен файласуфмисан? – кулди Эсхин.

– Йўқ, – жавоб берди Арасту. – Аммо мен файласуф бўлмоқчиман.

– Қўйсанг-чи! – Эсхин Арастуга яқин сурилди ва уни қучоқлади. – Бу ҳавасингни ташла. Фалсафа – вақтни исроф қилиш. Файласуф эмас, нотиқ бўлиш керак. нотиқлар дунёни бошқаради, Арасту. Шоҳлар эмас, мустабидлар эмас, архонтлар эмас, балки нотиқлар! Оломонни улар бошқарадилар, оломон эса ҳатто маъбудлар ҳам ҳисоблашадиган ягона куч… Фалсафа – мўмиёлар машғулоти. Тирик донишмандлар нотиқ бўлмоқликлари керак. – Эсхин мусалласдан бир чўмич олди-да, у билан Арастунинг жомини тўлдирди. – Нотиқлар учун ичдик! Устозларим Исократ ва Андротион учун ичдик! – қичқирди у.

– Мен Исократ ва Андротион учун ичишдан бош тортмайман, улар муносиб одамлар. Аммо мен етукларнинг етуги Афлотун учун ичмоқчиман, – деди Арасту. – Ким Афлотунни севса, мен билан ичсин! – деди у баланд овозда.

Уни фақат бир одам эшитди – бу файласуфнинг жияни Спевсип эди. У Арасту ва Эсхиннинг курсиси олдига борди-да, жилмайиб сўради:

– Афлотунни нимаси учун севасизлар, ўктам йигитлар? Сизлардан қайси бирингиз унинг номини тилга олди?

– Мен тилга олдим, – жавоб берди Арасту. – Бу исмдан яхши нарса борлигини билмайман.

– Сен кимсан? – сўради Спевсип.

– Cтагиралик Арастуман. Мен бугун Академия эшигини қоққан эдим, аммо дарбон ичкарига қўймади, Афлотуннинг шогирдлари устоз туғилган кунни нишонламоқдалар, деди.

– Ҳа, – деди Спевсип. – Биз Афлотуннинг туғилган кунини нишонладик. Эртага кел, дарвоза очиқ бўлади. Спевсипни сўра – сени ҳузурига олиб киришади.

– Устози ким бўлишини у ҳали ўйлаб кўради, – деди Арасту ҳақида Эсхин. – Биз сўз юритган одам Исократ эди…

– Йўқ, – эътироз билдирди Арасту. – Мен Афлотун ҳузурига келдим.

– Аммо Афлотун Сиракузада, – эслатди Эсхин.

– Унинг руҳи Академияда яшайди, – жавоб берди Эсхинга Спевсип. – Бошланиши учун шу кифоя. Исократ – бесаранжом дунё ҳосиласи. Қиммат ҳам туради – йилига минг драҳма. Трифера ўз санъатини, кулол ясаган ишини пулга сотгандайин, Исократ ҳам ўз донишмандлигини пулга сотади. Триферанинг санъати бир кунга икки драҳма, Исократнинг донолиги эса уч драҳма туради. Триферанинг санъати лаззат келтиради, Исократнинг донолиги эса беҳуда умидларни уйғотади.

– Барча умидлар беҳудадир, – деди Эсхин қип-қизариб. – Афлотун инъом қиладиган умидлар ҳам. Ҳатто улар янада бехудароқдир ва бир чақага қимматдир. Исократ шогирдларини одамлар ва эҳтирослар дунёсига олиб киради, Афлотун эса шарпалар ва фаолиятсиз мушоҳадага йўл очади.

Эсхин сапчиб ўрнидан турди-да, муштларини тугиб, Спевсип рўпарасида пайдо бўлди. Агар Спевсип ҳам шундай қизиққон бўлганида, муштлашув чиқиши тайин эди. Аммо у ўзининг мугуз қадаҳини кўтарди-да, жилмайиб деди:

– Эътиқод маъбудаси Пейто учун ичдик. Унга ким ҳар доим ихлос қўйса, ўша одам гўзалдир, Эсхин! Эридалар[28] роса устимиздан кулдилар! Хайрэ!

– Хайрэ! – Эсхин ўзининг жомини олди-да, хўмрайиб, барибир Спевсип билан сипқорди.

Шу аснода ўзининг ясан-тусан қилган канизалари ҳамроҳлигида Трифера ҳам пастадага[29] тушиб келди. Ана, у тилла ва қимматбаҳо тошлар билан зийнатланган найини оғзига олиб борди ва ўзининг қайноқ нафаси билан ундан мўъжизакор, кишини сеҳрловчи рақс навоси тарата кетди. Қизлар шам олови янглиғ эгилиб-чайқалиб рақс туша бошлашди. Мусиқага ошуфта бўлганча меҳмонлар ҳам жомларидан охиригача ичмай, сўзлари ҳам оғзида қолиб, ҳаракатсиз тек қотиб қолишди.

