Айседора ДУНКАН (1877–1927) САҲНАДАГИ АФРОДИТА

 

Америкалик буюк раққоса Айседора Дункан ХХ аср дунё санъатининг энг машҳур намояндаларидан биридир. 1877 йил 27 майда Американинг Сан-Франциско шаҳрида таваллуд топган раққоса умри бўйи жаҳон кезиб, санъатига муносиб макон излаб ўтди. Айседоранинг ҳаёти ўзи айтиб ўтгани каби фақат икки буюк йўл – санъат ва муҳаббат йўлидан иборат эди. Раққоса ярим асрлик умри давомида ҳаётнинг ҳар қандай мушкилотларида ҳам шу икки йўлдан чекинмайди. У дунёнинг ҳеч бир қонун ва чекловларига қулоқ тутмай, фақат қалб амри-ла яшаб ўтди. У фақат табиатга, унинг мукаммал қонунларига ва албатта, табиатнинг бир қисми бўлган ўз жисмининг қудратига ишонарди. Эркинликка ташна руҳи, қалб туйғулари рақсларида акс этар, ўзгаларни ҳайратга соларди.
Шу билан бирга, Айседоранинг фавқулодда истеъдоди, бўйсунмас, ўжар феъл-атворини, ижтимоий-диний чегараларга мувофиқ тушмайдиган ўзгача хулқ-атворини жамиятнинг аксар қисми қабул қила олмасди. Аммо Айседора уларни бошқа йўл билан – санъати билан таслим этарди. Кичкинагина жуссаси билан жаҳоннинг неча-неча улкан саҳналарида илҳомини тўсувчи ҳар қандай либосу тақинчоқлардан холи, яланг оёқда чир айланиб рақс тушган бу аёл “муза”га қиёс этилиши бежиз эмасди. Санъатда инқилоб ясаш, янги йўллар очиш фақатгина фавқулодда истеъдод соҳибларига насиб қилган. Айседора Дункан ўзини ҳеч қачон реал ҳаётда яшаётган жамиятнинг бир вакили, шунчаки бир тирик жон деб эмас, худди қадим юнон афсоналарининг давоми, бугунги дунёнинг афсоналар яратишга қодир қаҳрамони сифатида ҳис этиб яшаган. Ҳатто унинг бетак­рор кинокадр янглиғ ўлими ҳам дунёга янги афсона бўлди.
Буюк раққоса шон-шуҳратнинг мисли кўрилмаган чўққиларини забт этган паллаларида унга ўз ҳаёти ҳақида китоб ёзишни таклиф қилишади. 1927 йилда у ўз ҳаёти ҳақидаги хотиралари ва кечинмаларини ёза бошлайди. Аммо бу китобни ёзиб тугатолмайди. У 1927 йилнинг 14 сентябрида автоҳалокатда вафот этади.
Қуйида Айседора Дункан автобиографик китобининг қоғозга туширишга улгурган қисмидан айрим бобларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Буюк раққосанинг шахсий олами ва фавқулодда истеъдоди ҳақида ўз тилидан баён этилган сўзлар сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
Таҳририят
* * *

Менга илк бора ҳаётим ҳақида китоб ёзишни таклиф қилишганида очиғи, даҳшатга тушдим. Мени чўчитган нарса – ҳаётим бирор роман бўлгулик қизиқарли эмаслиги ёки кинофильмлардагидек саргузаштларга бой бўлмагани ва ёхуд ёзган китобимнинг шов-шув бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги хавотирлар эмас, шунчаки уни ёзиш даҳшати олдимда тургани эди!
Биз ўзимиз ҳақимиздаги ҳақиқатни қандай қилиб ёзамиз? Уни биламизми ўзи? Биз ҳақимизда атрофда жуда кўп тасаввурлар мавжуд. Масалан, ўз шахсий фикримиз, дўстларимизнинг фикрлари, севган инсонимизнинг фикри, борсин, яна душманларимизнинг фикри…
Менда ўзим ҳақимдаги фикрларни барчасини билиш имконияти бор: эрталаблари менга қаҳва билан бирга келтирилган газеталардан ўзим ҳақимда ёзилган тақризларни ўқиб бораман. Биридан “маъбудалардек гўзал”лигим, даҳолигим тўғрисидаги мақтовларни ўқиб хурсандчилигим аримай турганда, бошқа саҳифада истеъдодсизлигим, беўхшовлигим, ҳақиқий илоннинг ўзи эканлигим ҳақида ёзилган фикрларга дуч келаман. Кейинчалик ижодим ҳақидаги танқидларни ўқимай қўйдим. Чунки, айрим аҳмоқона гаплар кайфиятимни бузар ва ярамас туйғуларимни қўзғотарди. Аммо мен фақат яхши фикр-мулоҳазаларни ёзишларини ҳам талаб қила олмасдим.
Берлинда бир танқидчи менинг мутлақо мусиқий қобилиятга эга эмаслигимни таъкидлаб, ҳақоратларга кўмиб юборди. Мен уни айтган фикридан қайтариш қўлимдан келишига қатъий ишончимни билдириб қўйиш учун кўришишни илтимос қилиб хат ёздим. Бир куни у келди. Столда рўпарама-рўпара ўтириб, нақ бир ярим соат давомида ўзимнинг мусиқа туфайли юзага келадиган томошабоп тана ҳаракатларим, мусиқа ва рақс ҳақидаги шахсий назарияларим ҳақида шарҳ бердим. Сездимки, бу жаноб жуда салобатли ва қуруқ экан. Лекин мени тамоман ҳайратга солгани, шунча сўзларимдан кейин у чўнтагидан эшитиш найчасини олиб қулоқлари мутлақо кар эканини, ҳатто эшитиш найчасини тақиб томоша залининг биринчи қаторида ўтирганда ҳам оркестрни деярли эшитмаслигини айтганида бўлди! Билиб-билмай айтган аччиқ фикрлари менга неча тунлар азоб берган одам мана ким бўлиб чиқди…
Атрофимиздагилар ҳар хил нуқтаи назарлардан бизда турли одамларни кўрар экан, китобда одам ўзини қандай тасвирлаши мумкин? Ўзимни иффатли Мадонна, Мессалина, Магдалина ёки Кўк Пайпоқ каби тасвирлайми? Менинг барча саргузаштларимни бошидан кечирган аёл образини қаердан топай?
Аёлми, эркакми, ҳаёт ҳақиқатларини ёзсагина буюк асарлар яратилади. Лекин ўз ҳаёти ҳақидаги мутлақ ҳақиқатни ёзишга ҳеч ким ботина олмайди. Жан-Жак Руссо қалбининг сирли, энг тубда яширинган ўй ва фикрларидан пардани юлиб олди, натижада унинг буюк асари дунёга келди. Уолт Уитмен эса Америкага ҳақиқатни ошкор қилди. Унинг китоби бир вақтлар “ахлоқсизлик” дея тақиқланган эди. Эндиликда бу ифода бизга бемаъни туюлади.
Ҳеч бир аёл ўз ҳаёти ҳақида тўлиқ ҳақиқатни айтмаган. Аксарият машҳур аёлларнинг таржимаи ҳоллари асл ҳаёт ҳақида ҳеч бир тушунча бермайдиган майда деталлар ва латифаларга тўла юзаки ҳисоботдан иборатдир. Улар шодлик ва изтиробнинг буюк дақиқалари ҳақида ажабланарли тарзда лом-мим демайдилар.
Менинг маҳоратим, санъатим – ўз борлиғим ҳақидаги ҳақиқатни имо ва ҳаракатлар орқали ифодалашга уринишдир. Спектаклларимда тўпланган омма олдида тортинмаганман. Уларга қалбимнинг пинҳон ҳаракатларини ошкор этганман. Умрим бино бўлибдики, рақсга тушаман.

