ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

“А-Я” ЖУРНАЛИ – 1979 йилда Россия ва Францияда ташкил этилган машҳур бадиий публицистик журнал. Унинг асосчилари Москвада Александр Сидоров, Парижда Игор Шелковскийлар бўлган. Ушбу нашр замонавий рус тасвирий санъатини дунёга кенг тарғиб этишда етакчиликни қўлга олиб, коллекционерлар, аукцион кўргазмаларда катта обрў қозонган. Ойига 3000 нусхада чоп этилган ушбу норасмий журнал Ғарб маданий-бадиий ҳаётида ниҳоятда катта нуфузга эга бўлган. Ғарб замонавий тасвирий санъати, модернистик йўналишда ижод қилган рассомларнинг асарлари тарғиботида асосий минбарга айланган. Эрик Булатов, Олег Васильев, Иван Чуйков, Игор Макарович, Леонид Соков, Вагрич Бахчанян, Владимир Сорокин, Вячеслав Сысоев сингари замонавий рус тасвирий санъати намояндалари ижодининг юзага чиқишида журналнинг аҳамияти катта бўлган. Журнал фаолияти сиёсий ва консерватив қарашлар туфайли 1986 йилда тугатилган.

АКМЕИЗМ (адамизм) – ХХ аср бошларида Россияда юзага келган символизмни инкор қилувчи адабий оқим. Ушбу тушунчанинг келиб чиқиши лотинча “akmitus”, юнонча “akme” сўзлари билан боғлиқ бўлиб, “чўққи, энг юқори, уч” маънолариларини англатади. Акмеистлар мавзу ва образни материалистик шаклда бўлиши, сўзларни ўз маъносида қўлланилишининг тарафдори бўлган. Унинг туб моҳиятини бадиий асарда образ ва ифоданинг аниқлиги ташкил этади. Бу оқим 1912 йилда аниқ дастур билан эълон қилинган. Унинг юзага келиши “Шоирлар цехи”, “Шеър академияси” ташкилотлари фаолияти билан узвий боғлиқ бўлиб, Николай Гумилёв, Анна Ахматова, Сергей Городецкий, Михаил Зенкевич, Георгий Ивановларга мазкур оқимнинг намояндалари ва асосчилари сифатида қаралади. Поэтик сўзнинг аниқлиги ва ёрқинлиги, дунёни, инсон ҳаётини унда мавжуд предметлар асосида ифодалаш акмеизмнинг тамойиллари ҳисобланади.

АЛЕКСЕЙ ВАДИМОВИЧ БАРТОШЕВИЧ – (1939 йил) атоқли рус шекспиршунос олими, театр тарихчиси ва назариётчиси, санъатшунослик фанлари доктори, Россия Федерацияси фан арбоби. Машҳур актёр Василий Качаловнинг невараси. Москва бадиий театри қошидаги саҳналаштириш ўқув-студияси асосчиси. Театршунос Г.Бояджиев ҳамда адабиётшунос А.Аникстлар Бартошевичнинг устозлари бўлган. “XIX аср охири XX асрнинг биринчи ярмида инглиз саҳнасида Шекспир: анъанавий турмуш ва ғоялар кураши” (1985), “Шекспир поэтикаси” (1987), “Шекспир. Англия. ХХ аср”(1994), “Замонавий олам: ХХ аср театрида Шекспир”(2003), “ХХ аср сўнгги ХХI аср боши театр санъати хроникаси” (2013), “Артист, Режиссёр, Рассом”(2013),“ Гамлет ким учун ёзилган: XIX, ХХ, XXI асрлар саҳнасида Шекспир”(2014), “Шекспир ҳаёти хроникаси”(2014) сингари йирик асарлари Шекспир ижодига бағишланган. Театр танқидчилигида Питер Брук, Лев Додин, Эймунтас Някрошюс, Питер Штайн, Сергей Женович, Томас Острмайер, Юрий Бутусов, Андрей Жолдак сингари дунё театрларининг йирик режиссёрлари фаолиятини чуқур ўрганган ва илмий тадқиқ этган. Жаҳон театрининг йирик билимдони илмий изланишлари, дунё театри ривожига қўшган ҳиссаси учун “К.С.Станиславский”, “Чайка”, “Фигаро” мукофотларига сазовор бўлган.

