Алишер НАВОИЙ (1441–1501)

ЧУН КУЛАР ЁНИ…

Чун кулар ёни сўкулган жисми зоримни кўруб,
Йиғлағайму ёни емрулган мазоримни кўруб.

Уйла ғам даштида туфроқ ўлмишамким, ул тараф
Келмагай Фарҳод ила Мажнун ғуборимни кўруб.

Ҳажр ўти то ўртади кўнглумни ақлу ҳушу сабр,
Иттилар ҳар ён қорарған рўзгоримни кўруб.

Ғурбат ичра мен ўлар ҳолатда деманг зинҳор,
Келса ногоҳон биров ёру диёримни кўруб.

Уйла  мажруҳ ўлмишамким, қилмадилар туъма ҳам,
Айлаб итларга асар жисми фигоримни кўруб.

Соқиё, икки лаболаб жом ила тиргуз мени,
Даҳр эли андуҳидин муҳлик хуморимни кўруб.

Эй Навоий, даҳр бўстониға мойил бўлма кўп,
Ғам хазониға бадал бўлған баҳоримни кўруб.

“Наводир уш-шабоб”,  56-ғазал

Луғат

Уйла – гўёки, ўхшаш
Итмоқ – йўқолмоқ
Лаболаб – лиммо-лим, тўла
Туъма – озиқ, ем, луқма, овқат
Фигор – жароҳатли, мажруҳ
Соқий – май қуювчи, косагул; мажозан: пири комил, устоз
Муҳлик –  ўлдирувчи, ҳалок қилувчи, ҳалокатли
Бадал –  алмаштириш, айирибошлаш, эваз

Ғазалнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

1. Менинг жароҳатдан чоки сўкилиб тешик ҳосил қилган зор жисмимни кўриб кулган ёр, атрофи емирилган мозоримни кўрса йиғлармикан?
2. Ғам даштида туфроқ кабиман, Фарҳод билан Мажнун ҳам менинг бу туфроғим чангини кўриб, мен томонга келмайдилар.
3. Айрилиқ ўти кўнглимни шундай ёндирдики, унинг тутунидан қорайган турмушимни кўриб, ақл, ҳуш ва сабр йўқ бўлдилар (йўқолиб қолдилар).
4. Агар бирор киши менинг ёру диёримдан хабар келтирса, бу ғариблик (мусофирлик)да мени зинҳор ўлар ҳолатда деб айтманг.
5. Шундай хаста ва мажруҳ ҳолатдаманки, ҳатто итлар ҳам менинг жароҳатланган ушбу жисмини кўриб, уни луқма ўрнида кўрмадилар.
6. Эй соқий, бу дунё ғаму аламларидан ҳалокатга юз тутган хуморимни кўриб, менга икки лиммо-лим тўла қадаҳ билан жон бахш эт.
7. Эй Навоий, менинг ғам хазонига юз тутган ушбу баҳоримни кўриб, бу олам бўстонига мойил бўлма.

Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

Алишер Навоийнинг ошиқона мавзудаги ушбу ғазали услубан шарҳи ҳол йўналишида бўлиб, унда лирик қаҳрамоннинг ёр (маъшуқа) ситамларию ишқнинг ранжу машаққатларидан чеккан изтироблари баён қилинган. Ғазал матлаъсидаёқ ёрнинг шўх, жафокор ва бераҳм эканлиги, ошиқнинг эса ишқ ва ҳажр изтиробларидан афтодаҳол эканлиги англашилади. Навоий лирик қаҳрамон (айни дамда шоирнинг ўзи)нинг ишқ дарди ва ҳижрон ғамидан озурда жисмини шарҳлар экан, “ёни сўкулган” деган ташбеҳни қўллайди. Одатда бундай жумла кийим ёки либосга нисбатан ишлатилади ва кийимнинг чоки сўкилган ёки йиртилган бўлиши ошиқнинг ишқ ғамидан паришон ва телбанамо эканлигига ишора қилади. Шоир бу ўринда ушбу ғамнинг муболағали ва кучайтирилган тасвирини баён қилиш учун либоснинг эмас, балки ошиқ жисми (бағри)нинг сўкулганлигини таъкидлаяптики, бу орқали китобхон таҳайюлида ошиқнинг чокидан сўкилган кийимга ўхшаш жисми намоён бўлади.
Шоир шу ўринда жисмга нисбатан эзилган, мажруҳ ёки шунга ўхшаш бошқа бирор ифодани қўллаши мумкин эди, лекин унда ёрнинг  мазах қилиб кулиши билан боғлиқ тасвир реаллашмай қолар эди, чунки бу ҳолат кулгудан кўра кўпроқ раҳм-шафқат ҳиссини уйғотади. Шоир ғазалда ёрнинг унга раҳм-шафқат кўрсатишини хоҳламайди: бу ғазалнинг кейинги байтлари, хусусан, 4-байти мазмунидан ҳам англашилади (биз бунга қуйироқда тўхталамиз). Иккинчи мисрада яна “ёни” деган сўз қўлланиляпти ва энди бу қабр ёки мозорнинг атрофи деган маънони ифодалаб келяпти. Байтдан англашиладиган савол маъносига кўра, ёр ошиқнинг жароҳатдан яраланган зор жисмини кўриб ўзини кулгудан тўхтатолмас экан, унинг ўлимидан сўнг атрофи емирилган қабрини кўрса йиғлармикан? Халқ орасидаги инончларга кўра, қабрнинг муайян қисмида ёриқлар пайдо бўлса ёки емирилса, қабр соҳибининг руҳи озорланаётган бўлади. Лирик қаҳрамон бу ўринда: “Агар ёр ўз ошиғининг қабрда азоб-уқубатда ётганлигини ана шу ҳолат орқали билса, йиғлармикан?”– деган саволга жавоб излайди.
Кейинги байтда ошиқнинг ғам саҳросида туфроққа тенг бўлиб ётиши ва бу тупроқдан чиққан ғуборнинг шиддатидан ҳатто “ишқ султонлари” Фарҳод ва Мажнун ҳам ҳайратга тушиб, бу  томонга келишга жазм эта олмаганликлари тасвирланганки, бу ҳолат лирик қаҳрамон ишқининг камолга етганидан (таъбир жоиз бўлса, Фарҳод ва Мажнун ишқидан-да юксакликка кўтарилганидан) далолатдир.
Айрилиқ ўти ошиқнинг кўнглини шундай ёндирганки, унинг тутунидан қорайган ҳаётини кўриб, ақл, ҳуш ва сабр ҳам уни ташлаб кетганлар. Ташхис ва муболаға санъатининг бетакрор уйғунлигидан вужудга келган тасвир аввалги байтнинг давоми бўлиб янграйди. Агар бундан олдинги байтда ошиқнинг ёнига Фарҳод ва Мажнун  келишни исташмаган бўлса, энди ақл, ҳуш, сабр ҳам уни тарк этадилар. Бу ҳолни тасаввуф фалсафаси билан боғлиқ ҳолда талқин қилсак, шундай манзара ҳосил бўлади: ошиқ ишқда шундай даражага етганки, энди унинг ҳолатини англашга ақл ожизлик қилади, ҳуш қолишга жой тополмай қолади, яъни ўз соҳибини тарк этади. Ошиқ руҳини бетоқатлик ва беқарорлик эгаллаб олади.
Навбатдаги байтда лирик қаҳрамон атрофдагиларга ёлвориб, унинг ёру диёридан хабар келтиришса, бу ғариблик (мусофирлик)да уни зинҳор ўлар ҳолатда деб айтмасликларини ўтинади. Ҳақиқий ошиқлар ишқ изтиробларини ўзлари учун илоҳий тақдир деб қабул қилганлар ва бошларига келган ҳар бир ранжу уқубатга таслимият келтирганлар. Ошиқнинг ўз ҳолини атрофдагилардан, одамлардан яшириши ишқ одобидан ҳисобланган. Байтда ғурбат (мусофирлик), ёру диёр тушунчаларининг келтирилишини мажозан Яратгандан айрилиқ билан боғлиқ ҳолда талқин қилиш мумкин, зеро инсон яратилганда унинг руҳи Холиқнинг нуридан вужудга келтирилган ва шу сабабли бу оламга келиб, айрилиқ (мусофирлик)да қолган бу руҳ ўз асли – Мутлақ руҳ олами сари тинимсиз интилади.
Ғазал лирик қаҳрамон шарҳи ҳолининг янада кучлироқ тасвири билан давом этади: ошиқ шундай хаста ва мажруҳ ҳолатдаки, ҳатто итлар ҳам унинг жароҳатланган жисмини кўриб, уни луқма ўрнида кўрмайдилар.
Мақтаъдан аввалги байт риндона оҳангларда (шаклда) орифона мазмун касб этади. Унда лирик қаҳрамон соқийга мурожаат қилиб, ўзининг бу дунё ғаму аламларидан ҳалокатга юз тутган хуморини кўриб, унга икки лиммо-лим тўла қадаҳ билан жон бахш этишини сўрайди. Савол туғилади: Нега бир эмас, иккита жом? Гап шундаки, бунда биринчи жом ошиқнинг хуморини (истак ва чанқоғини) қондириш учун хизмат қилса, иккинчи жом уни мастлик ҳолатига етказиши керак. Байтни ирфоний жиҳатдан талқин қиладиган бўлсак, илоҳий маърифатга чанқоқ солик пири комилга мурожаат қилиб, унга май қуйишни ва шу орқали мастлик ҳолатига эриштиришни сўраяпти. Тасаввуф намояндаси Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг талқинига кўра, мастлик уч хил бўлади: 1) нафс мастлиги – ичкилик таъсири ёки нафсга хуш келувчи нарсалар (мол-дунё, куч-қувват, мансаб, зоҳир чиройи)дан ҳосил бўладиган мастлик. Ақл устидан ғалаба қилган ғафлат шароби туфайли нафс маст бўлиб, турли қабиҳ амалларга сабаб бўлади. Бундай мастлик кишини гумроҳлик ва ҳалокатга етказади. 2) Кўнгил мастлиги – тафаккур орқали нарсаларнинг моҳиятига етиш ҳамда маърифат шаробидан сармаст бўлиш. 3) Руҳ мастлиги – фано босқичидаги сукр (беҳушлик) ҳолати (Алишер Навоий: қомусий луғат, 1-жилд). Навоий бу ўринда мастликнинг иккинчи ва учинчи турларини назарда тутяпти. Умуман олганда, Навоий ижодида май ва мастлик билан боғлиқ байтларнинг барчаси кўнгил ва руҳ мастлиги ҳақидадир.
Мақтаъ шоирнинг нидо санъати воситасида ўзига мурожаат қилиб, бу олам бўстони, яъни дунёга мойил бўлмаслик, кўнгил қўймасликни сўраб қилган даъвати билан якунланади, зеро ирфоний маънода дунё соликни йўлдан оздирувчи, ўткинчи гўзалликлари билан уни ўзига ром этувчи салбий куч бўлиб, шоир бунда ўзига мурожаат қилиш орқали ишқ аҳлини ҳақиқий мақсаддан чалғимасликка ва шунинг воситасида илоҳий неъматдан бебаҳра қолмасликка чақиряпти.
Ғазалнинг русча таржимаси Геннадий Ярославцев томонидан аслиятдаги каби 7 байт ҳажмида амалга оширилган. Таржимон ғазал мазмунини беришда тўлиқ муваффақиятга эриша олмаган. Ғазалдаги сўзларнинг ботиний маъноларини ҳис қилмаслик, зоҳирий маъноларнинг ҳам фақат бирламчи мазмунига эътибор қаратиш таржимадаги кўп байтлар мазмунининг ғализ чиқишига олиб келган. “Ёни сўкулган жисми зор”ни “рванье одежд на мне”, “ёни емрулган мазор”ни  “могилу в стороне”, “биров”ни “возлюбленной” сифатида таржима ва талқин қилиш шулар жумласидандир.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Геннадий Ярославцев

