УЛАР ҲАМ ШУ ОЙДА ТУҒИЛГАНЛАР…

2 ИЮНЬ

1857–1919 йиллар. Карль Адольф ГЬЕЛЛЕРУП, таниқли даниялик ёзувчи ва драматург, Нобель мукофоти соҳиби (1917). “Идеалист”, “Брунхильд”, “Хакбард ва Сигне”, “Манна”, “Герман Бандель”, “Вуторн”, “Жаноби олийлари” каби роман ва драмалар муаллифи.

5 ИЮНЬ

1837–1886 йиллар. Сергей АММОСОВ, таниқли рус рассоми. Асосан табиат гўзалликларини акс эттирган мусаввирнинг “Кўприк”, “Ўрмондаги яланглик”, “Бутазордаги икки қиз”, “Момақалдироқ арафаси”, “Балиқчи соҳил бўйида” сингари картиналари машҳур.

6 ИЮНЬ

1841–1919 йиллар. Элиза ОЖЕШКО, атоқли польяк адибаси. “Пан Грабе”, “Марта” каби қисса ва романлари аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрнига бағишланган. Шунингдек, “Ели Маковер”, “Брохвичлар оиласи”, “Пастликлар”, “Дзюрдзи”, “Сурбет”, “Неман узра” ва бошқа асарлари ҳам шуҳрат қозонган.

1903–1978 йиллар. Арам ХАЧАТУРЯН, атоқли арман композитори, дирижёр, педагог, Халқ артисти (1954). “Бахт”, “Гаянэ”, “Спартак” балетлари, “Байрамона поэма” оркестр асарлари, “Ватан ҳақида баллада”, “Шодлик қасидаси” вокал ва хор мусиқалари, “Макбет”, “Қирол Лир”, “Маскарад”, “Ҳақиқат ҳақида эртак” ва бошқа спектаклларга ёзган мусиқалари жаҳон маданий жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланган.

7 ИЮНЬ

1928–1976 йиллар. Расулқори МАМАДАЛИЕВ, таниқли ўзбек хонандаси, созанда, аскиячи. Кўзи туғма ожиз бўлса-да, санъаткор доимий изланишда бўлиб, кўплаб ашула ва чолғу йўлларини граммпластинка ёзувлари орқали ўзлаштирган. Репертуаридан мақом ва мумтоз ашула йўллари (“Баёт”, “Сегоҳ”, “Бебоқча”, “Бозургоний”, “Галдир”), замонавий бастакорлар асарлари (“Оқибат”, “Топмадим”, “Куйгай”, “Салламно”, “Ўн саккиз ёшиндадур”), катта ашулалар (“Айладинг-кетдинг”, “Оҳким”, “Изларман”), халқ ялла ва ашулалари (“Эй, дўст”, “Ҳай-ҳай”, “Оромижон”) ўрин олган.

9 ИЮНЬ

1872–1933 йиллар. Константин МАРЖАНИШВИЛИ, машҳур грузин режиссёри, мамлакат театрининг асосчиларидан бири, Халқ артисти (1931). “Қўзибулоқ”, “Грузияда қуёш тутилиши”, “Ҳамлет”, “Дон Карлос” спектакллари, “Ўгай она Саманашвили”, “Қонун ва бурч”, “Сўна” сингари фильмлар режиссёр ижодининг етук намуналаридан саналади.

1843–1914 йиллар. Берта ЗУТТНЕР, австриялик таниқли адиба, пацифизм (мустақилликка қарши кураш ва тинчликни тарғиб қилувчилар ҳаракати)нинг фаол тарафдори бўлгани учун Нобель мукофоти билан тақдирланган (1905). “Давр машинаси”, “Йўқолсин қурол!”, “Инсоният ўйлари” ва бошқа асарлар муаллифи.

1952 йил. Абдуҳошим ИСМОИЛОВ, таниқли ўзбек созандаси, моҳир ғижжакчи, бастакор, Ўзбекистон халқ артисти (1990). “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби. Репертуарида йирик халқ чолғу куйлари (“Чўли Ироқ”, “Насруллойи”, “Наврўзи Ажам”), мақом йўллари (“Чоргоҳ”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”) муҳим ўрин тутади. Бастакор сифатида ашула, қўшиқ ва яллалари (“Бўлмас”, “Ноз”, “Эрка булбул”, “Сен ўзинг”, “Тошкентим”, “Ёримга айтинг”, “Тоғ қизи”), чолғу ва рақс куйлари (“Ҳолим сўрма”, “Гуллола”, “Тўёна”, “Дил байрами”) билан машҳурликка эришган.

11 ИЮНЬ

1910–1997 йиллар. Жак ИВ-КУСТО, дунё океанларини тадқиқ этган франциялик машҳур эколог сайёҳ, фотограф, режиссёр, кашфиётчи, кўплаб китоб ва фильмлар муаллифи. У бутун жаҳонга Капитан Кусто номи билан танилган. Кусто ҳамроҳлари билан сувости кемасида узоқ вақт сузиб, фаннинг турли соҳаларига доир ноёб топилмаларни кашф этган.