Маҳлиё бўлиш – ёруғ дунёнинг яна бир ажойиб қобилияти. Унинг нур ва ёғдулари мафтункорликка тўла. Юксалиш ва теранлик инсонни сеҳрлайди. Миттилик – ўзининг миттилиги билан, буюклик – ўзининг буюклиги билан мафтун этади. Гуллар ва тошлар. Товуш ва сукунат. Зарра ва сув. Ҳаёт ва ўлим. Мафтункорлик – бу нима дегани? Инсон сари ундовчи ва уни қотиб қолишига мажбур этувчи ҳақиқатнинг ўзи эмасми? У шунчалик гўзалки, унинг биргина чорловидан, унинг биргина яқинлашувидан инсон ўзини беҳад бахтиёр ҳис этгай. Бу мафтункорликка бас келиш деганидир. Кўзни каттароқ очиш ва фикрни ишлашга мажбур этиш дегани бу. Шундагина денгиз кўпигидаги Афродита пайдо бўлгани каби мафтункорликдан ҳақиқат туғилади. Ҳақиқатнинг шакли – уйғунлик, гўзаллик. Гўзаллик борлиғи – қуйилиб келувчи жилвага тўлиқ дунё. Ҳақиқат теранроқдир. У барқарор, ўзгармас ва абадийдир. Мафтункорлик – унин даъвати…

– Арасту… – Эсхин унинг елкасидан тутди. – Ухлаб қолмадикми, Арасту?

– Йўқ, – жавоб берди Арасту ва кўзини очди.

– Бир қултум ҳам ичмадинг, кратеримизда эса ажойиб мусаллас бор. Афина базму жамшидларининг шиорини билмайсанми? “Ё ич, ё кет!” – мана ўша даъват. Ўгирилиб қарасанг, эшикка шу сўзлар ўйиб ёзилганини кўрасан.

– Спевсипнинг ёнидаги одам ким? – сўради Арасту.

– Спевсип дейсанми? – “Спевсип” деяётиб, Эсхин афтини тириштирди. – Атарнея мустабидининг дўсти, Гермий.

– Бу ерда нима қилиб юрибди?

– Академияга борсанг, у билан битта жамоага тушиб қоласан. Мустабиднинг дўсти билан битта жамоага… Дарвоқе, унинг пули кўп. Афлотун ўқитганига ҳақ олмаса ҳам, совғаларга йўқ демайди. Қимматбаҳо совғаларга, Арасту. – Спевсипни эшитсин деб Эсхин сўнгги сўзларни атайлаб, баланд овозда айтди.

Спевсип ўгирилиб деди:

– Кипр шоҳи Никоклес унга ёзиб берилган нутқ учун Исократга йигирма талант[30] тўлаган. Буни ҳамма билади!

– Сиракузалик мустабид Афлотунга ўқитгани учун қанча тўлайди? –сўради Эсхин.

Эсхин ва Спевсипнинг бу баҳсида Арасту Спевсип томонида эди, ҳолбуки, буюк файласуфнинг баланд бўйли ва бақувват, қаршисида Эсхин ёш боладай кўриниб қоладиган жияни билан баҳс бойлашгандаги Эсхиннинг жасоратига қойил қолганди.

Ошкора жанжалга айланиб кетай деб қолган баҳсга Андротион аралашди.

У жойларидан сакраб турган Эсхин билан Спевсипнинг ўртасига келиб туриб олди ва баҳслашувчиларни қўллари билан икки томонга итарганча муросасозлик билан деди:

– Сизлар бир нарсани унутдиларинг: Исократ билан Афлотун – ёшликда бирга ўсган дўстлар. Уларнинг устози битта эди – Суқрот. Уларнинг ҳеч бири иккинчисидан на яхши, на ёмон эди, чунки Исократ ва Афлотун – одам болаларидир, одам болаларини эса тувакларга қиёслаб бўлмайди. Нима қиласизлар бозорчиларга ўхшаб, дўстлар! Эртага Хариталарга[31] садақа бериш эсингиздан чиқмасин, улар юракларимизни юмшатиб, иноқлик ва севинч туйғуларига тўлдиради.

…Базму жамшид тунгача давом этди. Топишмоқ айтиш мусобақаси бўлди. Бу ерда ҳам Никанор ютиб чиқди. Кейин қўшиқ айтишда мусобақалашдилар. Ҳатто Арасту ҳам қўшиқ айтди – гарчи овози билан ҳеч қачон мақтанмаган бўлса-да, ичилган мусаллас уни қувнатиб юборганди. Боз устида, Трифера ўзининг бошидаги гулчамбарни олиб, уни шу билан мукофотлади ҳам.

– Унга қўшиғим ёқди, деб ўйлама тағин, – деди Эсхин Арастуга. – Унга сочларинг ёқди… Ичимиздан фақат сени танлади – суюн!

Арасту Триферанинг нигоҳига яна бир неча марта тўқнаш келди, бироқ кейин унинг фикру ёди атарнеялик Гермийда бўлиб қолди. Гермийнинг буйруғи билан унинг қуллари танобийга бир меш мусаллас олиб киришди ва уни ерга қўйиб, сиртига мой суртишди, шундан кейин хоҳловчилар ким кўп сарҳуш бўлиш баҳсига киришиб кетишди. Деҳқонлар жом байрамида шундай қилишади, сирпанчиқ ва қимирлаб турган меш устига чиқиб, мусаллас ичишади. Томошабинлар тараф-тараф бўлиб, ичилган жомларни санаб туришади. Гермийнинг ўзи ҳаммадан кўп – тўққиз жом ичди. Тўққизинчисидан кейингина у қотиб-қотиб кулаётган, Дионисни шарафловчи сўзларни қичқириб айтаётган дўстлари қўлига ағдарилди. Мешдаги мусалласни жомларга сузишди. Базму жамшид давом этди.

