Ян ПАРАНДОВСКИЙ (1895–1978)

СЎЗ КИМЁСИ

Рус тилидан
Мирзаали АКБАРОВ
таржимаси

СЎЗ

Сўз – улкан тилсимот. Барча динлар нутқ қобилиятини, инсонга ҳаёт билан бирга бериладиган товушлар, шакл-шамойил ва қонун-қоидаларни илоҳий инъом деб ҳисоблашган. Халқлар ўзларини илк инсоний нутқ меросхўри деб ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлиш учун бир-бирлари билан талашиб-тортишиб, курашиб келган ва ҳар бири ўз далил-исботларини келтириб, баъзида ўта оддий йўл тутишган – бу ҳақда Ҳеродот одамлардан узоқда ўсиб улғайган болалар ҳақидаги қиссасида ҳикоя қилган. Яҳудий тили кўп асрлар мобайнида Мусо алайҳиссалом китобларининг обрўсини суиистеъмол қилган ҳолда қолган барча халқларга гўё дунёнинг яратилиш пайтида илк сўзлар шу тилда талаффуз қилинган ва Одам алайҳиссалом томонидан ҳар бир махлуқ, жониворга берилган исм унинг тўғри исмидир, деб бор ҳақиқатни эълон қилган деган ишонч, эътиқодни даъво этиб келган.
Биз ҳар қанақанги ҳодисани фақат унинг тараққиёти замирида кўриб чиқамиз. Юзлаб оддий ва чуқур маъноли гипотезалар (вақт ўтиши билан уларнинг ҳам оддий эканлиги маълум бўлди) тилнинг келиб чиқиш сир-синоатини аниқлаб, ойдинлаштиришга ҳаракат қилган ва буни инстинкт ҳосиласи, яъни нутқ табиатдаги товушларга тақлидан ундов сўзлар ёки ономатопея туфайли пайдо бўлган бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган. Башарият тонгининг тошлари, эолит – инсон қўл меҳнатининг илк излари аранг ёритиб турган тарихнинг сукунатли қаъридан бу ҳақда қандайдир кўрсатмалар ёки йўл-йўриқлар қидириш бефойда. Тадқиқотчилар қазиб олинган одамнинг бош суяги ва илк товушларни ҳосил қилган жағларни зўр диққат-эътибор билан ўрганаркан, нутқ маркази қаерда жойлашган бўлиши мумкин, деган саволга жавоб топишга уринишган.
Хўш, илк товушлар қандай пайдо бўлган? Афсуски, бунга жавоб йўқ. Эҳтимол, атроф-муҳитга товуш чиқариб, жавоб қайтарадиган гўдакнинг илк овозлари каби ёки бизга ҳозир ҳам маълум бўлган оддий реакциялар натижасида ҳосил бўладиган айрим, алоҳида унлилар орқали, яъни одам ҳайвонларнинг товушларига, табиий шовқинларга тақлидан нутқни тинмасдан такомиллаштиришга хизмат қиладиган ҳиқилдоқ, тил ва лабларнинг энг қадимги ҳаракатларини такрорлаш туфайли ҳосил бўлгандир. Менга ёзувчиларнинг бесабрлиги таъсир қилади, чунки ўзим ҳам бунга қўшиламан, уларни ўз тасаввурлари илк тош асрининг бокира, маъсум дунёсига элтади; фандаги кашфиётларни кутиб ўтиролмай, илк инсон нутқининг ҳозирги кунгача номаълум бўлган товушларини эҳтиёткорлик ва ҳурмат-эҳтиром билан ўзлари яратишга уриниб кўрадилар. Аммо шунинг баробарида бутун сўзлар ва ҳатто жумлаларни “эзотерик анъана” тарзида тушунтириб, майнавозчилик қиладиган ва бу билан сўз бешиги узра ҳукм сурган сукунатни бузадиган нотавон уйдирмачиларни ёмон кўраман.
Айрим тадқиқотчилар мана шу сир-синоатлардан ҳеч бўлмаганда озгина бўлагини олиб, эҳтиёткорлик билан кўплаб изоҳ, эслатмаларни илова қилган ҳолда бизга тош асри даврининг бир қанча бўғинларини тақдим этмоқчи бўлишади. Бундай бўғинлар сирасига, масалан: “камень” (тош) тушунчасини англатадиган “хам” ёки “кам” ўзаги киради. Агар шундай бўлса, мазкур сўз ўзаги нутқимиздаги қимматбаҳо тошларнинг энг асили ҳисобланади; Свентокшискдаги тош печкаларнинг қоронғи йўлаклари бўйлаб борарканмиз, унинг қадамларимизга ҳамоҳанг овозини тинглагандай бўламиз. Бироқ бу бўғин ҳам, агар психологларнинг гапларига ишонадиган бўлсак, сўзлар предметларни англата бошлаган анча кеч даврга тааллуқли. Зотан, сўз дастлаб очлик, қўрқув, ҳузур-ҳаловат туйғуларини англатган, холос. Ўйлайманки, коинотда таркиб топган бир неча ўнлаб кимёвий унсурларнинг кашф қилиниши сўз оламини яратиш учун шу қадар оз миқдордаги товушлар кифоя қилган, деб тахмин қилишга асос бўла олади. Афсус, бундай овозлар материяси унсурларини, мураккаб моддаларга нисбатан қилингани каби – ҳар бир сўз, ҳар бир шаклни таснифлаш имконига эга эмасмиз, қолаверса, ҳаттоки Менделеев жадвали ҳам бундай унсурларни тартиблашга қодир эмас.