* * *

Боланинг феъл-атвори она қорнидаёқ аниқ бўлади. Онам менга ҳомиладорлик чоғида жуда аянчли аҳволда бўлиб, кучли руҳий изтироб­ларни бошидан ўтказган. Унинг музлаган устрица лар ва шампандан бошқа нарса билан овқатланишга имкони бўлмаган. Қачон рақсга туша бошлаганим ҳақидаги саволларга мен доим шундай жавоб бераман: “Онамнинг қорнида эканлигимда, Афродитанинг таоми – устрица ва шампан таъсири остида бўлса керак…”
Ўша пайтда онам кўп фожиаларни бошидан кечирган, шунинг учун “туғилажак бола рисоладагидай бўлмаса керак” деб ўйлар, эси пастми, майибми, махлуқсифат бир жон туғилади, деб ишонган экан. Дарҳақиқат, мен дунёга келишим билан зўр бериб қўлларим ва оёқларимни ҳаракатлантира бошлаган эканман. Онам эса ҳаяжон билан: “Кўряпсизларми, мен тамомила ҳақман, бола тентак!”, деб хитоб қилган экан. Кейинчалик эгнимга болалар кийимчасини кийдириб, мени стол ўртасига қўйишганида, чалинган ҳар қанақа оҳангга рақсга тушаверадиган бутун оила ва дўстларининг овунчоғига айланган эканман.
Мен денгиз бўйида туғилганман ва ҳаётимдаги мисли кўрилмаган ҳодисалар унга яқин жойларда кечган. Менинг дастлабки рақсларим шаксиз тўлқинлар ритмидан туғилган. Мен денгиз кўпигидан чиқиб келган Афродита буржи остида туғилганман, унинг юлдузи чарақлаганида мен учун хуш воқеалар содир бўлади. Бундай пайтларда ҳаётим енгил кечади ва фақат ижод қилишим мумкин. Бу юлдузнинг кўринмай қолиши, одатда, қатор бахтсизликлар келтиришини ҳам сездим. Бизнинг кунларимизда астрология илми эҳтимол қадимги мисрликлар ва халдейлар давридаги каби маънога эга эмасдир, лекин бизнинг руҳоний ҳаётимиз сайёралар таъсири остида бўлади. Агар ота-оналаримиз буни яхшироқ билганларида, янада чиройли болаларни дунёга келтириш учун юлдузлар илмини ўрганган бўлардилар.
Бундан ташқари, инсон ҳаёти унинг денгиз ёки тоғ ёқасида туғилганига қараб турлича шаклланади, деб ҳисоблайман. Тоғлар менда нотинчлик, ўнғайсизлик ва қаергадир қочиб кетиш ҳиссини пайдо қилганидек, денгиз ҳамиша ўзига тортиб келган. Денгизда мен ернинг асири эканлигимни ҳис этаман. Тоғ чўққиларига қараб, саёҳатчилар каби завқланолмайман, улардан тезроқ учиб ўтишга ва халос бўлишга ҳаракат қиламан. Менинг ҳаётим ва санъатим денгиз билан туғилган.

Онамдан ёшлигимизда камбағал бўлганлиги учун миннатдор бўлишим керак. У хизматчи ва гувернанткаларни ёллай олмасди, бу вазифага бола чоғимдаёқ мен бевосита масъул эдим. Онам мусиқачи эди, бир бурда нон топиш учун мусиқадан сабоқ берарди. У кун бўйи уйда бўлмас, баъзан кечалари ўқувчиларининг уйларига бориб дарс берарди. Мен ҳибсхонага ўхшаб туюлган мактабни ташлаганимда бирам озод эдим. Денгиз бўйида ёлғиз юришим ва ўз хаёлларимга берилишим мумкин эди. Доимий равишда энагалари ва мураббийлари етовида юрувчи башанг кийинган болаларга раҳмим келарди. Ҳаётда уларга қандай имкониятлар берилган?
Онам жудаям банд бўлиб, биз болалари дуч келиши мумкин бўлган хавф ҳақида ўйлашга вақти бўлмасди. Шу боис акаларим билан баъзан онамизни қаттиқ ташвишга солгулик саргузаштларга берилардик. Бахтимизга онам булардан бехабар қоларди. Айни ўша ёввойи ва ҳеч нарсадан тап тортмайдиган болалигим ва у яратган озодлик билан рақс илҳомига муяссар бўлган эдим. Мен болалар ҳаётини ёппасига бахтсиз қиладиган доимий “мумкин эмас” деган сўзни мутлақо эшитмай ўсганман.
Мактабга жуда эрта, беш ёшимда борганман. Менимча, онам ёшимни аниқ айтмаган бўлса керак. Чунки, мени қолдириб, ишга кетиши учун бирор жой керак бўлган. Инсон ҳаётида кейинчалик нима қилиши кераклиги болалигидаёқ маълум бўлади, деб ўйлайман. Мен эса ўша пайтлардаёқ раққоса ва инқилобчи эдим. Ирланд оиласида тарбия топган онам отамнинг кўзига доим рашкчи католик аёл бўлиб кўринган. У тўрт боласи билан отамдан ажрашди. Шу дамдан бошлаб унинг католиклик эътиқоди ҳам маълум даражада маъносини йўқотган.
Дарвоқе, онам, сентименталлик – бўлмаган нарса деган қарорга келиб, бизга кичкина эканлигимиздаёқ Рождество бобонинг сирини очди. Натижа шу бўлдики, ўқитувчи мактабда Рождество байрамида ширинликлар ва конфетлар тарқатиб, “Қаранглар, болалар, Қорбобо бизга нималар олиб келди” деганида, мен ўрнимдан туриб, тантанавор оҳангда “Мен сизга ишонмайман, ҳеч қанақанги Қорбобо йўқ”, деб айтдим. Ўқитувчи жуда қизишди. “Конфетлар фақат Қорбобога ишонадиган қизлар учун”, деди у. “У ҳолда менга конфетларингиз керак эмас”, дедим мен ҳам. Ўқитувчи баттар қизишиб кетди ва мени олдинга чиқариб, бошқаларга ибрат бўлиши учун полга ўтиришимни буюрди.
“Мен алдовга ишонмайман, – қичқирдим мен. – Онам Қорбобо бўлиш учун камбағаллик қилишини айтган, фақат бой оналаргина Қорбобони бор этиши ва совғалар тайёрлаши мумкин”.
Ўқитувчи мени ушлаб олиб полга ўтқизмоқчи бўлди, лекин мен оёқларимни тираб олдим. Мақсадига етолмагач, мени бурчакка турғазди, лекин мен ўша ерда туриб ҳам “Қорбобо йўқ! Қорбобо йўқ!”, деб қичқиришда давом этдим, охир-оқибат у мени уйга жўнатиб юборишга мажбур бўлди.
Йўл бўйи “Қорбобо йўқ!” деб бақириб келдим. Конфетлардан мосуво қилиб, айтилган ҳақиқат учун жазолаганларида мен ҳис этган адолатсизлик туйғуси ҳеч қачон хотирамдан ўчмади. Онамга “Ахир мен ҳақ эдимми? Қорбобо йўқ-ку”, деганимда, у “Қорбобо йўқ, фақат ўз руҳинг сенга ёрдам бериши мумкин”, дея жавоб берди.
Менимча, мактабда бола оладиган умумий таълим мутлақо фойдасиз. Эсимда, мактабда мени энг хаёлпараст, синфда энг қолоқ, умидсиз ва аҳмоқ ўқувчи деб ҳисоблашарди. Ҳаммаси дарсда айтилганини ёдда сақлаб қололмаслигим билан боғлиқ эди. Ҳақиқатдан ҳам, мен гап нима ҳақида бораётганини умуман тушунмасдим. Синф машғулотлари мен учун ўта зерикарли эди. Дарслар давомида соат милларига қараб, озод бўлиш онларини кутиб ўтирардим. Ҳақиқий таълимни эса мен кечқурун, онам Бетховен, Шуман, Шуберт, Моцарт ёки Шопендан куй чалиб берганида ва Шекспир, Шелли, Китс ва Бёрнсдан ўқиб берганида олардим. Бу соатлар мени тўлиқ ўзига мафтун этарди. Онам шеърларнинг катта қисмини ёддан ўқирди.
Бир сафар ўқитувчи ҳар бир ўқувчи ўз ҳаётини ёзиб келишини талаб қилганида, менинг ҳикоям тахминан қуйидагича эди: “Беш ёшда эканимда уйчамиз йигирма учинчи кўчада эди. Биз у ерда қололмадик, чунки квартира учун пул тўлай олмадик ва ўн еттинчи кўчага кўчиб ўтдик. Пулимиз оз эди, уй эгаси бизни тинч яшашга қўймаган. Кейинчалик йигирма иккинчи кўчага ўтдик. Кейин яна ўнинчи кўчага кўчдик”. Ҳикоя шу тариқа ҳисобсиз кўчишлар билан давом этди. Уни ўқиб бериш учун ўрнимдан турганимда ўқитувчи жуда аччиқланди. У буни бемаъни ҳазил деб ўйлади ва мени бошлиқ олдига жўнатди. У эса онамни чақирди. Бечора онам иншомни ўқиб йиғлади ва унда фақат ҳақиқат ёзилган деди. Бизнинг ҳаётимиз шундай дарбадар кечган эди.
Лекин мен уйимизда камбағалликдан азоб чекканимни эслай олмайман, негаки, ҳаммаси қандай бўлса шундай қабул қилинарди. Мен фақат мактабда азоб чекардим. Ёдимда қолгани шуки, умумий мактаблар тизими ахлоқ тузатиш муассасаларидаги каби ўта аянчли эди. Менинг эса доим бундан ғазабим қайнарди.
Олти ёшларимда онам уйга қайтар экан, қўшниларнинг ҳали юришни ҳам билмайдиган гўдакларини тўплаб, уларни полга ўтқазиб қўлларини ҳаракатлантиришни ўргатаётганимни кўриб қолган. Тушунтириб беришимни сўраганида, мен унга бу менинг рақс мактабим эканини айтганман. Онам бундан завқланиб, рояль олдига ўтириб, куй чала бошлайди. Бир оз вақт ўтиб теварак-атрофдаги қизчалар ёнимга кела бошлашди, уларнинг ота-оналари ўқиш учун оз-оздан пул ҳам тўлай бошладилар.
Ўн ёшга тўлганимда синф жуда кенгайиб кетди ва онамга мактабга бориш фойдасиз эканини билдирдим. Бу вақтни бекор ўтказиш, мен пул топа олар эканман, буни ундан муҳимроқ деб ҳисобладим. Бувимнинг тарбиясидаги Елизавета опам ҳам кейинчалик бизникига кўчиб келди ва у ҳам дарс бера бошлади. Мактабимиз анчагина шов-шув бўлганди, биз Сан-Францисконинг энг бадавлат хонадонларида дарс берардик.