АМОК – австриялик ёзувчи Стефан Цвейгнинг машҳур новелласи шундай номланади. Амок тушунчаси немисчадан келиб чиққан бўлиб, тиббий атама сифатида инсонда кечадиган ақлга буйсунмас агрессив ҳиссиёт, тажовуз қилиш, ниманидир йўқ этишга қаратилган руҳий салбий ҳолатни англатади. Фан тилида “қутуриш” ҳам деб аталади. С.Цвейгнинг “Амок” новелласи 1922 йилда ёзилган. Унда персонажнинг амок ҳолати ва у орқали содир бўлган воқеалар ўткир бадиият билан тасвирланган. Асар қаҳрамонининг ғоят оғир руҳий ҳолати ва азобли хотиралар қутқуси уни охир оқибат ўз жонига қасд қилиши билан якун топади. Ушбу новелла катта шуҳрат қозониб, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Жумладан, ўзбек тилига Ботир Рахмонов ўгирган. “Амок” жаҳон кинематографчилари эътиборидан ҳам четда қолмай, у асосида қатор фильмлар яратилган. 1934 йилда россиялик режиссёр Федор Осеп, 1944 йилда америкалик Антонио Мапле, 1993 йилда француз режиссёри Жоель Фаржлар томонидан экранлаштирилган.

АНАТЭМА – рус адиби Леонид Андреевнинг 1909 йилда ёзилган шу номли пьесаси қаҳрамони. Ушбу фожиавий асарнинг дастлабки номи “Давид Лейзер”деб аталган. Анатэма – пьесада худо билан баҳслашувчи шайтон образи бўлиб, дунё адабиётида Анатэма сингари бадиий тимсоллар кўп. Гётенинг “Фауст” асаридаги Мефистофель, Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романидаги Воланд, насроний дини ривоятларидаги ёвуз руҳ Вельзевул, Сатан сингари иблис образлари шулар жумласидандир. Л. Андреевнинг мазкур пьесаси илк бор 1909 йилда Москва Бадиий академик театрида Немирович-Данченко ва Василий Лужскийлар томонидан саҳналаштирилган. Унда Анатеэма ролини Василий Качалов ижро этган.

АНЖЕЙ ВАЙДА – атоқли польяк театр ва кино режиссёри. 1926 йил 6 мартда таваллуд топган, 2016 йилда 90 ёшида вафот этган. “Авлод”, “Канал”, “Кул ва олмос”, “Сибирлик Макбет хоним”, “Тўй”, “Мармар одам”, “Кул”, “Дирижёр”, “Наркозсиз”, “Пилат ва бошқалар”, “Дантон”, “Темир одам” сингари қирқдан ортиқ муаллифлик фильмларини суратга олган. “Олтин палма япроғи”, “Сезар”, “Феликс”, “Киото”, “Канн”, “Оскар” сингари нуфузли киномукофотлар совриндори.