Ҳозирги замон илм-фани қайд этганидек, тилларнинг сони ниҳоятда улкан, бу рақам Бобил минорасининг қулаши ҳақида кимлардир қачонлардир ўй суриб, тушларига кирганидан ҳам кўра кўпроқни ташкил этади. Тиллар даҳшатли, ваҳимали, машъум ва мудҳиш товушларга тўла, уларда сўзлар ўрнига баъзан минғир-минғир, хур-хур, чўлп-чўлп овозлар эшитилади.Радиода ногоҳ анамит тили янграб қолса борми, гўё қути ичидаги қўғирчоқ ва ўйинчоқлар тилга кириб, гапирворгандай туюлиб кетади. Бўғиз, тил, танглай, тишлар ва лаблар ҳамда инсон томоғи қодир бўлган ҳар қандай нафас товушларидан иборат “оркестр” ҳосил қилиши мумкин бўлган барча товушлар – буларнинг ҳаммасидан аллақачоноқ батамом фойдаланиб бўлинган, деб тахмин қилиш мумкин эди, аммо бу қаттиқ янглишишдан бошқа нарса эмас: умуман олганда, инсон нутқининг фонетик тузилиши, мавжуд туюлган барча тафовутларга қарамасдан, бир хилдир. Фақат Ҳеродотгина ғорда яшаган эфиоплар тили худди “кўршапалакларнинг вижир-вижири”га ўхшаш, деб айта олган бўлур эди. Қизиқ, кўршапалакларнинг қандай сайрашини ким эшитганикин? Биронта ҳам инсон тили икки унсур: ундош ва унлиларсиз мавжуд бўлолмайди. Ҳеч қайси бир қабила фақат ва фақат ундошлардангина иборат тил яратишга муваффақ бўлмаган, баъзилари эса ҳатто кўплиги боис, улардан воз кечган. Полякларга икки дюжина ундош, бошқа кимларгадир бунинг ярми етарли бўлган, қолаверса, ундошлар сони атиги еттита бўлган тиллар ҳам бор, лекин бундан улар на қашшоқлашиб ва на оҳангдорлиги камайиб ҳам қолгани йўқ.
Декарт охирги фикрни ишончсизлик билан қабул қилган бўлур эди. Чунки у ақл-идрок бутун одамзод ўртасида ҳамма нарсадан ҳам кўра тенг, баб-баравар тақсимланган деб ишонар ва бундай тилларни ё сохта ёки ўз ишига масъулиятсиз кишиларнинг шунчаки эрмаги деб ҳисоблаган бўларди. Агар Декарт фикрига қўшиладиган бўлсак, яъни ақл-идрок гўё барча мамлакатлар, халқлар ва ирқларнинг фуқароси бўлган тақдирда ҳам, Афлотун ва Арасту бизни таъмин этишга ғамхўрлик қилган ўша мантиқ ҳамма жойда ҳам худди шундай кучга эга ва бир хил мажбурият юклайди, деб ўйлаш хато бўлур эди. Агар тилимизнинг флексия ва синтаксис қоидаларини яхши билмасангиз, унда бошқача фикрлаш ва бошқача гапириш ҳам мумкин. Биз эса ўз грамматикамиз билан жаҳон тиллари ўртасида озчиликни ташкил этамиз. Чунки родлар, келишиклар, сон, феъл замонлари ва турларига эга бўлмаган тиллар ҳам мавжуд бўлиб, уларда от ва феъллар фарқланмайди, бошқа бир тарафдан эса, родларнинг жонли ёки жонсиз эканини айирадиган тиллар ҳам бор. Масалан, Африкада яшовчи масайлар тилида ҳам катта ва қудратлини, ҳам кичик ва кучсизни билдирадиган род мавжуд. Бу биздаги инжиқ ва беқарор средний род (о ва е билан тугаган отлар)га қараганда бирмунча мантиқлироқдир, эҳтимол.
Ҳиндулар, агар тилшунослик билан шуғулланганларида эди, ҳинд-европа тилларидаги аниқликнинг етишмаслиги хусусида эътироз билдириш ҳуқуқини қўлга киритган бўлардилар. Бизлар учун: “биз” шакли кифоя, уларда эса бундай комбинациялар учун: “мен ва сен”, “мен ва сиз”, “мен ва сиз икковимиз”, “мен ва у”, “мен ва улар”, “биз икковимиз ва сен” ва шу каби махсус шахс олмошлари мавжуд. “Одам қуённи ўлдирди” деган оддийгина жумлани понка қабиласига мансуб ҳинду гўзал ҳикоя даражасига етказади: “Ёлғиз, тирик, тик турган одам ўтирган тирик бир дона қуённи камондан ўқ узиб, қасддан ўлдирди”. Бундай шаклни уларнинг грамматикаси талаб қилади, “тик турган” ва “ўтирган” каби аниқловчилар бизнинг тилимизда эга ва воситасиз тўлдирувчи, бош келишик ва тушум келишигидан ўзга нарса эмас.
Қаерлардадир ҳали, тўлиқ ёки қисман бўлса-да, иккилик сон – dualis сақланиб қолган, уни бизнинг грек тили ўқитувчиларимиздан сал либералроқлари “тушириб” қолдиришни ўзларига эп кўришган. Мазкур соннинг қандай амалий заруратга жавоб берганини ўйлаб топиш қийин. Қайсидир тилшунос эса унга қатъий эътироз билдириб, биз учун “бутун” ва “қисм, бўлак” тушунчаларини фарқлайдиган сон хийла фойдалироқ эканини уқтирган, аммо энди ҳеч нима қилиб бўлмайди. Тилни осонлаштириш, соддалаштириш мумкин, мисол учун, инглиз тили асрлар ўтиши билан ўзининг грамматик шаклларидан каттагина қисмини йўқотган, аммо тилни унга янги тусланиш ёки янги келишик қўшиш йўли билан бойитиб бўлмайди. Бу нарса бурунги замонларга хос “имтиёз” бўлиб, ўшанда ҳамма нарсаларни: худолар, динлар, урф-одатлар, шунингдек, тил ҳақидаги қонунларни ҳам яратиш мумкин эди.
