Алишер НАВОИЙ (1441–1501)

ЮЗУНГ КЎЗГУСИДИН…

Юзунг кўзгусидин оламда юз нуру сафо пайдо,
Қуёш андин анингдекким қуёшдин зарра нопайдо.

Сенинг кўюнг насимиға ўзин солдикки жон топтик,
Масиҳ анфосидин гар хастаға бўлмас даво пайдо.

Азалдин то абад сатҳи вужудунг зарфи тўлмаским,
Анга не ибтидо пайдодурур, не интиҳо пайдо.

Сен эттинг шамъу гулда жилваким, парвонаву булбул
Бири куйди, бирига бўлди юз дарду бало пайдо.

Сенинг нашъанг эди Ширин ила Лайлодаким, Фарҳод
Ўлуб, Мажнунға бўлди юз туман ранжу ано пайдо.

Мазоҳир истабон Асмоға ишқу ҳусн кўргуздунг
Ки, пайдо хирмани ажз ўлдию барқи жафо пайдо.

Биров етти сангаким ўзлуги даштини тай қилди,
Бақо истар киши аввал керак қилса фано пайдо.

Санга кўнглумдаги ҳожатни, ҳожат йўқки, арз этсам,
Улус кўнглида пинҳонлар эрур чунким санго пайдо.

Навоий гулшани вақтиға эҳсон ямғурун ёғдур
Ки, анда гул била булбулға йўқ баргу наво пайдо.
“Наводир уш-шабоб”, 3-ғазал

ЛУҒАТ

Нопайдо – кўринмайдиган, йўқ, ғойиб
Анфос – нафас
Сатҳи вужуд – вужудинг юзаси, бу ўринда: Оллоҳнинг макони
Зарф – суюқлик солиб қўйиладиган идиш, коса
Нашъа – баҳра, завқ
Ранжу ано – дурду алам
Мазоҳир – зоҳир бўлиш, ошкор қилиниш, пайдо бўлиш
Асмо – исмлар, бу ўринда Оллоҳнинг исмлари назарда тутиляпти
Ажз – ожизлик, заифлик, кучсизлик
Барқ – чақмоқ, яшин
Бақо – абадийлик
Фано – йўқлик
Тай – юрмоқ, кезмоқ

Ғазалнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

1. Юзинг кўзгусидан оламда юз нуру сафо пайдо бўлса, бу нур олдида ҳатто қуёш ҳам худди заррадек кўринмас бўлиб қолади.
2. Сенинг кўйинг насимидан баҳраманд бўлган чоғимиз жон топдик, Исо Масиҳнинг нафаси ҳам хастага бунингдек даво бўлолмайди.
3. Сенинг маконинг чексиз ва чегарасиздир, унинг на боши ва на охири бор.
4. Сен шамъ ва гулда жилва қилган пайтингда, парвона куйди-ю, булбул юз дарду балога мубтало бўлди.
5. Сенинг гўзаллигинг Ширин ва Лайлода намоён бўлди, бундан Фарҳод ҳалок бўлди, Мажнунга эса юз минг дарду алам юзланди.
6. Ўзингни намоён қилишни истаб, Асмо (исмлар)да ишқ ва ҳуснингни намоён қилдинг, бундан мавжудлик хирмони ожиз қолди-ю, жафо чақмоғи оламни ёритди.
7. Сенинг даргоҳингга етмоқ истаганлар ўзлик даштини босиб ўтишлари зарур, зеро, ким агар абадийликка эришмоқчи бўлса, ўзлигидан воз кечмоғи лозим.
8. Сенга кўнглимдаги ҳожатларимни изҳор айламоққа ҳожат йўқ, чунки Сен эл кўнглидаги ҳар бир пинҳон сирдан воқифсан.
9. Навоийнинг гулшанига эҳсонинг ёмғирин ёғдиргилки, ушбу боғдаги гул билан булбулга Сенинг марҳаматингсиз барг ҳам, наво ҳам йўқ.

Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

Мавзусига кўра ҳамд ғазал ҳисобланган ушбу асарда илоҳийлик ва моддий борлиқнинг бир бутунлик касб этиши тажаллий назарияси асосида талқин қилинган. Яъни бу назарияга кўра, бу олам, ундаги борлиқ Оллоҳнинг зуҳурланиши, намоён бўлиши маҳсулидир. Илк мутасаввиф олимлардан Саҳл ат-Тустарий тажаллийнинг 3 турини келтириб ўтади: 1) зот тажаллийси – илоҳий моҳиятнинг намоён бўлиши; 2) сифот тажаллийси – илоҳий моҳиятнинг ўз сифатларида намоён бўлиши ёки нур таратиш; 3) феъл тажаллийси – илоҳий ҳукмнинг намоён бўлиши ёки келажак ҳаёт. Тасаввуф фалсафасига кўра, Оллоҳ доимо инсонларга нарса ва атрофдаги ҳодисалар кўринишида намоён бўлади, лекин Уни фақат илоҳий маърифатдан баҳраманд инсонларгина англай оладилар. Ушбу ғазални тажаллий назариясининг муайян тарздаги бадиий талқини сифатида қабул қилиш мумкин.
Ғазалнинг биринчи байтида Оллоҳ жамоли кўзгусидан оламда юз нуру сафо пайдо бўлиши, бу гўзаллик ва ёруғлик олдида қуёш худди бир заррадек кўринмас бўлиб қолиш тасвири тажнис (юз – 1) жамол; 2) миқдор, сон), ташбиҳ, тафрит (қуёшнинг заррадек кичрайтирилиши) каби бадиий санъатлар воситасида очиб берилган. Байтда “юзунг кўзгуси” деган ибора қўлланилганлигини кўрамиз. Савол туғилади: бу қандай кўзгу? Саволга жавоб топиш учун “Лисон ут-тайр”да келтирилган “Ўз ҳуснини намойиш этиш учун кўзгуни восита қилган шоҳ ҳақидаги ҳикоят”ни эслаб ўтиш мумкин. Ҳикоятга кўра, ҳуснда тенгсиз шоҳ сайр қилиш учун майдонга от солган вақтида, уни кўрган халойиқ ушбу ҳуснга дош беролмай, жон таслим қилар эканлар. Шунда шоҳ ўз ҳуснини намойиш қилиш ва бундан эл баҳраманд бўлиши учун ўз қасри атрофига кўзгу ясашларини буюради. Шоҳ бу кўзгуга назар солганда, халқ ҳам бу гўзалликдан баҳра олар ва шу билан инсонларнинг жони омон қолар экан. Достонда ушбу ҳикоят орқали Мутлақ муҳаббат мазҳари ва Олий Қудратнинг бу оламда тажаллий воситасида намоён бўлишига ишора қилинади. Зоҳиран бу кўзгу Яратганнинг тажаллийси, ботинан эса инсон қалбининг кўзгуси. Ўз қалбини пок­лаган, уни кўзгудек тиниқ қилган инсонгина илоҳий файздан баҳра топиши мумкин.
Кейинги байтда Яратганга мурожаат қилиниб, “Сенинг кўйи насимингдан баҳра олган киши жон топади, бу қудрат олдида ҳатто Исо Масиҳ ҳам ожиздир” деган фикр илгари сурилади. Ривоятларга кўра, Исо Масиҳ ўликларни ўз нафаси билан тирилтириш хусусиятига эга бўлган ва кўплаб хаста кишилар бу нафасдан даво топганлар. Лекин Оллоҳнинг яратувчанлик қудрати олдида Исонинг бу мўъжизаси арзимас бир ҳолдир. Байтда, шунингдек, инсон танасига илк бора нафас орқали жон бахш этилганлигига ҳам ишора бор.
Учинчи байтда Оллоҳ маконининг чегарасизлигига, унинг аввали ҳам охири ҳам йўқлигига ишора қилинади. Кейинги байтда тажаллий назарияси янада ривожлантирилиб, Мутлақ Муҳаббат мазҳарининг шамъ ва гулда жилва қилиши, бу жилвадан парвонанинг ёниб кул бўлиши, булбулнинг эса юз дарду балога мубтало бўлиб, нола қилиши таъкидланади. Бунда шамъ ва гул ҳусн мазҳари бўлсалар, парвона ва булбул шу ҳуснга ошиқ бўлган ишқ мазҳарлари сифатида талқин қилинади: булбул гулга талпиниб, юз дарду балога ўзини гирифтор қилса, парвона ҳам шу ҳусн туфайли шамънинг шуъласига талпинади ва оловга қўшилиб ёнади. Навбатдаги байтда ишқ ва ошиқлик Ширин ва Лайло, Фарҳод ва Мажнун тимсоллари воситасида баён қилинади. Оллоҳнинг тажаллийси Фарҳодни Ширинга, Мажнунни Лайлига ошиқ қилади. Ширин ва Лайлининг жамоли – илоҳий мазҳар, бошқача айтганда тажаллиёт нури акс этган нуқтадир. Фарҳод ва Мажнун бу нуқталарда Илоҳнинг нурини кўриб, унга бехуд ва беқарор бўлиб талпинадилар, шу мазҳарга етишиш билан Яратганнинг Ўзига ошиқ эканликларини исботлайдилар, яъни сифатдан Зотга қараб борадилар. Олтинчи байтда Оллоҳнинг 99 гўзал исми, асмои ҳусно ҳақида сўз бориб, ушбу исмлар унинг сифатлари ва фазилатларини ўзида ифодалашига ишора қилинади.
Еттинчи байт бевосита тасаввуфдаги бақо ва фано тушунчалари билан боғлиқ. Бақо дейилганда, Яратганнинг боқий дўсти бўлиб қолиш учун ўзидан воз кечиш, барча яхши сифатларни ўзида мужассам қилиш назарда тутилади. Фано эса ўзидаги барча ёмон сифатларни йўқ қилиш йўли билан Оллоҳга яқинлик ҳосил қилишликдир. Тасаввуфда солик фано мақомига етгач, Оллоҳнинг ҳақлиги ва улуғлиги тўғрисидаги фикру зикрга ғарқ бўлиб, бу фоний дунёдаги жамики нарсаларни унутиб юборади. Бу ўринда Навоий шу мақомга ишора қилмоқда.
Мақтаъда Навоий Яратганга мурожаат қилиб, ундан эҳсон ва марҳаматини дариғ тутмасликни сўрайди, зеро бусиз унинг гулшанида гул билан булбулга баргу наво йўқ.
Хулоса қилиб айтганда, бу олам, ундаги барча яратиқлар: инсон зоти, уни ўраб олган муҳит, ҳаётнинг яшнаб туриши, бу оламдаги интилиш ва талпинишлар, ишқу ҳусн буларнинг барчаси тажаллиётнинг намоён бўлиши билан боғлиқ. Бу сирни англаб етган одам эса бу оламнинг моҳиятини, инсонийлик маъносини чуқурроқ идрок этади, зеро мавжудликдан мақсад Яратганни танишдир.
Ғазалнинг русча таржимаси Всеволод Рождественский томонидан амалга оширилган. Таржимон ғазални аслиятдаги каби 9 байт ҳажмида таржима қилган. Таржимада ғазал моҳияти асосан очиб берилган. Мутаржим ҳамд ғазалга хос жиҳатларни англашга ва рус китобхонига анг­латишга ҳаракат қилган. Лекин баъзи ўринларда, хусусан иккинчи, учинчи байтларда аслиятдан узоқлашиш, ҳатто унинг зид маъносини бериш кўзга ташланади. Жумладан, аслиятда иккинчи байтнинг мазмуни “Сенинг кўйинг насимидан баҳраманд бўлган чоғимиз жон топдик, Исо Масиҳнинг нафаси ҳам хастага бунингдек даво бўлолмайди” тарзида бўлиши керак эди, лекин таржимон уни “Қуёш жон топиш учун сенинг кўйинг шамолидан нафас олади, чунки Масиҳ нафасида барча дарду аламларга даво бор” тарзида ўгирган.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Всеволод РОЖДЕСТВЕНСКИЙ