АНИМАЛИСТИКА (АНИМАЛИЗМ) – тасвирий санъат жанри. Унда асосий объект ҳайвонлар бўлиб, ҳайкалтарошлик, фотография, графика, амалий-декоратив санъатда бош образ ҳисобланади. Анималистика жанр сифатида табиийлик ва бадиийликни тенг қамраб олади. Бу жанрдаги асарларда жониворлар аввало табиатан қандай бўлса, шундай аниқликда тасвирланиб, худди эртак ва масалларда учрайдиган одамларга хос характер, ҳаракатлар сингдирилиши унда бадиий образлилик жиҳатини намоён этади. Ҳайкалтарошликда анималистик кулолчилик кенг тарқалган. Қадимги Шарқ, Африка, Океания давлатлари ва эски Америка халқлари санъатида ҳайвонлар кўриниши акс этган ёдгорликлар кенг тарқалган. Анимализм қадимдан то ҳозирги даврда ҳам фаол ривож топиб, рассомларнинг ижодида акс этиб келмоқда. Альбрехт Дюрер. Франс Снейдерс, Ян Вильденс, Жон Вуттон, Вацлав Холлар, Ян Фейт, Паулюс Поттер, Давид Конинк, Иван Грот, Жорж Стаббс, Мори Сосэн, Эжен Делакруа, Владимир Акулов сингари юзлаб анималистлар ушбу жанрда яратган гравюра, ҳайкаллар, амалий ва тасвирий санъат намуналари билан донг таратган.

АНТИГОНА – қадимги юнон мифологияси қаҳрамони, Фива подшоҳи Эдип ва Иокастанинг катта қизи. Милоддан аввалги 442 йилда афсона асосида антик давр драматурги Сафокл “Шоҳ Эдип”, “Антигона” ва “Эдип Колонда” драматик туркум асарлар яратган бўлиб, улар бугунги кунга қадар сақланиб келинмоқда. Бертольт Брехт, Жан Ануй, Жан Кокто, Иван Бунин каби ўнлаб ёзувчилар мазкур миф асосида асарлар яратган. Улар орасида Софокл асари бадиий қиммати билан машҳур бўлган. “Антигона” дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган. Мазкур пьеса асосида дунё театрларида турлича талқинда кўплаб саҳна асарлари яратилган.

АРТ-ФЕМИНИЗМ – ХХ асрнинг 60-70 йилларидан кенг ривожланган замонавий санъат йўналишларидан бири бўлиб, унинг асосини феминистик назариялар, яъни аёллар санъатини намоён этиш ташкил этади. Арт-феминистларнинг дастлабки ҳаракатлари тасвирий санъатда кузатилиб, Нью-Йоркда ўтказиладиган кўргазмаларнинг бирида фақат эркак рассомларнинг экспонатлари қатнашишига биринчи бўлиб қора танли рассом аёл Фэйт Ринголд қаршилик кўрсатади ва кўргазмада иштирокчиларининг 15 фоизи аёллар бўлмаса, исён кўтарилишини маълум қилади. Гризельда Поллок, Жон Бергер, Кэрол Дункан сингари санъатшунослар фаолиятида феминистлар ҳаракати кенг муҳокама этилган. 1971 йилда санъатшунос Линда Нохлин “Нега буюк аёл рассомлар йўқ” эссесида санъаткор аёллар ва ижтимоий муҳит масалаларини кенг ўрганади. Бугунги кун санъатида арт-феминистлар алоҳида мавқега эга.

АРТХАУС – яъни “Санъат уйи” атамаси 1940 йилларда АҚШда пайдо бўлиб, у америкалик бўлмаган кишиларга голливуд мумтоз фильмлари ва муаллифлик фильмларини кўрсатишга хизмат қилган. Артхаус тушунчаси бугунги кунда кенг аудиторияга мўлжалланмаган, интеллектуал шаклдаги махсус тақдимотлар, классик ва муаллифлик фильмлари ва тасвирий санъат намойишлари ўтказиладиган жойга нисбатан ишлатилади.

АЭРОГРАФИЯ – замонавий тасвирий санъат ва артитектура услубларидан бири бўлиб, унда тасвир қалам ёки мўйқалам воситасида эмас, ранг­ларни пуркаш йўли билан яратилади. Ушбу усул бугунги кунда санъатнинг кўплаб замонавий шаклларида кенг тарқалган. Жумладан, фотография, моделизм, таксидермия, тўқимачилик, боди-арт, сувинер, амалий санъат ва бошқа жанрларда кенг қўлланилади.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/17/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x