Сўзлар, грамматик шакллар ва синтаксис замирида муайян бир халқ қалбига хос образ акс этади; аллақачонлар йўқ бўлиб кетган денгизлар тўлқинларининг қумлар бағрида тош қотган излари сингари унда интилишлар, мойилликлар, ихтилоф, совуқчиликлар, ишонч, эътиқод, маслак, бидъат, хурофотлар, дунё ва инсон ҳақидаги ибтидоий билимлар мустаҳкам равишда мужассамланган. Айнан ўша афсоналар ижодиётига мансуб даврда осмон, юлдузлар, ер, дарёларга, жонсиз нарса (буюм)ларга мужской (шакли музаккар) ва женский (шакли муаннас) родлар берилган эди, родларга хос тафовутларни ишлаб чиққанлар таянган қонун-қоидаларни эса, худди сўзнинг келиб чиқиш тарзига ўхшаб, ҳозир ҳам пухта аниқлаб, шарҳлаб бўлмайди. Мисрликларда осмон аёл, ер эса эркак жинсига мансуб бўлгани грекларни ниҳоятда ҳайрон қолдирган. Айни чоқда тиллар оғир ва узоқ давом этган кўчиб юришлар, босқинлар, ҳужумлар ва истилолар натижасида ўзларига ёт, бегона унсурларни қабул қилган, ўзгача шарт-шароитлар остида мавжуд урф-одатлар ўзгариб, иқлим эврилишлари, тупроқнинг таркибий сифати, турмуш шакл-шамойиллари уларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Нутқнинг ўзига хос хусусиятлари – урғу, нафас товуши ҳар хил этник гуруҳларнинг ўзаро аралашиб кетишига боғлиқ бўлган.
Бутун бир халқлар, маданиятлар йўқ бўлиб кетган, улар ўзларидан кейин атиги бир ҳовуч сўз қолдиришган, холос – сунбул ва ялпиз ўзларига шундай ном берган Эгей даврига мансуб илк боғбонларига бир умр содиқ қолишган.
Аввалбошданоқ сўз инсон фаолиятининг қуроли ва шу билан бирга, пиетет ҳамда эҳтиёткорликни талаб қиладиган қандайдир сирли хилқат ҳам бўлган. Ҳамиша муқаддас ва тавқи лаънат сўзлари мавжуд бўлган ва уларни талаффуз қилиш ман этилган. Таъқиқлар маълум бир ижтимоий гуруҳлар, касб-кор турлари учун жорий қилинган. Карибларда сўзнинг муқаддаслиги ва унга риоя этиш шу даражага бориб етганки, фақат эркак­ларгина карибча сўзлашлари мумкин бўлган, хотинлар эса бошқа – аравак тилидан фойдаланишган.
Сўзнинг сеҳрли, мўъжизали ва фусункор кучи унинг тасаввурлар ва образларни юзага келтириш қобилиятида акс этади. У бешта сезги орқали идрок қилинадиган нарса, воқеа-ҳодисаларнинг кўзга кўринмас вакилидир. Афсун, сеҳр-жоду, куф-суф ёки дуо воситасида одамлар, олисдаги ёки умуман мавжуд бўлмаган нарсалар, буюм, ашёлар пайдо бўлади. Яқиндаги, ҳозир-нозир бўлганлари эса, номи тилга олиниши билан чинакамига реаллашади. Одам Ато ҳар бир нарсани ўзига хос ном билан атагандагина, Тангри томонидан ўзига ишониб топширилган дунёнинг ҳукмдорига айланган. Ўсимлик, ҳашарот ёки қуш, парранда бўладими, қандай аталишини билмагунимизча, у ўсимликлар, ҳашаротлар ва қушлар оламининг ноаниқ, номаълум бир зарраси бўлиб қолаверади. Фақат замонавий мешчанларнинг қашшоқ ва енгилтак жаргонидаги номаълум “бу” нарсаларни билмасликдан қутқаради; фақат ана шундай одамларгина номсиз нарсалар орасида яшаб, “дарахт”, “бута” ёки “бошоқли ўсимликлар”га бамайлихотир қарай олади. Халқ, одамлар борлиқдан узилиб қолган буюм, нарсаларни ёқтирмайди, шунинг учун беихтиёр дов-дарахтлар эмас, балки эман, қорақайин ва қайинлар орасида яшайди, бошоқли ўсимликлар эса ё жавдар ёки буғдой бўлиши лозим. Плуг бир нечта қисмлардан иборат ва ҳар бирининг номи худди раҳмдил жин отига ўхшаш янграйди.
Инсон нутқининг сарчашмалари ҳақида бизга ҳеч нарса маълум эмас; аффект (қаттиқ ҳаяжон, жазава) ҳолатидаги нидо, хитоблардан, ҳайвонлар ва қушларнинг овозларига тақлидлардан, борлиқнинг қандайдир бир бўлагини изоҳлайдиган бўғинлардан тил қачон юзага келган ва шомонлар, фолчилар, қабилаларнинг сардорлари ва донишмандлар оғзида ўз ожизлигини қай тарзда енга бошлаган, маълум эмас, илк куйланган қўшиқ унга қачон руҳ, ғайрат бағишлаган, бу ҳам маълум эмас. Палеолит даврининг қояларга ўйиб солинган расмларини ҳайрат-ла кузатарканмиз, машъалалар аранг ёритолган қоронғиликлар ичра моҳир мусаввирлар томонидан деворларга чизилган мамонт ва буйволларнинг тасвирлари олдида беихтиёр ўйга чўмамиз, бу ғорларнинг жойлашиш тартиби ва тузилишига қараб, уларнинг ёпиқ ибодатхоналар билан ўхшашлигини пайқаймиз, шу аснода эса сўзни эсга олмасдан, бу ерда бўлиб ўтган жамики воқеа, ҳодисаларнинг қандайдир йўсинда сўз билан боғлиқ бўлганини ўйламасдан иложимиз йўқлигига амин бўламиз. Шубҳасиз: ушбу ғорлар сеҳр-жоду, онт-қасамлар, чақириқлар, дуо ва ибодатлар ҳамда куй-қўшиқларни кўп бора тинглаб, уларга гувоҳ бўлган.
