УЛАР ҲАМ ШУ ОЙДА ТУҒИЛГАНЛАР…

2 ОКТЯБРЬ

1869–1948 йиллар. Ганди Моҳандас Карамчанд, Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракати раҳбарларидан бири, мутафаккир. Ҳинд халқи уни “Маҳатма” (“Буюк қалб”) деб атайди. Унинг номи билан боғлиқ бўлган гандизм таълимоти Ҳиндистондаги асосий ҳукмрон партия –Ҳиндистон Миллий конгрессининг расмий мафкураси ҳисобланади. Ганди “аҳимса” (“куч ишлатмасдан курашиш”) тактикасини ишлаб чиқди ва инглиз мус­тамлакачилик сиёсатига барҳам беришда катта ишлар қилди. М.Гандининг “Менинг ҳаётим” автобиографик асари ўзбек  ўқувчиларига яхши таниш.

9 ОКТЯБРЬ

1547–1616 йиллар. Мигель де Сервантес, испан ёзувчиси, шоир ва драматург. Сервантес “Галатея” романи билан танилган. 1602 йил Севиля қамоқxонасида бошлаган “Дон Киxот” романи нашр этилиши биланоқ адиб Европа миқёсида машҳур бўлиб кетади. “Персилес ва Сиxизмунданинг саргузаштлари” романи эса адибнинг xасталик пайтида ёзиб тугатган сўнгги асаридир. Сервантеснинг адабий меросида ҳажвий ва ишқий шеърлар, ишқий қаҳрамонлик ва ҳаётий-маиший мавзудаги драма ва комедиялар, кўплаб ҳикоялар мавжуд.

11 ОКТЯБРЬ

1885–1970 йиллар. Мориак Француа, француз ёзувчиси. “Алвидо болалик”, “Туғён”, “Атис қони” каби шеърий китоблари чоп этилган. “Ташвишлар остидаги бола”,  “ Волида”, “Тереза Дескейру”, “ Илонлар ўрами”, “Боши берк кўча”, “Маймун”, “Xудойига аталган қўзичоқ”, “Ўтмиш ўспирини” каби романлари машҳур. Ёзувчининг “Илонлар чангалида” романи таржимон Шоазим Минаваров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

12 ОКТЯБРЬ

1935–2007 йиллар. Лучано Паваротти, италиялик машҳур опера қўшиқчиси. 1966 йилда “Ковент-Гарден” театрида, сўнг Нью-Йоркдаги “Метрополитен-опера” театрида Доницеттининг “Полк қизи” операсидан Тонио партиясини ижро этди. У опера тариxида “Quel destin” ариясидаги барча ноталарни ижро эта олган ягона тенор ҳисобланади. “Метрополитен-опера”даги чиқишларидан бирида Паваротти муxлисларни шундай ҳайратга солдики, саҳна пардасини 160 марта кўтариб туширишга тўғри келди. Бу ҳолат Гиннес рекордлар китобига киритилган.

15 ОКТЯБРЬ

1814–1841 йиллар. Миxаил Юревич Лермонтов, рус шоири. “Черкеслар”, “Кавказ асири”, “Одамлар ва эҳтирослар”, “Ҳожи Абрек” каби достонлар, “Маскарад” драмаси, “Замонамиз қаҳрамони” каби романлар муаллифи. “Ўйлар”, “Шоирнинг ўлимига”, “Ўзингга ишонма…”, “Пайғамбар” каби шеърлари, “Демон” (“Иблис”) каби достонлари Лермонтов ижодининг камолот босқичига кўтарилганидан шаҳодат беради.

19 ОКТЯБРЬ

1909–1987 йиллар. Марям Ёқубова, таниқли театр ва кино актрисаси, Ўзбекистон xалқ артисти (1955). Театрда Рўзвон (Гулсара), Жаҳон xола, Зебо (“Аршин мол-олон”), Майсара (Майсаранинг иши), графиния Диана (“Ит пичан емайди, ўзгагаям бермайди”), қиролича Изабелла (“Қўзибулоқ қишлоғи”) ва бошқа ролларни маҳорат билан ижро этган. Ёқубова кинода ҳам сермаҳсул ижод қилиб, ўзбек миллий киноси равнақига ўз ҳиссасини қўшди. Xонзода (“Бой ила xизматчи”), судья (“Опа сингил Раҳмоновалар”), Ойпошша (“Маҳаллада дув-дув гап”), Ўзбекойим (“Ўтган кунлар”) кабилар шулар жумласидан. Телеспектакл­лар ва Ўзбекистон радиосининг болалар учун эшиттиришларида фаол иштирок этган.

20 ОКТЯБРЬ

1946 йил. Эльфрида Елинек, австриялик адиба. Унинг  “Пиониночи” асари асосида яратилган фильм Канн кинофестивалида бирйўла учта номинация бўйича ғолиб бўлади. Елинек турли жанрларда қарийб 30 га яқин асар яратган. Адибанинг “Алп устида” пьесалар тўплами ва “Ўлим ва қиз” драмалари ҳозирча сўнгги асарлари саналади. Ёзувчи йигирмадан ортиқ адабиёт соҳасидаги юксак мукофот соҳибаси бўлган. 2004 йилда адабиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти Эльфрида Елинекка берилади.