– Ана шунақа, – деди энди ичмаётган ва бошини ғамгин эгганча ўтириб қолган Эсхин. – Афиналиклар ҳар куни шунақа айш-ишрат қиладилар. Хушчақчақлик қилишади-да, қадимдаги шон-шуҳратларини эслаб йиғлашади. Биз форсларни янчиб ташладик, аммо улар эллинлардан боп­лаб ўч олдилар, шаҳарларни бир-бирига гиж-гижлаб қайрадилар. Ўзаро урушлар Афина денгиз иттифоқининг дабдаласини чиқарди, бизни хонавайрон қилди, заифлаштирди, Афинанинг олдинги улуғворлигидан ҳеч нарса қолмади. Ҳозир-чи, агар хоҳласалар, форслар бизни босиб олишлари ва қулларга айлантиришлари мумкин. Бурнимизнинг тагида шу хатарни кўриб туриб ҳам итлардай бир-биримизга ташланамиз, ора-сира эса кайф қиламиз ва йиғлаймиз. Ёки сафсата сотамиз. – Эсхин Арастуга қаради. – Сафсата ҳам кайфнинг бир тури, чунки у асосий нарса – Афина қудратини тиклаш ишидан бизни чалғитади. На Спарта, на Фива, на Коринф – ҳеч бирида куч қолмаган, ҳаммалари зўрға нафас олмоқдалар… Форслар эса интиқом олиш орзусида, интиқом они келади, ҳа, келади!

– Ошириб юборибсан, – деди Арасту Эсхинга, – кайфу сафони ҳам мусалласга ғарқ қилибсан…

– Йўқ, – эътироз билдирди Эсхин, – мен ғамни мусалласга ғарқ қила олмайман, – давом этди у бўлинган фикрини, – бу ердагиларнинг барчаси Филиппнинг ақл-заковати ҳақида кўп эшитган. Кўплар унинг эллинларни бирлаштиришини башорат қилмоқда…

– Афинанинг шон-шуҳрати – Академия, – деди Арасту. – Уни бутун дунё билади. Барча ақлли ҳукмдорлар Афлотундан ўрганишга интиладилар. Афиналиклар қурол билан эришолмаган нарсага ақл ва билим билан эришадилар…

– Тентак! – қаҳ-қаҳ уриб кулди Эсхин. – Тентак! Ким ўргатди сенга бу гапни?

– Афлотун, – жавоб берди Арасту.

– Афлотун? Қанчалик хато қилганига у ҳадемай иқрор бўлади. Олдинги сиракузалик мустабид Афлотунни қул қилиб сотди. Ҳозиргиси эса уни ўлдиради. Бу ерда ҳамма шуни гапираяпти. Фалсафа лоақал битта мустабидни бош эгдира олмаяпти-ку, сен бўлсанг, бутун дунё ҳақида гапирасан. Тентак!

 

Спевсип Триферанинг уйидан Арасту билан бирга чиқиб келди.

– Эртага тушдан кейин мен сени Академияда кутаман, – деди у Арастуга, – уч кундан сўнг Сиракузага кетаман, Афлотуннинг ёнида бўлиб, унга ёрдам бераман. Книдлик Эвдокс бу ерда қолади. Ксенократ ҳам Сицилияга кетади. Шу боис эртага кел. Эвдокснинг эса янги шогирдлар олишга ҳаққи йўқ. Афлотундан кейин фақат мен шундай ҳуқуққа эгаман…

– Мен келаман, Спевсип. Ҳозироқ ортингдан боришга тайёрман.

– Қаёққа? – қаҳ-қаҳ уриб кулди Гермий, у ҳам Спевсип билан бирга чиқиб келганди. – Қаёққа борасан? Биз қаёққа кетаётганимизни биласанми ўзи?

– Йўқ, билмайман, – жавоб берди Арасту.

– Унга қулоқ солма, – деди Гермийга шаъма қилиб Спевсип. – У кўп ичиб юборди ва нима деяётганини билмайди. Эртага тушдан кейин кел. Ўзинг билан барча ашқол-дашқолингни ола кел. Хоҳласанг, эски гимнасийда сенга жой топиб бераман. Сенга ва қулингга хона топиб бераман, – қичқирди Спевсип кетаркан. – Хоҳласанг…

 

Спевсип сўзида турмади ва Арастуни кутиб олмади. Дарвоқе, бунга асосли сабаб бор эди: унинг кемасида Сицилияга сузиб кетмоқчи бўлган савдогар бирданига елканни кўтарди-да, Спевсипсиз Пирейдан жуфтакни ростлаб қолди. Спевсип Афлотуннинг ҳузурига элтиб қўйиши мумкин бўлган янги кема қидириб, Пирейга чопиб кетди.

Буларнинг барини Арасту Гермийдан билди.

– Аммо сен хафа бўлма, – деди у Арастуга. – Мен сенга қаерда туришингни кўрсатаман ва Эвдокс билан таништириб қўяман. Гарчи менинг гимнасийдан ташқари Афинада ҳам уйим бўлса-да, бизлар қўшни бўламиз. Сен балки биларсан: мен Атарнеяданман, у Мидиядаги Скепсис ёнида жойлашган. Атарнея шоҳи Эвбул менинг дўстим. Агар уйда бўлмасам, афиналиклар таомили бўйича, одобга қарши иш тутган бўламан… Аммо менга гимнасийдаги хонам кўпроқ ёқади, ҳа, ишонавер. Бу ерда яшасанг, ўзинг амин бўласан.

 

Эвдокс Афлотуннинг уйида турарди. Гермий билан Арасту уникига кириб келишганида, у қоқ ерда ётганча папирус қоғозига сиёҳда алланималарни ёзарди.

– Эвдокс, бу Арасту, – деди Гермий хона бўсағасидан кирар-кирмас.

– У сенга ўзи ҳақида гапириб беради, ҳозирча сенга айтадиганим шуки, Спевсипнинг фармойиши билан у шу ерда яшаб, хоҳлаган устозларининг маърузасини тинглайди.

– Эски гимнасийга кираверишдаги ёзувни ўқидингми? – сўради Арастудан Эвдокс.