Бироқ худди ўша даврга мансуб бошқа хил расмлар ҳам борки, уларда ҳаракатдаги, ҳар хил вазият, ҳолат, қиёфалар ва имо-ишоралар измидаги одамлар тасвирини кўриш, баъзан эса қизиқ, кулгили воқеаларни ҳам кузатиш мумкин. Ва уларнинг ҳам қандайдир соқов, гунг, тилсиз ёки бемаъни ғўлдирашгагина қодир бўлган мавжудотлар томонидан яратилмаганлиги аниқ эди. Образлар ярата оладиган сўз сеҳрининг ибтидоси шу ернинг ўзида, қаердадир яшириниб ётарди. Шахсий кечинмаларни қайтадан тиклаш, гавдалантириш санъати, тингловчилар қалбида ваҳима ҳиссини уйғотиш, уларни йиғлатиш ёки кулдира олиш қобилияти урушлар ва ов пайтидаги турфа хил саргузаштлар, тушлар ва шарпалар ҳақидаги ҳикояларда намоён бўлган; сўзга имо-ишоралар, бутун гавда ҳаракатлари ҳамроҳлик қилган, пантомима сўзлар ва жумлаларнинг камчилигини тўлдирган, шахсий шижоат ва тингловчиларнинг қойил қолишидан ўртанган қалб қўри янги товуш шаклларининг яратилишига ёки эскиларининг ҳайратланарли, мисли кўрилмаган ва дабдабали сўз бирикмаларига қўшилиб кетишига олиб келган.
Юнон мифологиясида фантазияга дахлдор мўъжизалар кўп, улардан бири – адабиёт, санъат ва илм-фан илоҳаси – Музанинг онаси Мнемозина – Хотирадир. Хотира – буюк бунёдкорлик куч-қудрати, у оний ва бетакрор ҳодисалар оқими ичра яшашга маҳкум инсонга туғилган пайтидаёқ ато этилади. Деворларга ёввойи, йиртқич ҳайвонларнинг шаклларини ўйиб солмоқ учун чақмоқтош тутган қўл, ушбу шаклларни ҳаётдан нусха олиб, ранг билан тўлдирган охрадан қизарган бармоқлар ниҳоятда ажойиб ишни амалга оширган: улар инсоннинг тилсиз дўстлари – қирилиб йўқ бўлиб кетишга маҳкум этилган жониворларга абадий ҳаёт бахш этган. Ибтидоий одам – неолит даври рассоми ўзининг узоқ авлоди – сўз санъаткори ҳозир нима иш қилаётган бўлса, худди шундай ишни қилган – ғойиб бўлишга маҳкум мавжудотларга ҳаёт бағишлаган шакл ёки бўёқ бўладими, иккови ҳам турмуш хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади.
Сўз воситасида Инсон замон ва маконни эгаллаб, ўзига бўйсундирди. Сўз нарса, буюм, ашёларни ҳодисалар чалкашлигидан халос этиб, уларга шакл ва ранг берди, яқин ёки узоқлаштирди, ўлчади, чамалади. Унинг замирида воқеа, ҳодисалар, дақиқалар, соатлар, йиллар, ҳозирги, ўтган ва келаси замон мужассамдир. Аммо сўзнинг ўзи – ўткинчи, оний товуш, талаффуз қилинган заҳоти ғойиб бўлган, уни ортга қайтариш учун эса, такрорлаш лозим бўлган; борди-ю инсон оғзи, лаблари чарчаса, уни фанодан ҳеч нарса чақириб ололмаган. Гапираётган одамдан ташқарида мавжуд бўлмаган, у енгиб ўтиши мумкин бўлган ягона, бирдан-бир макон инсон овози эшитиладиган сарҳадлар ичра жойлашган. Унинг ушбу сарҳадлардан ташқарида янграши эса беҳуда ҳаракат, бефойда уриниш билан баравар бўлган.
Талаффуз қилинган сўздан ёзилган сўзга ўтиш даври инсоният тарихидаги янги эра бўлди. Шаклсиз ва кўзга кўринмас товуш – сўзни “ушлаб туриш”га ўрганмасларидан олдин одамлар нарсалар, воқеа, ҳодисаларни тасвирлар воситасида ушлаб туришни ўрганганлар. Фонийликни абадийлаштиришга бағишланган мистериялар қояларга ўйиб ишланган расмларда ҳам акс этган. Аммо ғорлар ичида яна бир мистерия: деворлардаги тасвирларга маъно, жўшқинлик ва ақл бовар қилмайдиган, ғайритабиий куч-қудрат бахш этгувчи тафаккур ва диний ё сеҳрли бўлсин, муайян ғояни ифода этиш ва абадийлаштириш мистерияси ҳам содир бўлганки, биз ўзимизни унинг сирларига бағишламоқчи эмасмиз.
Бундан ташқари, яна бошқа турдаги расмларнинг ҳам мавжуд бўлганини пайқаш қийин эмас, улар варақ, ёғоч, суяк сингари бўш, чидамсиз материалларга ишлангани боис сақланиб қолмаган. Ушбу расмларнинг мақсад-вазифаси фикрни масофадан туриб, узатишдан иборат бўлган. – “Скифлар, – деб ҳикоя қилади Ҳеродот, – шоҳ Дорога қушлар, сичқонлар, бақалар ва беш дона ўқ, найза тасвири солинган “мактуб” йўллашган, бу: агар форсларнинг қушлар каби учиш, сичқонлар сингари ерга яшириниш ва ботқоқликлардан бақаларга ўхшаб сакраб ўтиш қўлларидан келмаса, уларни скифлар ўқлар билан қириб ташлайдилар, деган маънони билдирган. Айрим ибтидоий қабилалар ҳозирга қадар ҳам зарур маълумотларни масофадан туриб узатиш учун шу хилдаги шарада – топишмоққа ўхшаш ёзувлардан фойдаланиб келади. Шунингдек, бошқа воситалар: тугунчали шнур (ип, чилвир) ва маълум бир миқдорда кертма белги қўйилган калтак, таёқлар ҳам худди шундай мақсадларни кўзлаб қўлланилади.