* * *

Мен ҳеч қачон отамни кўрмаганман, чунки онам эмизикли чоғимдаёқ у билан ажрашган. Бир сафар холаларимнинг биридан отам борми-йўқми, деб сўраганимда: “Сенинг отанг онангнинг ҳаётини хазон қилган шайтон эди”, – деб жавоб берганди. Ўшандан бери отамни расмли китоблардаги шохлари ва думи бор шайтон кўринишида чизардим. Мактабда оталар ҳақида гапирилганда, жим турар эдим.
Етти ёшдалигимда биз учинчи қаватдаги икки хонали бўш уйда яшардик, бир куни қўнғироқ чалинганини эшитиб, эшикни очдиму бошига цилиндр кийган жуда чиройли бир жанобни кўрдим. У мендан сўради:
– Дункан хонимнинг квартирасини менга кўрсатиб юборолмайсизми?
– Мен Дункан хонимнинг қизиман, – деб жавоб бердим.
– Наҳотки бу менинг маликам Мопсик бўлса? – сўради нотаниш одам. (Гўдаклик чоғимда у мени шундай атаган экан). У бирданига мени қучоқлаб олиб, ўпичлар ва кўзёшларга кўмиб ташлади. Мен бундай хатти-ҳаракатдан ҳайрон бўлиб, унинг кимлигини сўрадим.
– Мен сенинг отангман – деди у кўзида ёш билан.
Мен бундан ҳаяжонга тушдим ва уйдагиларга айтиш учун югурдим.
– Бир киши келди, менга отангман, деяпти.
Онам бирдан ранги оқарган, асабийлашган ҳолда ўрнидан турди ва бошқа хонага кириб, ичкаридан қулфлаб олди. Акаларимдан бири каравот тагига яширинди, иккинчиси шкаф ичига. Опамнинг эса жазаваси тутди.
– Унга айтинглар, кетсин, кетсин, – деб бақиришарди улар.
Мен тамоман лол эдим, лекин одоб сақлаган ҳолда даҳлизга чиқдим ва:
– Уйимиздагилар ўзларини ёмон ҳис қилишяпти, бугун ҳеч кимни қабул қилолмайдилар, – дедим.
Нотаниш одам қўлимдан ушлади ва у билан бироз айланишимни сўради. Биз зинадан пастга тушиб, кўчага чиқдик. Мен бу чиройли одам менинг отамлигини ва тасаввур қилганимдек унинг ҳеч қандай думи, шохлари йўқлигини ўйлардим, ёнида ҳаяжон билан сакраб-сакраб юрардим. У мени пишириқлар цехига олиб борди, музқаймоқ ва ширинлик­ларга кўмиб ташлади. Уйга ёввойи шодлик билан қайтдим, лекин оилам тушкун кайфиятда эди.
– У шунчаки ажойиб одам, эртага яна келиб, музқаймоқ билан меҳмон қилмоқчи, – дедим.
Лекин уйдагилар уни кўришни истамадилар, отам эса Лос-Анжелесдаги бошқа оиласи ёнига қайтди. Бу воқеадан кейин то яна тўсатдан пайдо бўлмагунича отамни кўрмадим. Онам энди бироз юмшаган, ҳатто у билан кўришишга рози бўлганди. Отам бизга катта рақс заллари, теннис майдони, омбори ва шамол тегирмони бор чиройли уй совға қилди. Совғадан шу нарса маълум бўлдики, отамиз омади чопиб, тўртинчи марта бойиб кетган. У ҳаётида уч марта катта бойлик орттирган ва уч марта барини йўқотган. Вақт ўтиши билан тўртинчи бойлик ҳам совурилди. Шу билан бизга берилган уй ҳам, бошқа нарсалар ҳам қўлдан кетди. Биз бу уйда яшай бошлаганимизда, оиламиз билан омборхонада кичик театр ташкил қилиб, томошалар ташкил этардик. Мен рақс тушардим, Августин шеър ўқирди, Елизавета ва Раймонд иштирокида комедия қўйиларди.
Хонавайрон бўлишидан аввал отам билан кўришганимизда у кишининг шоир эканини билдим. Унинг бир шеъри бор эди, унда менинг бутун ҳаётим, шуҳратим олдиндан башорат этилгандек эди гўё.
Отам ва онамнинг таржимаи ҳоли менинг ҳаётимга катта таъсир ўтказган. Бошқа жиҳатдан эса ақлимни сентиментал романлар ўқиш билан тўйинтирганман. Никоҳнинг амалий натижаси, қўрқинчли “ажрим” сўзи онгимнинг таъсирчан қаватларига муҳрланиб қолган эди. Буларнинг ҳаммасига жавобни ўзим топишга уринардим, чунки бировдан сўрай олмасдим.
Ўқиган романларимнинг кўпчилиги тўй ёки бахт-саодат билан тугарди. Лекин Жорж Элиотнинг “Адам Вид”и каби айрим китоблар сюжетида турмушга чиқмаган қиз, ношуд фарзанд ва бечора онанинг бошига тушган қўрқинчли шармандаликлар учраб турарди. Бундай ҳолларда аёлга нисбатан адолатсизликлар менга қаттиқ таъсир қиларди. Мен ўз ота-онамнинг ҳаёти мисолида аёллар озодлиги, аёл ўз ихтиёри билан фарзандлар дунёга келтириши учун, никоҳ деган расмиятга қарши курашиш учун яшашга қарор қилдим.
Ўн икки ёшли қизалоқнинг бундай хулосага келиши жуда ажабланарли туюлади, лекин ҳаётий шароит мени чиндан эрта улғайтирганди. Мен никоҳ ҳақидаги қонунларни ўргана бошладим ва аёлларнинг қуллик даражасига тушиб қолганидан туғёнга келдим. Эрли аёллар, онамнинг дугоналарини юзига тикилиб, ҳар бирида куйдириб, кул қилган рашк аломати ва қуллик тамғасини кўрдим. Шундагина мен ҳеч қачон бундай ҳолга тушмайман, деб онт ичдим. Бу онт қайсидир маънода мени онамдан бегоналаштирган, одамлар, бутун дунё менинг йўлимни нотўғри деб тушунган. Аммо мен ўзлигимни шундай асраб қолдим. Никоҳнинг йўқолиши – шўро ҳукумати томонидан қўлланган ижобий чоралардан биридир. Икки шахс китобга имзо қўяди, уларнинг имзоси остида эса: “Ушбу имзо никоҳланувчиларнинг ҳеч қандай мажбуриятини истифода этмайди ва икки томондан исталган бирининг хоҳиши билан ноқонуний деб ҳисобланиши мумкин”, деган мазмунда изоҳи бор. Бундай никоҳ эркин фикрловчи аёл рози бўлиши мумкин бўлган ягона шартнома бўлиб, қачонлардир мен имзо чеккан никоҳ шартлари ҳам шундай шаклда эди.
Ҳозирги вақтда бу қарашларни озми-кўпми эркин фикрловчи аёллар тушунишади. Лекин йигирма йил олдин менинг турмушга чиқишдан бош тортганим ва аёлларнинг никоҳдан ташқари бола туғиш ҳуқуқи борлигига шахсий намуна кўрсатишим катта жанжалларга сабаб бўлган.