– Ҳа. У ерда “Геометр бўлмаган бу ерга кирмайди!” деб ёзилган, – жавоб берди Арасту.

– Менга пифагорчиларнинг муқаддас рақамини айтгин-чи, – деди Эвдокс.

– Уч, тўрт ва беш, – жавоб берди Арасту. – Тўртбурчакли учбурчакнинг томонлар нисбати шунақа…

– Кубнинг иккиланиш масаласини ким ёзган?

– Тарентлик Архит.

– У яна нималар қилган?

– У прогрессиялар ўртасидаги тафовутни аниқлаган, – жавоб берди Арасту жилмайиб.

– Нега жилмаясан? – сўради Эвдокс.

– Буюк номларни эслаш севинч келтиради, – жавоб берди Арасту.

– Яхши. Агар хоҳласанг, бугун жўғрофиядан ўқийдиган маърузамда иштирок этишинг мумкин, – деди Эвдокс, – ёки ўзингга ҳар қандай бошқа устозни танла…

– Энди менинг бир маслаҳатимга қулоқ сол, – деди Гермий. – Бугун жойлашиб ол. Бу биринчиси. Кейин мен сенга Академияни кўрсатаман ва бу ернинг эгалари билан сени таништираман. Акс ҳолда “Бу нима? Бу ким? Анави нима? Анави ким?” деган саволлар сенга сира тинчлик бермайди. Ё нотўғрими?

– Тўғри, – тасдиқлади Арасту.

– Кечқурун мени Демосфен таклиф қилган. Сен мен билан боришинг мумкин.

Эски гимнасий синфларга бўлинган эди. Илгари спорт анжомлари, қуроллар сақланадиган ва ўқитувчиларнинг дам олиш жойи бўлиб хизмат қилган хоналар эса энди турар жой қилиб мосланганди. Яна бир неча уйни Афлотуннинг дўстлари қуриб беришганди. Улар ҳам турар жойга ва машғулотларга мўлжалланган.

Афлотуннинг бир қанча дўстлари ва шогирдлари шу ерда муқим истиқомат қилар эдилар. Бошқалари – Афинада: Академия Дипилондан атиги олти стадийда жойлашганди. Эвдокс ва Гермийга ўхшаганлар эса Академияга келиб-кетиб туришарди.

– Бу ерда қачонгача бўлмоқчисан? – сўради Арастудан Гермий.

– Билмадим,– жавоб берди Арасту. – Балки бир умр қоларман: Академиядан ташқарида мени ўзига тортадиган одамлар ҳам, ишлар ҳам йўқ…

– Бахтиёрсан, –деди Гермий. – Сен бахтиёрсан. Менинг эса Атарнеям бор, у ёққа қайтиб боришга мажбурман. Афинага ҳар бир келишим Сузанинг ғашини келтиради ва дарҳол устимдан Артаксерксга чақимчилик қилишади. Эллинлар бўлмаганида, Атарнеяга ҳеч қачон қайтмаган бўлардим, Атарнеяда улар ҳимоямга муҳтож. Дўстим Эвбул ҳам мени чақиряпти, қариб қолган эмасми. Буюк Панафинеялар байрамида[32] қайтиб кетаман. Сен эса бахтиёрсан. Нима дединг: “Академиядан ташқарида мени ўзига тортадиган одам ҳам, иш ҳам йўқ”, дедингми?

Улар серсоя чинорлар хиёбондан Академия боғи орқали оқиб ўтувчи Кефис дарёси томон кетиб борар эдилар. Гермий Арастуни бир қўли билан қучоқлаб, хўрсинди.

– Дўстинг мустабидми? – сўради Арасту.

– Ҳа. Аммо “мустабид” сўзи бу ерда ҳақоратомуз эшитилади. Сиракуза мустабиди Дионисий Биринчи Афлотунни севувчи барча одамлар учун бу сўзни ҳақоратга айлантирди. Дионисий қўпол, бешафқат ва манман одам эди. У ўз халқини ёмон кўрарди. Аммо бошқа мустабидлар ҳам бўлган, Арасту. Ҳойнаҳой Питтак ва Периандр ҳақида эшитганинг бордир? Уларни биз ҳозиргача етук ва доно шахслар сирасига қўшиб эслаймиз. Ҳолбуки, улар ҳам мустабид эди, Арасту… Ҳозир ҳамма Афлотундан қаттиқ ташвишда, – давом этди Гермий қирғоқларини қалин ўт қоплаган сокин дарё бўйида туришар экан. – Спевсип ва Ксенократ ёнида бўлиш учун устоз ҳузурига шошилмоқда. Сицилиядан ташвишли хабарлар келган: Дионисий Иккинчи ўз мураббийи ва Афлотуннинг эски дўсти Дионни Сиракузадан бадарға этган. Ҳозир Дион Италияда. Афлотун ҳимоясиз қолган, Дионнинг душманлари унга бўхтон қилмоқдалар. Бунинг нима билан тугашини ким билиб ўтирибди… Дионисий Иккинчи Дионисий Биринчидан узоққа кетмаган, у ҳам отаси каби бевафо ва манман.

– Спевсип ва Ксенократ Афлотун учун нима қилиб бера олади?

– Улар ёш ва кучли. Афлотун эса кекса, у олтмишга кирган. Флотим бўлганида, ҳозироқ Сицилияга қараб йўл олган бўлардим… Фалсафа, Арасту, пасткаш одамни буюк, бағритошни меҳрибон қилолмайди. Фақат меҳрибон одамни у буюк қилади…

Улар Афлотуннинг йўл устидаги машғулотлар синфи – экседрани кўздан кечиришди. Илгари ҳам буюк файласуфнинг самимийлиги ҳақида эшитган Арасту унинг экседраси нечоғли оддий жиҳозланганини кўриб, ҳайратланмай қолмади: ўқитувчининг столи, унинг ўриндиғи, ўриндиқ ортидаги деворда доска, стол олдида – тингловчилар учун бир неча қатор скамейкалар.