Она смеялась всякий раз, рванье одежд на мне увидев.
Cлезу прольет ли обо мне, могилу  в стороне увидев?

В сосуд печалей и скорбей я превратился на чужбине.
Фархад, Меджнун подавят вздох, мой прах в чужой стране увидев.

Огонь разлуки душу жег; терпение мое и разум –
Все, все покинуло меня, истлевшим на огне увидев.

Что я в изгнанье изнемог и что дышу я через силу,
Возлюбленной не говори, ее в родной стране увидев.

И так был жребий мой жесток и вид мой был настолько жалок,
Что и собаки от меня держались в стороне, увидев.
Лишь ты бы, виночерпий, мог дать умирающему силы,
Его стремленье – жизнь людей, судьбу познать вполне – увидев.

Не увлекайся, Навои, цветущими садами мира,
В осеннем листопаде бед свой рок, а не в весне увидев

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Аидахон Буматова

Since she laughs, my body that has on its side been torn, seeing
Would she cry, at least, my grave, eroded on its bourne seeing.

Sand in the desert of grief have I become, that towards it
Neither Farhod nor Majnun would come my dust forlorn seeing

Once blaze of parting burned my heart, all – wit, mind and patience
Abandoned my burned to rust life, one full of mourn seeing.

My agony in separation do never tell to one –
Who happens to come – her, reason of my concernseeing.

So wretched have I become that even houndsrejected having,
The meal of my flesh, my poor body from the hurts torn, seeing

Oh, thee, winebearer, pour two full cups and bring me back to live
From the sadness of the whole world me in fatal yearnseeing.

Oh, Navoi, be never fond of the orchard of the world,
Be warned my fallen spring under the autumn stern, seeing.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/12/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501-4/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x