Дунёнинг турли қитъаларида ва турли хил даврларда амалга ошириб  келинган бундай усул, ихтиро ва ҳийла-найрангларнинг барчаси тафаккурни абадийлаштирадиган ва у ифода этилган рамз, белгиларни тушунарли қиладиган бир нималарни яратишга қаратилган қатъий интилишдан бошқа нарса эмас эди. Шумер, Миср, Эгей, Хитой каби энг қадимий маданият ўчоқлари ўз ёзувларини яратишдан олдин расмдан то товушга қадар давом этган синов ва тажрибалардан иборат узоқ йўлни босиб ўтган. Мазкур маданиятлар бир-бирларига боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳаракатланганми ё ўзаро тажрибалар алмашганми ёки бизга ҳозирча бутунлай номаълум бўлган янаям қадимийроқ бошқа халқлардан ўқиб-ўрганганми? Бундай саволлар ёлғиз тадқиқотчиларни тўлқинлантирибгина қолмай, бизни ҳам ўзига жалб қилиб, қизиқувчанлигимизни ошириши табиий. Эҳтимол, ушбу саволларга бугун бўлмаса, эртага жавоб топилиб қолса ажабмас: ахир, ҳали Ер сайёрамиз бизни ўзининг барча сир-синоатларидан воқиф қилганича йўқ-ку.
Хотира – илоҳий Мнемозина барча иероглифлар – ранглар билан ёзиб-чизилган, ўйма нақшлар солинган, одамлар, ҳайвонлар, буюмлар тасвирланган, маъбудлар мадҳ этилиб, ҳикоялар сўйланган белгилар тизимининг бешиги бошида турган. Тасвир идеограммага айланган, яъни наинки нарсанинг ўзини, балки у билан боғлиқ тушунчаларни ҳам ифодалаб берган: масалан, “юлдуз” юлдузни билдирган, лекин шу билан бирга осмон, худо ва ҳаттоки “баланд” сифатини ёки “баландда” равишини ҳам англатган. “Оёқ” – бирйўла “бормоқ”, “юрмоқ”, “турмоқ”, “югурмоқ”, “келтирмоқ” феълларини ҳам ифодалай олган. Мақтов ва мадҳиялар битилган ёзувлар, ибодатлар, афсун, сеҳр-жодулар учун шунинг ўзи етарли бўлган ва улар ҳам ўрта аср одами анъаналар орқали ва ўз фантазияси ёрдамида эгаллаган билимлари туфайли черковдаги нақшинкор безакларни қандай “ўқиган” бўлса, тахминан шундай ўқилган.
Агар хат-ёзув эҳромлар, ибодатхоналар ва ғор, унгур, моғораларнинг пана-пастқам жойларидан ёруғликка чиқмаганида, агар у билан ҳаётнинг ўзи шуғулланмаганида, ўзининг ҳозирги мақомига эришмаган бўлур эди. Унинг (ҳаётнинг) серғайрат қўлларига тушгач, иероглифлар ўзининг сунъий мураккаблигини тезда йўқотиб, соддалаша бошлади: ҳар хил қисмлари тушиб кетиб, қуруқ гавданинг ўзи – чизиқчаларми ё доирачаларми, шунга ўхшаш бир нималари қолди, холос. Моллар рўйхатини тузадиган ёки ишга алоқадор ёзув-чизувлар олиб борадиган савдогарлар, мирза, котибларнинг қўллари муқаддас, тантанали ва қотиб қолган, ҳаракатсиз, карахт рамз, белгиларга жўшқинлик бахш этган. Тасвир, шакл, расмлар ўрнини энди чизиқлар, белгилар эгаллаган, улар тушунчаларни ифода этишни бас қилиб, ҳарфлар ёки бўғинларга айланган ва товушларни англата бошлаган.
Қандай кескин ўзгариш! Фазо, бўшлиқда ўрни бўлмаган, шаклсиз, кўринмайдиган, фақат бир лаҳза янграган чоғдагина мавжуд бўладиган товуш мангу абадийлаштирилган ва лойдан ясалган лавҳа ёки папирус варағига хат-саводи бор кимнингдир нигоҳи тушиб, ҳаётга қайтарган пайтдагина ҳар гал қайтадан овоз бера оларди, холос. Бу – инсониятнинг маданий тарихидаги энг буюк воқеа эди. Ақлий жиҳатдан бошқаларга қараганда эртароқ камол топган халқларда у анча илгари рўй берган, бошқа юзлаб халқларнинг эса минглаб йиллар кутишларига тўғри келган, масалан, Канадада яшаган ҳиндулар тили қадимдан ажойиб тарзда тараққий этиб келган бўлса-да, унинг ёзма шаклига илк бор 1841 йилдагина эришилган, ўшанда улар учун миссионер Жеймс Эванс бўғинли ёзувнинг ўта оқилона тизимини ўйлаб топган эди ва у ҳозирга қадар амалда қўлланилиб келинади.
Сўз вақтни узил-кесил ўзига бўйсундирди. У тантанали юриш қилиб, халқлар, қироллар, тарихни, ҳатто маъбудларни ҳам номаълум, сирли келажак сари ўз ортидан эргаштира олди, жасадидан ҳаттоки бир ҳовуч кул ҳам қолмаган марҳумларни ҳаётга қайтарди, ўлимидан сўнг икки-уч йил ўтгач, ҳатто икки-уч миля нарида ҳам ҳеч ким эсга олмайдиган одамларнинг номларини хотирамизга жо қилди, у (сўз) керак бўлса, бир парча лойни, гўё унда қачонлардир буғдойзор оралаб чопиб ўтган, йўлида учраган қизғалдоқни чирт узиб, уни қўшиқ каби куйлаган гўзал қиз қалби мужассамдай, тилга киргизиб, ашула айтгизиб юборгудек мўъжизага ҳам қодир эди.