* * *

Онам туфайли болаликдан барчамизнинг йўлимиз мусиқа ва шеърият билан боғланди. У кечқурунлари соатлаб рояль чалар, гоҳ мусиқага, шеър ўқишга бутунлай берилиб кетганида бизни ҳам унутиб қўяр ва атрофда кечаётган ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қоларди.
Августа холам ҳам ниҳоятда истеъдодли бўлган. У чиройли овози билан келажакда ёрқин қўшиқчи бўлиши мумкин эди. Лекин уларнинг ота-оналари санъатга оид ҳамма нарсани Иблисдан деб ҳисоблашган. Бошқача айтганда, унинг ҳаёти Американинг пуританча руҳи қурбони бўлган. Илк Америка келгиндилари олиб келган бундай тушунчалар санъаткорлик қобилиятга эга саноқсиз тақдирларни ҳалок этган!
Ҳозирги кунда санъаткор аёлларга нисбатан бундай қарашлар ўзгар­ган. Биз томиримизда ирланд қони билан ушбу пуританча ҳукмларга болаликданоқ қарши турганмиз.
Биз яшаган жамиятнинг биқиқлигига, турли чекловларга қарши мурғак руҳимда уйғонган исён туфайли менда нима учундир мислсиз кенглик бўлиб туюлган Шарққа талпиниш ҳисси ўсиб борарди. Шунинг учун мен яқинларимга “Биз бу ерни тарк этишимиз керак, биз бу ерда ҳеч қачон ҳеч нарсага эришмаймиз”, деган сўзларни кўп такрорлаганим эсимда.
Оиламдагилар ичида энг уддабурони мен эдим. Уйда егани ҳеч вақо қолмаган пайтлари қассобхонага бориб, нигоҳларим билан қассобнинг бизга қўй гўштли котлетлар беришига мажбур қилардим. Ишонтириш қобилиятим учун қарзга нон олгани нонпазнинг олдига юборишарди. Булар менга қизиқарли саргузашт бўлиб туюларди. Уйга ўйинга тушиб, ўлжани кўтариб, ўзимни катта йўлдаги қароқчидек ҳис қилиб кириб келардим. Бу яхши тарбия эди, чунки баджаҳл қассобларни аврашни эплар эканман, кейинчалик баджаҳл театр антрепренерларига (тадбиркорларига) қарши тура олиш малакасини ўргандим.
Биз оилавий ўқитувчилик қилиб кун кўрардик. Мен болаларга рақс ўргатиш учун уйда мактаб очдим. Биз сабоқларимизни янги рақс тизими деб атадик, аслида ҳеч қандай янги тизим йўқ эди. Мен миямга нима келса, гўзалликка йўғиргандим, ўз хаёлотим билан бироз кўпиртиргандим. Биринчи рақсларимдан бири Лонгфеллонинг “Мен бўшлиққа камон отдим” поэмаси эди. Болаларга шеър ўқиб, уларни ишора ва ҳаракатларимни такрорлашга ўргатардим. Кечалари онам мусиқа чалар, мен эса рақслар ўйлаб топардим. Кечқурунлари уйимизга келиб турадиган дўстимиз, ёқимли бир кампир мен унга Фанни Эльслерни эслатишимни айтарди ва бизга унинг ютуқлари ҳақида гапириб берарди. “Айседора иккинчи Фанни Эльслер бўлади”, – дерди ва менда шуҳратпараст орзулар уйғотарди.
У онамга мени Сан-Францискодаги машҳур балетмейстерга олиб боришни тавсия қилди, лекин менга унинг дарслари ёқмади. Ўқитувчи менга оёқ учида туришни буюрганида, нега деб сўрадим. У эса “чунки бу чиройли” деб жавоб берди.
– Бу аҳмоқлик ва нотабиий, – эътироз билдирдим мен.
Учинчи дарсдан кейин у ерга қайтиб бормадим. Чунки у рақс деб атаётган, нуқул куч сарфланадиган ва қўпол гимнастика фақатгина хаёлларимни чекларди. Мен эса бутунлай бошқача рақсни орзу қилардим. Уни қандай бўлишини аниқ тасаввур қилолмасдим, лекин кўринмас, ҳали номаълум оламга қараб борардим. Калитни топсам бўлди, унга кириб оламан деб ҳисоблардим. Болалигимданоқ санъатим ўзимда яширин ва онамнинг қаҳрамонона ва саргузаштларга мойил руҳи туфайли бўғилмаган эди. Одам умрида нима қилиши керак бўлса, шуни болалигиданоқ бошлаши керакдек туюлади. Шуниси қизиқки, аксарият ота-оналар болаларига мажбурий маълумот олиб бериш билан уларни тобора маиший ҳаётга итариб, ҳаётда гўзаллик ва оригинал нимадир яратиш учун ҳар қандай имкониятдан маҳрум қилаётганликлари ҳақида ўйлашармикин? Бир жиҳатдан бу ҳам керак, йўқса, ким ҳам бизга ўзларини худди тараққий этган ва жамиятга ўта кераклидай сезувчи банклару магазинлар ва ҳоказо ташкилотлардаги минглаб ходимларни берарди.
Онам ҳам мажбурий таълим орқали бизни ҳаётга мослашган фу­қароларга айлантириши мумкин эди. Аммо баъзан етишмовчиликдан сиқилаётганида: “Нега тўрталангиз ҳам санъаткорсизлар, бирорта амалий фойдаси тегадиган соҳани танлаган киши йўқ” – деб қайғуриб қўярди. Лекин биз ҳаммамиз унинг гўзал ва исёнкор қалби туфайли санъаткор бўлганмиз. Онам моддиятга ўта бефарқ муносабатда бўлган ва бизни ҳам уйлар, мебеллар, умуман, буюм шаклидаги ҳар қандай мулкка улкан бепарволик билан қарашга ўргатган. У кишидан ўрнак олганим учун умримда ҳеч қачон қимматбаҳо тақинчоқ тақмаганман. Биз уларнинг ҳар қандайига ортиқча юк деб қараганмиз.
Мактабни ташлагач, китоб ўқишга қизиқдим. Биз яшаётган Окландда оммавий кутубхона бор эди, мен қанча узоқда яшасак ҳам ўша ёққа чопар эдим. Кутубхонани ажойиб ва гўзал аёл, калифорниялик шоира Айна Кулбрит бошқарарди. У ҳар сафар яхши китобларни сўраганимда хурсанд бўлаётгандек туюлар, чиройли кўзлари аланга ва эҳтирос билан ёнарди. Кейинчалик билдимки, менинг отам бир маҳаллар шу аёлга жуда қизиқиб қолган экан. Эҳтимол, у отамнинг ўтмишдаги энг кучли муҳаббати бўлгандир шу сабабдан ғайритабиий куч мени унга тортган бўлиши мумкин.
Бу вақтда мен Диккенс, Теккерей, Шекспир асарларини яна минглаб яхши ва ёмон романларни бир четдан ямлаб ўқиб чиққандим. Мен роман ёзишга ҳам уриниб кўрдим, ундан ташқари, ўзим бутун материалини тайёрлаб, газета ҳам нашр қилардим. Буям камлик қилгандай, кундалик дафтар тутардим. Кундалигим учун шартли рақамлар ўйлаб топганман, негаки ўша вақтда бошқалардан катта бир сирни яшираётгандим – мен севиб қолгандим.