14 ИЮНЬ

1951–ЙИЛ. Александр СОКУРОВ, таниқли рус кинорежиссёри, сценарийнавис, Россия халқ артисти (2004). “Фауст” фильми учун Венеция кинофестивалида бош соврин –  “Олтин шер” мукофоти билан тақдирланган (2011). “Инсоннинг ёлғиз овози”, “Ампир”, “Қутқар ва cақла”, “Тош”, “Сокин саҳифалар”, “Она ва ўғил”, “Қуёш” каби бадиий ҳамда “Булутли ёзнинг сўнгги куни”, “Гитлер учун соната”, “Тунги қурбон”, “Руҳий овоз” сингари ҳужжатли фильмлар суратга олган.

16 ИЮНЬ

1867–1942 йиллар. Константин БАЛЬМОНТ, рус символист шоири, таржимон, эссенавис, рус шеъриятида “Кумуш аср” (ХХ аср бошлари) номини олган даврнинг ёрқин намояндаларидан бири. У ижоди давомида 35 та шеърий тўплам, 20 та насрий китоб ёзган. “Ер туҳфаси”, “Сароб”, “Шимол ёғдуси”, “Мовий тақа”, “Қайда менинг уйим?”, “Тун машъали” каби асарлари машҳур.

17 ИЮНЬ

1818–1893 йиллар. Шарль ГУНО, буюк француз композитори, опера ва оратория жанрининг етук намояндаси. “Фориғланиш”, “Ўлим ва ҳаёт”  каби ораториялари, “Сафо”, “Қонга бўялган роҳиба”, “Филемон ва Бавкида” номли мустақил ҳамда жаҳон адабиётининг “Зўраки табиб”, “Фауст”,  “Ромео ва Жульетта” сингари асарлари асосида ёзган опералари дунё мусиқа санъатининг ноёб намуналаридан саналади.

18 ИЮНЬ

1812–1891 йиллар. Иван ГОНЧАРОВ, атоқли рус ёзувчиси, бадиий публицистик очерклар ва адабий эсселар муаллифи. “Обломов”, “Жарлик”, “Одатий кечмиш”, “Белинский шахсияти ҳақида қайдлар”, “Денгиз тўплами”, “Ҳечдан кўра кеч яхши”, “Адабий оқшом”, “Эски аср хизматкори”, “Волга бўйлаб сайёҳат” ва бошқа асарлари эпик қамрови, ижтимоий аҳамияти билан ажралиб туради.

20 ИЮНЬ

1919–1998 йиллар. Муҳаммаджон КАРИМОВ, атоқли ўзбек хонандаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи (1992). “Кел, эй дилбар”, “Каъбам – онам”, “Дерлар”, “Муножот”, “Агар сендан топар бўлсам”, “Улким жонон”, “Айрилмасун”, “Фиғонким” каби ашулалари халқимиз орасида машҳур.

21 ИЮНЬ

1882–1971 йиллар. Кент РОКУЕЛЛ, америкалик ёзувчи, рассом, жамоат арбоби. Адибнинг “Ёввойи ўлка” китоби Аляска саёҳати кундалик­лари асосида ёзилган. “Саламина”, “Саёҳат”, “Менинг нуқтаи назарим”, “Жаноблар, бу мен!” каби асарлар, шунингдек, рассом сифатида “Денгиз заҳматкашлари”, “Баҳор изтироблари”, “Қизим Клара”, “Рассом Гренландияда” ва бошқа полотнолар яратган.

25 ИЮНЬ

1903–1950 йиллар. Жорж ОРУЭЛЛ (Эрик Артур Блэр), таниқли инглиз ёзувчиси ва публицисти, антиутопик қарашлар сингдирилган “1984” романи ва “Чорва ҳовли” қиссалари билан танилган. “Бирма кунлари”, “Руҳоний қизи”, “Уиган бандаргоҳига йўл”, “Мен филни қандай овладим?”, “Лир, Толстой ва масхарабоз”, “Адабиёт ва тоталитаризм”, “Нега социалистлар бахтга ишонмайди?” каби адабий, ижтимоий-публицистик асарлари катта шуҳрат қозонган.

30 ИЮНЬ

1914–1971 йиллар. Саиджон КАЛОНОВ, атоқли ўзбек созандаси, най ижрочиси, бастакор, Ўзбекистон халқ артисти (1966). “Ёввойи Ушшоқ”, “Ёввойи Чоргоҳ”, “Чўли Ироқ” каби куйларни найда маҳорат билан ижро этган. Шунингдек, “Эй, сарви равон”, “Ёр кезар”, “Топмадим”, “Дилнавозим”, “Гулмиди, раъномиди” сингари ўнлаб ашула ва қўшиқлар, “Фарғона тонги”, “Армуғоним” каби куйлар яратган.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ
тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/09/%d1%83%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d1%88%d1%83-%d0%be%d0%b9%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd%d0%bb%d0%b0%d1%80/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x