Мана, икки юз йилдирки, одамлар инсон нутқининг узуқ-юлуқ қолдиқларини топиш илинжида ер ковлаб, тупроқ титадилар, юзлаб олимлар аллақачонлар йўқ бўлиб кетган дунё ҳақида ҳикоя қилгувчи сўзларни ўқиш ва англаш ишига бутун ҳаётини бағишлаб, ақл бовар қилмайдиган, фавқулодда нарсаларни қўлга киритиб келадилар: ёзма обидаларни ўқиб, маъносини айтиб берибгина қолмай, улар битилган бутун тил тизимини қайта тиклайдилар, улар ҳатто жонли тил бўлган пайтида ҳам эга бўлолмаган грамматика ва луғатлар тузадилар, шу тариқа аллақачонлар йўқ бўлиб, кўмилиб кетган сўзлар қайта туғилиб, йилномалар, дуо, ибодатлар, поэмалар, қонунлар мажмуига кўчиб, одатдаги кундалик нутқ қатидан жой олади.
Бобилнинг лойдан қилинган лавҳалари, Миср папирус ва деворлари шу йўсинда тилга кирган. Майя ва ацтекларнинг асрий садолари қайта жонланган, ўз ёдгорликлари туфайли хеттлар ҳам тарих саҳифаларидан жой олиб, мутлақо кутилмаган ҳолда ҳинд-европа тиллари оиласида пайдо бўлган. Яқиндагина Пилосдан топилган тарихий лавҳалар ғоят ҳайратланарли эди, чунки улар бизга бир замонлар ҳатто Ҳомер учун афсонага айланган ахеяликларнинг нутқий товушларини қайтариб берди ва бу товушлар орасида ҳатто тушимизга ҳам кирмайдиган Ахилл, Гектор каби исмлар борлиги маълум бўлди. Ҳали яна баъзи бирлари – Эгей ёзуви, этрусклар тили ўз вақти-соатини кутиб ётибди. Хуллас, тилсимли сўзларнинг буюк сир-синоатлари ҳали охирига қадар очилмаган.
Дунёда хат-ёзувларнинг турлари кўп. Баъзилари чапдан ўнгга, бошқалари эса ўнгдан чапга қараб ёзилади. Бизга қадимги Юнонистон обидалари орқали маълум бўлган ёзув усули ҳалигача сақланиб қолганми-йўқми, билмадим: “бустрофедон” ёзуви ер ҳайдаётган ҳўкизлар қандай ҳаракатланса, шундай тартибда бўлган – сатр охири кейинги сатрнинг бошланишига хизмат қилган. Арабча хат баайни сочилган, майдаланган тамакини эслатса, ҳиндча ёзув худди юпқа, ингичка, нафис шох-новдаларга ўхшаб кетади, хитойчани эса гўё инжиқ, нозиктабиат рассом фантазиясининг маҳсули бўлган гул, нақш сифатида қабул қилиш мумкин. Поляк ёзуви финикияликларнинг белги, ишоралари туфайли пайдо бўлган грек ёзма манбалари асосида юзага келган, аммо унга аниқ ва оддий шакл римликлар томонидан берилган.
Бир-бирига мутлақо ўхшаш бўлмаган кўпгина тилларга мансуб сўзлар ўз жарангини мана шу икки дюжина белгилар ичидан излаган. Барча товушларни ифодалаш учун зарур бўлган аниқлик жиҳатидан лотин алифбоси уларнинг биронтасига ҳам тўғри келмайди. Мазкур белгилар шартлилик ва конвенцияларнинг улкан сони билан боғлиқдирки, алифбени ўрганиш билан бир қаторда улар ёрдамида ифодаланган товушлар тегишли тарзда жаранглаши учун ўқиб-ўрганилмоғи зарур. Бу нарса ушбу тил жонли бўлиб турган пайтгача мумкин бўлади, холос: ҳарфлари тилдан қолди дегунча, унинг жаранги тахмин, гумонларимиз ва шахсий фонетикамизнинг ўйинчоғига айланади. Ҳомернинг айнан бир хил шеъри инглиз, француз, немис, поляк ва ҳатто замонавий грек томонидан ҳам шунчалик ҳар хил янграйдики, гўё уни мутлақо ҳар турли тиллардан олинган бўлса керак, деб ўйлаш мумкин. Шундай бўлса ҳам, “eklanksan d’ar’oistoi – ўқлар жаранглаб кетди…” Тез одимловчи Аполлоннинг ўқдонидаги ўқларнинг жаранглашини ўнлаб асрлардан буён эшитиб, маъбуднинг ўзини ва қовоғи солиқ қиёфасини ҳам кўриб турамиз. Мана, ёзувнинг товушлар, образлар ва ҳаракатларни мангуга муҳрлай олиш мўъжизаси.
Қадимги ёзувлар бизни тиллар тарихига, тўғри, фақат уларнинг сўнгги, якунловчи бобларига олиб киради ва улкан жилднинг саҳифаларини тўлдирмасдан очиқ қолдириб, улардан қиёсий тилшуносликка оид тасаввур ва заковат ахтаради.