* * *

Болалар синфларидан ташқари яна бир нечта катта синф ўқувчиларини ҳам олгандик, уларга опам ўша пайтда “дунёвий рақслар” деб аталадиган, яъни вальс, мазурка, полька ва бошқаларни ўргатарди. Бу ўқувчилар орасида иккита ёш одам бор эди: бири – шифокор, иккинчиси – аптекачи. Аптекачи ҳайратланарли кўркамлиги билан ажралиб турарди ва исмиям ғалати – Верной эди. Мен ўшанда ўн бирга киргандим, лекин катталардек сочимни тепага турмаклаб, узун кўйлак киярдим. Кундалигимга телбаларча севиб қолганимни ёзгандим ва аниқки, шундай бўлган эди ҳам. Билмадим, буни Верной билганмиди, йўқми, чунки мен ўз эҳтиросларимни ошкор қилишга жуда уялар эдим. Биз у билан рақсга тушгани балл ва кечаларга борардик. Кейин уйга қайтиб, ҳаяжондан тонггача кундалигим устида ўтирардим. Кундузи у аптекада ишлар, мен эса бир марта ёнидан ўтиш учун бир неча миль юриб борардим. Бир оғиз “Салом” деб айтиш учун жасорат йиғиб кирардим. Унинг қаерда яшашини ҳам билдим ва унинг деразасидан тушган нурга қараб туриш учун кечқурунлари атайлаб борардим. Бу қизиқиш икки йил давом этди ва жуда қаттиқ изтироб чекаётгандай туюлдим. Охир-оқибат у окландлик оқсуяк қиз билан бўладиган тўйини эълон қилди. Армон тўла қайғумни кундалик саҳифаларига тўкдим ва ҳозиргача тўй кунини уни оқ либос кийган рангпар қиз билан ёнма-ён черков бўйлаб бораётганини кўрганимда нималарни ҳис қилганимни эслайман. Шундан кейин мен у билан кўришмай қўйдим.
Сан-Францискодаги чиқишларимнинг бирида пардозхонамга оппоқ сочли, аммо ёш кўринадиган чиройи бир жаноб кирди. Мен уни дарҳол танидим. Бу Верной эди. Шунча йил ўтгандан кейин мен унга ўсмирлик эҳтиросларимни айтишим мумкиндек туюлганди. Бу уни завқлантиради деб ўйладим, лекин у ўлгудек қўрқиб кетди ва хотини – эрининг муҳаббатини сақлашда давом этаётган ўша рангпар қиз ҳақида гапира кетди.
Биринчи муҳаббатим шундай эди. Мен телбаларча севиб қолгандим ва шундан кейин бошқа севмайман деб ўйлардим. Ҳозир мен сўнгги жўшқин ва ҳалокатли тутқаноқдан тузаляпман. Агар шундай ифода қилиш мумкин бўлса, мен ҳаётимнинг сўнгги пардаси олдидаги антрактдан фойдаланган ҳолда ўзимга келяпман ёки пьеса аллақачон тугаган?