Арасту стол олдига борди, деразадан қаради. Деразанинг нарёғидан кекса зайтун дарахти кўриниб турарди. Гермий кейин бу дарахтнинг ёши Акрополь тошларида Афина таёқчасидан ўсиб чиққан зайтун ёши билан бараварлигини сўзлаб берди.

– Афина зайтунни, Посейдон сувни, Дионис ток зангини инъом этган, – деди Гермий. – Аммо афиналикларга фалсафани ким инъом қилган? Суқрот ёки Афлотун…

Улар эрталаблари Академиядагиларни уйғотадиган клепсидрани[33] узоқ кўздан кечиришди.

– Эртага унинг овозини эшитасан – мана бу найларнинг овозини, – тушунтирди клепсидранинг тузилишини Гермий. – Эрталабга яқин мана бу идиш тўлганида, сув пўкакни кўтаради ва ичи бўш бошқа идишга жўмракни очади. Сув унинг ичига оқиб киради, бундан қисилган ҳаво найларнинг тешикларига интилади ва улар овоз бериб чалинади. Шунда бутун Академия товушга тўлади. Қани айт-чи, тингловчилар энг аввал қаёққа чопишади?

– Экседрага, – тусмоллади Арасту.

– Йўқ, – кулди Гермий. – Йўқ! Ошхонага, дўстгинам. Зеро файласуфлар ҳам овқатсиз яшай олмайдилар… Айтганча, бу ерда гўшт емайдилар, жуда оз ухлайдилар, бу ерда шовқин кўтариш, ивирсиб юриш йўқ. Бу ерда, дўстим, устозни тинглаш ва жимликда илм билан шуғулланиш бор. Қолган шўхликлар – у ёқда, – қўлини силкиди Гермий. – Афинада… Академияни тарк этиш ҳеч кимга ман этилмаган, аммо сен музаларни мураббий қилиб танлаган бўлсанг, буни суиистеъмол қилиш ярамайди.

 

Арасту келиб қўнган хона янада одмироқ эди: битта каравот, битта дераза, кийим сақлаш учун битта сандиқ, устига идиш қўйилган бир неча токча. Яна чоғроқ қазноқ ҳам бор эди, унга умумий йўлакдаги эшикдан кириларди.

– Худога шукр, – деди Нелей, Гермий уларга қазноқни кўрсатганда. – Бу ер менинг бошпанам бўлади. Лекин Тиманфни нима қиламиз?

– У ошпазлар билан яшайди, – жавоб берди Гермий. – Дарвоқе, Академия ғазнасига сизга ошхонада бериладиган овқат учун бир неча драҳма киритиб қўйишингиз керак бўлади. Бизда ғазначи қилиб Гипподам, архонт[34] қилиб эса эрталабдан селинунтлик Лисий сайланган – пулни ўшанга берасан…

 

Стагирада ҳам сукунат ҳукм сурадиган жойлар оз эмасди. Аммо бу ердаги сукунат бошқача – улуғвор, тантанавор эди. Текисликларда сукунат ётади, тоғ дараларида яширинган бўлади. Бу ерда эса у асрий чинорлар, кумуш тераклар, серсоя, улкан қайрағочлар, маъбудлар ва қаҳрамонларга бағишланган устунлар ва ҳайкаллар тик тургандек турар эди.

Гермий кетиб, Нелей эса қўналғани саришталашга киришганида, Арас­ту эски гимнасийдан чиқди-да, дарахтзорда танҳо узоқ кезинди. У ўзини шунчалик яхши ҳис этиб, шунчалик енгил нафас олдики, ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бундай бўлмаганди. Уни қуршаб олган табиат улуғворлиги мана шу дарахтзорни ўз маскани қилиб танлаган онг шарафига, инсоний донолик шарафига эканини ҳис этди. Унинг тантанавор сукунати ҳам онг шарафига эди. Ялангликларни тўлдирган ҳайратомуз тиниқ нур япроқлар орасидан қуйилиб тушар ва сокин Кефис мавжларида кўзни қамаштириб чарақларди – бу ҳам унинг шарафига эди. Эҳтимол, ҳайкаллари Академия боғини безатиб турган – Геракл, Прометей, Эрот ва Гефестлар ҳам буюк файласуф донолигига ҳурмат бахш этгани бу ерга келгандир. Бу ерда фақат ўша улуғ файласуфнинг ўзи йўқ эди. Бу эса кўзга ташланиб турган ҳамма нарсани етимдай мунгли қилиб қўйганди.

У гимнасийни бошқа томондан айланиб ўтди ва очиқ деразадан келаётган овозларга қулоқ тутганча дарахтлар ортига бориб турди. У ерда машғулотлар давом этарди. Арасту овозлар ичида энг баландини фарқлай олди ва қуйидаги сўзларни илғади:

– Ҳақиқат ҳамма жойда мавжуд. Уни билиб олишимиз учун бизга на устахона, на асбоб-ускуна, на ёруғлик, на қоронғилик, на тоғ чўққилари, на денгиз тублари керак. Ҳақиқат ўзини биздан яширмайди. Биз жону дилимиз билан ҳақиқатга абадий дахлдормиз. Уни тўғри мушоҳада билан топамиз…

– …Уни тўғри мушоҳада билан топамиз, – овоз чиқариб такрорлади Арасту. – Тўғри мушоҳада билан…

Йўқ, ўша куни у вақти келиб янги фан яратувчиси бўлиш фикридан узоқ эди. Аммо унинг тафаккури билиш жараёни сири сари интилганда у ҳар гал кўрган бўшлиқ олдида энди англаб бўлмас ташвиш яшарди.

