ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

“БАТРАХОМИОМАХИЯ” – Ҳомернинг “Илиада” достонига пародия шаклида ёзилган қадимги юнон поэмаси.  Поэма гекзаметрда ёзилган бўлиб, унинг муаллифи кимлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Қадимда уни Ҳомернинг ўзи ёзган деб қаралган бўлса, Плутархдан қолган манбаларда эса бу пародиянинг муаллифи эллин даври шоири Пигрет бўлиши мумкин, деган тахминлар кўрсатилади. “Батрахомиомахия”да “Илиада” достонидаги қаҳрамонлик урушлари каламушлар ва бақалар уруши шаклида пародия қилинади. Бақалар шоҳи Вздуломорд ва каламуш Крохобор етакчи поэманинг образлари бўлиб, охир-оқибатда Зевс юборган қисқичбақалар ёрдамида бақалар ғалаба қозонади. “Батрахомиомахия”ни кейинчалик Европада кенг тарқалган бурлеска адабиётининг илк намунаси дейиш мумкин. Ушбу антик адабиёт намунаси бизнинг давргача тўлиқ ҳолда етиб келган ва дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

БАЙОПИК – (биографик фильм) кинематографик тур, яъни, машҳур шахслар, тарихий сиймолар ҳаётига бағишлаб суратга олинадиган бадиий фильм тури. Атама инглизча “biographical picture” жумласидан келиб чиққан.  Биографик моҳиятан фильм ҳужжатли ва бадиий фильмнинг ўрталигида юзага келадиган, бадиий жиҳатдан бойитилган прототип характери, ҳаётига оид аниқ фактларга асосланади ва ҳамма жанр хусусиятларини ўзида қамраб олади. ХХ аср рус кино санъатида биографик фильмнинг  ривожланиши бевосита даврнинг ижтимоий-сиёсий муҳити билан боғлиқ бўлиб, асосан куч-қудрат соҳиблари, тарихий ҳукмдорлар ҳаётини фильм қилишга катта куч сарфланган. “Пётр I”, “Донишманд Ярослав”, “Александр Невский”, “Суворов”, “Адмирал Ушаков”, “Чапаев” каби фильмлар бунинг ёрқин мисолидир. Рус режиссёрлари Пушкин, Лев Толстой, Петр Чайковский,  Андрей Рублев каби улуғ ижодкорлар ҳаёти асосида биографик фильмлар яратиб, мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган. Америка кинематографчиларида 1960 йилдан кейин биографик фильмга жиддий қизиқиш бошлаган.  Ўзбек кино санъати тарихида ҳам “Алишер Навоий” (1947 йил. Режиссёр К.Ёрматов), “Ибн Сино” (1954 йил. Режиссёр К.Ёрматов), “Фурқат” (1959 йил. Режиссёр Й.Аъзамов), “Оловли йўллар” (1977-1984 йиллар. Режиссёр Ш.Аббосов), “Беруний” (1974 йил. Режиссёр Ш.Аббосов) каби биографик фильмлар суратга олинган.

БЕРНАРДО БЕРТОЛУЧЧИ – атоқли итальян кинорежиссёри, сценарийнавис, “Оскар” мукофоти совриндори. 1941 йилда Италиянинг Парма шаҳрида таваллуд топган, 2018 йилда Римда вафот  этган. Бертолуччи кинематография соҳасига 1960 йилда кириб келади. У машҳур итальян кинорежиссёрлари Пьер Позолини, Жан-Люк Годарларнинг издоши сифатида эътироф этилади. “Муҳаббат ва нафрат”, “Париждаги сўнгги танго”, “Конформист”, “Ой”, “Қувноқ инсоннинг фожиаси”, “Сўнгги император”, “Орзумандлар”, “Мен ва сен”  ва бошқа ўттизга яқин фильмлари  билан  дунёга танилган. Унинг фильмларида фрейдизм таълимотининг асоси – инсон руҳияти ва физиологик ҳолати  таҳлил этилади.

“БОРИС ГОДУНОВ” – улуғ рус шоири Александр Пушкиннинг  1925 йилда ёзилган драматик қиссаси. Маълумотларга кўра, 1824 йил Пушкин хизмат вазифасидан озод этилиб, Михайловское қишлоғи (Псков)га сургунга юборилади. Иккинчи марта тазйиққа учраган шоир қисқа муддатли руҳий эзилишдан сўнг мутолаага берилиб, Николай Карамзиннинг “Россия давлати тарихи” кўп томлик  асарини ўқиш чоғида ушбу асарни ёзади. Асар трагедия жанрида бўлиб, унда XVI аср рус салтанати тарихининг бир фожиавий даври, шоҳ Борис Годунов буйруғи билан шаҳзода Дмитрийнинг қатл этилиши фожиаси  тасвирланади. Пьеса ёзилгандан сўнг, “саҳнабоп эмас” деган қарашлар ва мавжуд цензура туфайли  узоқ йиллар саҳналаштирилмаган. Пьесада бош қаҳрамон халқ бўлиб, Борис Годунов тимсолида тахт васвасаси ифода этилади. Асарнинг тўлиқ варианти 1931 йилда нашр қилинган ва 1870 йилда илк бор қисқартирилган ҳолатда Александр театри артистлари томонидан Маринский театрида саҳналаштирилган. Кейинчалик Россиядаги деярли барча театрларда “Борис Годунов” асосида спектакллар яратилган. Ҳозирги кунга ушбу трагедиянинг ўттиздан ортиқ саҳнавий, ўндан ортиқ экран талқинлари, теле ва радиопостановкалари  мавжуд.

БУНИН МУКОФОТИ –  улуғ рус ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Иван Бунин хотирасига бағишлаб, 2005 йилда жорий таъсис этилган адабий мукофот. Москва гуманитар университетининг ректори Игорь Ильинский  ушбу мукофот  кенгашининг раҳбари ҳисобланади. Мукофот ҳар йили адиб туғилган кун – 22 октябрда тантанали равишда маҳаллий ёзувчиларга топширилади. Бугунги кунга қадар саксондан ортиқ  адиблар Бунин мукофотига сазовор бўлган. Вадим Месяц, Борис Екимов, Николай Конусов, Афанасий Мамедов, Сергей Соловьёвлар мукофотнинг илк совриндорларидир. Таниқли ёзувчи, шоир ва драматург Темур Зулфиқоров 2017 йилда ушбу мукофот билан тақдирланди.

БУКОЛИКА – адабиёт, театр, мусиқа ва тасвирий санъатга оид  бадиий жанр. Буколик адабиёт қадимги юнон-сицилия халқ қўшиқлари асосида шаклланган бўлиб, унинг жанр сифатида шаклланиши қадимги юнон шоири Феокрит ижоди билан боғланади. Буколиканинг ўзига хос хусусияти шуки унда оддий қишлоқ одамларининг турмуш тарзи ва чўпонлар ҳаётини тасвирланади. Буколик адабиёт идиллия, постараль, эклога каби ички турларга бўлинади. Мосх, Бион, Вергилий, Кальпурний, Немесиан сингари қадимги юнон ва римлик йирик шоирлар буколик поэзиянинг ривожига катта ҳисса қўшган. 17 асрда етакчилик қилган классицизм ғояси Европа адабиётида ёрқин акс этиб, буколика поэзия ҳам қайта жонланади. Хусусан, француз шоирлари Антуанетта Дезульер, Жак Делиля, швецариялик Соломон Гесснер, рус шоирларидан Сумароков, Княжнин, Панаевлар ижодида буколик поэзия давом этади.

 

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА

тайёрлади

2018/11

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/05/14/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc-3/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x