* * *

Қайноқ июнь кунларида бувимдан қолган қадимги тақинчоқлар ва чўнтакда йигирма беш доллар билан Чикагога етиб келдик. Дарҳол ангажемент (вақтинчалик шартнома билан ишлаш, олдиндан тўлов – тарж.) оламан, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади, деб ишонардим. Лекин бундай бўлмади. Ҳар куни турли антрепренерлар олдига борардим. Улар рақсимни кўришарди. Лекин барчасининг фикри бир хил эди: “Жуда гўзал, аммо театр учун эмас”.
Ҳафталар ўтди, пулларимизнинг охири кўринди, бувимнинг тақин­чоқлари ҳам катта пул бўлмади. Бўлиши муқаррар бўлган нарса юз берди. Квартирага тўлаш учун пулимиз йўқ эди, биз кўчада қолдик.
Кўйлагимнинг тўрдан тикилган ёқаси бор эди. Мен ўша тўрни сотиш учун кун бўйи куйдирувчи қуёш остида юрдим. Ниҳоят кечга бориб бунга муваффақ бўлдим, адашмасам, ёқа ўн долларга сотилган эди. Ирланд каштасининг мўъжизакор бўлаги менга ижара уй учун пул тўлаш имконини берди. Қолган пулга бир яшик помидор сотиб олдик, шу билан нонсиз ва тузсиз бир ҳафта тирикчилик қилдик. Бечора онам ўтиролмайдиган даражада заифлашиб қолганди. Дуч келган ишга рози бўлиб, иш ўрни излаш бўйича идорага мурожаат қилдим.
– Қўлингиздан нима келади? – сўради иш столида ўтирган аёл.
– Ҳамма нарса! – жавоб бердим мен.
– Ҳеч нимани билмайдиганга ўхшайсиз!..
Ёз охирлаб борарди, биз эса мутлақо пулсиз эдик. Мен Чикагода бирор нарсага эришиш мумкинлигидан умид узиб, Нью-Йоркка кетиш керак деган фикрга келдим. Лекин қандай қилиб кетамиз? Қайсидир газетада буюк Августин Дейли раҳнамолигида иқболи кулган театр труппаси Чикагога гастролга келгани ҳақида ўқигандим. Америкалик антрепренерлар ичида энг обрўлиси ва санъатсевари бўлган Дейли билан кўришмоқчи бўлиб, жуда кўп вақтимни театр эшиги олдида ўтказдим. Менга Августин Дейлининг жуда бандлиги ва ёрдамчисига мурожаат қилишим кераклиги ҳақида бир хил жавоб беришарди. Ниҳоят мен буни амалладим. Августин Дейли самимий чеҳрали киши эди, лекин у бегоналар билан совуқ муносабатда бўларди. Мен ундан ҳайиқдим, аммо буни билдирмай ноодатий нутқим билан ўз таъсиримни ўтказишга уриндим.
– Жаноб Дейли мен сизга муҳим фикрни айтишим керак, сиз, мамлакатдаги буни тушунадиган ягона одамдирсиз, эҳтимол. Мен рақсни қайта тирилтирдим. Икки минг йил ичида йўқолиб кетган санъатни тик­ладим. Сиз буюк санъаткорсиз, лекин сизнинг театрингизга бир нарса, қадимги юнон театрини юксалтирган трагик хорнинг рақси етишмаяпти. Усиз театр бош-оёқсиз гавдадир. Мен сизга рақсни келтираман, бутун давримизга инқилоб бўладиган ғоялар бераман. Мамлакатимизнинг энг буюк шоири – Уолт Уитменнинг ҳақиқий маънавий қизи бўлиб, унинг шеърларига муносиб рақслар кашф қилдим. Мен Америка болалари учун Американи гавдалантирадиган рақс яратаман. Мен театрингизга етишмаётган руҳни, раққос қалбини олиб келаман. Чунки театрнинг ватани рақс бўлган ва биринчи актёр ҳам раққос эди. У рақс тушиб куйлаган. Театрингизга рақсдек буюк санъат шиддати қайтмагунча чинакам қиёфага эришолмайди!
Августин Дейли ўзи билан шундай гаплашишга журъат топган ғалати, қоқсуяк қизга нима дейишни билмасди. Ниҳоят:
– Мен Нью-Йоркда қўяётган пантомимода бир кичик роль бор. Биринчи октябрда репетицияга келишингиз ва олдиндан тўлов олишингиз мумкин. Исмингиз ким?
– Исмим Айседора, – жавоб бердим мен.
– Айседора. Чиройли исм, – деди у. – Шундай қилиб, Айседора, сиз билан биринчи октябрда Нью-Йоркда кўришамиз.
Ҳаяжондан ўзимни йўқотиб, онамнинг олдига уйга югурдим.
– Ойи ва ниҳоят қадримга етадиган одам топилди, – хитоб қилдим. – Мени кимсан буюк Августин Дейли ўз труппасига қабул қилди. Биз биринчи октябрга Нью-Йоркда бўлишимиз керак.
– Бу яхши, – деди онам, – Лекин қандай қилиб чипта топамиз?
Миямга ажойиб фикр келди. Сан-Францискодаги дўстларимга йўлкира учун пул сўраб телеграмма юбордим. Мўъжиза юз берди. Пул юборишди. Қаттиқ ҳаяжон ва ранг-баранг орзулар билан Нью-Йорк поездига чиқдик.
Ниҳоят, дунё мени тан олади деб орзу қилардим! Агар ўша вақтда бу тан олиниш содир бўлиши учун ҳали узоқ вақт кераклигини билганимда, эҳтимол руҳан тушкунликка тушган бўлардим.
Нью-Йорк менда Чикагога нисбатан санъат муҳити юксакроқ шаҳардек таассурот қолдирди. Бундан ташқари, мен яна денгизга яқин бўлишдан бахтли эдим. Денгизи йўқ шаҳарларда мени доим диққинафаслик чулғаб олади.
Шундай қилиб, биз Олтинчи авенюга яқин кўчадаги пансионда тўхтадик. Бир ажойиб тонгда Августин Дейли театрида пайдо бўлдим. Дейлига яна ўтган сафаргидай ўз қарашларимни билдиришни хоҳлардим, аммо у жуда банд эди.
– Биз Париждан пантомимо қуёши Жен Мэйни олиб келдик, – деди у. – Агар пантомимода чиқа олсангиз, сиз учун ҳам роль бор.
Пантомимо менга ҳеч қачон санъат бўлиб туюлмаган. Ҳаракатнинг сўзларга ҳеч алоқаси йўқ, у лирика ва ҳиссиётнинг ифодасидир. Пантомимода эса сўзлар ишорага алмашинади. Шунинг учун у на хореографик, на драматик санъатга киради, уларнинг ўртаси бўлгани учун ҳам одамга ҳеч нарса бермайди.
Лекин бошқа йўл йўқ, ролни қабул қилишга тўғри келди. Мен асар билан танишиб чиқдиму унинг нақадар аҳмоқона, интилишларим ва идеалларимга мутлақо яқин йўламайдиган нарсалигини билдим. Репетиция биринчи кунданоқ даҳшатли равишда ихлосимни қайтарди. Жен Мэй деганлари кичкина, тажанг бир аёл эди. У жаноб Дейлига менда бир мисқол ҳам истеъдод йўқлигини ва бу ролга менинг кучим етмаслигини айтди.
Биз пансионда оч ва пулсиз икки қўлимизни бурнимизга тиқиб қолишимиз мумкинлигини тасаввур қилдим. Кўз ўнгимдан онамнинг Чикагода қандай азоб чеккани ўтди. Кўзимдаги ёшни кўриб Дейли менга ён босди. Аммо, репетициялар мен учун ҳақиқий азоб эди. Мени ижро этилаётган мусиқа билан ҳеч қандай боғлиқ бўлмаган аллақандай ҳаракатларни бажаришга мажбурлашарди. Лекин ўсмирликда одам мослашувчан бўлади. Мен ҳам охир-оқибат ролни ўзлаштирдим.
Жен Мэй Пьерони ўйнарди. Репетициялар жараёнида бу санъаткорнинг маҳоратидан таъсирланмай иложим йўқ эди. У агар пантомимонинг ёлғон ва маънисиз қобиғига асир бўлмаганида, шубҳасиз, буюк раққоса бўлиши мумкин эди. Афсуски, у танлаган қобиқ жуда тор. Ҳар сафар пантомимочиларга:
– Агар гапиришни истасангиз, нима учун гапирмаслигингиз керак? Имо-ишорага шунча куч сарфлаш нимага керак? – деб айтгим келарди.
Томошанинг биринчи намойиши бўлиб ўтди. Мен ўз қиёфамни йўқотган ва мутлақо ўзгарган эдим. Ҳаворанг ипак кийим, бошимда оч рангли парик ва катта похол шляпа билан саҳнага чиқдим.
Ачинаман сенга, мен оламга ёймоқчи бўлган санъат инқилоби!
Бечора онам биринчи қаторда ўтирар ва менинг туришимдан қаттиқ хижолатда эди, лекин у шундан сўнг ҳам Сан-Францискога қайтишни так­лиф қилмади.
Эссиз, шунчалар курашга шундайин ачинарли натижа!
Пулимиз йўқлиги учун бизни пансиондан чиқариб юборишди ва биз бошқа жойга кўчдик. Йўлкирага пул йўқ эди, шунинг учун мен Августин Дейли театригача пиёда боришга мажбур эдим. Бошқалар тамаддига кетишганида очликдан ҳолим қуриб, театр ложасида мизғиб олардим, ке­йин эса оч қоринга яна репетицияга киришардим. Спектакллар бошлангунича олти ой давомида шундай репетиция қилдим.
Нью-Йоркда бир мартадан чиқиш қилиб труппа юрт кезишга жўнади. Барча харажатларим учун ҳафтасига ўн беш доллар олардим, унинг ҳам ярмини тирикчилик қилиши учун онамга юборардим. Ўзим учун кунига эллик центдан ортиқ сарфлай олмасдим. Менга калитсиз, эркак­лар тўла хонани беришди, улар деярли барчаси маст бўлиб, олдимга кирмоқчи бўлаверарди. Қўрққанимдан оғир шкафни бутун хона бўйлаб суриб эшикка тўсиқ қўйдим, лекин шундан кейин ҳам ухлай олмай, тун бўйи сергак ётдим. Театр труппаси билан “саёҳат” деб аталадиган бошқа бир Худо урган нарсани тасаввур қилолмасдим.
Ёнимда бир нечта китоб бор эди, мен улар билан овунардим. Ҳар куни Иван Мироскойга узундан-узоқ хатлар ёзардим, лекин уларда қанчалар бахтсизлигимни ифода қилолмаганим аниқ.