Ўтмишнинг ғира-шира туман, чанг-тўзонлари ичра тарихга назар ташлайдиган бўлсак, сўзнинг сон-саноқсиз асрлар мобайнида худди ўша бир хил ёки ҳар ҳолда бир-бирига жуда ўхшаш бўлган қайта-қайта тажрибалар ҳамда кашфиётлар оша ўтиб келганини кўрамиз. Улар қабилаларнинг ҳар бир бўлиниш пайтида, тилларнинг ҳар бир янги оиласи вужудга келган вақтда бот-бот такрорланаверган. Биз орийлар хонадонига мансубмиз. Орийларнинг боботили пайдо бўлган жойда (ким билади, балки у ҳозирги Польшанинг осмони остида бўлгандир?) девор, панжаралар билан ўраб олинган сарой ёки ҳовлилар узра худди ўша қаҳратон қиш ҳукм сурган, бу санскрит тилида hima, лотинчада hiems, кулбалар оша кўкка ўрлаган худди ўша тутун санскритчада dhumas, лотинчасига эса fumus деб аталган, одамлар ушбу боботилнинг сўзлари ёрдамида бир-бирлари билан ўзаро муомала қилишган, эндиликда эса биз бу тилни қайта тиклаб, асл ҳолига келтиришни жуда-жуда хоҳлаймиз, ўтмиш қаъридан товушларни кураш ва меҳнат билан қўлга киритганимизда ҳар гал қалбимиз (сердце) қувончга тўлади (юрак грекларда kardia, римликларда cor (cordis), немисларда Herz). Булар – буюк ҳосилнинг дони, мағизи эди. Улардан Маҳобҳорат китоблари ҳамда Юнонистон ва Римнинг бутун донишмандлиги ва поэзияси келиб чиққан. Бошқалардан ҳеч қандай ажралиб турмайдиган ушбу бобосўзлар кундалик ҳаётда янграб, турмушга хизмат қилган, сон-саноқсиз тарихий ўзгаришлар оша ўтиб келган бу сўзлар ҳам “Илоҳий комедия”, “Ҳамлет” ҳам “Фауст”, ҳам “Пан Тадеуш” учун материал вазифасини ўтаган. Ҳар бир жумлада, худди қон таначалари янглиғ, уларнинг зарралари айланиб, сезилиб туради.
Ким агар Александр Брюкнернинг “Поляк тилининг этимологик луғати” билан танишиб чиққан бўлса, унинг ҳар бир саҳифасида умумславян меросига мансуб бўлган сўзларга дуч келгани шубҳасиз. Йигирма асрлик тарихга эга славян қабилаларининг муштараклик даврига мансуб, баъзан ҳатто жаранги ҳам ўзгармаган мазкур сўзлар тилимизнинг қобирғаси ҳисобланади ва кундалик нутқимиздаги сўзларнинг чорак қисмини ташкил этади. Улар ёрдамида ландшафт, об-ҳаво, хўжалик, инсон танаси, дов-дарахтлар, ўт-майсалар, гуллар, ўрмондаги йиртқич ҳайвонлар ва қушлар, паррандалар, емиш, иш қуроллари, қариндош-уруғчиликнинг барча даражалари, жамоа ва қабилада инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, характер хусусиятлари, ижтимоий гуруҳлар, қонунлар ва бошқарув шаклларини баён этиш мумкин ва улар ниҳоят, воқеий дунёдан узилган бир неча дюжина тушунчалар воситасида тафаккурга руҳ бағишлаб, худо, иблис, шайтон, гуноҳ, айб, жазо, жаннат, дўзах, мўъжиза каби худди ўша азалий сўзлар доимий ҳукмронлик қиладиган диний эътиқоднинг абадий муҳитига ҳам дахлдор бўла оладилар. Қизиқ, энг қадимги славянларнинг муштараклик давридан сўз ижодиётига оид унсурлар: ўзаклар, олд қўшимчалар, суффикслар ўзгармасдан, бир хил ҳолатда то бизгача етиб келган ва биз бугун уларнинг ёрдамида янгидан-янги сўзларни яратишга муваффақ бўлмоқдамиз.
Бу – адабиётнинг улуғвор ва айни чоқда оддий қурилиш материали ҳамдир. Меъморлар ва ҳайкалтарошлар фойдаланадиган на тош, на ёғоч ва на металл, на рассомлар ихтиёридаги ранг-бўёқлар, на мусиқа асбобларидан таралаётган оҳанглар – мусиқачиларнинг ижодий материали – уларнинг ҳеч бирини сўзнинг ажиб, сирли маҳобатига қиёслаб бўлмайди. Аммо шу билан бирга, сўз иш қуроли саналади ва энг оддий, одатдаги, кундалик юмушларда қўлланилади. Худди ўша сўзлар дуо-ибодатга ҳам, шалоқ ашулага ҳам бирдай асос бўлиши, кўчаларда сандироқлаб юриши, далаларда меҳнат қилиши ёки ошхонада куймаланиши ҳам мумкин. Адабиёт ҳамиша уларнинг орасидаги энг кўп қўлланиладиган, сийқа ва бузуқ сўзлардан халос бўлишга ва шу тарзда ўзининг умумтил ичидаги буюк ва олийжаноб тилини яратишга интилиб келган.
Кўплаб мамлакатларда ва кўп даврларда сўз санъаткорлари томонидан ўз урф-одат ва имтиёзларига эга бўлган ўзига хос табақалар тузилган. Улар сўзлашув тилидан ажралиб турадиган тилдан фойдаланишган ва бу тилни ўқиб-ўрганиш зарур бўлган. Дуо, тоат-ибодат ва поэзиянинг нозик ва нафис тили – санскрит айнан мана шундай муҳитда юзага келган. Тоат-ибодат ва шеърият бир хил мақомдаги ҳодисалар саналган, чунки шоирлар қайсидир маънода руҳониятга яқин бўлиб, уларнинг ижоди дин билан баъзан сеҳр-жоду билан боғлиқ вазиятлар ҳам бўлган ва бундай пайтларда шоир афсунгарга айланган. Шеърлар афсунгарларга хос сеҳр-жодули куч-қудратга эга бўлган: “Carmina vel caelo possunt deducere lunam” – “Шеърлар ҳатто Ойни ҳам кўкдан ерга тушишга мажбур қила олади”. Қадимги грек лирикасининг айрим турлари ҳамиша ўзининг диний келиб чиқишини эслатиб турган.