22 ОКТЯБРЬ

1870–1953 йиллар. Иван Алексеевич Бунин, рус шоири ва ёзувчиси. Нобель мукофоти совриндори (1933). Уни “Ёлғизлик куйчиси”, “Рус қишлоғи ва кузги сўлғинлик куйчиси” деб аташади. “Xазонрезги”,“Антонов олмалари”, 38 та ҳикояни жамлаган “Қоронғи xиёбонлар”, “Арсеньев ҳаёти”, “Сан-Францисколик жаноб”, “Сувсиз водий”, “Қишлоқ” каби қатор шеърий тўпламлар, насрий асарлар муаллифи.

1887–1964 йиллар. Маршак Самуил Яковлевич, рус шоири, ХХ аср рус болалар адабиёти асосчиларидан. “Жек қурган уй”, “Болалар қафасда”, “Аҳмоқ сичқонча ҳақида эртак” каби шеърий китоблар,  “Мистер Твистер” ҳажвий памфлети, “Номаълум қаҳрамон ҳақида ҳикоя” романтик достон, “Ҳаёт бўсағасида” автобиографик қисса ва кўплаб болалар китоб­лари муаллифи. Шекспир сонетларининг таржимони сифатида ҳам машҳур.

25  ОКТЯБРЬ

1825–1899 йиллар. Штраус Иоганн-ўғли, оммавий рақс мусиқаси ва оперетта жанри устаси. Штраус венача вальс (“Гўзал мовий Дунайда”, “Вена ўрмони эртаклари”, “Минг бир кеча”, “Баҳор овозлари” ва бошқалар; жами 150 дан ортиқ), венача “рақсли” оперетталарнинг мумтоз намуналарини яратган. Штраус вальслари, “Форсча марш”и ва бошқа асарлари Ўзбекистонда ҳам оммавийлашган.  Айрим оперетталари Тошкент оперетта театрида саҳналаштирилган. Штраус туркумли “венача вальс” турини яратиб, “вальс Қироли” номига сазовор бўлган. У, шунингдек, турли рақс асарлари – галлоп, кадриль, маршлар муаллифи.

1907–1999 йиллар. Қуддус Муҳаммадий, таниқли ўзбек болалар шоири. Ўзбекистон халқ ёзувчиси  (1982).  “Ўқувчига эсдалик”, “Шеър ва эртаклар”, “Синов”, “Орзу”, “Баҳор келди”, “Қирқ ўғил, қирқ қиз” шеърий тўпламлари ва қатор эртаклари нашр қилинган.

1908–1967 йиллар.  Мақсуд Шайхзода, шоир, драматург, адабиётшунос. Таржимон, педагог. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964). “Ўн шеър”, “Ундошларим”, “Учинчи китоб”, “Янги девон”, “Жанг ва қўшиқ”, “Кўнгил дейдики…” ,  “Ўн беш йилнинг дафтари”, “Йиллар ва йўллар”, “Шеърлар”  ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Шайхзода “Тошкентнома” лирик достони, “Жалолиддин  Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” трагедиялари, бир қанча илмий мақолалар, монографиялар муаллифи. У Ш.Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” эпоси, У. Шекспирнинг сонетлари, А.С.Пушкиннинг қатор асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

1928–2009 йиллар. Пиримқул Қодиров, ёзувчи, адабиётшунос олим. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1988). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). “Эл-юрт ҳурмати” (1998), “Буюк хизматлари учун” (2006)  орденлари ва “Шуҳрат” медали (1994) билан мукофотланган. “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Акрамнинг саргузаштлари”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Нажот”, “Бахиллар  ва ботирлар” қиссалари, “Уч илдиз”, “Қора кўзлар”, “Олмос камар”, “Юлдузли тунлар”,  “Авлодлар довони”, “Она лочин нидоси” романлари, “Тил ва дил”, “Халқ тили ва реалистик проза”, “Тил ва эл” “Амир Темур васияти” рисолалари муаллифи.  Адибнинг “Бобур”, “Инсоф” пьесалари саҳналаштирилган.

28 ОКТЯБРЬ

1818–1883 йиллар. Иван Сергеевич Тургенев, атоқли рус ёзувчиси. “Овчи кундалиги”, “Андрей Колосов”, “Уч сурат”, “Бретер”, “Му-Му”, “Ортиқча кишининг кундалиги”, “Яков Пасинков”, “Карвонсарой”, “Ёзишма” каби ўнлаб қиссалар, “Рудин”, “Дворянлар уяси”, “Арафа”, “Оталар ва болалар”  сингари романлар муаллифи.  Тургенев драматургия жанрида ҳам қалам тебратиб, “Сармоясизлик”, “Йўлбошловчининг нонуштаси”, “Бўйдоқ”, “Текинхўр” комедияси ва “Қишлоқда бир ой” лиро-психологик драмаси муаллифидир.

Жамила АСҚАРОВА тайёрлади.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/03/06/%d1%83%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d1%88%d1%83-%d0%be%d0%b9%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd%d0%bb%d0%b0%d1%80-5/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x