– Уни тўғри мушоҳада билан топамиз, – яна такрорлади у ҳозиргина эшитган сўзларини. – Тўғри мушоҳада билан…

Бу тўғрида Суқрот кўп нарсаларни айтган эди. Афлотун ҳам ўз суҳбатларида устозининг сўзларини бот-бот такрорлар эди. Барибир сир сирлигича қолаверди. Балки фақат Арасту учун сир бўлиб қолгандир? Бу ерда эса ҳаммасини билишса керак.

Ўша оқшом унинг Афинага оёғи тортмади, аммо Гермийнинг гапини ҳам иккита қила қилиб бўлмасди, бунга жўялироқ бир сабаб ҳам топа олмасди. Бунинг устига Гермий унга ёқиб қолган эди. Хушсуратлиги билан эмас, албатта, гарчи Арасту келишган одамларни хуш кўрса ҳам. У энг аввал Арастуга дўстпарварлиги, очиқкўнгиллиги ва унинг тақдирига самимий хайрихоҳлиги билан ёқиб қолди. Кейинчалик Арасту Гермийнинг ўзидан тўрт ёш катталигини, Пифиада исмли асранди қизи борлигини, мусофир юртда уни қаттиқ соғинаётганини билди. Унинг нигоҳида Гермийни янада ёқимлироқ қилиб кўрсатадиган яна кўплаб майда-чуйда тафсилотлардан ҳам хабар топди.

 

Улар Демосфеннинг уйи томон йўл олиб, яна зиёфатнинг устидан чиқдилар. Тўғри, буниси кеча Трифераникидаги бўлган базму жамшидга ўхшамасди ва одам ҳам сийрак эди. Бу ерда на сурнайчи қизлар, на раққосалар, на сонсиз хизматкорлар бор эди.

Демосфен бой эмасди. У жуда кичкиналигида ота-онасидан айрилган, васийлар эса ота-онаси унга қолдирган меросни талон-тарож қилишганди. Демосфеннинг чеҳраси сўлғин бўлиб, у деярли ичмаётганди. Гапираётиб хиёл дудуқланар ва елкасини асабий учирар эди. Аммо фикри тиниқ эди ва асосан бир мавзуга: йирик қулдор, судхўр ва савдогарларнинг Афинага тайёрлаётган хиёнатига қаратилганди.

– Уларнинг ватани йўқ, – деди у, – чунки улар яратган эгамга эмас, олтинга сажда қиладилар. Уларнинг бойлигини ҳимоя остига олган одам улар учун энг яхши дўст ҳисобланади. Камбағал ва эркин халқ эса уларга душман. Ўз бойликларини сақлаб қолиш учун улар халқни сотишдан ҳам тоймайдилар. Лекин аввал нима рўй беришини билолмаяпман: халқ талончиларни ҳайдаб соладими ёки улар халқни сотадими? Марафон яқинида форсларни тор-мор этган Мильтиаднинг сўзларини тез-тез так­рорлаб туришимиз керак: “Афиналиклар қул бўладими ёки эркларини мустаҳкамлайдиларми – бу ўзимизга боғлиқ…”

 

– Бечора Демосфен, – деди Гермий, улар Академияга қайтиб келишганида, – унинг қисмати қайғули бўлишини кўриб турибман. Ёрқин умидлар олдида қора кучлар бораётганини унутмаслик керак. Эллинларнинг ёрқин умидлари – бирлик, ихтиёрий эркин иттифоқ. Бироқ олдинда қора куч одимлаб бормоқда, у қилич ва қон билан полисларни[35] даҳшатли ва мунгли иттифоққа бирлаштиради. Ёмонлик, дўстим, ҳар доим олдинда бўлади, аммо яхшилик қурмағур фақат ёмонликдан пайдо бўлади. Фожианинг тугагани – мағлубнинг енггани, шундай эмасми?

– Тарих қонуни шунақа демоқчимисан? – сўради Арасту. – У маъбудлар ва саркардаларнинг инжиқликларига қараб содир бўлади демоқчимисан? Қўшинларни жангга бошлайдиган аслида шоҳлар ва сиёсатдонлар эмасми? Халқ кўнглида эҳтирос уйғотадиганлар ваъзхонлар эмасми? Давлатларга ҳақиқат йўлларини кўрсатадиганлар файласуфлар эмасми?

– Ҳақиқат йўллари нима ўзи? – деб сўради Гермий. – Қонун белгилаб бера олган йўллар эмасми?

– Қонун эмас, доно ечим белгилайди.

– Доно ечим? У қанақа бўлар экан?

Улар баҳсни тўхтатишди, чунки яқиндаги уйнинг бурчагидан сайр қилиб юрган бир гуруҳ эфеб уларга пешвоз чиқди. Улар шовқин солар, машъалаларини силкитар эдилар. Кимдир уларга балкондан бақирди, бироқ ўша заҳотиёқ ўша ёққа тошлар уча кетди.

– Уларга ёқмай қолсак, бизнинг ҳам ҳолимизга вой, – деди Гермий. – Қочишга эса уяласан.

Шу тоб уларга кўзи тушган эфеб қичқирди:

– Мана буни омад деса бўлади! Бир авра-астарини ағдарайлик-чи буларнинг!

