УЛАР ҲАМ ШУ ОЙДА ТУҒИЛГАНЛАР…

5 АВГУСТ

1844–1930 йиллар. Илья  РЕПИН,  Рус реализмининг энг ёрқин намояндаларидан бири, педагог ва публицист сифатида ҳам ном қозонган. “Бурлоқлар Волгада”, “Кутилмаган учрашув” ҳамда “Иван Грозний ва ўғли Иван” каби асарлари машҳур. Гоголь, Тургенев, Толстой ва бошқаларнинг портретлари орқали Репин рус адабиётини улуғлаган.

1941–2013  йиллар. Ўткир ҲОШИМОВ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси. “Баҳор қайтмайди”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Дунёнинг ишлари”, “Одамлар нима деркин…” каби қатор асарлар муаллифи. “Тўйлар муборак”, “Сиздан угина, биздан бугина”, “Қатағон” пьесалари Ўрта Осиё театрларида саҳналаштирилган.

8 АВГУСТ

1937 йил. Дастин ХОФФМАН, “Тутси”, “Эпидемия” ҳамда “Капитан Крюк” фильмидаги роллари билан дунёга машҳур. АҚШлик кино ва театр актёри, режиссёр ва продюсер. “Крамер Крамерга қарши” ва “Ёмғир одами” фильмидаги роллари учун Оскар мукофотини қўлга киритган. Бундан ташқари, 6 карра “Олтин Глобус” ва 3 карра BAFTA мукофоти совриндори бўлган.

10 АВГУСТ

1895–1958 йиллар. Михаил ЗОШЧЕНКО, драматург, ёзувчи, сценарийнавис ва таржимон, рус адабиётининг классикларидан ҳисобланади. “Қайтарилган ёшлик”, “Зангори китоб” каби асарлари билан машҳур.

16 АВГУСТ

980–1037 йиллар. Абу Али Ибн СИНО, ўрта асрларда Марказий Осиё халқлари илм-фани ва маданиятини дунёда юксалтирган буюк мутафаккир. Европада Авиценна номи билан машҳур, тиббиёт илмининг асосчиларидан бири. “Китоб ал-қонун фит-тиб” (Тиб қонунлари), “Китоб аш-шифо” асарлари жаҳон илм-фани ривожида катта ўрин тутган. Унинг фалсафа, табобат, ботаника, математика, мусиқа, кимё ва бошқа кўп соҳаларга оид 242 та дурдона асарлар яратгани маълум.

1934 йил.    Пьер РИШАР, Франциялик кино актёри ва режиссёр “Қўғирчоқ” фильми ва яна кўплаб комедия жанридаги кинороллари орқали кўпчиликка маълум. Жумладан, унинг Жерар Депардье билан бош ролни ижро этган “Омадсизлар” фильми рекорд даражада кассабоп бўлган. “Ошиқ ошпазнинг минг бир рецепти” картинасидаги роли учун Карлови Варида энг яхши эркак актёр мукофотини олган. “Менга Че ҳақида гапириб беринг” ҳужжатли фильми ва “Ҳардамхаёл” каби бидиий фильмларга режиссёрлик қилган.

25 АВГУСТ

1924–2009 йиллар. Павло ЗАГРЕБЕЛЬНЫЙ, атоқли украин адиби, Украина Қаҳрамони. Ижодкорнинг “Диво”, “Киевдаги ўлим” каби асарлари нафақат китобхонларга, балки тарихчиларга ҳам манзур. Усмонли турк султони Сулаймоннинг асли рус бўлган турмуш ўртоғи ҳақида ҳикоя қилувчи “Роксолана” асари кенг шуҳрат топган.

1930 йил.    Георгий ДАНЕЛИЯ, “Мимино”, “Кузги марафон”, “Кин-дза-дза!” каби ажойиб фильмлари орқали танилган Россия режиссёри. “Ўттиз уч” номли ҳажвий фильм муаллифи. “Ритм” киностудиясининг бадиий раҳбари. “Георгий Данелиянинг анъаналарни сақлаш ва янги кинони ривожлантириш фонди” президенти.

26 АВГУСТ

1870–1938 йиллар. Александр КУПРИН, атоқли рус ёзувчиси ва таржимони, “Олеся”, “Беллашув”, “Жарлик”, “Ёқуткўзли билагузук” каби ёрқин асарлари билан машҳур. Асарларининг аксарияти, айниқса дастлабкилари ҳарбий мавзуда. Шўролар инқилобидан кейин Францияда муҳожирликда яшаб, “Вақт ғилдираги”, “Юнкерлар”, “Жанета” каби яна қатор қиссалар яратди.

27 АВГУСТ

1871–1945 йиллар. Теодор ДРАЙЗЕР, Америкалик ёзувчи ва жамоат арбоби. “Сармоядор”, “Титан”, “Даҳо”, “Америка фожиаси” асарлари муаллифи. 1930 йили адабиёт бўйича Нобель мукофотига номзоди қўйилган.

28 АВГУСТ

1749–1832    йиллар. И.В. ГЁТЕ, Олмониялик буюк шоир, файласуф ва драматург. Унинг “Ёш Вертернинг изтироблари”, “Фауст” асарлари дунё адабиётининг дурдоналари ҳисобланади. Гёте физика ва геологияга оид жиддий ишлар муаллифи ҳамдир. “Морфология” атамасини айнан Гёте яратган ва оммалаштирган. “Ёруғлик назариясига” асарида Гёте Исаак Ньютоннинг ёруғлик борасидаги қарашларига танқидий ёндашган. Бу асар ҳалигача илмий аҳамиятини йўқотган эмас. Адибнинг “Фауст” асарини ўзбек тилига атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидов таржима қилган.

31 АВГУСТ

1811–1872    йиллар. Теофиль ГОТЬЕ (Пьер ЖюльТеофиль Готье), шоир ва танқидчи. Франциялик дайди қизиқчилар ҳақидаги “Капитан Фракасс” романи ўқувчилар орасида машҳур.

Оловиддин СОБИР ЎҒЛИ
тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/20/%d1%83%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d1%88%d1%83-%d0%be%d0%b9%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd%d0%bb%d0%b0%d1%80-3/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x