Алишер НАВОИЙ (1441–1501)

ЮЗИ ДАВРИНДА ҚИРОНМУ…

Юзи давринда қиронму зоҳир этмиш ул пари,
Ё қуёш бирла қирон айлабтурур юз Муштари.

Йўқса анжум ҳалқа урдилар тамошо қилғали,
Жилваи ҳусн айлаганда офтоби ховари.

Бу баҳона бирла рухсориға еткайменму деб,
Риштаи жоним аро тортилди ашким гавҳари.

Гул уза шабнам эмас ул юзда дур монандиким,
Инфиолидин ботибтур терга гул барги тари.

Жолаларнинг лолазор ичра йўқ онча зебиким,
Лолагун рухсоринг атрофида дурлар зевари.

Дур била фахр этмаким, ул беш эмас бир қатра су,
Панд дурриға қулоқ сол, эй санамлар сарвари.

Юзи васфида Навоий доғи айлабтур қирон,
Назм силкигаки чекмиш дурри маъни ҳар сари.

“Наводир уш-шабоб”, 591-ғазал

ЛУҒАТ

Қирон – 1) яқинлашиш, интилиш
2) икки сайёранинг бир буржда тўқнашуви, яқинлашуви;
Муштарий – Юпитер сайёраси
Анжум – юлдузлар
Офтоби ховарий – қуёш, шарқ қуёши
Инфиол – ҳаяжонланиш, уялиш, хижолат тортиш
Жола – дўл, дўл доналари; бу ўринда шабнам, шудринг.
Беш – кўп, ортиқ
Назм силки – шеър тизмалари

Ғазалнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

1. Ул пари юзи атрофида қирон зоҳир этяптими ёки қуёш билан юз Муштарий орасида қирон (тўқнашув) содир бўлдими?
2. Ёки шарқ қуёши, яъни ёр ўз ҳусни билан жилва қилганда юлдузлар уни томоша қилиш учун ҳалқа, яъни доира ҳосил қилдиларми?
3. Шу баҳона мен ҳам унинг рухсоридан бебаҳра қолмай деб, жонимнинг ипи узра кўз ёшларим гавҳарини тиздим.
4. Гул устидаги дурга ўхшаш томчиларни шабнам деб ўйламанг, улар гул баргининг (ёр жамолидан) хижолат тортиб, терга ботгани оқибатида пайдо бўлган томчилардир.
5. Лолазордаги шабнамнинг гўзаллиги лоладек юзинг атрофида пайдо бўлган дурлар безагидан ортиқ эмас.
6. Эй санамлар сарвари, сен бу қимматбаҳо дур билан фахр этма, у аслида бир қатра сувдан ортиқ эмас, ундан кўра панд-насиҳат дурига қулоқ солгин!
7. Навоий ҳам ёр юзи васфида ҳар томонга сочилган маънолар дурини бир-бирига яқинлаштириш учун назм сафи билан қирон айлади.

Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

Мазкур ғазал ишқий мавзуда, васф характерида бўлиб, унда поэтик лавҳа яратиш билан боғлиқ хусусиятлар етакчилик қилади, бошқача қилиб айтганда, ғазалда ёр тавсифи учун табиат ҳодисаларининг муайян ҳолати тамсил қилиб олинган. Бир қарашда самовий жисмлар тасвири етакчилик қилгандай тасаввур қолдирадиган ушбу ғазалда шоир ўз муддаоси баёни учун самовий жисмлар (Қуёш, Муштарий, юлдузлар) ҳолати тасвиридан бадиий фон сифатида фойдаланади. Ғазал матлаъсида ёр юзининг гўзаллигидан ошиқларда унга интилиш ҳосил қиладиган ҳолат Қуёшнинг Муштарий сайёраси билан яқинлашувига муқояса қилинган ва шоир “юз” сўзи билан боғлиқ ҳолда ажойиб ташбеҳ яратган: бири ёрнинг юзи билан боғлиқ бўлса, иккинчиси юзта Муштарий билан алоқадор. Байтнинг умумий маъноси: Ул пари юзи атрофида қирон (унинг юзини кўришга интилаётганлар билан) зоҳир этяптими ёки қуёш билан юз Муштарий орасида қирон (тўқнашув) содир бўлдими? Байтнинг иккинчи мисрасида ийҳом (икки хил маънодан фойдаланиш) санъати мавжуд. Ундаги биринчи маънодан англашиладиган фикр илми нужум (астрономия) билан боғлиқ: унга кўра, икки сайёра бир бурж остида тўқнашган вақт қирон содир бўлади ва бу пайтда таваллуд топган шахс қирон соҳиби сифатида гўзал тақдирга эга бўлади ёки шу вақт бошланган муайян иш ёки ҳодиса хайрли якун топади. Бу ўринда Қуёш ва Муштарий сайёраси орасидаги яқинлашувга ишора бор. Иккинчи маъно: ёки Қуёш (ёр) билан Муштарий (харидорлар) орасида яқинлашув содир бўлдими, бошқача айтганда юзта муштарий (харидор) қуёш юзли ёр жамолига интилдиларми? Демак, бу ўринда Муштарий сайёрасининг танланиши тасодифий бўлмасдан, унинг “харидор”, “талабгор” маъноларини ҳам англатиб келишига ишора қилинган, “юз Муштарий” бирикмаси шу маъно билан боғлиқ ҳолда “юз харидор” (ошиқ) мафҳумини билдиради.
Кейинги байт бевосита шу фикрни янада тўлдиради ва ривожлантиради. Унда гўзал поэтик лавҳа чизилганлигига гувоҳ бўламиз: фалакдаги юлдузлар осмон маликаси – Қуёш жилва айлаб, ўз ҳуснини намо­йиш қилганда, уни томоша қилиш учун айлана атрофида бирлашадилар. Учинчи байтда шеърнинг лирик қаҳрамони, яъни ошиқ ҳам ёр ҳуснига талабгор сифатида шу баҳонада ўз жонининг риштасига кўз ёшларидан гавҳарлар териб, томошага отланади. Кейинги байтларда ёр гўзаллиги тасвири осмону фалакдан гулшанга кўчирилади: ошиқнинг фикрича, гул юзидаги томчилар бу шабнам эмас, балки ёр юзининг гўзаллигидан хижолат чеккан гулнинг юзидаги тер томчилари; лолазордаги шабнамнинг гўзаллиги ёр юзи атрофидаги дурлар безагидан ортиқ эмас.
Мақтаъдан олдинги байтда анъанавий навоийёна услуб етакчилик қилади: ёр тасвири етакчилик қилаётган ғазал “мавъиза” (панд-насиҳат) руҳидаги байт билан зийнатлантирилади, яъни Навоий байтда санамлар сарвари, у орқали эса барча замондошларига насиҳат қилиб, ўткинчи гўзаллик, ҳойу ҳавасга берилмасликни, балки панду ҳикматни мақсад билиб, унга қулоқ тутиб яшаш зарурлигини уқтиради. Шоир ёр юзи васфида ҳар томонга сочилган маънолар дурини бир-бирига яқинлаштириш учун назм сафи билан қирон айлаганини айтиб, ғазални якунлайди.
Ғазалда қўлланилган тамсил (биринчи мисрада айтилган фикрга иккинчи мисрада мисол келтириш), тажоҳули ориф (билиб-билмасликка олиш), ташбеҳ (ўхшатиш) санъатлари шоир ғоявий ниятини амалга оширишга хизмат қилдирилган. Эътибор қаратилса, одатда, Навоий ғазалларида мақсад қилинган фикрнинг баёни учун муайян бир шакл ёки тасвир воситаси асос қилиб олинади. Юқоридаги ғазалда шоир айлана ёки доира шаклини ўз тасвир объекти учун етакчи восита қилиб олганлигини кузатиш мумкин. Ғазалда ушбу шаклга эга тимсолларни санасак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади: юз, Қуёш, Муштарий, ҳалқа, гавҳар, ашк, дур, жола ва ҳ.к. Уларнинг барчаси тавсифий характердаги ушбу ғазалда ёр гўзаллигини очиб бериш жараёнида муайян бадиий  функцияни бажарган.
Умуман олганда, ушбу ғазал ёр гўзаллиги тасвири ҳамда табиат ва осмон ҳодисалари параллелизмидан иборат бўлиб, китобхоннинг бадиий тахайюлини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғазалнинг русча таржимаси Всеволод Рождественский томонидан амалга оширилган. Таржимон ғазалнинг тўлиқ ҳажмини сақлаб қолиб, уни аслият каби 7 байт тарзида рус тилига ўгирган. Аввалги таржималарда бўлгани каби ушбу таржимада ҳам асосий эътибор ғазалнинг зоҳирий маъносига қаратилган. Баъзи ўринларда сўзларни ўзгартириб таржима қилиш кўзга ташланади, хусусан, иккинчи байтдаги “ҳалқа урдилар” ибораси “наблюдать из-под бровей” тарзида ўгирилган.
Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон –  Всеволод Рождественский

На лице горит созвездье у красавицы моей,
Иль то сблизился Юпитер с Солнцем в пламени лучей?

Если нет, то это звезды в ожиданье встали в ряд,
Чтобы утреннее солнце наблюдать из-под бровей.

Говорил я: как увидеть мне красу ее лица?
Слез жемчужины нижу я вновь на нить души моей.

Это не роса на розе, но подобие того,
Как в смущеньи прячет роза капли свежести своей.

В цветнике тюльпанов так же ярко градины горят,
Как жемчужные подвески возле щек, что роз алей.

Не гордись же жемчугами — это капельки воды —
Только жемчуг поучений всех нас делает мудрей.

Навои для описанья лика милой брал слова,
Чтоб низать их, словно жемчуг, поучая тем друзей.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Аидахон Буматова

Either alignment around face of that peri does exist,
Or those are hundred Jupiters round the Sun there having tryst.

Or have the stars formed a parade in order to admire,
The ultimate beauty displayed by rising Sun of the east.

Craving for the opportunity to see her face by chance,
My teardrop gems have been strung to the thread of my life in midst.

It’s not dew on the flower that looks a pearl like drop, indeed,
The rose petal has perspired – shy of rivalry increased.

Beauty of dewdrops on tulips dale would rivalry bear not,
Against pearl beads of sweat around your face they will not resist.

Don’t be proud of pearls, they are not worth more than a water drop,
Mind the pearls of sense, oh monarch of beauty, my words art minced.

Praising her face, Navoi too made a gathering around,
Threaded on poetic stanzas pearls of wisdom it consists.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/22/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501-3/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x