Маст эфеблар Гермий ва Арастуни қуршаб олдилар. Улар ўнтадан кам эмасди. Ҳар ҳолда қўлида машъала тутганлари ўшанча келарди.

– Бир-биримиздан бир қадам ҳам жилиш йўқ, – деди Гермий Арастуга. – Елканг билан менга қаттиқ ёпишиб ол. Аммо қўрқма! Чинакам фожиа интиҳоси – мағлубнинг енггани!

Муштлашувга чорлаб, афтларини буриштириб ва хохолаб кулиб, эфеб­лар уларнинг юзи олдида машъалаларини силкита бошладилар. Жангга биринчи бўлиб Арасту киришди – маст йигитлардан бири чарс-чурс қилган машъалини унинг қорнига нуқиганидан кейин у ўзини тутиб туролмади. Машъалани тортиб олди-да, қўлининг куйганига қарамай, у билан айлантириб безорини солди. Шундан кейин эфеблар қутуриб қичқирганча ҳар томондан бостириб кела бошладилар.

Муштлашув узоқ чўзилмади. Эфеблар сафи орасида жиндек саросима сезилгани ҳамон Арасту билан Гермий бир неча безорини ер тишлатишди. Гермий Арастунинг қўлидан тутди ва улар ортидан отилган тошлар дўли остида кўчадан пастга қараб жон ҳолатда қоча бошлашди ва бир уйнинг бурчаги остида ғойиб бўлишди. Эфеблар уларни таъқиб қилишмади.

– Тирикмизми, ишқилиб? – кинояли кулди Гермий нафасини ростларкан. – Роса боплаб пардозлаб қўйишди-ку ўзиям!

Кийимлар, қўллар, башаралар – бари қоп-қора бўлиб қолганди. Арас­тунинг йиртилиб кетган ёмғирпўши ерда ётарди. Гермийнинг бурнидан қон оқарди.

– Эртагаёқ қисмат маъбудаларига садақа қиламиз, – деди Гермий. – Эвбул дўстидан, фалсафа эса Арастудан маҳрум бўлиши ҳеч гап эмасди… Дунёни мустаҳкам, енгилмас қонун бошқаришини ким хоҳламайди? Аммо унга тасодиф ҳукмронлик қилади, шекилли…

Улар шу атрофда шалдираб оқиб турган ариқ томон тушиб кетишди ва ойдинда ювиниб, кийимларини чайиб олишди.

– Қўлингда қилич билан жанг қилганмисан ҳеч? – сўради Гермий Арастудан.

– Йўқ. Аммо форсларга кўзим тушди деганча қўлим қиличга югуради. Ксеркс эсларига тушганида, афиналикларнинг ҳам қонлари қайнаб кетса керак. Мен ҳам шундай ўйлайман, Арасту, эллинлар форсларга қарши бирлашмоқлари даркор. Биз – ягона халқмиз. Бизнинг ягона қўшинимиз, ягона ҳукуматимиз, ягона давлатимиз бўлиши керак.

– Ягона тангримиз-чи?

– Нега бўлмасин? Демосфен халқда ўзининг сиёсий режаларига ҳамдардлик оловини ёқишни, бекорчилик, беғамлик нишоналарини парча-парча қилишни, афиналикларда бойларнинг хуфёна ниятларига қарши куч уйғотишни орзу қилади. Афсус, дўстим, бу тун нишоналарга тўлиқлигини кўриб-билиб турибсан – ҳар томонда мастларнинг қичқириқлари, мечкайларнинг хурраклари, шаҳватпарастларнинг пишиллашлари… Ҳамманинг баданидан ишратлар, дабдаба-ю асъасалар ва ўйин-кулгиларга ўчлик ҳиди уфириб туради. Ёш Демосфеннинг нутқи кимни ҳам руҳлантирарди?

– Эсхин билан Демосфеннинг мусоҳабасида сенга Эсхин ютадигандек кўринмаяптими?

– Эсхин? Билмадим. Унинг кўпроқ Филиппга умид боғлаганини кўргандирсан?

– Ҳа.

– Эсхиннинг айтишича, “Ўзинг ҳам яша, бошқаларнинг ҳам яшашига имкон бер, шароит биздан кучлироқдир, Демосфенга ўхшаб, оқимга қарши сузишдан маъно йўқ”.

– Қисмат ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, Гермий. Осмондан тушадиган омадга ҳам ишонма. Аммо қўлимиздан келадиган ишни қилишга мажбурмиз. Борди-ю, одамлар тақдири уларнинг қўлида бўлса, унда Демосфен анчайин ҳақ бўлиб чиқади, ҳа. Борди-ю, одамлар тақдири маъбудлар қўлида бўлса, унда Эсхин ҳақ бўлиб чиқади…

– Сенинг файласуфлигингга энди тан бераман, – деди Гермий Арастуга. Афлотун Академиясига келиб, ўз йўлингни топиб олганингга энди ишончим комил.

Улар Академияга эрталаб қайтишга қарор қилдилар. Гермий ҳам шундай қилса яхши бўлади, деб туриб олди. Арасту ҳеч қаршилик қилиб ўтирмади: Дипилон дарвозаси олдидаги қоровул бундай бемаҳалда пайдо бўлишларидан хурсанд бўлиши қийин эди – уларни тўхтатиб турган биринчи сабаб шу эди. Бунинг устига ҳар иккови – Гермий ҳам, Арасту ҳам ажнабийлар бўлиб, бу қоровулни бадтар шубҳага солар эди.

“Бу ерда ҳар хил маст метеклар изғиб юради, афиналикларга уйқу бермайди!” – Гермийнинг фикрича, шаҳар дарвозаси посбони уларни мана шундай қарши олиши мумкин.