Лик твой, зеркалом сверкая, в мир бросает сто лучей,
Даже солнца свет слепящий превзойден красой твоей.

В жажде жизни дышит солнце ветром улицы твоей –
Ведь в дыхании Мессии излеченье всех скорбей.

Из предельного рождаясь, входит в вечность бытие,
И начала нет у жизни, и конца не видно ей.

Образ твой – свеча и роза, с мотыльком и соловьем:
Мотылька свеча сжигает, розой ранен соловей.

Есть в Лейли, в Ширин твой облик: без Ширин погиб Фархад,
Потерял Меджнун рассудок от любви к Лейли своей.

В этих именах явила ты любовь и красоту,
Стала ты хирманом муки и грозою для страстей.

Только тот тебя достоин, кто пройдет пустыню «я»,
Ибо – кто взыскует жизни, смысл найти обязан в ней.

Говорить о нуждах сердца моего мне нужды нет, —
Что в стране сердец таится, мыслью видишь ты своей.

Ливнем милости пролейся в сад засохший, Навои:
Роза в нем не распустилась и не свищет соловей.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Аъзам ОБИД

When a hundred lights appear out of mirror of your cheek,
In front of this shine the sun will turn into a speck, so weak.

We will liven up while we enjoy the wind of your existence,
Even the breath of Jesus thus can’t be healing for the sick.

From the outset to the end your space might not be replenished,
It has neither starting point, nor termination, it’s mystique.

When you shed light on a candle and could enlighten a flower,
The moth inflamed, the nightingale despairingly started to shriek.

Your enchantment was reflected truly in Shirin and Leila,
Farhod died, Mejnun became mournful, deplorable and meek.

Your love and beauty, as you wanted, ‘re demonstrated in your names,
From this, the essence became feeble, the lighting of pain glossed the peak.

Those who wish to reach you need to get through the steppe of self,
Since to gain eternity one ought – nonentity – to seek.

It is not necessary to tell you all my needs and wants,
As you are aware always what from the people’s heart will leak.

Pour the rain of beneficence in the garden of Navoi,
For bloom and nightingale – no leaf, no tune – sans your grace unique.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/16/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest
0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x
()
x