Икки ойлик саёҳатдан сўнг труппамиз Нью-Йоркка қайтди. Сафар жаноб Дейли учун катта зарар билан тугади, буюк Жен Мэй ҳам Парижга қайтди.
Мени нима кутарди? Мен яна жаноб Дейлини ўз санъатимга қи­зиқтирмоқчи бўлдим, лекин у менга бефарқлигича қолди.
У “Ёз туни ғаройиботлари” спектаклида рақс тушишингиз мумкин деди.
Мен рақс туйғулар ва инсон интилишларини ифода этиши керак деб ўйлардим. Лекин рози бўлдим. Биринчи бор спектаклда бир ўзим рақс тушишга чиқдим. Бундан ҳаяжонда эдим. Шундай яхши ўйнадимки, одамлар тўхтовсиз гулдурос қарсак чалди. Мен одамларда ҳайрат уйғота олган эдим. Бундан жаноб Дейли хурсанд бўлишини кутгандим. Аммо у мени ғазаб билан қарши олди. “Бу ер беадаблар кафеси эмас!” – деди у.
Мен бениҳоя бахтсиз эдим. Орзуларим, идеалларим, интилишларим – ҳаммаси беҳуда туюларди. Труппадагилар мени ғалати одам деб ҳисоблашарди. Чиндан ҳам мен унча-мунча одам билан чиқишиб кетолмасдим. Труппада таниқли, бироқ ёқимсиз санъаткор Ада Реганни театр­нинг юлдузи деб билишарди. У жаҳоннинг буюк санъаткорларидан эди, лекин театрда фақат ўзини ўйларди, труппанинг бошқа аъзолари рағбати учун ҳеч нарсага ҳаракат қилмасди. Бу аёлга труппа аъзолари билан сўрашиш ҳам малол келарди. Ада Реганнинг санъатидан завқланардим ва ўша пайтларда ундан бир оғиз яхши сўз эшитиш кейинги ҳаётим учун муҳим эди. Лекин шу икки йил ичида у менга бир марта ҳам қарамади.
“Ёз туни ғаройиботлари” спектакли билан сайёр юришимиз чоғида Чикагога ҳам борган эдик. Мен қалбимдаги инсоним Иван Мироской билан учрашаман деб хурсанд бўлгандим. Учрашдик, репетициялардан бўш кунларда ўрмонда узоқ сайр қилардик. Мен Иван Мироскойнинг ақлини борган сари кўпроқ қадрлай бошладим. Бир неча ҳафтадан кейин Нью-Йоркка ортимдан боришини, ўша ерда оила қуришимизни тайинлагандим. Бундан хабар топган акам Мироскойнинг аллақачон уйлангани, Лондонда хотини борлигини аниқлабди.
Дейли театрида ижодий идеалларимни бирортасини ҳам амалга оширолмадим.
– Мендан фойдаланишни билмас экансизлар, шунча иқтидорим билан бу ерда қолишдан маъно йўқ, – дедим.
Дейли менга ҳайрат билан боқди, “ҳмм!” деб тўнғиллай кетди.
Бу менинг Августин Дейли билан сўнгги учрашувим эди, бир неча кун ўтгач, журъат топиб труппадан таркибидан чиқиб кетдим. Мен театрдан нафратни ҳис қилишни ўргандим: доимий бир хил сўз ва ҳаракатларнинг такрорланиши, иғво, ҳаётга майда қарашлар, умуман, бутун театр муҳити мени бездирганди.
Аммо пулсизлик, омадсизлик деган катта ташвишимиз ҳам бор эди. Оилавий аҳволимиз яхшиланишига, орзуларимиз ушалишига умид қил­дик. Аммо биз омонат яшаб турган меҳмонхонадаги ёнғин туфайли, бор будимиздан айрилдик. Нью-Йоркка қандай келган бўлсак, шундай аянч­ли аҳволда қолдик.
– Бу тақдир, – дедим мен. – Биз Лондонга кетишимиз керак.
Лондонга етиб олишимизга етарли пулни мен уйларида рақсга тушган бойвачча хонимлардан сўраш фикри келди. Бешинчи авенюга киришда яшовчи миллионерларнинг хотинига мурожаат қилишга қарор қилдим. Хонимлар олдида ўз қарашларимни жўшқин ҳимоя қилдим, уларнинг баъзилари менга танбеҳ берди, бошқасидан озроқ пул ундиришга муваффақ бўлдим. Бир беканинг озгина кайфияти бузилди, лекин шавкатли мала­йига мен учун шоколад ва қоқ нон олиб келишни буюрди. Шоколад ва қоқ нонни кўз ёшларим билан суғорар эканман, хонимни Лондонга кетишимиз зарурлигига ишонтиришда давом этдим.
– Мен қачондир машҳур бўламан, – дедим унга, – Сиз ҳам Америка истеъдодини тан олганингизга ачинмайсиз.
Ниҳоят у эллик долларлик чек ёзиб берди! Лекин ортидан қўшиб қўйди:
– Бойиб кетганингизда қайтариб берасиз!
Мен кейинчалик бойлик орттирганимда ҳам уларни қайтармадим, негаки камбағалларга тарқатиб беришни афзал кўрдим.
Шундай қилиб, Нью-йорклик миллионер хонимлардан тилаб олган пулларим билан Лондонга йўл олдик.
Бизнинг ҳаётимиз худди психологик фильмга ўхшайди. Агар булар бошимдан ўтмаганида, инсон ҳаёти бунчалик бўлиши мумкин эмас, дея рад қилишим мумкин эди. Лондон кўчаларидаги бундай ҳолатлар ҳеч бўлмаганда Чарльз Диккенснинг тасаввурларида мавжуд бўлиши мумкин эди. Биз ёш бўлганимиз учун бу кулфатлар ичида руҳий тетиклигимизни сақлаб қолганимиз ажабланарли эмас, лекин ўша кунларни кўрган бечора онам буларни шунчаки оддий воқеалардек қабул қилмагани аниқ.
Биз Лондон кўчаларида тунашга жой топиш учун дайдиб, икки-учта меҳмонхонага жойлашишга ҳаракат қилдик, лекин ҳамма жойда буюмларимиз йўқлигини кўриб, пулни олдиндан беришни талаб қилишди. Биз мурожаат қилган квартираларнинг бекалари ҳам тошюрак экан. Яшил боғларнинг ўриндиғига жойлашишдан бошқа иложимиз қолмади, лекин у ердан ҳам бизни полициячи ҳайдаб солди.
Уч кечаю уч кундуз шундай кечди. Биз энг арзон булочка билан қорнимизни алдардик. Кунларимизни эса Британия музейида ўтказардик. Бизнинг ҳайратланарли яшовчанлигимиз ана шунақа эди!
Лекин тўртинчи кун нимадир қилишга қарор қилдим. Онам, Раймонд ва Елизаветага ҳеч нарса демай ортимдан эргашишни буюрдим, тўғри Лондоннинг энг ҳашаматли меҳмонхоналаридан бирига кирдим. Уйқусираган тунги дарбонга ҳозиргина тунги поезддан тушганимизни, нарсаларимиз Ливерпулдан юкхонада келишини айтдим, бизни хоналарга олиб боришини, маржумакли сомса ва америкача яхши таомлардан беришини буюрдим.
Кунни дабдабали каравотларда ухлашдан завқ олиб ўтказдик. Бир неча марта дарбонга қўнғироқ қилиб юкларимиз келмаётганидан шикоят қилдим.
– Биз кийимимизни алмаштирмагунимизча хонадан чиқолмаймиз, – дедим.
– Тушлик ҳам хонамизга берилсин.
Эртаси куни айёрлик чегарасидан чиқиб кетмаслиги учун, меҳ­монхонадан қандай келган бўлсак, шундай чиқиб кетдик, фарқи шундаки, тунги дарбонни уйғотмадик!
Биз кўчада қорнимиз тўқ, кучга тўлган ҳолда, яна дунё билан курашга киришдик. Челсидаги шундоқ Қироллик йўли ёқасидан кичик ателье топдик, бу кечани ўша ерда ўтказдик. Каравотлар йўқлигидан полда ухладик, лекин яна санъаткорлар каби яшаётганимиздан бахтли эдик.
Ательени ижараси қолган пулга консервалар олдик. Кунлар ўтди. Бир хонимникидаги зиёфатда иштирок этадиган бўлдик. Мен Невиннинг “Нарцисс”, “Офелия”сига, Мендельсоннинг “Баҳор қўшиғи”га ялангоёқ рақс тушганимда меҳмонлар ва хоним қаттиқ ҳаяжонга келганидан хурсанд бўлдим. Англияликлар шу қадар мулойим эдики, ҳеч ким кийимимни ҳам, рақсларимни ҳам баҳолашни ўйламади. Ҳамма “Гўзал”, “Мафтункор”, “Биз сиздан миннатдормиз” каби сўзлардан бошқа сўз айтишмади.
Шу кечадан кейин кўп машҳур хонадонларга таклифлар ола бошладим. Бир кун Лоутер хонимникида соҳиби тахт кишилар олдида рақс тушардим, кейинги куни эса егани нонимиз бўлмасди, чунки менга ҳар доим ҳам ҳақ тўлашмасди. Мен тўрт соат давомида рақсга тушган хайрия кечаларининг бирида унвонли ташкилотчи мукофот тарзида менга ўз қўли билан қулупнайли чой қуйиб берди, бу эса менга жуда алам қилганди. Онам ва мен улар қанчалар бешафқат муносабатда бўлаётганларини бу одамларга айтиш учун жудаям уялардик. Ундан ҳам кўра, биз бинойидек кийинган ва ишлари юришган одамлардек кўриниш учун овқатдан воз кечардик.
Биз ижарага рояль олдик ва ателье учун бир неча йиғма каравот сотиб олдик. Кунимизни эса Британия музейида ўтказардик, мен музейнинг кутубхонасида соатлаб ўтирардим. Оч бўлсак-да, барибир Лондоннинг гўзаллиги ақлимизни оларди.
Нью-Йоркдан кетаётганимизда сўнгги бор Иван Мироской билан кўришгандим. Чикаголик дўстларимдан келган хатларда ёзилишича, Иван испан уруши даврида қўшинлар сафига кўнгилли бўлиб кириб, Флоридадаги лагергача борибди ва ўша ерда ичтерламадан вафот этибди. Хат мен учун қаттиқ зарба бўлди. Мен бунинг ҳақиқат эканига ишонгим келмасди. Эски газеталардан ҳалок бўлганлар рўйхатини қараб, унинг фамилиясини топдим. Хатда Лондондаги хотинининг уй манзили кўрсатилган эди. Мен бир куни Мироская хонимни излаб бордим. Иван Мироской менга ҳеч қачон айтмаган хотинини Лондонда қолдиргани даҳшатли туюларди. Аравакашга манзилни бердим ва биз марказдан бир неча миль узоққа шаҳар четига йўл олдик. Маҳзун ва кир дарвозали, жимжимадор номли, бир-бирига ўхшаш кўримсиз уйчалар зичлашиб турарди. Бу ерда “Шервуддаги коттеж”, “Водийдаги уйча”, “Эллесмир”, “Энисмур” ва бошқа кўплаб аҳволига тўғри келмайдиган номлар қўйилган уйлар бор эди. Мен “Юлдузли уй” эшиги қўнғироғини чалдим. Бўйи тўрт футдан ошмайдиган, ориқ, кулранг кўзли, рангпар юзли, юпқа қонсиз лаблари қимтиниб турган аёлга дуч келдим. Иван вафот этган бўлса ҳам, мени қандайдир рашк туйғуси қамраб олди.