Гарчи ёмғирпўшларини ювиб-чайиб олган бўлсалар-да, уларнинг кўриниши у қадар кўркам эмасди. Бунинг устига Арастунинг чакмони деярли қоқ иккига айрилиб кетган. Академия дарбони буни пайқамасдан қолмасди. Бунинг устига мусаллас ҳиди гупиллаб келиб турарди улардан. Юзлари кўкаргани яна бир бало. Академияда ҳукм сурувчи дастлабки хулқ-атвор қоидалари – вазминлик ва одобга қарши ўлароқ улар тунни анча бебош, қоидаларга хилоф тарзда ўтказишибди, деган тўхтамга келиши ҳеч гап эмасди. Шуларини ўйлаб, икковлон Гермийнинг Афинадаги уйига равона бўлишди.

– Аслида бу менинг уйим эмас, – деди Гермий дарвоза олдига етиб келишгач, – бу ерда қариндош-уруғларим туришади. Бу аҳволда уларнинг кўзига кўриниш яхши эмас. Аммо улар менинг боқимандаларим, шу боис тун бемаҳалда, ноқулай аҳволда келишимиз уларга малол келмаслиги керак.

Гермий болғачани олди-да, жилмайганча дарвозани ура кетди.

 

Улар битта хонада ухлашди. Кекса оқсоч хотин кун чиқиши билан уларни уйғотди ва ваннага иссиқ сув тўлатиб қўйилганини айтди.

– Ана, – деди Гермий. – Неча тонгдан бери Афлотуннинг клепсидраси қандай сайрашини эшитмайман. Афлотун кетгандан буён бўлса керак, – хўрсинди у. – Гарчи мен сенга дўст бўлсам-да, Арасту, минбаъд менга таъсип қилма.

– Хўп бўлади, – жавоб берди Арасту.

[1]* Манба: А.Домбровский. Великий Стагирит. – М., “Детская литература”, 1981 г.

 

[2] Еттинчи таргелион – 21 май (изоҳлар таржимонларники).

 

[3] Проксен – элчи.

 

[4] Педагог – қадимги юнон тилида “тарбиячи” маъносини англатади.

 

[5] Обол – IX-X асрларда Византия ва Қадимги Юнонистонда 1,6 драҳмали мис танга.

 

[6] Пифос – хум.

 

[7] Схоларх – фалсафа мактаби раҳбари.

 

[8] Эфеб – саводсиз, кўча безориси.

 

[9] Стадий – 177.4 м.

 

[10] Агора – марказий майдон.

 

[11] Хайрэ – ўзбек тилидаги “хайрият-эй” сўзига жуда яқин маънони англатади.

 

[12] Киксон – арпа уни ва қирилган пишлоқдан тайёрланган шароб.

 

[13] Пелла – Арасту замонида Мақдуниянинг пойтахти.

 

[14] Хитон – кийимнинг ички қисми.

 

[15] Гиматий – кийимнинг ташқи қисми, чакмон.

 

[16] Палестра – Қадимги Грецияда ўғил болалар мактаби.

 

[17] Гномон – қуёш соати. Афиналиклар кундузги соатларни қуёш чиқишидан бошлаганлар ва бутун кунни (тонгдан шомгача) 12 соатга бўлганлар, бунда қисқа (қишки) ва узун (ёзги) кун ҳисобга олинмаган.

 

[18] Пропилей – байрам тантаналари ўтадиган, икки четида нақшли устунлари бор йўлак.

 

[19] Булевтерий – Афинанинг Беш юз кишилик мажлиси ўтказилган бино.

 

[20] Архонт-басилевс – Афинада диний маросимлар билан боғлиқ ишларни юритувчи тўққиз архонтдан бири.

 

[21] Кирбалар – қонун матнлари ёзилган тош ёки ёғоч устунлар.

 

[22] Одеон – афиналиклар қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш ва ифодали ўқиш мусобақалари ўтказадиган театр.

 

[23] Астином – шаҳар назоратчиси, полиция комисари.

 

[24] Парасит – зиёфатга чақирилмаган меҳмон.

 

[25] Сибарис – бу шаҳар аҳолиси – сибаритлар янги тансиқ таомлар ихтиро қилишда ва кайфу сафода шуҳрат қозонган.

 

[26] Кратер – жом.

 

[27] Коттаб – эрамиздан аввал расм бўлган мерганлик ўйини.

 

[28] Эридалар – баҳс-мунозара маъбудалари.

 

[29] Пастада – катта танобий, зал.

 

[30] Талант – 6000 драҳма (тахм. 25 кг кумуш); учдан бир драҳма – камбағал Афина оиласини бир кунлик тирикчилигига етган.

 

[31] Хариталар – инсонлар ва биноларни сақлаб турувчи парилар.

 

[32] Буюк Панафинеялар байрами – Афина маъбуди шарафига ўтказиладиган тантана.

 

[33] Клепсидра – Академияда товуш чиқариб дарсга чақирувчи мослама.

 

[34] Архонт – бу ерда: Академияда ҳар куни сайланадиган шогирдлар сардори.

 

[35] Полислар – қадимги Юнонистондаги шаҳар-давлатлар.

2017/11

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/03/05/%d0%b0%d0%bd%d0%b0%d1%82%d0%be%d0%bb%d0%b8%d0%b9-%d0%b4%d0%be%d0%bc%d0%b1%d1%80%d0%be%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1934-2001-%d0%b0%d1%84%d0%bb%d0%be%d1%82%d1%83%d0%bd-%d0%b2%d0%b0-%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x