Ҳомер тили ёки эпос тили, бу – ўзгача, ўзига хос бўлган, ниҳоятда ҳайратланарли қотишмаки, уни грек қабилаларидан биронтаси ҳам ўз сўзлашув тили сифатида эътироф этмаган бўлур эди. Ҳомер тилидаги яратувчи унсур шеър вазни – дактиль бўлиб, у тилда якка ўзи ҳукмронлик қилади. Турланиш ва тусланиш, наҳв (синтаксис) ва луғат, ҳатто орфографияга ҳам “хўжайинлик” қилади. Бу тилда отлар ва сифатлар беқарор дактилли шеърларнинг талабларига мувофиқ равишда сон ва родни ҳам ўзгартириб юбораверади. Худди ўша предмет бирпасда кўпликдан бирликка айланиб, учала роддан ҳам “сакраб” ўтади-да, бу “ўйин” барча грамматик замонлар ва майлларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ҳеч нима Ҳомер улғайган қадимги поэтик анъананинг мавжудлигини кўпгина авлодлар умри давомида шаклланган айни мана шу “дактилли шеър ёзиш”чалик яққол тасдиқлаб беролмайди. Энг охирги филологларнинг тадқиқотларидан кўриниб турибдики, ундан анча олдин зийрак Пико делла Мирандола Ҳомер шеърларининг литургик хусусиятларини пайқаб, кўрсатиб берган. У ҳатто бу ҳақда “Theologia poetica” номли асар ёзишни ният қилиб, унда шоирларнинг илоҳиётшунос эканлигини исботлаб бермоқчи бўлган, бинобарин, улар рамзлар тилидан худди шундай фойдаланишган.
Бундай “Теология”ни поэзиянинг барча босқич, даврларини қамраб олган ҳолда, ҳозир ҳам ёзиш мумкин эди. Шунда шеъриятнинг энг қадимги анъаналарга нақадар қаттиқ амал қилиб келаётгани ойдинлашган бўларди. Қанча “ибодатхоналар” ва “палладий”ларда шундай ўзига хос тилда сўзлашилади, поэзия шундай ўзига хос тарзда баҳоланади ва ундан шундай ўзгача тушунчалар учун фойдаланилади, афтидан, бу ерда фақат қадимги шеърий табақалар ва сўз санъатининг сир-синоатларига чуқур кириб боришнинг қадимий усули етишмай турибди, холос.
Муқаддаслаштирилган тил учун ҳаётдан сурилган қадимги сўзлар ва шакллар асосий материал бўлиб хизмат қилади. Бу ҳар қандай культнинг консерватив характери, шунингдек, барча эскиликка бўлган ишонч-эътиқоддаги инстинктив хайрихоҳлик билан ҳам изоҳланади. Бобилнинг шумер тили, католиклар черковидаги лотин тили, православларнинг черков-славян тили ва юнонистонлик ортодоксларнинг “моғор босган” грек тили қадимий сўзларга хос ўзгача жозибага қандайин бўлса, диний анъанага ҳам шундайин, бир хилда амал қилиб келади. Рим ҳалокатига қадар дуо, ибодатлар ҳукмрон империялар тилида ўқилган, ўрта асрда яшаган менестреллар ўз авлод-аждодларидан мерос қолган абадий қўшиқларни куйлаб ўтган ва биз ҳозир ушбу қўшиқларни улардан ҳам кўра яхшироқ англаймиз. Муқаддас Библия – Таврот таржима қилинган ўз тилини замонавийлаштириш биронта инглизнинг хаёлига ҳам келмайди: агар псалом ҳозирги замонавий тилга ўгирилса борми, у муқаддас матнга пародия сифатида янграган бўлур эди.
Поэтик тил билан ҳам худди шу нарса содир бўлган: айрим даврларда у тушунарсиз, қолаверса, литургия каби тантанали тарзда янграган ва бу анъанадан ҳеч қачон бутунлай ажраб кетмаган. А.Мицкевичнинг “Поляк халқ китоблари ва полякларда муқаддас жойлар зиёрати” номли, Ю.Словацкийнинг “Анхелли” китобларида хоҳ иборалар, хоҳ жумлалар тузилишида бўлсин, Тавротга хос услуб кўзга ташланиб, унинг мазмунига мос оҳанг сезилиб туради. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ҳозирги пайтда ёзувчилар “тарихий колорит” яратиш учун кўпроқ архаиклаштириш услубини қўлламоқдалар, яъни архаик услуб ва шаклларга тақлид қилиб, улардан фойдаланмоқдалар, аммо эски, қадимий сўзлар ва истеъмолдан чиққан шаклларнинг эмоционал куч-қудрати ўз латофатини ҳеч қачон йўқотмайди. “Навқирон Польша” ёзувчилари томонидан мода сифатида жорий қилинган архаизмлар – эскирган, кенг истеъмолдан чиққан сўз ва иборалар луғати бугунги кунда фақат кулгимизни қистатади, негаки у мана шу барча бутхона, ибодатхоналар, қаср, саройлар, паҳлавон, баҳодирлар, маъжусийлар бутхонаси-ю ҳар хил макон, ўчоқлар сингари сохта, сунъий архаизмлардан ташкил топган, айни чоқда шуниям таъкидлаш жоизки, бизнинг бугунги тилимиз ҳам келгувси авлодларга фақат қувонч бағишлайди, деб айтолмаймиз, чунки ҳар қандай тил ҳаётида ғалатиликлар ва бемаънилик, тутуриқсизликлардан мутлақо холи даврнинг ўзи бўлмаган. Ҳозирга келиб, бу нарса янаям кўпайди, деган хавотирдаман.

(Давоми келгуси сонда)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/02/%d1%8f%d0%bd-%d0%bf%d0%b0%d1%80%d0%b0%d0%bd%d0%b4%d0%be%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1895-1978/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x