Мироская мени хушмуомалалик билан қабул қилди. Мен кимлигимни тушунтирмоқчи бўлдим.
– Биламан, – деди у, – сиз Айседорасиз. Иван сиз ҳақингизда менга кўп ёзган.
– Афсуски, – минғилладим, – у менга сиз ҳақингизда гапирмаган.
– Йўқ , – деди у, – мен унинг олдига боришим керак эди. У мен ҳақимда гапирган бўларди. Мана энди у ўлиб кетди.
У буни шундай оҳангда айтдики, йиғлаб юбордим. У ҳам йиғлади. Кўзёшлар бизни дарҳол яқинлаштирди. У мени Иван Мироскийнинг суратлари билан тўла хонага олиб кирди ва бутун ҳаётини гапириб берди. Мироский хотинини Америкага кўчиб бориши учун йиллар давомида пул жўнатолмаган, шунинг учун улар бир-биридан олисда яшашга мажбур бўлган.
Аёл менинг қўлимдан маҳкам ушлаб, Иван ҳақида тинимсиз сўзларди. Кетар чоғимда яна келишимни илтимос қилди. Ўзи бизникига боришга бир дақиқа ҳам бўш вақти йўқлигини, эртадан кечгача уйидаги мактабда болалар билан шуғулланишини айтди.
Ательенинг ижара муддати тугаб, Кенсингтондан жиҳозланган бошқа ательени ижарага олдик. Бу ерда жой кўпроқ эди. Лекин кутганимиздан ҳам кам пул билан қолгандик.
Бир куни кечки пайт уйимизда Мироская хоним пайдо бўлди ва мени овқатга таклиф қилди. У мендан Чикагода Иван қандай кўринишда бўл­ганини сўради, мен унга Иван яхши кўрадиган заррингул ҳақида, бир вақтлар уни қуёшда товланган малла жингала сочлари ва қучоғи тўла заррингул билан кўрганимни сўзлаб бердим. У йиғлашга тушди, мен ҳам. Биз бургунд шишасини ичиб тугатдик ва хотираларга берилдик.
Сентябрь келди. Опам Елизавета Нью-Йоркдаги собиқ ўқувчиларининг оналари билан ёзишар экан, улардан Америкага қайтишга чек олди ва пул ишлаш учун Америкага қайтиб кетди.
– Топган пулимни сизлар билан бўлишаман, бир куни бой ва машҳур бўлиб кетганингда яна ёнларингга қайтаман, – деди у.
Онам, мен ва акам Раймонд уни поездга ўтқазиб, ательега қайтдик.
Октябрь келди. Совуқ ва нашъасиз. Биз чарчаган эдик. Британия музейи ҳам ўз тароватини йўқотди. Кунлар ўтмай чўзиларди. Ҳатто уйдан чиқишга ҳам кучимиз етмасди. Шундай пайтлар бўлардики, эрталаблари ўриндан туришга куч тополмай, куни бўйи ётардик.
Ниҳоят Елизаветадан пул билан хат келди. Нью-Йоркка борибоқ мактаб очибди. Унинг ишлари юришгани бизни тетиклантирди. Чунки ательемизнинг ижара муддати тугаётганди.
Бир куни ёз тафтидан айрилмаган кузнинг илиқ кечасида Раймонд билан боғда рақс тушардик. Шунда катта қора шляпа кийган, гўзал бир аёл ёнимизга келди.
– Ер шарининг қайси бурчагидан бу ерга келдиларинг, азизларим? – сўради у.
– Ойдан тушдик, ердан эмас, – жавоб бердим мен.
– Ойдан бўлса, Ойдан-да… Нима бўлганда ҳам ажойиб экансизлар, – деди. – Меникига кирмайсизларми?
Биз унга эргашиб, Кенсингтон хиёбонидаги ғаройиб уйга бордик. Хонимнинг исми Патрик Кампбель экан. У рояль чалиб, қадимги инглиз қўшиқларини айтди, кейин бизга шеърлар ўқиб берди, охирида эса мендан рақс тушишимни сўради.
Биз ҳаммамиз уни севиб қолдик, бу учрашув бизни тушкун кайфиятдан олиб чиқди. Тақдиримизда бурилиш бошланди. Патрик Кампбель хоним рақсларимдан шунчалар ҳаяжонландики, мени тавсия этиб Жорж Виндгэм хонимга хат ёзди.
Виндгэм хоним эса ўз меҳмонхонасида менинг иштирокимда Лондоннинг барча санъат ва адабий кучлари қатнашадиган кеча ташкил этди.
Кунларнинг бирида, ҳатто шаҳзода Уэльскийга таништирилдим, шундан кейин қирол Эдуард билан ҳам юз кўришиш насиб этди. У мени гўзал Гейнснборога ўхшатди ва бу фикр Лондон жамиятининг ҳаяжонини оширди.
Моддий аҳволимиз анча яхшиланди, Варвик хиёбонидан катта ательени ижарага олдик. Мен кунларимни, тўлиб-тошаётган илҳомимни ижодга сарфлаб ўтказдим.
Айнан шу пайтларда ҳаётимга эндигина Оксфорд университети ўриндиқларини тарк этган ёш шоир кириб келди. Бу нафис овозли орзуманд йигитнинг исми Дуглас Эйнсли эди. Ҳар куни оқшом у ёнимга келар, менга Свинбурн, Китс, Браунинг, Россетти ва Оскар Уайльд шеърларидан ўқиб берарди. У шеърни ёддан ўқишни қанча севса, менга уни тинг­лаш шунчалик ёқарди. У бизникида меҳмон бўлганида, ҳурмат юзасидан онам биз билан ўтирар, ўзи севган шеърларнинг оксфордча ўқилишини тушунмаса ҳам тинглаб, охири ухлаб қоларди. Шунда ёш шоир менга яқин келар ва ёноғимдан мулойимлик билан ўпиб қўярди.
Бу дўстлик менга масъудлик бахш этарди. Эйнсли, Чарльз Галлэ каби дўстларим борлигидан хотиржам эдим.
Чарльз Галлэ Кадеган кўчасида кичик эски уйда турмушга чиқмаган опаси билан яшарди. Галлэ хоним менга жуда илтифотли эди. Мен у билан биринчи марта Генри Ирвинг ва Эллен Терриникида кўришгандим. Ирвинг буюк истеъдод эди. Ирвингни ҳаётда кўрмаган одам унинг буюк руҳиятини ва қалб гўзаллигини тушуна олмайди. Унинг буюклиги шунда эдики, санъати туфайли камчиликлари ҳам ижобий сифатларга айланганди. Мен унда Данте даҳосига хос нимадир яширинлигини сезардим. Эллен Террига келсак, у менинг ҳаётий идеалимга айланди ва бутун умр шундай бўлиб қолди.
Бир куни ёзда Чарльз Галлэ мени машҳур рассом Уотснинг олдига олиб борди. Мен унга боғда рақс тушиб бердим. Рассомнинг уйида Эллен Террининг гўзал қиёфаси тасвирланган жуда кўп картиналарни кўрдим. Биз Уотс билан боғда сайр қилдик, у менга санъат ҳақидаги гўзал қарашларини ҳикоя қилиб берди.
Мен шу тариқа Лондоннинг ўша даврдаги ақл-идрок соҳиблари ва санъат оламининг таниқли намояндалари орасига кириб келдим. Аммо бу ерда ҳам театр антрепренерлари санъатимни тушуниш, менинг янгиликларим уларга қанчалар фойда келтиришини ҳис этиш ҳолатида эмасдилар. Ўша паллаларда бир кун келиб, дунёнинг илғор театр режиссёрлари Рейнхард, Жемье ва бошқаларнинг спектаклларида мен яратган мактабга заиф тақлидлар пайдо бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи ғалати туюларди.
Лондондаги кунларимни кўп қисмини ательеда иш устида ўтказардим, кечқурун эса шоир келар ва менга ёддан шеърлар ўқирди. Баъзан кечқурунлари рассом қаршисида рақс тушардим, гоҳо у билан сайрга чиқардим.
Мен туфайли Чарльз Галлэ ва Уотс бир-бирини жуда ёмон кўриб қолганди. Улар иложи борича бирор жойда, бир пайтда пайдо бўл­мас­ликка ҳаракат қилишарди. Шоир шунча вақтни қандай қилиб чол билан ўтказишим мумкинлигини тушунмасди, рассом эса мендай баркамол қиз оғзидан она сути кетмаган ёш бола билан суҳбатлашиб нима маъно топишим мумкинлигидан ҳайрон бўларди.
Аммо мен уларнинг иккаласи билан ҳам дўстлигимдан бахтли эдим, янаям аниқроғи, қайси бирига кўпроқ ошиқ бўлиб қолганимни айтолмасдим.
Мен киришни хоҳлаган, лекин ошиқларимнинг онгига сингдирилган диний қўрқувлар туфайли кириб боришнинг имкони бўлмаган муҳаббат деб аталувчи нотаниш, сирли мамлакат остонасида ўсмирликда кечирган дастлабки саргузаштларим шундай эди. Аммо ҳаётимдаги охирги муҳаббат изтироблари менинг нозик табиатимга жуда қаттиқ таъсир кўрсатди. Бу азоблар салоҳиятимни муҳаббат инкор этган шодликларни ундан яхшироқ бахш эта оладиган буюк санъат томонга йўналтирди.

(Давоми келгуси сонда)

Рус тилидан Гулбаҳор САИД ҒАНИ таржимаси

2019/4

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/10/02/%d0%b0%d0%b9%d1%81%d0%b5%d0%b4%d0%be%d1%80%d0%b0-%d0%b4%d1%83%d0%bd%d0%ba%d0%b0%d0%bd-1877-1927-%d1%81%d0%b0%d2%b3%d0%bd%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b3%d0%b8-%d0%b0%d1%84%d1%80%d0%be%d0%b4%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x